muslim.uz
Туркия Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида чиқиш қилди
Юртимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Туркия Жумҳурияти президенти Режеп Таййип Эрдўған кеча, 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари олдида чиқиш қилди.
Чиқиш видеотасвири Туркия Жумҳурияти президентининг "Твиттер"даги расмий саҳифасида эълон қилинди. Қарийб 20 дақиқача давом этган чиқишида Эрдўған икки давлат ўртасидаги тарихий алоқалар ва бўлажак савдо-иқтисодий, маданий муносабатлар ҳақида сўз юритган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Британия ИИВга покистонлик муҳожир раҳбар этиб тайинлади
Келиб чиқиши покистонлик муҳожирларга бориб тақалувчи Сожид Жовид Буюк Британиянинг ички ишлар вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда "Sky News" нашри хабар берди.
Сожид Жовид "Chase Manhattan" ва "Deutsche Bank" банкларида ишлаган. 2016 йилдан бери эса мамлакатнинг Жамоалар ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ишлари бўйича вазирлиги раҳбари сифатида ишлаб келаётган эди.
Эътиқодига кўра мусулмон ҳисобланган янги вазир Буюк Британия ҳукумати таркибида фаолият бошлаган биринчи мусулмон эмас. Ундан аввал ҳам келиб чиқиши покистон ва бангладешлик бўлган шахслар ҳукумат таркибида юқори лавозимларга тайинланган эдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Масжидул Ҳарам тепасида дунёдаги энг катта соябон ўрнатилади
Маккаи мукаррама, Байтуллоҳнинг тавоф саҳни устидан дунёдаги энг катта соябон ўрнатилиши ҳақида хабарингиз борми?
Бу соябон устида ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Буни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа орқали ҳам кўриш мумкин.
Соябон 45 метр баландликда бўлиб, умумий оғирлиги 600 тоннани ташкил қилади ва 2400 метр майдонни соя билан қоплайди. Вазият тақозосига қараб соябон очиб ёпилиши мумкин. Ҳозирча ушбу соябон лойиҳа кўринишида бўлиб, Саудия Арабистони ҳукумати уни қачон амалга ошириши ҳақида маълумотлар аниқ берилмаган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Афғонистондаги портлашда мадраса ўқувчилари ҳалок бўлди
Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида худкуш ҳужумчи уюштирган портлаш натижасида 11 нафар мадраса ўқувчиси халок бўлди. Бу ҳақда "TOLOnews" нашрига таяниб "azon.uz" хабар берди.
Портлаш хорижий ҳарбий конвой ёнида содир бўлган. Айтилишича, ҳужумнинг нишони НАТО миссияси доирасида келган руминиялик ҳарбийлар эди ва улардан олти нафари жароҳат олган.
30 апрель куни эрталаб Қобул шаҳрида кетма-кет икки марта содир этилган портлашлар натижасида 29 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланган. Ҳужумни ИШИД ўз зиммасига олди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Рамазон ойида БААда иш соатлари қисқаради
Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) бюджет ташкилотларининг ишчи ва хизматчилари муборак Рамазон ойида қисқартирилган иш куни тартибида ишлаши маълум қилинди. Бу ҳақда "khaleejtimes.com" нашри хабар берди.
Федерал ҳукумат қарорига кўра, 2018 йилги Рамазон ойида давлат идоралари ходимлари эрталаб соат 09:00 дан 14:00 гача ишлайди.
Ҳукумат бюджет ташкилотлари ходимларини янги тартибга қатъий риоя қилишга чақирди. БАА федерал қонунларига мувофиқ айрим ҳукумат расмийлари ёки ходимлари бажарадиган вазифаларига қараб ишга келмаслиги мумкин.
Шундай бўлган тақдирла улар ўз раҳбарларини Рамазон ойида ишга бормасликлари тўғрисида вақтида огоҳлантиришлари ёки фавқулодда таътилга чиқишни сўраб ариза ёзишлари мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.