muslimuz

muslimuz

  • Сураларни тартиби бўйича ўқиш вожиб бўлса ҳам, намоз ўқувчи тартиби билан ўқишни тарк қилиши туфайли унга ҳеч нарса лозим бўлмайди. Чунки сураларни тартиби бўйича ўқиш намоз вожибларидан бўлган аслий вожиб эмас.
  • Биринчи ракатга қироат қилган сурасидан кейин иккинчи ракатга бир сура ташлаб кейинги сурани қироат қилиш макруҳ саналади. Шунга кўра агар орада икки ё ундан кўп оятлар бўлса, бир суранинг бошқа-бошқа жойидан ўқиш макруҳ бўлмайди. Аммо заруратсиз бундай қилмаслик афзал.
  • Намоз ўқувчи қироатда ўқиётган жойидан бир сура ё бир оятни ташлаб кейингисини ўқиши макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда ўша сура ё оятдан ўзини олиб қочиш ва ундан ўзгасини устун қўяётгандек ваҳм (хаёл) юзага келади.
  • “Муҳийт” китобида: “Ёлғиз ўқиётган киши нафл намозида бир сурани қасддан қайта ўқиши макруҳ эмас, аммо фарз намозида макруҳ бўлади”, дейилган.
  • Иккинчи ракатга биринчи ракатда ўқилган сурадан юқоридаги сурани ўқиш макруҳ бўлади. Чунки бунда саҳобалар ижмоъ қилган тартибни тарк қилиш юзага келади. Аммо бу ҳам қасддан ўқилса макруҳ бўлади, агар унутган ҳолда бўлса макруҳ бўлмайди. Бу масалалар “Фатавои Татархония” китобида баён этилган.
  • Насафийнинг “Фатаво” китобида шундай баён қилинган: “Абул Фазл нафл намозда биринчи ракатга “Масад” сурасини, иккинчи ракатга ундан юқорида бўлган “Наср” сурасини қироат қилиш ҳақида сўралганида: “Агар қасддан шундай қилса макруҳ бўлади, деган. Қози имом Абу Бакр эса фарз намозда макруҳ бўлади, нафлда макруҳ бўлмайди, деб айтган”.
  • Орада иккита сурани ташлаб ўқиш макруҳ саналмайди. Чунки Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шом намозида биринчи ракатга “Кафирун” иккинчи ракатга “Ихлос” сураларини зам қилиб ўқиганларини ривоят қилган.
  • Биринчи ракатга “Нас” сурасини ўқиган бўлса иккинчи ракатга ҳам шу сурани такрор ўқиш лозим бўлади. Чунки такрор ўқиш тескари ўқишдан кўра енгилроқ ҳисобланади. Баъзи уламолар бундай ҳолатда “Бақара, “алиф лам мийм”ни ўқисин, деганлар.

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси.

  1. Юздаги уйқу асарини қўл билан аритиш.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб, ўтирдилар ва юзларини ишқалаб, уйқуни аритдилар” (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Қуйидаги дуоларни ўқиш:

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَحْيَانَا بَعْدَ مَا أَمَاتَنَا وَإِلَيْهِ النُّشُورُ.

 “Алҳамду лиллаҳиллазий аҳйаана баъда ма амаатана ва илайҳин нушур”.

“Бизни вафот эттиргандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қайта тирилиш Унинг Ўзигадир”.

 

الحمدُ لله الذي رَدَّ عليَّ رُوحي وعافاني في جسدي و أَذِنَ لي بذِكره.

“Алҳамду лиллаҳиллазий родда ъалаййа руҳий ва ъафааний фий жасадий ва азина лий бизикриҳи”.

“Менга руҳимни қайтарган, жисмимга офият берган ва зикрини қилишимга изн берган Аллоҳга ҳамд бўлсин”.

 

  1. Оғизни мисвок ёки бошқа воситалар билан тозалаш.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда уйқудан турганларида оғизларини мисвок билан тозалар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Қўлни ювиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, кафт қўлларини идишга солмасдан, уч марта ювсин”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Бурунни қоқиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, бурнини уч марта қоқиб ташласин. Чунки шайтон унинг димоғида тунаган бўлади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Ёши тўқсондан ошган онахоннинг ўғли айтади:Бир куни уйимизга қариндошимиз келиб қолди. Ёнимда онам ўтирган эдилар, уларни кўришлари билан: “МашаАллоҳ, уйингизда онангиз, сизнинг ҳузурингизда?” деди”.

Мен: “Йўғ-э. Мен у кишининг ҳузурларида, уйларидаман”, дедим.

Шунда онам: “Йўқ, эй ўғлим. Болалигингда сен бизни ҳузуримизда эдинг. Кексайганимиздан кейин, биз сенинг ҳузурингда бўламиз. Аллоҳ таолонинг ушбу каломини ўқимаганмисан? “Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар” (Исро сураси, 23-оят), дедилар”.

Ўғил айтади: “Гўёки мен ушбу оятни эндигина эшитаётган бўлдим. Ота-оналардаги ҳамма нарса ёшлари ўтган сайин заифлашиб борар экан, фақат оталик ва оналик меҳри кучайиб бораверади”.

Шундай экан ушбу меҳрни совуққонлик билан сўндириб қўйишдан сақланинг. Ота-онангизни уларга итоатсизлик қилиб ҳафа қилиб қўйманг. Аллоҳга қасамки, ота-онанинг фарзандидан ҳасрат қилиб тўккан бир томчи кўз ёши фарзанднинг ҳаётини зулмат гирдобига ғарқ қилишга кифоя қилади.

Ушбу дуони кўп такрорланг: “Роббим, мени ва ота-онамни мағфират қилгин”, “Роббим, менга раҳм қилганларидек, Сен ҳам ота-онамга раҳм қил”.

Зеро, ушбу дуонинг ўзи ҳам ота-онага яхшилик қилишнинг бир кўринишидир.

 Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Среда, 24 Май 2023 00:00

Хотиннинг моли шифодир

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз” (Нисо сураси, 4-оят).

Агар хотин бемор эрига ўз молидан едирса, Аллоҳнинг изни билан шифо топади.

Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ “Дуррул мансур” номли тафсирида ва Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирида аёлларнинг маҳри борасидаги юқоридаги оятни шарҳлар эканлар қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Қачон бирортангиз касал бўлсангиз аёлидан уч дирҳам беришини сўрасин. Сўнгра, шу пулга асал сотиб олиб, унга ёмғир сувини аралаштирсин ва ичсин. Шунда иштаҳа, шифо ва барака жам бўлади”.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу “иштаҳа” деганда юқоридаги оятни, шифо ва барака деганда қуйидаги оятларни таъвил қилганлар: “Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур” (Наҳл сураси, 69-оят).

“Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдирдик” (Қоф сураси, 9-оят).

Катта тобеин Алқама раҳимаҳуллоҳ аёлига: “Менга бемалол, иштаҳа билан тановул қилинадиган молингдан едир”, дер эдилар.

Тафсири Улусийда келади: “Бир киши Али разияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб: “Қорнимда оғриқ бўляпти”, деб шикоят қилди. Али розияллоҳу анҳу: “Аёлинг борми?”деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. “Ундай бўлса, бориб аёлингдан молидан чин кўнгилдан бирор нарса беришини сўра. Сўнгра ўша пулга асал сотиб ол ва унга ёмғир сувидан қўшиб ич. Чунки Аллоҳ таоло аёлнинг моли ҳақида: “Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз”, деган.

Асал ҳақида: “Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур”, деган.

Ёмғир ҳақида эса, “Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдирдик”, деган.

Қачон барака, шифо ва иштаҳа бирлашса, иншааллоҳ шифо топасан, дедилар”. Шундан кейин киши уйига бориб айтилгандек қилди ва соғайиб кетди.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

  1. Ҳидоятга эргашганларга хавф йўқ, улар маҳзун ҳам бўлмаслар.

“ҳидоятимга эргашганларга хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар” (Бақара сураси, 38-оят).

 

  1. Аллоҳга ва Қиёмат кунига имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга хавф йўқ, маҳзун ҳам бўлмаслар.

“...Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса ҳамда солиҳ амалларни қилса, уларга Роббиларидан ажр бордир, уларга хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 62-оят).

 

  1. Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқ, улар хафа ҳам бўлмаслар.

“Аллоҳнинг валийлари (дўстлари)га хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Юнус сураси, 62-оят).

 

  1. Тақводорларга хавф йўқ, улар маҳзун ҳам бўлмайдилар.

(У кунда тақво аҳлига айтилур:) Эй бандаларим! Бугун сизларга хавф йўқдир ва сизлар асло ғам чекмайсиз(Зухруф сураси, 68-оят).

 

  1. “Роббим – Аллоҳ” деганлар учун хавф йўқ, улар ташвиш ҳам чекмаслар.

«“Албатта, Роббимиз – Аллоҳ”, деб, сўнгра (тўғри йўлда) устувор бўлган зотлар учун хавф йўқдир ва улар қайғу ҳам чекмаслар”» (Аҳқоф сураси, 13-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Страница 1 из 15

Мақолалар

Top