Мақолалар

Одамларнинг қалбидан қандай жой олиш мумкин?

Бир боланинг тошбақаси бор экан, уни доим боқар ва ўйнатар экан. Қишнинг қаҳратон кечаларидан бирида бола тошбақасининг олдига келиб қараса, у исиниш учун косасининг ичига кириб олган экан. Уни чиқармоқчи бўлибди, лекин ҳаракати бесамар кетибди. Жаҳли чиққан болакай ёғоч билан уни урибди. Тошбақа эса парво ҳам қилмабди. Яна ҳам яшириниб олибди. Шу пайт олдига отаси келиб қолибди ва: “Ҳой болам, бу нима қилганинг”, деб койиб берибди. Бола тошбақаси унга бўйсунмаётганини сўзлаб берибди. Шунда отаси табассум билан: “Уни қўйгинда, мен билан юр”, дебди. Гулханни ёқиб, ўғли билан унинг атрофида гаплашиб ўтиришибди. Тошбақа аста-секин исиниш мақсадида уларнинг олдига яқинлаша бошлабди. Шунда ота ўғлига табассумла боқиб, дебди: “Болагинам! Одамлар худди шу тошбақага ўхшайди! Уларни ўз раъйингга юргазишни хоҳласанг, лутфинг бирла уларни иситгин, таёқ билан ўзинг истаган ишни қилишга асло мажбурламагин!”.

Қалбларга таъсир ўтказувчи шахслар одамларнинг муҳаббатига, олқишига қандай қилиб сазовор бўладилар биласизми? Чунки улар одамларнинг кўнглини иситиб, ҳис-туйғуларини жўш урдирадилар.

Одамларга илиқ ҳис-туйғуларингизни, самимий меҳрингизни, лутфингизни улашмас экансиз, ҳаргиз уларнинг қалбидан ўрин оломайсиз!

Одамлардан ўз эҳтиёжингизни талаб қилишда оёқ тираб туриб олманг. Бирор ходимингизга буйруғингизни бажартирмоқчи бўлсангиз, уни “Эплай олмасанг ундоқ қиламан, бундоқ қиламан”, деб қўрқитманг. Аксинча ишни мабодо бажаролмай қолгудек бўлса, уни маъзур тутишингизни, бу ҳолат асло муносабатингизга таъсир ўтказмаслигини унга уқтиринг.

Сизга ишингизда ёрдам берадиган одамлар билан чиройли муносабатда бўлинг, токи улар фақат шахсий манфаат учун ҳамкормиз, деб ўйлаб қолишмасин.

Одамларга улар хато устида эканини уқтиришга ҳаракат қилманг, уларни масхара қилишдан йироқ бўлинг!

Уларга ҳукмингизни ўтказишга уринманг, ҳеч қачон таҳдид оҳангида мурожаат қилманг!

Шайх Алий Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Дунё лаззатлари ичида энг тотлисини, қалбдаги энг ширин шодликни туюшни истасангиз, пул бирла саховат қилганингиздек меҳр-муҳаббат ва лутф бирла ҳам саховат қилингиз”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 
 
958 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Дуонинг кучи Заиф ҳадисга амал қилинмайдими? »

Мақолалар

Top