muslim.uz

muslim.uz

Среда, 13 Июнь 2018 00:00

Умиддан айирмасин!

Тўртта шам ёниб турган эди. Атроф жим-жит бўлгани боис уларнинг айтган  сўзлари эшитилиб турарди.

Биринчиси айтди: “Мен хотиржамликман! 

Энди ҳеч ким менинг ёниб туришимни таъмин этмайди, сўнадиганга ўхшайман”. Олови бирдан пасайди ва бутунлай ўчди. 

Иккинчиси бундай деди:

“Мен ишончман!

Деярли ҳар бир киши мени энди ҳеч кимга керак эмас деб ўйлаяпти.  Шундай экан, энди ёниб туришимнинг ҳеч ҳам кераги йўқ”, деб гапини тугатгани заҳоти бир енгил шамол эсди ва уни ўчирди.

Навбати келишини хафаҳол тарзда кутиб турган учинчи шам тилга кириб:

“Мен севгиман!

Ёниб туриш учун бошқа қувватим қолмади. Инсонлар мени бир чеккага улоқтириб юборишди ва аҳамиятимни англашмади, ўзларининг энг яқин одамларини ҳам севишни унутдилар”, деди ва бирданига ўчиб қолди...

Хонага бир болакай кириб келди ва учта шамнинг ўчиб қолганини кўрди. “Нега ўчиб қолдингиз, сиз тугагунга қадар ёнишингиз керак эди”, деди ва йиғлай бошлади.

Шунда тўртинчи шам тилга кириб: “Қўрқма, ҳозирча мен ёниб турган эканман, қолган шамларни ҳам қайта ёқа оламиз. Чунки мен умидман!” деди.

 

 

Агар дунё бўйича қайси дин энг кўп қизиқишга сабаб бўлаётганини билмоқчи бўлиб интернетга онлайн-сўроқ бериб юборсангиз, Ислом динини чиқариб беради. Иккинчи жиҳати, айнан аёллар оммавий равишда Исломга интилмоқда. Интернет фойдаланувчилари Исломга рағбати бўлиб, бу динга ўзини мансуб деб биладиган аёлларнинг нималарни ҳис қилишларига қизиқади.

Ана шундан келиб чиқиб, дунёнинг турли мамлакатларида яшайдиган (Россия, Австралия, Буюк Британия, Кения) тўртта аёлнинг Исломга кирганидан сўнг нималарни ҳис қилгани ва ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлгани билан таништиришни лозим топдик.

Юлия, Россия: “Аёллар Исломда жавоҳирга ўхшайди!”

Менинг отим Юлия, Исломий исмим эса Айсил. Мен россияликман. Аллоҳ таолонинг марҳамати ила ярим йил бурун Исломга кирдим. Бундан жуда ҳам бахтиёрман. Тан олишим керак, ана шу воқеадан кейин ҳаётимда ижобий ўзгаришлар бўлди. Мен яратган Раббимизга имон келтирдим ва У имонимни сабаб қилиб менга куч-қувват ато этди, яна шундан хурсандманки, Парвардигоримиздан нимани сўрасам, ўшани берди. У менга алҳамдуллиллаҳни берди, умид қиламанки, барча одамлар бир куни келиб ана шу туйғуни ҳис қилади, иншоаллоҳ.

Исломда аёллар гўёки қимматбаҳо жавоҳирдек ҳимоя қилинади. Ана шу асраб-авайлаш барча масалада намоён бўлади – оилавий муносабатларда, ҳатто ажрим бўлган вақтларда ҳам. Эркакларга бир оз қийинроқ, Негаки, Исломда кўп вазифалар уларнинг зиммасига юкланган. Бу борада аёлнинг иши осон – унинг вазифаси эрининг ўнг қўли бўлиб, унга итоат қилиши, қўллаб-қувватлаши, яхши аёл ва она бўлишининг ўзи кифоя.   

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига жуда чиройли муомалада бўлганлар. Бир сафар Оиша онамиз розияллоҳу анҳо туяга минмоқчи бўлганида  Пайғамбар алайҳиссалом қўлларини тутган эканлар, Оиша онамиз у зотнинг муборак қўлларига оёқ қўйиб худди зинадан кўтарилгандек бўлиб туяга миниб олган эканлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу ишлари мусулмонларга аёлни эъзозлаш, уни қадрлаш борасида гўзал намунадир. Бугунги эркаклар Пайғамбаримизнинг ана шундай гўзал одатларини ўрганмоғи даркор.

Алана, Буюк Британия: “Миш-мишларга эмас, Қуръони каримга эргашинг!”

Менинг отим Алана. 23 ёшдаман. Буюк Британиянинг Глазго шаҳрида яшайман. Менинг Исломга қадар бўлган ҳаётим ҳам худди ҳар бир европаликники каби эди. Мен олий таълим олиб ишга жойлашдим. Исломга уч ярим йил олдин кирдим. Бу меҳнат таътилига Испанияга борганимда мусулмонлар билан танишганимда рўй берди. Уларнинг масжидга  қандай кириб-чиқишларини кузатдим. Менинг мамлакатимда ҳам мусулмонлар кўп бўлса-да, аммо мен Испанияда улар билан юзма-юз бўлдим. Уйга қайтганимдан сўнг бир йиллар атрофида тадқиқотлар олиб бордим – кўплаб китоблар ўқидим ва интернетдан турли видеороликлар томоша қилдим. Дастлаб динимни ўзгартириш ниятим йўқ эди, шунчаки Исломга қизиққан эдим. Бу дин ҳақида фақат ОАВда эшитганим сабабли кўпроқ билишни истардим.  

Исломни ўрганишни бошлаганимга бир йил бўлди ва мен масжидга бориб калима шаҳодатни айтиб муслима бўлдим. Бу ҳақда энг яқин дўстларимдан бошқа ҳеч ким билмас эди, ўша куни жуда қаттиқ ташвишга тушдим. Рамазон ойи бошланганда ота-онамга муслима бўлганимни айтиб бошимга рўмол ўраб намоз ўқимоқчилигимни ва рўза тутмоқчи эканимни билдирдим. Менинг гапларимни эшитиб улар хурсанд бўлишди ва бу менинг танловим эканини, нимани истасам, ўшани қилишим ҳаққим эканини айтишди.

Исломга кирганимдан сўнг менинг Исломда аёлга муносабат масаласидаги тушунчаларим ўзгарди. Дастлабки кезларда ОАВда ўқиганларимга ишониб Ислом аёлни таҳқирлайди  деб ўйлардим ва шундан қаттиқ ташвишда эдим. Аммо ўзим муслима бўлганимдан кейин бу қарашим ўзгарди. Мен аёл киши авратларини яшириб юриши зарурлигини тушундим. Гап шундаки, муайян мажбуриятлар ва қоидалар Исломда фақат аёлларга эмас эркакларга ҳам юкланган. Аммо улар инсонларнинг фойдасига хизмат қилади. 

ОАВ нималар деётган бўлса, уларнинг ҳаммасига ишониш шарт эмас. Қуръони карим нима деяпти, унга ишонмоқ керак!  Мен бунга қатъиян ишонаман. Мен муслима бўлганимдан сўнг қаршимда кўплаб ҳақиқатлар очилиб кетганига гувоҳ бўлдим.

Оиша, Кения: “Аллоҳ таоло менда умид уйғотди”

Менинг исмим Оиша. Кенияда туғилганман. Аммо Италияда вояга етдим. Кейин Австралияга кўчиб келдик. Исломга киргунимга қадар стюардесса бўлиб ишлаган эдим, жуда ҳам тўқ ва бадавлат яшар эдик. Менинг ақлу ҳушим Голливудда бўлиб у ерда юз бераётган ҳар бир ҳодисани жону дилим билан кузатиб борар эдим.

Мен Исломни умримнинг энг зимистон палласида топдим ­– мен ўзлигимни йўқотган эдим. Нима учун яшаётганимни билмасдим, даҳшатли депрессияга тушиб қолган эдим ­ – спиртли ичимликлар ичардим ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилардим. Мен ўзимни йўқотган эдим ва бундан қаттиқ азият чекар эдим. Аммо Аллоҳ таоло менга умид берди. Кунларнинг бирида телевизорда Малкольм Икснинг қандай қилиб Исломга киргани ҳақидаги телекўрсатувни томоша қилиб ўтирган эдим. Ўшанда дунёнинг кўплаб инсонлари Ислом динига кириб кетаётганини эшитиб ҳайратга тушдим. Алҳамдулиллаҳ, ана шу кўрсатув менинг ҳаётимда кескин бурилиш ясади. Мен ўзимни қутқариш учун тезкорлик билан  нимадир қилмасам, ақлдан озишим аниқлигини тушуниб қолдим.

Менга энг катта таъсир кўрсатгани Қуръони карим бўлди. Мен уни Аллоҳ таолонинг бутун инсониятга мурожаати деб тушундим. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсини ва у зотнинг охирги пайғамбар эканини билганимдан сўнг Исломга киришга бошқа иккиланиб ўтирмадим.

Ана шундан кейин ҳаётим ўзгариб кетди. Аллоҳ таолонинг борлигини, Унинг Расулини ва саҳобалар ҳаётини ўргангач ҳаётга қарашим бутунлай бошқа узанга тушиб олганини ҳис қилдим. Аллоҳ таоло ато этган бир илҳом ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрини ва сабр қилишдан роҳатланишларини  ўзлаштирдим. Менинг ҳаёт йўлимга энг гўзал намуна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибратли ҳаёти бўлди. Мен ўша кунданоқ бир муслима аёл сифатида ҳар бир ҳаракатимни у зотнинг суннатларига амал қилиш билан давом эттиришга қарор қилдим. Ана шу ёндашув ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди.

Нима учун доим глобусни олиб юраман, биласизми? Чунки бу дунёнинг унчалик катта жой эмаслигини ва биз бу дунёга аниқ мақсад билан келганимизни ёдда сақлаб туриш учун шундай қиламан. Шуниндек, дунёда менга ўхшаган ва менинг олдинги кунларимдагига ўхшаб Ислом дини ҳақида ҳеч нарса билмайдиган одамлар жуда ҳам кўп. Умид қиламанки, ҳечқурса уларнинг муайян қисми бўлса ҳам Исломни таниб қолса, Аллоҳ таоло уларнинг қалбини Ўз нури билан мунаввар айласа, иншоаллоҳ...  

Сара, Австралия: «Исломдан олдин мен бунга ўхшаш бирор нарса кўрмаган эдим»

Қачон намоз ўқимоқчи бўлиб жойнамознинг устига чиқсам қалбим шу қадар фараҳбахш туйғуга лиммо-лим бўладики, Исломга қадар бундай ажойиб ҳиссиётни сезмаган эдим.

Мен австралиялик мусулмон эканимдан фахрланаман. Бироқ мен Исломга қараб жуда узоқ йўл босиб келдим – Исломга оид китоблар ўқидим, интернетдан роликлар томоша қилдим, маърузалар эшитдим. Мен насронийлик ва католиклик кайфияти ғоят устувор бўлган шаҳарда улғайдим. Исломга эса университетнинг психология факультетида ўқиётганимда кирдим. Ислом инсон бахтли яшаши учун ҳамма саволларга жавоб беради ва уни тўғри йўлга солиб туради. Ислом инсонга маънавий уйғунликни топишига ёрдам беради. Мен бурунги эътиқодимдан айнан шу нарсани топа олмаган эдим.  

Ота-онам ва яқинларим менинг Исломга оид асарларни ўқиётганимни кўрганида ва мен муслима бўлганимни эълон қилганимда унчалик ҳайратга тушмади. Чунки яқинларим менинг яхши тарафга ўзгараётганимни кўргани боис бу қароримни қўллаб-қувватлашди.

Бугун Ислом ҳақида салбий фикр эшитиб қолгудек бўлсам, дарҳол қўлимга Қуръони каримни олиб уни ўқишга тушаман. У – менинг ҳаётимдаги йўлбошчим. Ана, Қуръони каримни ўқиб кўрсинлар... унда низокорлик, фитнакорлик, зинокорлик қилиш, одамларга азоб-қуқбат ёғдириш ҳақида нималар ёзилганини ўргансинлар...  Менинг мамлкатимда яшайдиган мусулмонлар тинчликсевар, хушмуомала, оиласи ҳақида қайғуриб, бахтли ҳаёт кечираётган гўзал ахлоқли инсонлар. Аммо бу ҳақда ОАВда кўп ёзишмайди...

Муаллиф: Саида ИБРОҲИМОВА

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

  

Фатво ҳайъатига келган саволлар (16-қисм)

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассалому алайкум! Одамлар саҳарликка туролмасалар ўтар тутишади, шу тўғрими?

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Имкон қадар саҳарликка туриш керак. Туролмаса, ҳеч нарса емасдан рўза тутаверадилар. Бу ўтар рўза дейилмайди. Ўтар рўза деб ифторлик ҳам, саҳарлик ҳам қилмасдан бир неча кун рўза тутишга айтилади.

Савол: Ассалому алайкум фатво ҳайъати! Мани саволим закот ҳақида. Биламизки закот 5 та фарзнинг биттаси. Мол мулкни нисобини ҳисобламай қўлдан келганча имкон етганча қийналган, муҳтожларга ёрдам берамиз бу закот демасдан ёрдам деб берамиз. Бунда биз закот фарзини бажарган бўламизми?

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Закот деб ният қилиб бериш керак. Ва қирқдан бири миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Ҳисоб-китоб қилиб юриш керак. Намозга қай даражада эътибор қилинса закотга ҳам шу даражада эътибор қаратиш керак.

Савол: Ассалому алайкум азиз устозлар! Аллоҳ сиздан рози бўлсин, менинг саволим шундан иборатки аёллар сочларини калта қилиб кесиши, пардоз-андоз қилиб ўзини-ўзи кўз кўз қилиб юриш жоизми? Динимизда бу ҳақда нима дейилган жавоб учун олдиндан рахмат

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Эридан бошқага зийнатланиши мумкин эмас. Соч кесиши эса зийнат ҳам эмас. Эри учун ҳам соч кесиш йўқ. Зарурат (бирор касаллик) бўлмаса, бесабаб, соч кесишга рухсат йўқ. Ўзини қанча кўз-кўз қилса, ётоғида эрига кўз-кўз қилсин. Шунда оиласи фаровон бўлади. Кўчага чиқиб кўз-кўз қилиш ножоиз иш бўлиб, Аллоҳ таоло қаттиқ қайтаргандир. 

Барча жавобларга ўтиш

 

 

Бугун, юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз Анвар қори Турсунов фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар Анвар қори Турсуновнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Аллоҳ таоло у кишининг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Қолдирган илмий мерослари, мавъизаи ҳасаналаридан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар айласин. Анвар қори Турсуновнинг охиратлари обод бўлсин.

Улуғ олим Анвар қори Турсуновнинг жанозалари Минор жомеъ масжидида аср намозидан сўнг ўқилади ва Минор қабристонига дафн қилинадилар.

Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Украина мусулмонлари диний идораси таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Иброҳим ота” масжиди имом-хатиби Худойберди қори Саидов Украинанинг Киев шаҳрида жойлашган “Ар-раҳма” жоме масжидида мусулмонларга хатми Қуръон ўтказиб бераётганлари ҳақида хабар берган эдик.

Қори домланинг бизга хабар беришларича, 22 кун давомида Қуръонни тўлиқ хатми қилинди. Аллоҳ бу натижани муборак қилсин ва Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин. Қадр кечасида ўтказилган маросимда вакилимиз Украина мусулмонлари идорасининг махсус Ташаккурномаси билан тақдирландилар. Бу ҳақда ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати хабар берди.

Айни пайтда қоримиз яна бир нуфузли тадбирда иштирок этмоқдалар. Украина мусулмонлари идораси ҳузуридаги “ал-Моҳир” Қуръон ёдлаш бўлими талабалари ўртасида ўтказилаётган Қуръон тиловати мусобақаларида ҳакам сифатида, қориларнинг чиқишларини баҳолаб бормоқдалар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top