muslim.uz

muslim.uz

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан уйғонганларида бундай дер эдилар:

الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذي أحيانا بعد ما أماتَنا وإلَيْهِ النشُور

"Алҳамду лиллаҳиллазий аҳйана баъда ма аматана ва илайҳин нушур"

Бизни вафот эттиргандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қайта тирилиш Унинг Ўзигадир.

 

الحمدُ لِلَّهِ الَّذي رَدَّ عَلَيّ رُوحِي، وَعافانِي في جَسَدِي، وأذِن لي بذِكْرِهِ

"Алҳамду лиллаҳиллазий родда ъалаййа руҳий ва ъафаний фий жасадий ва азина лий бизикриҳи"

Менга руҳимни қайтарган, жисмимга офият берган ва зикрини қилишимга изн берган Аллоҳга ҳамд бўлсин.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

"Ўзбекистон ва Покистон имтиёзли савдони муҳокама қилишади" ва "Ўзбекистон элчиси А. Довуд билан учрашди" сарлавҳали мақолалар «The Express Tribune», «National Herald Tribune», «Daily Spokesman», «Al-Akhbar», «Urdu Point» каби етакчи Покистон нашрларининг веб-сайтлари ва босма нашрлари ва бошқа бир қатор оммавий ахборот воситаларида чоп этилди.


Нашрларда таъкидланишича, жорий йилнинг 31 январидан 4 февралига қадар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида бўлиб ўтадиган музокаралар чоғида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик, хусусан, "имтиёзли савдо тўғрисида"ги шартномани тайёрлаш борасида тараққиётга эришишни мўлжаллашмоқда.


Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Ойбек Усмонов Покистон ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини муҳокама қилиш учун Покистон Бош вазирининг савдо ва сармоя бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд билан учрашди.


Материалларда таъкидланганидек, Абдул Раззоқ Довуд бошчилигидаги бўлажак ташриф Ўзбекистон Бош вазири муовини Сардор Умурзоқовнинг ўтган йили Исломободга қилган ташрифининг давомидир. Ташриф чоғида икки мамлакат савдо-иқтисодий масалалар бўйича Қўшма ишчи гуруҳини ташкил этиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди, унга кўра Қўшма ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши Тошкентда ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинди.


Хусусан, Покистон ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи савдони кенгайтириш, темир йўл алоқаларини ўрнатиш, банклараро ҳамкорлик ва инвестицияларни жалб етиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш имконини бериши қайд этилган. Тўқимачилик ва фармацевтика маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришда ҳамкорлик имкониятлари ҳам ўрганилади. "Шу билан бирга, Афғонистон делегацияси" савдо ва логистика бўйича уч томонлама саммит " доирасида Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги музокараларга ҳам қўшилиши кутилмоқда, - деб ёзади Покистон матбуоти.


Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонга давлат ташрифининг энг устувор йўналишларидан бири савдо-сотиқни кенгайтириш, минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш ва умумий бозори 90 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган икки мамлакат, Марказий Осиё давлатлари, жумладан Афғонистон ўртасида экспорт/импортни оширишдан иборат.


"Покистон Ўзбекистон билан, айниқса, маданият, санъат, ҳунармандчилик ва анъаналар жиҳатидан чуқур тарихий алоқаларга эга. Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлар ҳамиша Ислом цивилизацияси ва билим ўчоқлари бўлиб келган", - дея сарҳисоб қилади Покистон матбуоти.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Суббота, 30 Январь 2021 00:00

Албатта, ундан сўралур

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўп ўринларида вақт, замон билан қасам ичади. Бу эса Аллоҳ таоло наздида вақтнинг улуғлиги ва қадри баландлигини англатади. Вақт Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъматлардан биридир. Ундан унумли фойдаланиб, ҳар бир лаҳзасини мазмунли ўтказсак, ҳаётимиз баракали бўлади. Беҳуда сарфланган вақт эгасига афсус-надомат олиб келади.

Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Қиёмат куни банданинг қадами тўрт нарсадан сўралмагунча ўрнидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигини нималарга сарфлагани, мол-мулкини қаердан олиб, қаерга сарфлагани ва илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралади” (Имом Табароний ривояти).

Бундан кўриниб турибдики, инсон вақтини сарфлашда Аллоҳ таоло олдидаги масъулиятини ҳис қилмоғи керак. Ҳар бир мусулмон вақтнинг қадрига етиб, унинг ҳар лаҳзасини дини, дунёси ва охирати учун манфаатли бўлган ишлар – илм ўрганиб, амал қилиш, уни бошқаларга ҳам ўргатиш, ҳалолдан ризқ талаб қилиш кабиларга сарфламоғи лозим. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу: “Ҳисоб-китоб қилинмасингиздан аввал ўзингизни сарҳисоб қилинг. Амалларингиз ўлчанмасидан аввал уларни тортиб кўринг”, дер эдилар.

Биз ҳам ўзимизни сарҳисоб қиляпмизми? Вақтимизни, умримизни нимага сарфлаяпмиз? Охиратимиз учун қандай амаллар қилмоқдамиз? 

Ҳозир нафақат соатларини, балки умрларини турли хил каналлар, сайтларга кириб, бўлар-бўлмас ўйинлар, олди-қочди суҳбатлар билан беҳуда совураётган ёшлар йўқ дейсизми? Ойнаи жаҳон қаршисидан жилмай, кетини кетига улаб сериаллар кўриш билан олтиндан қиммат вақтини зое қилаётганлар камми? Наҳотки бизга омонат қилиб берилган умримизнинг хазон бўлаётгани бизни ташвишлантирмаса? Ахир эртага бунинг ҳисоб-китоби бор. Кун келиб, умримиз беҳудага кетганини тушуниб етганимизда кеч бўлади.

Шундай экан, ҳозирданоқ вақтимизни, умримизни яхши ва хайрли амалларга сарфлайлик. Бунинг учун, аввало, вақтимизни тўғри тақсимлаб, режа асосида иш кўрмоғимиз лозим. Албатта, ишларни режалаштиришда энг зарурларидан бошлаш тўғри бўлади. Ҳар кимнинг ҳолати ҳар хил: кимдир ўқувчи, кимдир шифокор, кимдир муаллим, яна кимдир ҳайдовчи ва ҳоказо. Ҳар биримиз ўз ҳолатимиздан келиб чиқиб, айни пайтда зиммамизда турган энг зарур амалларни адо этишдан бошлайлик. Зарурати энг юқорисидан зарурати озига қараб бажариб борамиз. Шунда ўз-ўзидан бефойда нарсалар кун тартибимиздан чиқиб кетади. Қарабсизки, вақтимиз, умримиз секин-аста баракали бўлиб, илгари улгуролмаган ишларимизга ҳам етарлича вақт топишимиз мумкин. 

 


Улуғбек ҚОБИЛОВ,
Сирдарё тумани “Аҳмад ибн Малик”
жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонидан

«Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан. Ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки, (эй Муҳаммад!) Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ! Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати) дан яхшироқдир. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз. (Эй Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни ҳайрон ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!» (Зуҳо сураси).

«Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан». Оятда кундуз назарда тутилмоқда. Қатода, Муқотил раҳимаҳумаллоҳ оятни: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга чош гоҳ вақти сўзлаган. Мана шу вақт билан қасам ичмоқда”, деб тафсир қилишган. Бир ўринда: “Сеҳргарлар саждага йиқилган соат”, деб айтилади. Бошқа бир ўринда: “Чошгоҳ” – жаннат нури, олам ёришган вақт”, дейилади.

«Ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун билан». Тун кундузнинг муқобилида. Яъни, тун зулматга чўмганда. Имом Заҳҳок: “қоплаб турган”, яъни барча нарсани ўраб олган”, дейди. Яна: “қоплаб турган”, яъни “одамлар сукунатга чўмган вақт”, маъносида келади.

Бир ривоятда: “Чошгоҳ вақтида ибодат қилувчи бандалар. Кеч кириб, тун чўкканда ибодат қилувчи бандалар” дейилса, бошқа ривоятда: “Чошгоҳ вақти билан қасам”, яъни орифлар қалбидаги кундуз мисол ёруғлик. “Ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун билан”, яъни кофирларнинг қалбидаги кеча каби қоронғуликдир. Аллоҳ таоло мана шу нарсалар билан қасам ичмоқда”, дейилади.

«Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ!» – қасамнинг жавоби. Жаброил алайҳиссаломнинг ваҳий олиб келиши бир муддат тўхтаб қолди. Шунда мушриклар: “Аллоҳ Муҳаммадни ёмон кўриб, ундан воз кечди”, дейишди. Кейин ушбу сура нозил бўлди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Жундуб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом бетоб бўлдилар. Бир ёки икки кеча тунда нафл намоз ўқиш учун турмадилар. У зот алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир аёл (ривоятларда бу Умму Жамил экани айтилади) келди. Сўнг: “Эй Муҳаммад, шайтонинг сени ташлаб кетди, деб умид қиламан. Икки ёки уч кундан бери ёнингда уни кўрмадим”, дейди. Унинг бу гапидан кейин Аллоҳ таоло Зуҳо сурасини нозил қилди». Ибн Журайж: “Ўн бир кун ваҳий келмай қолган” деса, Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Йигирма беш кун”, дейди.

Салама Ибн Исҳоқдан ривоят қилади: «Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир», яъни: “Эй Муҳаммад, ҳузуримга қайтганингизда, ато этиладиган нарса, сизга дунёда берилган иззат­икромдан яхшироқдир”. Ибн Аббос айтади: “Набий алайҳиссаломга ўзларидан ке йин умматларига бериладиган футуҳотлар кўрсатилди. Мана шу билан хурсанд бўлдилар. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом: «Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз» оятини ваҳий қилди”.

Ибн Исҳоқ «Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз» оятини “дунёда ғалаба, охиратда савоб”, деб тафсир қилган. Бир ўринда: “Ҳавзи Кавсар ва шафоат”, дейилади. Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос отасидан ривоят қилади: “Набий алайҳиссаломга умматлари учун фатҳлар кўрсатилди. У зот алайҳиссалом севиндилар. Кейин Аллоҳ таоло Зуҳо сурасини «Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз» оятига қадар нозил қилди. Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломга жаннатдан мингта қаср берди. Унинг тупроғи мушкдандир. Ҳар бир қасрда етарлича завжа ва ходимлар берилди”. Яна шу кишидан ривоят қилинади:

“Набий алайҳиссалом аҳли байтларидан бирор кишининг дўзахга киритилмаслигига рози бўлдилар”. Бир ўринда: “Барча мўминларнинг шафоатидир”, дейилади. Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло менга умматимни шафоат эттиради. Ҳатто: “Эй Муҳаммад, розимисан?” деб сўрайди. Мен: “Эй Раббим, розиман”дейман”, дедилар».

«Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?!» Яъни: “отасиз, етим эдингиз, амакингиз Абу Толиб уйидан бошпана бериб, сизни ўз кафилига олмадими?” Бир ўринда бундай келади: “Сизни ёлғиз ҳолда топиб, саҳобаларнинг ҳимояси билан паноҳимга олмадимми?!”

«Яна Сизни ҳайрон ҳолда топиб…» Яъни, нубувват илмидан бехабар эдингиз. «…ҳидоят қилиб қўймадими?!» Яъни, тўғри йўл кўрсатмадимми?! «Сиз эса, (эй Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз» (Юсуф сураси, 3-оят).

Бир гуруҳ олимлар: «Яна Сизни ҳайрон ҳолда топиб…», яъни “Қуръон ва шариатни билмас эдингиз. Аллоҳ таоло сизни Қуръон ва Ислом шариатига ҳидоят қилди”, деб тафсир қилишди. Бош қа бир гуруҳ олимлар: “Сиз адашган қавм орасида эдингиз. Аллоҳ таоло уларни сиз билан ҳидоят этди”, деб фикр билдиришди.

«Сизни камбағал ҳолда топиб…», фақир ҳолда топиб, «бой қилиб қўймадими?!» Яъни, Макканинг энг бой аёли Хадича розийаллоҳу анҳога уйлантириб қўймадими?! Ибн Ато: “Кўнглингизни фақир топиб, қалбингизни бой қилмадими?” деб тафсир қилган. Айтиладики: “Фатҳлар билан сизни бой қилиб қўймадими?! Кофирларнинг молларини сизга ўлжа қилиб бермадими?!”

«Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!» Оятда айнан етимнинг зикр қилиниши унинг Аллоҳ таолодан бошқа ёрдамчиси йўқлиги учундир. Оятнинг маъноси: “Етимга зулм қилманг. Ҳақини беринг. Ўзингизнинг етим бўлганингизни эсланг”.

Имом Муслим “Саҳиҳ”да ривоят қилади. Муо вия ибн Ҳакам Салмо бундай деди: “Отам, онам у зотга фидо бўлсин. Набий алайҳиссаломдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим. Аллоҳга қасам, бирон марта менга қўпол гапирмадилар, урмадилар ва койимадилар…”. Ибн Умар ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Етим кўзига ёш олса, унинг йиғисидан Раҳмоннинг Арши ларзага келади. Шунда Аллоҳ таоло фаришталардан: “Эй фаришталарим, отаси тупроқда ётган мана бу етимни ким йиғлатди?” деб сўрайди. Фаришталар: “Раббимиз, Сен билувчироқсан”, дейишади. Аллоҳ таоло фаришталарга: “Эй фаришталарим, гувоҳ бўлинглар, ким уни юпатса ва хурсанд этса, қиёмат кунида Ўзим уни хурсанд қиламан”, дейди”, дедилар». Ибн Умар қачон етимни кўрса, бошини силаб, бир нима берарди. Анас ибн Молик ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Ким етимни қарамоғига олиб, уни таъминласа, қиёмат кунида ўша етим унга дўзахдан парда бўлади. Ким етимнинг бошини силаса, ҳар бир соч толаси миқдорича савоб ёзилади”, деб марҳамат қилдилар».

«Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг!» Яъни унга қўпол гапирманг. Гарчи оз нарса бериб бўлса ҳам, яхши сўз билан қайтаринг. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Ҳеч бирингиз тиланчини қайтарманг. Гарчи қўлида иккита тилла узук кўрсангиз ҳам, сўраганида беринг”, дедилар».

Бир ўринда “соил”дан мурод дин ишларини сўровчидир, яъни, “дин ҳақида савол сўраб келганга қўпол муомалада бўлиб, жеркима, мулойимлик билан жавоб бер”, дейилади. Ибн Арабий раҳимаҳуллоҳ: “Дин борасида савол сўровчига олимнинг жавоб бериши вожибдир”, деган. Абу Дардо ҳадис асҳобларини кўриши билан уларга ридосини тўшар ва: “Набий алайҳиссаломнинг суюклилари, марҳабо!” дер эди.

«Раббингизнинг неъмати ҳақида эса сўзланг!» Яъни, Аллоҳнинг неъматларини сўзланг ва шукр билан эътироф этинг. Мужоҳид: “неъмати” – Қуръон, бошқа ривоятда “нубувват”, деган. Абу Фарос Абдуллоҳ ибн Ғолиб ҳар тонг: “Кеча Раббим мени бунча ризқлантирди, бунча қироат қилдим, бунча намоз ўқидим, Аллоҳ таолони бунча зикр қилдим, бунча иш бажардим”, дер эди. Биз: “Эй Абу Фарос, сендек киши бундай гапларни гапирмайди”, дедик. У: “Аллоҳ таоло: «Раббингизнинг неъмати ҳақида эса сўзланг!» деган. Сизлар эса: “Аллоҳнинг неъматларини сўзлама, демоқдасиз”, дея жавоб берди”.

Нўъмон ибн Бишр ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Озга шукр қилмаган, кўпга шукр қилмайди. Одамларга шукр қилмаган, Аллоҳга шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматлари ҳақида сўзлаш – шукр, уни тарк этиш – куфрони неъматдир. Жамоат раҳматдир. Фирқаларга бўлиниш азобдир”, деб огоҳлантирдилар». Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло гўзалдир. Гўзалликни яхши кўради. Шунингдек, бандасида неъматлари асарини кўришни яхши кўради”. Аллоҳ барчамизга тавфиқ берсин!

 

“Тафсири Қуртубий” асосида Исмоил НУРИИМОН тайёрлади.

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан

— Баъзи бир қориларга хатми Қуръон буюргани борсак, “менда тайёри бор”, дейишади. Яъни Қуръонни ўқишни бошлаб қўйган бўлишади. Шунда “майли” десангиз, тугатиб беришади. Шариатимизда бу жоизми? Ёки хатми қачон бошлаб қўйилган бўлса ҳам, савоби кимга бағишлангани муҳимми?

— Аввало, Қуръони каримни Аллоҳ таоло бандаларининг икки дунё саодатига эришиши учун нозил қилганини унутмаслик керак. “Хатми Қуръон” деганда Қуръони каримни бошдан-охир тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Бирорта сура ёки оят ташлаб кетилса, том маънода хатм ҳисобланмайди. “Хатм” сўзи тугатиш, якунлаш деган маънони билдиради.

Ҳозирги пайтда одамлар орасида кенг тарқалган саволдагига ўхшаган ҳолатлар тааассуфки, асл Ислом мақсадларига тўғри эмас. Яна алоҳида таъкидлаш лозим, Қуръонни холис Аллоҳ розилиги учун тиловат қилинса, хатм қилинсагина унга савоб берилади. Кейин ўша берилган савобни бағишлаш мумкин. Бизнинг аҳли-сунна эътиқодимизда Қуръон тиловат қилиб, савобини бағишласа, етиб боради, дейилгани айнан шудир. Ҳар бир ибодатда аниқ мақсад бўлиши, уни бошлашда ният бўлиши кераклиги ҳадисларда таъкидланган. Савобини бағишлаш мақсад қилинган тиловатни ҳам бошидан бошлаб, Аллоҳнинг розилиги, ундан кейин кимгадир савобини бағишлашни ният қилинади. Шунда савоби етади, деб умид қилинади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мақолалар

Top