muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 02 Апрель 2018 00:00

Еврокомиссар имомлар билан учрашди

Европа комиссиясининг Биринчи вице-президенти Франс Тиммерманснинг Европа имомлари билан учрашуви Европа Иттифоқига (ЕИ) аъзо олти мамлакат – Белгия, Болгария, Германия, Италия, Нидерландия ва Франция томонидан қўллаб-қувватланган. Ушбу учрашув жорий йилнинг 28 март куни бўлиб ўтгани ҳақида "eumonitor.eu" портали маълум қилган.

Мазкур учрашув Европа келажаги борасидаги муҳокамалар доирасида ўтказилди. Мулоқотдан кейин Тиммерманс чиқарган баёнотда Ислом дини Европанинг бир қисми бўлиб келгани ва шундай бўлиб қолиши билдирилган.

“Комиссия Европада хилма-хилликни қатъий тарғиб қилишга бел боғлаган. Ислом тарихимизнинг бир қисми, Ислом ҳозир ҳам жамиятимизнинг бир қисми ва Ислом келажагимизнинг бир қисми бўлиб қолади”, дея таъкидланган баёнотда.

Учрашув мусулмон жамоалари билан икки томон манфаатдор бўлган ва хавотирга солаётган масаллар, хусусан, имомларнинг роли ва уларни тайёргарликдан ўтказиш, мусулмонлар дуч келаётган камситишлар, таълимнинг роли, дин эркинлиги, ашаддий миллатчилар таҳдиди ва терроризм, иммиграция юзага келтирган муаммолар ва имкониятлар каби масалалар юзасидан очиқ муҳокамалар бошлаш учун қулай имконият яратгани айтилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Эрон Ислом Республикасида ўтказилаётган Қуръони Карим мусобақаси ташкилий қўмитаси раҳбари Ҳамид Собир Фарзам беллашувнинг охирги босқичи жорий йилнинг 27 апрелида Машҳад шаҳрида бўлишини маълум қилди.

"En.abna24" нашри берган маълумотларга қараганда, Қуръон мусобақаси уч кун муддатда ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари мусобақанинг финал босқичида 40 нафар қорилар иштирок этиши айтиб ўтилган.

Мусобақанинг дастлабки икки босқичида 73 мамлакатдан 203 нафар кишининг Қуръон тиловатлари ёзилган материаллари ташкилий қўмитага интернет тармоғи орқали йўллагани қайд этилган.

Ташкилотчиларга кўра, улардан 100 нафари ярим финалга йўлланма олган. Ярим финалда энг кўп балл тўплаган 40 талаба финалга чиққан.

Талабалар ўртасидаги Қуръон мусобақаси ғолибини 9 нафар ҳакамдан иборат ҳайъат саралаши айтилган. Ҳайъат аъзоларининг 5 нафари Қуръон бўйича хорижлик мутахассис, 4 нафари эрон вакиллари экани қайд этилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 02 Апрель 2018 00:00

Малида масжид ва мадраса қурилди

Туркияниниг Жон Сую хайрия жамияти Мали пойтахти Бомаку шаҳрида масжид ва мадраса қурди. Бу ҳақда "aa.com.tr" нашри хабар берди.

Жамият пойтахтдан 18 км узоқликда жойлашган Йиримадию минтақасида масжид ва мадраса биноларини очди. Мадрасада таълим олиш даври 4 йил бўлиб, унда 200 нафар мусулмон таҳсил олади.

Муҳаммад Азилмоз номли масжидда эса бир вақтнинг ўзида 500 нафар намозхон ибодат қилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Масжид ва мадраса очилиш маросимида хайрия жамияти ва маҳаллий ҳудуд маъмурияти вакиллари иштирок этган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 02 Апрель 2018 00:00

Жаннатга киришни истамайсизми?!

Гуноҳларингиз мағфират қилинишини ҳохлайсизми?!

Сизга шафоат вожиб бўлишиничи?!

Дуоларингиз мустажоб бўлишини яхши кўрмайсизми?!

Устингиздан фазлу раҳматлар ёғишиничи?!

Бир вақтнинг ўзида 50 ҳасанага эга бўлишга нима дейсиз?!

Ва ниҳоят, жаннатга киришни истамайсизми?!

Азиз биродарим, балки сиз ҳар бир саволни ўқиганингизда юрагингиз ҳапқириб, ич-ичингиздан: “Ҳа, ҳа, албатта! Қандоқ қилиб? Нима қилишим керак?!” – деган савол отилиб чиққан бўлса керак. Бунинг йўли жуда ҳам осон. Чунки бизнинг динимиз осонлик динидир. Роббимиз ўта меҳрибон Зот, озгина амалимизга улкан мукофотлар беради. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз умматларини шунчалар яхши кўрганларки, Аллоҳнинг розилигию жамолига эришишимиз ва улкан ажру мукофотларга эга бўлишимиз учун васила бўладиган каттаю кичик амални қолдирмай батафсил баён қилганлар. Лекин бизлар эса ё унитиб ёки бепарволик қилиб амал майдонида сусткашликка йўл қўямиз. Ҳатто бир кичикроқ фазилатли амал зикр қилинса ҳудди қойиллатиб қўйгандек “Ҳа, шумиди, нимайкин деб ўйлабман”, деб ҳам қўямиз. Аслида, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, ҳеч бир яхши амални гарчи жуда кичик бўлса ҳам паст санамаслигимиз керак. Чунки Раҳмоннинг розилиги қайси бир яхши амал ортига яширилганини билмаймиз. Лекин аслида, ўзи буюк фазилатли амал бўлиб, балки кунда бир неча бор такрорланаверганидан қадрланмай қўйган фазилату ҳасанотларга бой амал азондир. Келинг, азон эшитганда кўплаб ажрларни қўлга киритишимизга сабаб бўладиган суннатларни яна бир бор эслаймиз:

  1. Азонни эшитганда ҳар қандай гап сўзни тўхтатиб, унга жавоб қайтариш. Бу эса азон калималарини муаззинга эргашиб бирма бир такрорлаш билан бўлади:

Абу Саъид розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар азонни эшитсангиз, муаззин айтаётган сўзларни айтиб туринглар!” дедилар” (Имом Бухорий, Муслим, Таҳовий, Термизий, Абу Довуд, Насаъий, Молик ва Доримий ривоятлари).

  1. Муаззин “Ҳаййа ъалас солааҳ, ҳаййа ъалал фалааҳ” деганда “Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллааҳ” дейиш.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар муаззин: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деса, сизлардан бирингиз “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деса. Сўнг: “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ” деганда, “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ” деса. Сўнг: “Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ” деганида: “Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ” деса. Сўнг: “Ҳаййа ъалас солааҳ” деса, у: “Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллааҳ” деса. Сўнг: “Ҳаййа ъалал Фалааҳ” деса, у: “Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллааҳ” деса. Сўнг: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деса, у ҳам: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деса. Сўнг: “Лаа илаҳа иллаллооҳ” деса, у ҳам: “Лаа илаҳа иллаллооҳ” деса, жаннатга киради” дедилар” (Имом Таҳовий, Муслим ва Абу Довуд ривоятлари).

Демак, азонни эшитган киши икки “Ҳаййа ъала”дан бошқа ўринларда айни азон лафзлари билан жавоб қайтаради. Масалан: “Аллоҳу акбар” деганини эшитганда “жалла жалалуҳу” дейиш ҳам ҳадисга хилофдир.

  1. Муаззиннинг шаҳодат калимасини айтганини эшитганда шаҳодат калимасини айтиш ва розилигини изҳор қилиш:

Саъд ибн Абий Ваққос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким муаззинни эшитган пайтда, “Ва ана’ ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ. Родийту биллааҳи роббан, ва бил Ислаами дийнаа ваби Муҳаммадин Росулаа” деса, гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар” (Имом Таҳовий ва Термизий ривоятлари).

  1. Азондан кейин саловот айтиш ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга васийлани сўраб дуо қилиш:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар муаззин(Азон айтаётгани)ни эшитсангиз, унинг айтганини айтинг. Сўнг менга саловот айтинг. Чунки, ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унинг эвазига унга ўн бор саловот айтур. Сўнг Аллоҳдан менга васийлани сўраб дуо қилинг. У жаннатдаги бир манзил бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир кишига бўлур, мен ана шу киши бўлишни умид қиламан. Ким Аллоҳдан менга васийлани сўраса, унга шафоатим ҳалол бўлур” дедилар” (Имом Муслим, Таҳовий, Термизий, Абу Довуд ва Насаий ривоятлари).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким азонни эшитган пайт: “Аллоҳумма Робба ҳãзиҳид даъватит тааммаҳ вас солаатил қõимаҳ, ãти Муҳаммаданил васийлата вал фадилаҳ вабъасҳу мақоман маҳмуданиллазий ваъадтаҳ” деса, унга шафоатим ҳалол бўлади” дедилар” (Имом Бухорий, Таҳовий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ва ибн Можа ривоятлари).

Аммо баъзи кишиларнинг “Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ” калимасини эшитганда саловот айтишлари суннатга хилофдир. Чунки ҳадисга мувофиқ у пайтда ё айни ўзини айтиб ёки юқорида зикр қилинган шаҳодат лафзи билан жавоб қайтарилади. Саловотни эса азондан кейин, дуодан олдин айтилади.

  1. Азондан кейин ўз ҳожатини сўраб дуо қилиш, чунки азон билан такбир ўртасидаги дуо ижобатдир. Лекин ана шу пайтда ўқиладиган махсус дуо ворид бўлмаган. Шунинг учун ҳар ким ўз ҳожатини сўраб дуо қилаверади. Фақат шом билан бомдоднинг азонини эшитганда Умму Салама розияллоҳу анҳо онамизга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳумма ҳãза иқбãлу лайлик ва идбãру наҳãрик ва асвãту дуъãтик фағфирлий” дейишни таълим берганлари ҳам бор. Бомдод азонида наҳарик билан лайлик ўрни алмашади. Лекин бу чеклов эмас. Ҳар ким хоҳлаганича дуо қилиши мумкин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Азон билан иқомат орасидаги дуо қайтарилмайди” дедилар” (Имом Термизий).

Азиз биродарим, кўрдингизми, бир азонга жавоб қайтариб туриб қанча ажрни қўлга киритамиз. Аввло, азон Ислом мадҳияси, буюк ибодатга чорлов ва Исломнинг гўзал шиорларидан биридир. Ихлос билан ушбу санаб ўтилган суннатларга амал қилсак, юқорида айтганимиздек гуноҳларимиз мағфират қилинади, шафоат вожиб бўлади, жаннат ваъдасидан насибадор бўламиз, Аллоҳнинг фазлу раҳмати ёғилади, дуоимиз ижобат бўлиб, ҳожатимиз равон бўлади ва номамизга элликта ҳасана ёзилади, ин ша Аллоҳ.

 

Баҳодир РАҲМАТУЛЛОҲ

Зангиота тумани

“Фатҳ” жоме масжиди
имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Понедельник, 02 Апрель 2018 00:00

Оқсарой ортидаги чиқиндихона

Уйга меҳмон чақираркансиз, обдон тайёргарлик кўрасиз. Ҳамма жойни тоза-озода, гардсиз, бадастир қилишга уринасиз. Хуллас, бу ўринда неки ишга қўл урманг, бари меҳмоннинг кўнглини овлашга қаратилган бўлади. Токи у устимиздан кулмасин.
«Қашқадарё» нашрининг билдиришича, бугун юртимизда туризмга, яъни кенг миқёсдаги меҳмоннавозликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки шунга яраша салоҳиятимиз бор. Тарихимиз, табиатимиз, маданияту таомларимиз дунёнинг исталган жойидан келган сайёҳни лол қолдиришга қодир. Агар сайёҳ маршрутида Қашқадарё йўналиши бўлса, у табиийки, Оқсаройни кўрмасдан кетмайди. Шунга биноан охирги 3-4 йилда Оқсарой мажмуаси жойлашган Амир Темур хиёбони буткул ўзгача қиёфа касб этди. Тарих ва замонавийлик уйғунлашган масканга айланди.
Бироқ мана бу суратлардаги чиқинди тўла манзаралар - шундоққина ўша хиёбоннинг орқасида жойлашган, десак, Оқсаройдан ҳайратланган сайёҳ ҳолига тушишингиз табиий. Бўлмаган гап, десангиз ҳам арзийди. Лекин бори шу.
Энг қизиғи, сайёҳлар хиёбон бўйлаб ҳаракатланаркан, ташиб кетилмайдиган бу чиқиндиларга кўзи тушиши, димоғига қўланса ҳид етиб бориши табиий. Ўзини қандай тутади сайёҳ ўшанда?!
Яна бир томони, бу чиқиндихона тарихий мажмуадан у қадар четда ҳам эмас. Чунки уй-меҳмонхоналарга, кўп қаватли уйлардаги замонавий меҳмонхоналарга айнан шу йўл билан борса бўлади. Хоҳлаймизми-йўқми, сайёҳ бу жойдан ўтади. Нима, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоятдаги вакиллиги вакилларига бу манзара бегонами?! Камига сайёҳларга ёрдам берадиган ички ишлар ходимлари... Наҳотки шунча мутасаддининг бу хунук манзарага кўзи тушмаган?
Биргина бефарқлик туризм йўналишида қилаётган кўламли ишларимизга озгина бўлсин доғ туширмайдими? Тарихий обидаларимиз сайёҳларда аждодларимизга юксак ҳурмат туйғусини уйғотишига зиғирча шубҳа йўқ, аммо чиқинди сабаб биз уятга қоламиз, биз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top