Оила инсоннинг дунёдаги саодатини таъминловчи қўрғондир. Динимизда эр-хотин ўртасида ўзига хос қонун-қоидалари жорий қилинган. Агар мазкур қоидаларга эр-хотин амал қилиб олдидаги бурч ва мажбуриятларини тўла-тўкис адо этишса, бундай оила бахтли бўлади. Оила ҳалол-пок, тинч бўлса, жамият мустаҳкам ва турмуш фаровон бўлади.
Оилада эркак кишининг маъсулияти алоҳида қайд этилган. Аёлига нисбатан Аллоҳ таоло эркакнинг жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оилада раҳбар бўлишга мос қилиб яратган. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлиш вазифасини юклаб Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларни айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
“Эрнинг аёли олдидаги вазифаси еганида уни ҳам едириши, кийинганида кийинтирмоғи, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда фақат ўрнини бошқа қилиб ётмоқлик”, дейилган ҳадиси шарифда.
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дархақиқат, эркакнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар, баъзи эркаклар ўз жуфти ҳалолларига аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-куйга чиқариб, ҳатто мадикорликга боришликка мажбур қилаётганлиги сезилиб қолмоқди. Бу эса эр ўз вазифасини адо этолмаганидан бўлиб, оқибатда оилани бузилишига сабаб бўлмоқда
Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларига бир аёл эрини етаклаб келиб эрини кўрсатиб: “Эй амирул-мўминийн! Бу киши менинг эрим бўлади, турмуш қурганимизга уч ой бўлди, ман ҳарчанг тотув яшашга кўп ҳаракат қилдим, лекин эримни рағбати бўлмади, вазифаларини бажармаяпти, мен бу эр билан ажрашаман” - деди.
Ҳазрати Умар эридан сўрадилар: “Сен нима дейсан?” Эр: “Мени ҳеч қандай шикоятим йўқ, лекин ажрашмайман”, - деди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эрнинг кийим–боши, рангу рўйига қараб сабабини тушиндилар ва аёлга: “Сен ҳозир уйингга кетгин ва бир оздан кейин келгин, унгача биз эринг билан суҳбатлашиб оламиз”, - дедилар.
Аёл кетгандан кейин Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу одамни ҳаммомга олиб бориб ювинтириш, тоза кийимларни кийгизишни буюрдилар. Эрни ювинтиришиб, тоза кўйлакларни кийинтириб қўйишди. Бу орада аёл кириб келди, эрининг покизалигини ва тоза либосларни устида кўриб ажрашиш аҳдини ҳам унитиб, эрини олиб уйга кетди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу одамларга: “Аёлингиз сизларни чиройли кутиб олишни севганингиз каби аёлларингиз ҳам сизларни тоза ва покиза юришингизни ҳоҳлайди”, - дедилар.
Дарҳақиқат, Ислом дини аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни энг яхши инсонлар қаторига қўшади. Бу ҳақда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло юртимизни обод қилиб, оилаларимизни мустаҳкам ва азиз фарзандларимизни ота-онасига раҳмат келтирадиган, элу юртга манфаатли инсонлар бўлишларини насиб айласин!
Беҳзод ЮНУСОВ,
Қўштепа тумани “Ҳазрати Мавлоно Лутфулло” масжиди имом-хатиби