muslim.uz

muslim.uz

1-2 март кунлари Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг таклифига асосан Иордания Қироли Абдуллоҳ II Ҳиндистонда расмий ташриф билан бўлиб турибди. Бу ҳақда “Times of India” нашри хабар берди. 

Ташриф доирасида кўплаб учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилгани хабар қилинмоқда. 1 март, пайшанба куни ўтказилган тадбирлар доирасида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ислом дини ҳақидаги фикрларини билдириб, “Террорга қарши кураш Ислом ёки мусулмонларга қарши уруш эмас”лигини айтиб ўтди. 

Бош вазир “Ислом мероси: ўзаро тушуниш ва бошқарувни рағбатлантириш” мавзусидаги конференцияда “Бизнинг кўп фикрли демократиямиз экстремизмга қарши курашда бизга куч-қудрат беради”, деб айтди. 

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ҳиндистон ёшлари Ислом динининг инсонийлик жиҳатлари билан танишиши кераклигини, ва айни пайтда, замонавий технологиялардан ҳам фойдалана олиши кераклигини айтиб ўтган. 

“Мусулмон ёшларининг бир қўлида Қуръон, иккинчисида компютер бўлиши керак”, - дея сўзига қўшимча қилди Ҳиндистон Бош вазири. 

Анжуманда иштирок этаётган Иордания Қироли Абдуллоҳ II “Дин номидан уюштирилган ҳужум – динга қарши уюштирилган ҳужумдир. Дин номидан нафрат тарқатаётган шахсларнинг кимлиги аниқланиши ва рад этилмоғи лозим”, - дея баёнот берди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръон забт этган қалблар:

Қуръондан таъсирланган қария

Қатода ибн Диъома исмли олим ҳикоя қилади:
“Басра шаҳрида Утба ибн Абон исмли зоҳид, тақводор, маҳзунликда Ҳасан Басрийга ўхшаган, доим рўза тутадиган киши яшаб ўтган бўлиб, унинг Мисвар исмли кекса бир қўшниси бор эди. Қўрқуви қаттиқлигидан Қуръонни тинглашга бардоши етмасди. Агар унинг олдида Қуръондан бир-икки ҳарф ёки оят ўқилса, қаттиқ қичқириб, бир неча кун ақлини йўқотгандек юрарди. Бир куни унинг ёнига Хасъам қабиласидан бир киши келди. Келиб, ёнига ўтиргач, Қуръони Каримдаги:


يَوْمَ نَحْشُرُ الْمُتَّقِينَ إِلَى الرَّحْمَنِ وَفْداً


“Тақводорларни Роҳман ҳузурига меҳмон ҳайъати этиб тўплаган кунимизда”


وَنَسُوقُ الْمُجْرِمِينَ إِلَى جَهَنَّمَ وِرْداً


“Жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдаймиз” (Марям сураси, 85-86-оятлар) оятларини ўқиди. Буни эшитган қария “Мен жиноятчиман. Тақводорлардан эмасман. Эй қори, ҳозир ўқиган оятларни яна ўқи!” деди. Бояги киши оятларни яна ўқиди. Қария баланд овозда бақириб, “Оҳ!” деди-ю, омонатни топширди”.

Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли
асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Қозон шаҳрида Ўзбекистон ва Татаристон муфтийлари ўринбосарларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон Иномов амалий ташриф билан Қозон шаҳрида бўлиб турибди.
Татаристон муфтийсининг биринчи ўринбосари Рустам Валиулин билан бўлиб ўтган учрашувда делегациямиз раҳбари татаристонлик диний уламоларнинг фаолиятлари билан яқиндан танишди.
Томонлар икки диний идоралар олдида турган муаммолар, вазифалар борасида атрофлича фикр алмашишди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакили Булғор ислом академиясига ташриф буюриб, бу ердаги таълим услублари, талабаларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишди.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Оксфорд шаҳри марказий масжидининг имоми Хожа Рамзи ҳазрат кечки ибодатдан кейин кўчага чиқиб, автомашинасининг капоти устида араб тилида “Аллоҳ” ёзуви пайдо бўлиб қолганига гувоҳ бўлди.
Британиялик Metro нашрининг ёзишича, ушбу ёзув машина устига тушган қор учқунларидан ҳосил бўлган.
Имом бу ёзувни диққат билан ўрганиб, унда ҳақиқатдан ҳам “Аллоҳ” ёзуви ёзилганига амин бўлди ва уни суратга олиб қўйди.
Имомнинг айтишича, бу ёзув инсон қўли билан қилинмаган, негаки капот устидаги қор табиий ҳолатда турган эди.
“Бу Аллоҳнинг менга юборган бирон бир белгиси бўлса керак”, - дея ўз ҳаяжонини яшира олмади имом.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Ҳурматли мухлислар, тўғри эътиқодли бўлиш ва хато эътиқодий қарашлардан сақланиш ҳар бир мусулмон учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун сайтимизда “Соғлом эътиқод сабоқлари” рукни остида зарурий эътиқодий масалаларни содда, тушунарли ва лўнда шаклда баён қилиб боришни режалаштирдик. Аллоҳ таоло бошлаган ушбу ишимизни хайрли ва манфаатли бўлишини таъминлаган бўлсин.

Биринчи сабоқ:

ИМОН КАЛИМАЛАРИ

  Имон калималари ҳар бир мўмин киши билиши ва уларнинг маъноларига эътиқод қилиши зарур бўлган калималар ҳисобланади. Қуйида ушбу калималарнинг таржималари ва қисқача изоҳлари билан танишиб чиқамиз:  

كَلِمَةٌ طَيِّبَةٌ

  Ёқимли калима 

لاَ اِلَهَ اِلاَّ اللهُ مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللهِ

 Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир,  Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир.

 Изоҳ: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир деган сўздан У зотдан бошқа ибодат қилинишга ҳақли зот йўқдир, деган маъно тушунилади. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир, деган сўздан қуйидаги маънолар тушунилади:

  1. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг танлаб олган бандаси;
  2. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарларнинг сўнгиси.

كَلِمَةُ الشَّهَادَةِ

  Гувоҳлик бериш калимаси

اَشْهَدُ اَنْ لاَ اِلَهَ اِلاَّ اللهُ وَ اَشْهَدُ اَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ

Гувоҳлик бераман албатта Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир,  яна гувоҳлик бераман албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир.

Изоҳ: ушбу калималар айтувчисининг мусулмонлигига гувоҳлик берувчи калималар ҳисобланади.  

كَلِمَةُ التَّوْحِيدِ

Тавҳид калимаси 

اَشْهَدُ اَنْ لاَ اِلَهَ اِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ يُحْيِى وَيُمِيتُ وَهُوَ حَىٌّ لاَ يَمُوتُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

Албатта Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Унинг якка-ю ягоналигига, шериги йўқлигига гувоҳлик бераман, мулк ҳам ҳамду-сано ҳам Уникидир. Тирилтирадиган ҳам ўлдирадиган ҳам Удир. У ҳеч қачон ўлмайдиган доимий тирикдир. Бахт-саодат Унинг қўлидадир. У барча нарсага қодирдир.

Изоҳ: Тавҳид сўзи луғатда “яккалаш” яъни бир нарсага яккаю ёлғизлик нисбатини бериш ва унинг кўп ададда эканини инкор қилиш маъъноларини англатади. Истилоҳда эса “Абадий барҳаёт Зотнинг якка-ю яноналигини тасдиқлаш – тавҳид деб аталади”. Тавҳид Исломнинг шиори ҳисобланади.

كَلِمَةُ رَدِّ الْكُفْرِ

Куфрни рад этиш калимаси

اَللَّهُمَّ اِنِّى اَعُوذُ بِكَ مِنْ اَنْ اُشْرِكَ بِكَ شَيْأً وَ اَنَا اَعْلَمُ وَ اَسْتَغْفِرُكَ لِمَا لاَ اَعْلَمُ اِنَّكَ اَنْتَ عَلاَّمُ الْغُيُبِ

Эй Аллоҳим, Сендан ўзим билиб туриб бирор нарсани Сенга шерик қилиб қўйишимдан паноҳ сўрайман. Билмаган нарсаларимдан эса мени кечиришингни сўрайман. Албатта Сен барча нарсаларни билгувчи Зотсан.

Изоҳ: Ширк луғатда “шерик қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таолонинг Зотида, ё сифатларида, ё феълларида, ё исмларида, ё ҳукмларида У зотга ўзгани тенг қилиш ширк келтириш дейилади”. Ширкнинг катта ва кичик турлари бор.  

Мазкур “куфрни рад этиш калимаси”ни ихлос билан такрорлаб юрган мўмин кишига катта ва кичик ширклардан халос бўлиш ваъдаси берилган.  

كَلِمَةُ الاِسْتِغْفَارِ

Мағфират сўраш калимаси

اَسْتَغْفِرُ اللهَ اَسْتَغْفِرُ اللهَ  اَسْتَغْفِرُ اللهَ تَعَالَى مِنْ كُلِّ ذَنْبٍ اَذْنَبْتُهُ عَمْدًا اَوْ خَطَأً سِرًا اَوْ عَلاَنِيَةً وَ اَتُوبُ اِلَيْهِ مِنَ الذَّنْبِ الَّذِى اَعْلَمُ وَ مِنَ الذَّنْبِ الَّذِى لاَ اَعْلَمُ اِنَّكَ اَنْتَ عَلاَّمُ الْغُيُوبِ

Аллоҳдан мағфират сўрайман, Аллоҳдан мағфират сўрайман, Аллоҳ таолодан барча қасддан қилган гуноҳларимни ҳам ёки билмасдан қилиб қўйган яширин ва ошкора гуноҳларимни ҳам кечиришини сўрайман. Унга биладиган гуноҳларимдан ҳам, билмайдиган гуноҳларимдан ҳам тавба қиламан. (Эй Аллоҳим) Албатта Сен барча ғайбларни билгувчи Зотсан.

Изоҳ: Ихлос билан “астағфируллоҳ” дейиш Аллоҳдан мағфират сўраш ҳисобланади. Аммо баъзи уламолар мазкур калималарни ҳам қўшиб айтишни афзал санаганлар.

كَلِمَةُ التَّمْجِيدِ

Улуғлаш калимаси

سُبْحَانَ اللهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ وَلاَ اِلَهَ اِلاَّ اللهُ وَ اللهُ اَكْبَرُ لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ اِلاَّ بِاللهِ الْعَلِىِّ الْعَظِيمِ مَا شَاءَ اللهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ اَلاِيْمَانُ اِقْرَارٌ بِاللِّسَانِ وَتَصْدِيقٌ بِالْقَلْبِ بِمَا جَاءَ بِهِ مِنْ عِنْدِ اللهِ مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

Аллоҳни поклаб ёд этаман, ҳамду-сано Аллоҳгадир, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, Аллоҳ буюкдир, куч ҳам қувват ҳам олий ва улуғ бўлган Аллоҳ ёрдами биландир. Аллоҳ таолонинг хоҳлагани бўлган, хоҳламагани бўлмаган. Имон - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келтирган нарсани тил билан ифодалаш ва қалб билан тасдиқлашдир.

Изоҳ: Яъни маъсиятдан сақланиш ҳам, ибодат қилиш ҳам Аллоҳ таолонинг ёрдами билан амалга ошади.

Қалбан ишониш тасдиқлаш дейилади. Қалбий ишонч бандаларга яширин бўлгани сабабли унга далолат қиладиган бирор аломат зарур бўлади. Шунга кўра дунёда мўмин ҳисобланиш учун қалбий тасдиқни тил билан ифодалаш шарт қилиб қўйилган. 

اِيْمَانٌ مُجْمَلٌ

Умумий имон

آمَنْتُ بِاللهِ كَمَا هُوَ بِاَسْمَائِهِ وَصِفَاتِهِ وَقَبِلْتُ جَمِيعَ اَحْكَامِهِ

Аллоҳга Унинг исмлари ва сифатлари қандай бўлса худди шундай имон келтирдим, ҳамда Унинг барча ҳукмларини қабул қилдим.

Изоҳ: Имони мужмал деганда қатъий ишонилиши лозим бўлган калималарнинг қисқа ва лўндаси тушунилади. Кимга тавҳид илмининг дақиқ жойларидан бирор нарса мушкул келиб қолса дарҳол ушбу калималарни ихлос билан ўқиши ва зудлик билан уни биладиган кишидан сўраб олиши лозим бўлади.

اِيْمَانٌ مُفَصَّلٌ

Батафсил  имон

آمَنْتُ بِاللهِ وَ مَلآئِكَتِهِ وَ كُتُبِهِ وَ رُسُلِهِ وَ الْيَوْمِ الآخِرِ وَ الْقَدَرِ خَيْرِهِ وَ شَرِّهِ مِنَ اللهِ تَعَالَى وَ الْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ

Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга имон келтирдим.

Изоҳ: Имони муфассал деганда мўмин кишининг қатъий ишониши лозим бўлган нарсаларнинг асослари тушунилади.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом

институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top