muslim.uz

muslim.uz

Яман ҳукумати бугун, 29 март куни мамлакат ҳудудидаги тарихий меросни сақлашда кўмак беришини сўраб UNESCOга мурожаат қилди. Бу ҳақда “aawsat.com” нашри хабар берди. 

Мамлакатдаги зиддиятли аҳвол сабабли хусий жангарилари томонидан Яман архитектура ёдгорликлари бузиб ташланаётгани ва уни сақлаб қолишда мамлакат ҳукуматининг имконияти етарли эмаслиги қайд этилган. 

Мамлакат Маданият вазирлиги берган баёнотга кўра, обидаларни вайрон қилиш ишлари уч йилдан кўпроқ вақт давомида давом этиб келмоқда. 

Бундан ташқари, жангарилар гуруҳлари тарихий иморатларнинг ташқи девор қисмини ўзларининг шиорлари рангида бўяшмоқда. Мурожаатда Сано шаҳрининг қадимий қисмини сақлаб қолишга кўмак бериш масаласи баён этилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташрифи давомида бир қатор объектларда бўлиб, вилоят иқтисодини кўтариш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган қатор лойиҳалар билан танишмоқда. 

Кейинги манзил Жиззах шаҳари, Мустақиллик кўчасида барпо этилаётган кўп қаватли арзон уй-жойлар бўлди. 

Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан бапо этилаётган мазкур уй-жойлар аҳолининг кенг қатлами учун замонавий ва шинам уйлардан фойдаланиш даражасини тубдан ошириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда. Бундай замонавий уйлар юртимиз кўркига кўрк қўшиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, одамларда давлатга, эртанги кунга ишонч туйғусини янада мустаҳкамламоқда.

Қарорга мувофиқ, 2018-2020 йилларда шаҳарларда қарийб 43,5 минг квартира қурилиши режалаштирилган. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида уй-жойларнинг тарифидан келиб чиқиб, 10 фоиздан 40 фоизгача миқдоридаги сумма бошланғич бадал сифатида белгиланди. 

Жиззах шаҳрида қурилаётган мазкур уй-жойларни жорий йилнинг сентябрь ойида тўлиқ фойдаланишга топишириш кўзда тутилган. 7 қаватли, 420 хонадонга мўлжалланган уйлар 2 ва 3 хонали. 

Шаҳар кўркига кўрк қўшаётган 10 та бу уйлар эски, ҳеч бир шароити йўқ, пастқам уйларда яшаётган аҳолини босқичма-босқич замонавий уйлар билан таъминлаш имконини беради. 

Президентимиз янги қурилаётган уй-жойлар лойиҳалари билан танишди. 

Шу ерда Шавкат Мирзиёевга вилоятда олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шароф Рашидов туманидаги Учтепа шаҳарчасида кўп қаватли турар жой биноларининг жойлашув лойиҳаси, мазкур тумандаги “Тоқчилик” ҚФЙ ҳудудида барпо этилаётган замонавий 3-4 қаватли, 2-3 хонали арзон уй жойлар массиви лойиҳаларида аҳоли эҳтиёжи ҳисобга олинган бўлиб, қурилиш ишларини босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган. 

Бундан ташқари Жиззах шаҳридаги Ислом Каримов кўчаси бўйлаб қуриладиган инфратузилма объектлари, кўп-қаватли турар жойлар, Сайлжойи маҳалласи ҳудудидаги 37-сонли мактабгача таълим муассасаси биносини қайта таъмирлаш каби қатор истиқболли лойиҳалар тақдим қилинди. 

– Жиззах шаҳрида қурилиш ишлари авжига чиқмоқда. Шунинг учун бу ерда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш керак, – деди давлатимиз раҳбари. – Ана шунда қурилаётган биноларнинг нархи арзонга тушади. 

Президентимиз Жиззах вилоятининг ичимлик сув тизимини ривожлантириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича барча манбааларни ишга солиш бўйича мутассадиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

Жиззах вилояти кўп қаватли уй-жой фондини таъминлаш дастурига асосан 2017 йилда 345 та кўп қаватли уй-жой таъмирлаган. Бу ишларни амалга оширишда 11 та тижорат банки томонидан 16,3 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. 2018 йилда 409 та кўп қаватли уй-жой ва уларнинг атрофини ободонлаштириш кўзда тутилган. Ушбу мақсадларга 59,6 миллиард сўм маблағ жалб этилади. 

Шавкат Мирзиёев лойиҳалар билан батафсил танишди. Мутасаддиларга ажратиладиган маблағлар, қурилиш ишларини якунига етказииш муддатини назорат қилишни топширди. 

Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи давом этмоқда.  

 

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА

“Кимки нарда ўйнаса, Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоатсизлик қилибди” (Имом Абу Довуд, Имом ибн Можа ривоят қилган).
Нарда ўйнаш тақиқланишининг сабаби вақтни исроф қилиш ва қимор ўйинларига ўрганиб қолишдан иборатгина эмас, унда унга ортиқча боғланиб қолмасликни ва кўп вақт ўйнамасликни шарт қилиб уни ўйнаш мумкин бўлиб қолар эди. Масалан, бирор киши ишдан кейин 5-10 дақиқа дам олиш учун ўйнайман, дейиши мумкин. Бир қарашда бунда ҳеч қандай ғайритабиий нарса йўқдек, аммо ана шу ҳолатда ҳам нарда ўйнаш қатъиян тақиқланган.
Нофеъдан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Умар ўз аҳлидан бирортасининг нард ўйнаганини билса, ўшани урар ва нардни синдириб ташлар эди».
Шарҳ: Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг бу ишлари барча ота-оналар, оила бошлиқларига намунадир. Ҳар бир оила бошлиғи ўз қўл остидагилар нима билан машғул эканини зийраклик билан кузатиб туриши ва ношаръий ишлар содир бўлса, дарҳол чора кўриши лозим.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Унга ҳовлисида турадиган аҳли байтидан баъзиларининг нарди борлиги хабари етди. Бас, у уларга одам юбориб «Агар нардни чиқариб ташламасангиз, сизларни чиқариб ташлайман» деди ва бу ишларини инкор қилди».
Шарҳ: Нардни ўйнаш у ёқда турсин, уни ўйнайдиган тахтаси, доналари ва тошларини ҳам уйда сақлаш мумкин эмас экан. Нард ўйнаган кишига эмас, балки уни уйида сақлаб турган кишига нисбатан шу қадар кескинлик қилган эканлар.
Робиа ибн Кулсум ибн Жабрдан у отасидан ривоят қилинади:
«Ибн Зубайр бизга хутба қилди.
«Эй Макка аҳли! Менга хабар беришларича, қурайшлик баъзи кимсалар бир ўйин ўйнашар экан, унинг номи нардишер экан» деди. У чапақай эди. «Аллоҳ «Албатта хамр ва қимор рижсдир, шайтоннинг амалидандир...» деган.
«Албатта, мен Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб айтаманки, ким уни ўйнаб, қўлга тушиб, менинг олдимга келтирилса, мен уни сочида ва башарасида иқобга оламан ва кийимларини уни олдимга олиб келган одамга бераман», деди».
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бир муддат Маккада ҳоким бўлиб турганлари ҳаммага маълум. Ўша даврда баъзи одамларнинг нард ўйнашаётганлари ҳақида у кишига хабар етганда бунга қарши чоралар кўрган эканлар. Бу чоралар ҳақида ўз хутбаларида эълон қилган эканлар.

Нарда ўйнаш мумкин эмаслигига барча мазҳаблар бирдек ижмоъ қилган – пул тикиб ўйнайдими, шунчаки дам олиш учун ўйнайдими, фарқи йўқ.
Юқоридаги ҳадисда таъкидланганидек, нарда ўйнаш Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоатсизлик қилиш бўлади.
Ушбу ҳадис маъносидан яна шундай хулоса чиқариш мумкинки, одамни намоздан ва бошқа ибодатлардан чалғитадиган, фойдали иш коэффицентини пасайтириб юборадиган ҳар қандай нарса – ўйин бўладими, бошқа жиддий машғулотми – шариатимиз ҳукми бўйича ҳаром экан. Иккинчи жиҳати, худди шу нарса инсоннинг руҳиятига ҳам салбий таъсир ўтказса (инсон боқибеғам, эринчоқ бўлиб қолса ёки хаёл-ҳуши ўша нарсага боғланиб қолса), бу иш ҳам ҳаром ва макруҳ саналади. Зотан, инсон ўзига омонат қилиб берилган жисмоний ва руҳий соғликни муҳофаза қилишга масъулдир.
Бинобарин, одамнинг шариат рухсат берган сув ичиш, овқат ейиш, хордиқ чиқариш, яхши кийимлар кийиш, ўйин-кулгулар қилишга эҳтиёжи бўлганидек, ибодат қилишга, бошини саждага қўйишга ҳам кучли эҳтиёж бор. Динимиз инсон ҳаётининг барча жиҳатларини қамраб олган ва тўғри йўлни кўрсатиб қўйган. Биз бандалар ана шу йўлдан оғишмасак бас.


Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Суббота, 31 Март 2018 00:00

Сизми ё сен?

Бизнинг бошқа кўп эллардан бир фарқимиз шуки, сизлаб гаплашамиз. Бошқалар умрида энди кўриб турган, бунинг устига ёши катта одамга ҳам сенсираб муомала қилса, биз ўзимиздан кичикларга, ҳатто нотаниш ёш болага ҳам сиз деб гапирамиз. Қонимизга сингган-да. Бунинг тарихий сабабларидан бири шуки, ўзбек элида улуғлар бисёр. Аввало шунинг учун ҳам биз уларни сизлаймиз. Ахир рўпарадаги шу нотаниш одам эҳтимол саид ё тўрадир - ким билади? Бекларнинг, хонлар, мир ва мирзоларнинг, шо(ҳ)ларнинг авлоди ҳам орамизда бисёр. Қай бир бобоси бек ўтган, хон ўтган, султону амир бўлиб, шоҳ бўлиб ўтган кишиларнинг ҳурматини жойига қўйгимиз келади. Уларнинг аждоди Аллоҳнинг ердаги сояси саналган. Шундай экан, бу зотларни ҳурматлашни ҳам фарз биламиз.

Оилада янги меҳмон - фарзанд дунёга келса, унга китоб кўриб от танланади, яъни Қуръонда келтирилган исмлардан бири қўйилади. Қуръон - Аллоҳнинг сўзи. Исми шарифини Аллоҳ таоло зикр этган бола нечун азиз бўлмасин? Яна Оллоқул, Худойберди, Абдулқодир, Муҳаммадқул, Ҳожимурод каби юзлаб исм эгалари бор. Уларни ҳурматлаб,   сизлаб мурожаат қилмаслик ҳам шаккоклик туйилади. Ўғиллар ичида Бобоқул, Отабек, Тоғаймурод, Дадамирза..., қизлар орасида эса Онахон, Момоқиз, Бибинорлар ҳам кам эмас. Баъзи олимлар бундай исмларнинг келиб чиқишини оилавий шажарага боғлашади. Чунончи, биров ўғлига отаси ё бобосининг отини (Тошпўлат) қайта қўйди, деяйлик. Аммо “ҳов Тошпўлат!”, деб чақира олмайди, бундай қилса, марҳум отасининг руҳи озор топадигандай туйилади, шунинг учун отасининг исмида бўлган ўғлига “Ота!” (Отажон, Отабек) деб мурожаат қилади. Демак, Отабек деган исм замирида шу одамнинг отаси номи бор, “Энахон” дейди, аслида эса бу фарзанди аржуманднинг исми шу кишиларнинг онаси ё бувиси билан бир хил, қулоғига онаси ё бувиси сингари Сора ё Ҳалима... деб азон айтилган. Шунинг учун уларга юмшоқ гапирилади, сўкиб ҳақоратланмайди.

Айрим вилоят одамлари ҳатто ўз болаларини ҳам сизлайди: “Ўғлим, сиз шу ишни пешингача битириб қўйинг” дейди, қизини-ку, қўяверинг – “Она қизим”, “Пошша қизим” деб бошига кўтаради. Негаки, бир хирмон буғдойнинг баракаси битта донда бўлади, шунинг учун ҳар бир донани увол қилмаслик керак деган удумимиз бор. Шу сингари, саиду тўралар юрти бўлган бу эл фарзандларида - айнан мана шу қизимиз ёки бу ўғлимизда пайғамбаримиз руҳи покининг бир қатраси қайта ҳувайдо бўлган эса, не ажаб? Эзгу ният билан ўғлингизга Қосимжон деб пайғамбар ўғли исмини, қизингизга Ойшахон дея Ойиша онамиз отини қўйгансиз-ку?” Хуллас, шу каби талай сабабларга кўра ҳам халқимиз кўпроқ сен эмас, сиз дейди. “Сен бошла” дейиш ўрнига “ўзларидан бўлсин”, “анови айтди” эмас, “у киши айтдилар” каби. Бир-биримизни улуғлаймиз, иззат қилиб бошга кўтарамиз. Танишларга эҳтиром-ку, ўз-ўзидан, аммо нотаниш бўлса, ҳурмат изҳори яна ортади. Бир-биримиз билан кўришиб қолсак, қўл кўксимизда, бош эгиб, таъзим бажо этамиз. Қўшқўллаб сўрашиб, кафтимизни юзга суртамиз – бу, баъзилар ўйлагандай, дуои фотиҳа эмас, тавофнинг эркакларга хос шакли. Умуман, ҳар бир кишига инсон деб қараш, унинг одамлигини улуғлаш ўзбекка айрича равишда хос. Бир қарашда “майда” бўлиб туйилган ана шундай хусусиятлар мажмуи ўзбек халқининг менталитетини ҳосил қилади. Уларнинг қай бири камайса ё бузилса ўзбекнинг фитрати фаторат топа боради. Шунинг учун ҳам эл ўз удумларини, урф-одатларини аввайлаб асрайди, азиз тутади, янглишганларни тўғри йўлга қайтаради, мақол-маталлар, нақлу эртаклар тўқийди, достонлар айтади, юмшоққина қилиб (буям ўзбекка хос-да), дакки беради. Энг қадимги достонимиз қаҳрамони Алпомиш мусофир юртда биров унинг қадрига етмаган чоғда “ҳар ким ўз элида бекми, тўрами” дегани ҳам ўзгаларга дашном-ку, аслида...

Оддий бир мисол. Метрога тушсангиз, ҳар бир вагон эшигига “Илтимос, суянмангиз” деган мулойим калом битилганини кўрасиз. Остидаги “Не прислонятся” деган тақиқ эса тақиллаб кўзга урилади. Шугинанинг ўзи икки хил дунёқараш, икки хил менталитет фарқини аён кўрсатиб турибди. Бу даромади гаплардан муддао нима экан, дерсиз. Алпомиш бобомиз айтганидай, лоақал ўз элимизда бек бўлайлик, тўра бўлайлик, бир-биримизни “мода” учун сенсирашиб юрмайлик, буниси энди шарт эмас, демоқчимиз. Бошқа халқ вакиллари отаси ё бобоси тенги, бунинг устига нотаниш одамни ҳам сенсираб, қолмишига сўкиниб гаплашса, бу уларнинг иши, борингки, миллий хусусияти ҳам бўла қолсин. Аммо нега бизлар - қадим ва улуғ ўзбек халқининг вакиллари, кўп минг йиллик маданияту маънавият ворислари бўлатуриб, ўзаро муомалани бошқалардан ўрганишимиз, уларга таассуб қилишимиз керак экан? Кошкийди, бу ибрат бизникидан маданийроқ, чиройлироқ бўлса! ...Сочи бўйнига чулғанган бир қизгина (кейин маълум бўлдики, йигит экан) ноз уйқуда. Соат қўнғироғи чалинади. У апил-тапил ўрнидан туриб, юзини ҳам ювмай кўчага отилади-да, аллақайси муйилишга бориб, соатига қараб бировни кута бошлайди. Бир маҳал нима учундир велосипедини миниш ўрнига орқалаб олган яна бирови шу ерга   келиб қолади. - Ҳамма қаерда? – деб сўрайди чилвирсоч йигит (На салому на алик!). - “Ф1”да! - дейди униси ва алланима эсига тушгандай, велосипед ҳамон елкасида, чопқиллаб орқасига қайтади. Тавба, у нима дедию буниси нима деб жавоб қайтарди, тушунган киши бўлса - айтсин.

Ўзбек тилида биров бошқа одамдан “фалончи қани” ё “бошқалар қаерда” деб сўраши мумкин, аммо “ҳамма қаерда” дейиш мумкин эмас, ўзбек бунақа деб гапирмайди. Сўзи ўзбекча бўлса-да, ўзи ўзбекча эмас бу ифоданинг. Аввалида “Ф1” ўзи нима – шуни тушунолмай ҳайрон қолдик. Кейин маълум бўлдики, қиморнинг “свежий”си чиқипти. Фарқи – бу “ишончли ўйин” экан. Уйида ўзбекча гаплашмайдиган маданийлардан бири чиқиб, “Ф1” - ишончли ўйин! Сен ҳам иштирок эт!” деб қисталанг қилади. Ҳов ука, эҳтимолки менинг ёшим сенинг отанг қатори бўлса. Нега мени сенсираяпсан? Телевизор қаршисида катта бувангу катта бувинг тенгилар ҳам ўтирибди... ва умуман, одамларни сенсираш қайси қуюшқонга сиғади ўзи? Лоторея чиқариб - қимор уюштириб бойимоқчи экансан, нимаям дердик, ҳозирча шундоқ бўлиб турибди, аммо нега энди ҳаммани беписанд сенсирайсан, ким сенга бунчалик ахлоқсизликка изн бериб қўйди?.. Яна туриб-туриб ўзингга тасалли берасан киши - ҳа энди, бир хато ўтса-ўтибди-да, қўявер, сени қизиштирган нарсаларнинг қай бири ўнгланиб, қайси бири тузалар эди, дейсан.

Метрога тушасан, вагонга киришинг биланоқ “Саркор” провайдерининг рекламасига кўзинг тушади, бир азамат кўрсаткич бармоғини нақ пешонангга тўппончадай ўқталиб, “Ти – саркороветс!” деб турибди. Ажаб, масалан мен “Саркороветс” эмасман, хўш, нима қилай энди? Бор ана, “Саркороветс” бўлсам ҳам... нега сенсирайсан? Таажжубки, кейинги пайтда, кимларга тақлид қилиб бўлса экан, оммага сенсираб муомала қилиш оммавий тус олди. Эҳтимол, буни ўзаро яқинлик уйғотиб, ётсирашни йўқотадиган, янги замоннинг тезкор руҳига, шу кунда мода бўлаётган ғарбча демократияга ҳам мос келадиган янгилик, дейишар. Балким. Аммо бошқа нарса бой берилади – ўзбек тилидаги нутқда бора-бора ўзбекнинг руҳи сезилмай қолади, ҳалигидай рекламалар туфайли эса она тилимизнинг жони – миллий ўзига хослиги йўқолади. Ори рост, халққа сен деб муомала қилиш ўзбекларда мутлақо йўқ эмас. Ҳ. Олимжоннинг “Қўлингга қурол ол!”, Э. Воҳидовнинг “Эркин ўғлингман, қабул эт, Ўзбегим, жон ўзбегим!”, А. Ориповнинг “Она халқим, сен ўзинг буюк...” каби мисралари бунга мисол. Лекин бу ҳолатда бутун халққа ялпи мурожаат бор, унинг ҳар бир аъзосини кўзда тутиб, лотореяга чорлаш каби ўринларда эса марҳамат қилиб, сизлаб гапириш лозим. Кўрасизми, тил нақадар нозик, нақадар мураккаб воқелик! Уни ҳеч бир формула ёки алгоритмга сиғдириб тугатиб бўлмайди, тушунтириш ҳам амри маҳол – фақат ҳис қилибгина моҳиятини англаш мумкин. Ўзбекнинг тафаккур тарзини, руҳини бузишнинг энг осон йўли – ўзбек тилини, нутқини бузиш. Чунки тил билан тафаккур бир нарса-да. “Чанқоғингга ишон!” деган чулчутча бир ифода матбуотда роса урилганди. Энди янгиси чиқипти - “Коском” уяли алоқа тармоғи “Реал. Ўзингга ишон!” деб реклама беришга тушди. Сенсирашию қора кўзойнак таққан оч арвоҳдай бир одамнинг суратини ҳисобга олмасак, ҳар ҳолда, дурустдай - ҳар ким ўзига ишонса, иродали бўлса яхши-да. Аммо унинг негизида, бошқа ҳеч кимга (ҳатто ота-онангга ҳам!)   ишонма, ўзгалар фикрини инобатга олма, ўз билганингдан қолма, деган қабиҳ бир маъно жо этилмаган, деб ўйлайсизми?

Ўзбекнинг боласи баъзи бировларнинг ўғил-қизлари сингари, ўн беш-ўн олти ёшида уйдан чиқиб кетиб, ўз билганича, яъни фақат ўзига ишониб, амалда эса ахлоқан бузуқ ҳаёт кечирадиганлардан эмас. Биз қураётган янги жамият ҳам, иншооллоҳ, бунақа жамият бўлмайди. Бир ёқдан - асл ўзликка қайтмоқчимиз, бунинг бир шакли сифатида маҳалланинг ролини кучайтиришга уриняпмиз, “бир болага етти қўшни ота-она” деган мақолдаги етти қўшнини етти маҳалла қилиб ўзгартиришга ҳам рози бўляпмиз, бошқа томондан - маҳалламиздан кўп олисдагилар турли тили расво рекламалар, ФМ радиоканаллари, бош-кети йўқ сериаллар, дискотека, интернет ҳамда бузуқ ғояли видеофильмлар орқали ҳар бир болага ўзбекка ёт дунёқарашни тиқиштиришга уриниб ётибди. Яшириб нима қиламиз, кўзлаган ниятига ҳийла ҳам етиб қолди. Шу ўринда аксар оммавий ахборот воситаларида урф бўлган бемаъни бир таомилга муносабат билдириб ўтсак. Истаган газета ё журнални олиб қаранг: охирги саҳифада бирон эълон ё реклама босиладиган бўлса, муҳаррирнинг имзоси ундан аввалроқ қўйилади – буёғига мен жавобгар эмасман, дегани бу. Ҳақиқатан ҳам, кейинги матн тамоман бошқа: ўқишга тил келишмайди, жумлалар ғирт ажнабийча. Телевидениеда эса аҳвол бундан ҳам баттар. У энг оммавий, қудратли ахборот воситаси бўлиш билан бирга, энг оммавий, кўп қудратли тилбузар қуролга айланаяпти. Жумладан, ўзбек тилида сенсираб муомала қилиш айнан ўзбек телевидениесида берилаётган ҳисобсиз сериаллару рекламалар касрига кучайиб боряпти. Бизнингча, газета-журнал бўладими, ё радио-телевидениеми, бундан қатъи назар, ОАВ орқали берилаётган ҳар бир нарса лоақал тил нуқтаи назаридан бенуқсон чиқиши шарт ва бунга унинг муҳаррири албатта масъул бўлиши лозим. Шу кунларда “шаҳар бедарвоза эмас” деган матални қўллашга хўп ружу қўйганмиз, ҳар гал унга турли кўчма маънолар ҳам берамиз. Аммо ажабки, ўзбек тилининг дарвозаси йўқдай – хоҳлаган одам хоҳлаганича бетутуруқ жумла тузиб, матбуотга опчиқадиган бўлиб қолди. Ҳали рус тилига хос, ҳали инглизча тарзда тузилган жумлалар, иборалар...

Албатта, ўзга эллар билан алоқа қиламиз ва бу жараён тобора кенгайиб бораверади. Зеро тараққиёт мулоқот орқали юз беради. Эндиги гап - ана шу алоқани ўзимизга мувофиқ бир шаклга солишда, ўзбекча тарзга келтиришда, дуч келган нарсани ўшандай ҳолича ола бермасдан, мундоқ мулоҳаза қилиб ҳам кўришда. Онангни отангга бепардоз кўрсатма, дейдилар. Ахир, ўзингиз ўйланг: юзингда кўзинг борми демасдан сенсираб, “НАТС” Миянгга озиқ бер!” деб топшириқ юкласа! Ёки одамдан катта ҳарфлар билан “Чёрний ТWИХ. Танаффус қил!” деб буюришларига нима дейсиз? Бор-йўғи тўртта сўзни учта тилда ёзиб, ўзбек маърифатини остин-устин қилганлардан ўргилиб қўйдим. Нима, реклама ўтса, ҳисобми? Рекламада аввало маданият бўлиши керак. Бусиз таъсири сусаяди. Чет элларда буйруқ-топшириқ шаклидаги ундов реклама аллақачон оёқдан қолган, савияси паст нарса ҳисобланади. Уларда истеъмолчи – сотувчининг подшоҳи, сотувчи - истеъмолчининг мулозими. Харидорга пўписа билан, сенсираб буйруқ қилинмайди, балки таъзиму тавозе билан таклиф айтилади. “Қорнинг очдими? “Сабо”дан баҳра ол!” сингари “ғамхўрлик”ка, “Камолот – сенинг ҳаракатинг!” ёки “ЎзЛиДеп – сенинг партиянг” каби кўрсатмаларга кўникиб қолгандаймиз. Шунақа ўдағайлаш ўрнига бироз мулойимроқ, сал одамшавандароқ қилиб “сиз” шаклини қўлласак, масалан, “Азизлар, ўзингизни, ўз уйингизни ўзингиз асранг!” десак, кимнинг асакаси кетади? Билъакс, таъсири яхшироқ ҳам бўлади.

Байт:  Сен азиз этган кишини   ҳеч киши хор айламас, Сен агар хор айласанг, ҳар қайда борса – хордур...

Ўзимизни ўзимиз хор қилмайлик. Бир-бирига сенсираб мурожаат қилгани билан билан ҳеч ким илғор бўлиб қолмайди. Дунё борган сари янгиланиб, йил сайин тезроқ глобаллашиб боряпти. Бу улкан жараёндан четга туришнинг иложи йўқ, унақа қилган ютқизади. Аммо бир масала бор - минг йиллик миллий тарихга, бетимсол маънавий маданиятга эга ўзбекнинг қай хислатию фазилати оммалашиб, нимаси умумжаҳон мулкига айланади? Бу – биргина биз эмас, айни шу кунларда барча миллат кишилари онгу шуурини банд қилиб турган улкан бир масала. Ўзбек халқининг дунёдаги барча эллар ибрат олса арзийдиган урфу удумлари бисёр. Такаббурликка берилмаган ҳолда дангал айтадиган бўлсак, муомала маданиятида ўзбекнинг олдига тушадиган халқ йўқ.

Танишу нотаниш кишиларнинг бир-бирига эҳтиром билан сизлаб муомала қилиши ҳам ана шундай ажойиб таомилларимиздан бири. Биз уни бошқаларга ҳам улги қилибгина иззат топамиз, ундан воз кечиб, сенсирашиб эмас. Мавзуимизга қайтайлик. Яхши гап билан илон инидан чиқади, ёмон гап билан қилич қинидан, деган мақолимиз бор. Яна айтадиларки, сиз ҳам бир оғиздан чиқади, сен ҳам. Бу - оталар сўзи. Улар ўзбек халқининг тийнати қандайлигини кўрсатади. Ўзбекнинг руҳиятини теран билган Ғафур Ғулом ҳам шуни кўзда тутиб, ўз шеърида “Бир оғиз ширин сўз – нондек арзанда” деб ёзган эди. Шундай экан, майли, буғдой нонингиз ўзингизга сийлов, аммо буғдой сўзингизни дариғ тутманг, рекламага ружу қўйган бойбаччалар!

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

"Ҳуррият" газетасидан олинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Суббота, 31 Март 2018 00:00

Эътибордан масрур кўнгиллар

 

Аввал Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент шаҳар ҳокимияти, "Аёллар маслаҳат марказ"и билан ҳамкорликда гапириш ва эшитиш қобилиятлари чекланган шахслар учун хайрия тадбири ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик. Кар-соқовлар жамиятининг аъзоси Моҳира Кубаева ушбу тадбир ҳақида ўзининг дил изҳорларини шундай баён қилди:
– Яратганга шукр, бугунги кунда ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолмаяпти, барча соҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқин кунларгача кар, соқовлар жамиятига аъзо ҳар бир инсонга эътиқод масаласида, соф Ислом динини ўрганиш борасида етарли билим олишга эътибор қаратилмагани ҳам сир эмас. Шунинг учун ҳам ўзи мусулмон бўлиб, миссионерликка кириб кетганлар сони кўпчиликни ташкил қилган эди. Отаси мусулмон ҳолида вафот этсада, масиҳийликда бўлган ўғли насронийларни қабристонига олиб бораман, деб қаршилик қилади. Қизлари черковга бораётганини билган ёлғиз она тўғри йўлга сололмай оилавий низолар келиб чиқади. Миссионерликни танлаганлар орасида оилавий низолар кўпайиб, кўпчилиги эса ачинарли ҳолдадир.
Миссионерликка кириб кетганларга Аллоҳнинг улуғлигини, Исо алайҳиссалом ҳам бир пайғамбар эканини, Ислом дини охирги илоҳий дин экани, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом сўнгги пайғамбар эканлари ҳақида тушунтирилса, улар “Бизга ислом дини ҳақида тушунтирадиган жойлар йўқ, ота-оналаримиз ҳам тушунтириб бера олмайди. Черковда эса масиҳийлик ҳақида тушунтирадиган сурдо таржимонлар бор. Бизларга махсус байрамлар, сайёҳатлар ташкиллаштиришади”, деб жавоб қайтаришарди.

 

 

 

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва жамияти ҳамкорлигида олиб борилаётган хайрли ишлар кар-соқов мусулмонлар қалбида ҳам ҳаётга ижобий ёндашиш, Ислом динини ўрганиш, намоз, рўза, закот ва ҳаж амалларини бажаришга иштиёқ ва ғайрат пайдо қилмоқда.
Бошқа динга кирганлар эса тавба қилишиб, исломга киришмоқда. Оилаларда, болалар тарбиясида, қариндош-уруғчиликда, эр-хотин муносабатларида ижобий томонга ўзгаришлар бўлиб, бир-бирига ҳурмат, меҳр-шафқат ҳисси пайдо бўлмоқда.

 

 

 

Бизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар, эътибор ва меҳрдан кўнглимиз кўтарилиб, динимизга бўлган муҳаббатимиз яна ортиб боряпти. Неча йиллардан бери биз орзу қилган ниятларимизни амалга оширган, ҳар биримизга ҳидоят ва тавфиқ берган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин! Ушбу эзгу ишларимиз қиёматга қадар давомли бўлсин! Дуоларимиз ва ибодатларимизни Ўзи даргоҳида қабул қилсин! Мана шу каби хайрли тадбир ва зиёратларни ташкил этаётганларга алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Улар бизни ҳам шу юртда яшаётган бошқа мусулмонлар сингари ўзимизни мусулмонлик вазифаларимиз, дуо-ю ибодатларимиз, зиёратларимизни мукаммал бўлишида йўл-йўриқ, маслаҳат ва тавсияларини бериб келишмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, кўрсатилаётган эътибордан қалблар сурурга тўлиб, имонлар мустаҳкам бўлиб хайрли ишлар тепасида турган муҳтарам Президентимиз, барча мутасаддилар, диний идора раҳбариятининг ҳақига кўпдан-кўп дуолар қилинмоқда.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top