muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 18 Июнь 2018 00:00

Имом ал Бухорий ҳақида фильм

Юртимизда меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми – муборак Рамазон ҳайитининг биринчи куни зўр шоду хуррамлик ва шукроналик кайфиятида нишонланди.  

Хусусан, 15 июнь куни, эрта саҳарда Наманган вилоятидаги 182 та масжидда ҳайит намозлари эмин-эркин, кўтаринки руҳда адо этилди. Бунинг учун масжидлар жамоаси, ҳуқуқ тартибот идоралари, нодавлат ташкилотлар ходимлари қулай шарт-шароитларни муҳайё этиб бердилар. 

Наманган шаҳридаги “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жомеъ масжиди имом хатиби Абдулвоҳид Исоқов маърузада тоат-ибодатга ошиққан юртдошларимизга “Ийд ал-фитр” байрамини Ислом динида жорий бўлиши, Рамазон ойининг мазмун-моҳияти ва унинг фазилатлари ҳақида сўз юритди. 

Дуога қўл очган мўмин-мусулмонлар Яратгандан юртимизга тинчлик-осудалик, халқимизга фаровонлик, дастурхонларимизга тўкинлик сўрадилар, деҳқончиликлар мўл-кўл бўлиши, бунёдкорлик ва маъмурчилик соҳасида раҳбарларимиз амалга ошираётган эзгу ишлар ўнгидан келишини тиладилар. 

Ўтган бир ой давомида ватандошларимиз, аҳли дин вакиллари муқаддас Рамазон рўзасини тутиб, кечалари масжидларда жамоат билан Қуръон хатмонаси ва таровеҳ намозларини шукроналик ва эмин-эркинликда адо этдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, тегишли ҳуқуқий органлар ҳамкорлигида мусулмонларнинг тоат-ибодатларини хотиржамликда ўқишлари борасида барча ташкилий чоралар кўрилди. Бундан барча-барчамиз беҳад миннатдор бўлдик.  

Эътироф этиш жоиз, мустақиллик йилларида топталган диний қадриятларимиз қайта тикланиб ривож топди. Айниқса, сўнгги икки йил давомида фуқароларнинг дин ва виждон эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинмоқда. Президентимиз ташаббуси билан юртимизда биринчи маротаба “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси” ва “Ҳадислар билимдони” танлови ўтказилди. Бундан Қуръони Карим ҳамда ҳадису шариф илмига ошиққан минглаб кишилар бирдек баҳраманд бўлдилар. 

– Шундай доруломон кунларга етказганига минг шукур, намозларни бемалол адо этиб, ҳайитни дам олиш куни сифатида тинчлик ва хотиржамликда нишонлаяпмиз, – дейди “Янгийўл” маҳалласида яшовчи 78 ёшли меҳнат фахрийси Жалолиддин ота Зиёвиддинов. Мана, Президентимиз қарори билан ҳайит кунлари байрам ва алоҳида дам олиш куни сифатида белгиланди. Сизга яна бир хурсандчилигимни айтай: чинакам меҳр-мурувват ва бағрикенглик айёми арафасида Юртбошимиз қарорига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилганини эшитиб, бағоят хурсанд бўлдим. Бу халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва меҳр-шафқат фазилатларидан ёрқин нишонадир. Ёки давлатимиз раҳбарининг аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришга қаратилган қарори қабул қилингани нур устига аъло нур бўлди. Демакки, одамларимизга қанчалик яқиндан амалий ёрдам кўрсатилса, халқимизнинг давлатга бўлган ишончи шунчалик ортаверади. 

Дарҳақиқат, ҳайит – мусулмонларнинг энг улуғ, орзиқиб кутилган байрамларидан бири десак, асло муболаға бўлмайди. Рамазон ойи тугагач, ҳайит намозига чиқилади, барча дўст-биродарлар бир-бирларини бу байрам билан табриклашади. Қариндош-уруғлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг кўнгли овланади, болажонларга ширинликлар улашилиб, қувончларига сабаб бўлинади. Бу кунда барчанинг юзида табассум, кайфиятида кўтаринкилик ва дилида Аллоҳ зикри, шукроналик туйғуси мужассамлашади.  

“Савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак” деган эзгу қадриятдан келиб чиққан ҳолда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида хайру саховат, меҳру мурувватга йўғрилган савобли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Учқун” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муяссархон Боймирзаева бошчилигидаги фаоллар ҳудудда истиқомат қилувчи кам таъминланган, бемор, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз ва ногиронлиги бор кишилар ҳолидан хабар олиб, уларнинг дилларига шодлик улашдилар. 

Хусусан, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ажратилган газ плитаси топширилган Соли Адашев кўчаси, 18-берк, 3-уйда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Муаззам Пўлатова алоҳида эътибордан шодликка тўлди. 

Узоқ йиллик умрини ёшларга таълим-тарбия беришга бахшида қилган, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган, ҳозирда уйда ётиб қолган бемор, 8-Соли Адашев кўчаси, 10-уйда турувчи 85 ёшли Олимжон Тўрабоев маҳалладошлари йўқловидан беҳад севинди. 

Дарҳақиқат, Рамазон ҳайити халқимиз маънавий ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ажралмас бир қисми бўлган, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини яққол ифода этадиган ҳайитни муносиб нишонлаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак инсоний фазилатларни камол топтиришга хизмат қилади.

 

Оқилхон Дадабоев,

журналист

Манба: http://uza.uz

Воскресенье, 17 Июнь 2018 00:00

“Хамр” нима дегани?

“Хамр” луғатда бекитмоқ, тўсмоқ маъноларини билдиради. Истилоҳда “хамр” деб узум ёки шунга ўхшаш мевалар шарбатидан тайёрланадиган маст қилувчи ичимликка айтилади. Бундай ичимлик бир меванинг идишга беркитилишидан, ёпилишидан ҳосил бўлади.

“Хамр” деб аталишининг ҳам боиси, у ақлни тўғри фикрлашдан тўсади, фикр йўлини беркитади. Аллома Зужож айтишича, “хамр луғатда ақлни тўсувчи нарсани билдиради. Аёллар бош кийимининг номи ҳам “химор” – рўмолдир, беркитувчи, бошни тўсувчидир. Ибн Анбори дейди: “Хамр” (беркитувчи) деб аталишининг сабаби, у ақл йўлини тўсиб, айнитади. Барча фиқҳий мазҳаб вакилларининг фикрича, “хамр” деганда, нимадан олинганидан қатъи назар, маст қилувчи барча ичимликларни тушуниш керак.

Ҳазрат Умардан  ривоят қилинади: “Ҳар бир маст қилувчи хамрдир, (шу сабабли) ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир”. Умму Саламадан  ворид бўлган ҳадисда: “Расулуллоҳ  ҳар бир маст қилувчи ва заифлаштирувчи (нарсалар)ни ман этдилар”, дейилган.

Фуқаҳолар яна шундай далолат қилишади: “Хамр” ақлни тўғри фикрлашдан тўсади, нимадан ва қандай тайёрланганидан қатъи назар, у мастликка олиб келади, мастлик эса ўз навбатида ақлни беркитади ва унинг нурини аъзоларга тарқалишига тўсқинлик қилади. “Хамр” ҳаромдир, ҳар бир маст қилувчи эса ҳазрат Умар  ривоят қилганларидек, хамрдир. Шунинг учун суннати мутаҳҳарада ҳар бир маст қилувчи ва заифлаштирувчи ичимлик ҳаром этилган.

Кейинги йилларда нашрларимизда “хамр” сўзи “арақ” деб таржима қилинмоқда. Бундай таржима, юмшоқ қилиб айтсак, ҳақиқатдан йироқдир. Ачинарлиси, кўзга кўринган олимларнинг асарларида ҳам “хамр” сўзи “арақ” деб бериляпти. Бундай хато аҳоли ўртасида кўп англашилмовчилик ва фикрий зиддиятларга сабаб бўлмоқда. Яъни, одамлар: “хамр арақ экан, арақ эса ман этилган. Демак, биз арақдан бошқа нарсаларни ичсак динга хилоф иш бўлмас экан”, деган нотўғри хулосаларга боришяпти.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкин, Пайғамбаримиз замонларида ҳозир­гидай арақ ҳақида тушунча бўлмаган. У кейинги асрларда кашф этилди. Хўш, у ҳолда: “хамр” сўзини қандай таржима қилсак тўғри бўлади? Таржима қилиш шартмикан? Менимча, бу сўзга “сура”, “сира”, “оят”, “ҳадис” сўзларига қандай ёндашган бўлсак шундай ёндашмоғимиз керак. Аниқроғи, таржима қилинаётган матн бошланишида “хамр” сўзига қисқа изоҳ бериб, кейинчалик “хамр”нинг ўзини ишлатишимиз тўғри бўлади. Зеро, “хамр” сўзи барча маст қилувчи ичимликларни қамраб олади.

Маҳмудхўжа

НУРИДДИНОВ,

профессор

Воскресенье, 17 Июнь 2018 00:00

Жаннат аҳлининг сифатлари

“Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиганлар, ғазабларини ютадиганлар, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади. Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни ёдлаб, истиғфор айтадилар. – Гуноҳларни фақат Аллоҳ мағфират этади! – Улар била туриб, қилмишларида давом этмайдилар. Ана ўшаларнинг мукофотлари – Парвардигор мағфирати ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғларидир, унда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!” (Оли Имрон, 134–136).

Ушбу оятларда жаннат аҳлининг бир қатор сифатлари баён этилган.

Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиганлар, ғазабларини ютадиганлар, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир”. Яъни, мўминлар зарар етса ҳам, хурсандчилик келса ҳам, қийинчилик ва кенгликда ҳам яширин ва ошкора хайр-садақа қиладилар. Ҳеч нарса уларни Аллоҳ таоло буюрган ўринларда молларини сарфлашдан, қариндошлари ва ва барча жонзотларга яхшилик қилишдан тўса олмайди.

Ундай инсонлар жаҳллари чиқса ўзларини босишади, яъни аччиқ устида бирор иш қилиб қўйишмайди, ёмонлик қилган кишини кечиришади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам ўғли, ғазабланган пайтингда Мени эсласанг, Мен ҳам ғазабланганимда сени эслайман ва ҳалок қилганларим орасида сени ҳам йўқ қилиб юбормайман” (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)  айтадилар: «Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) сўрадилар: “Қайси бири­нгиз ворисининг молини ўз молидан кўра яхши кўради?” Саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ, ҳаммамиз ворисимизнинг молидан кўра ўз молимизни яхши кўрамиз”, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Билиб қўйинг, сизларнинг ҳаммангиз ворисининг молини ўз молидан кўра яхши кўради. Фақат ўзингиздан олдин юборганингиз (Аллоҳнинг йўлида сарфлаганингиз) сизнинг молингиздир, қолдирганингиз вориснинг моли”. Сўнг яна сўрадилар: “Сизнингча кучли, паҳлавон ким?” Биз: “Одамлар енголмаган киши”, дедик. “Йўқ. – дедилар у зот, – Ғазабланганида ўзини боса олган киши ҳақиқий паҳлавондир” (Имом Бухорий ривояти).

Яна бир ҳадисда бундай дейилади: Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким ғазабини юзага чиқаришга қодир бўлса-ю, лекин уни ичига ютса, Аллоҳ таоло унинг қалбини хотиржамлик ва имон билан тўлдиради” (Суютий “Дуррул мансур”).

Кечиримлилик ҳам улуғ сифатлардан ҳисобланади, кечиримли инсонлар ҳақида Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: «Қиёмат-қоим бўлганида нидо қилувчи бундай нидо қилади: “Инсонларни кечирувчи кишилар қани?! Раббингиз ҳузурига келинг ва ажрингизни олинг. Ҳар бир мусулмон, агар инсонларни кечира олса, жаннатга киришга лойиқ бўлади”» (Ҳоким ривояти).

“Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади”. Улар бу ишлари билан эҳсон даражасига кўтариладилар. Муҳсин бандаларни Аллоҳ таоло яхши кўради. Шу маънода бир ҳадис бор. Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Уч нарса бор, улар билан қасам ичаман: садақа билан мол камаймайди; банда кечирса, Аллоҳ унинг обрўсини кўтаради; ким Аллоҳ таоло розилиги учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг шаънини улуғ қилади”.

Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни ёдлаб, истиғфор айтадилар”.

Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: (“Лаа илаҳа ил­лаллоҳ” калимасини) ва истиғфор (яъни, “астағфируллоҳ”)­ни кўп айтинг. Чунки шайтон айтади: “Мен инсонларни гуноҳлари билан ҳалок қилмоқчи бўлдим, улар мени “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ва истиғфор билан ҳалок қилдилар, шундан сўнг уларни ҳавойи нафс­лари билан ҳалок қилдим, улар ўзларини тўғри йўлдамиз деб ўйлайдилар” (Имом Термизий). Демак, инсон ўз нафсининг барча хоҳишларини қондиравериши билан шайтоннинг тузоғига тушиб қолиши, лекин буни ўзи ҳам сезмаслиги мумкин. Шу сабабли бу ҳолатдан жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) дейдилар: “Аллоҳга қасам, мен Аллоҳга бир кунда етмиш мартадан ортиқ истиғфор айтаман ва тавба қиламан” (Абу Яъло ривояти). Бунда бизлар учун катта ибрат бор. Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) биздек гуноҳкор бандаларга ибрат тарзида истиғфор ва тавбани кўп айтишларини таъкидладилар. Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) бундай ривоят қилинади: “Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан олдин “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” (Аллоҳ нуқсонлардан покдир, Унга ҳамд айтаман), “Астағфируллоҳа ва атубу илайҳи” (Аллоҳдан мағфират қилишини сўрайман ва унга тавба қиламан) калималарини жуда кўп такрорлаган эканлар.

“Гуноҳларни фақат Аллоҳ мағфират этади...” Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Бир одам гуноҳ қилиб сўнгра “Парвардигорим, мен гуноҳ қилиб қўйдим, Ўзинг кечир”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам гуноҳ қилди, лекин уни кечирувчи ва гуноҳлари боис жазоловчи Парвардигори борлигини билди. Шунинг учун унинг гуноҳидан ўтдим”, дея марҳамат қилади...” (Имом Аҳмад).

“...улар била туриб, қилмишларида давом этмайдилар. Оятда, шунингдек, гуноҳ иш қилганидан сўнг унга қайтмаслик ҳам таъкидланмоқда. Чунки бир ишнинг гуноҳ эканини била туриб, яна қилиш унинг гуноҳини катталаштириб юборади. Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Раҳм қилинглар, шунда сизга ҳам раҳм қилинади, кечиримли бўлинг, сиз ҳам кечириласиз, қўпол сўзли кишига вайл бўлсин, билиб туриб, гуноҳ қилаверадиганларга вайл бўлсин” (Имом Аҳмад ривояти).

“Ана ўшаларнинг мукофотлари – Парвардигор мағфирати ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғларидир, унда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!” Буни билган ҳар бир мўмин ана шу улуғ мартаба ва мукофотга интилади. Бунинг учун эса, мақталган сифатларни ўзида мужассам этишга ҳаракат қилади. Ахир тўрт-беш кунлик умрини илоҳий ризоликка эришган ҳолда ўтказиб, абадий роҳат-фароғатга эришишни ҳар қайси ақлли одам хоҳлаши табиий, шундай эмасми?

Абу Мансур Мотуридийнинг

“Таъвилот аҳл ас-сунна”,

Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азийм”,

Олусийнинг “Руҳул маъаани

фи тафсирил Қуръанил азийм

вас сабъул масаний” тафсирлари асосида

Бадриддин САДРИДДИН ўғли

тайёрлади.

Воскресенье, 17 Июнь 2018 00:00

Тавбаларимиз қабул бўлсин

Инсоннинг хатолар гирдобидан чиқиш, нажотга эришиш йўли тавбадир. Аллоҳ таоло Таввобдир, яъни бандасидан ҳар қанча хато ўтса ҳам, пушаймон бўлиб, дилдан илтижолар этиб, чин тавба қилса, кечиради.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Банданинг жони ғарғарага келгунига қадар унинг тавбаси қабул бўлади”, деб марҳамат килганлар» (Имом Термизий).

Фурсатни бой бериб, жони узилишга келган пайтда, минг пушаймон чекса ҳам, банда тавба қилишга кечиккан бўлади.

Исломдан узоқлашиш ва ҳаё каби соф қадрият­ларни унутиш натижасида инсон нафсининг қулига айланади. Масалан, айримларга ўхшаб, юриш-туриш, кўриниш, сўзлаш, ҳатто фикрлашда ўзини, миллий қадриятимиз қолиб, ғарбнинг “оммавий маданият”га етакловчи ғояларини намуна сифатида қабул қилиш катта хатодир.

Тавба қилувчи бутунлай ўнгланиб, яхши амал­­лар­га киришмас экан, унинг тавбаси дуруст бўлмабди. Аксинча, биз Пайғамбаримизнинг (соллалоҳу алайҳи ва саллам) гўзал хулқларига эргашмоғимиз керак. Шундагина адашмаймиз, тавбаларимиз, яхши амалларимиз қабул бўлади, раҳматга эришамиз. Аллоҳ таоло: “Ким (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Фурқон, 70) дея марҳамат қилган.

 

Юлдуз КОМИЛ қизи

тайёрлади.

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top