muslim.uz
Ватанпарварлик – улуғ фазилат
Табиийки, киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватани Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”, деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.
Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
Буюк аллома Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади:
Ватан таркини бир нафас айлама,
Ани ранжи – ғурбат, ҳавас айлама.
Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Имон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир.
1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди.
Ана ушбу шонли сананинг 26 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз.
Ушбу қутлуғ сана билан юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар, юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган ака-укаламиз қатори, юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли соҳаларда хизмат қилаётган барча ватандошларимизни муборакбод этамиз.
Абдуғулом МЕЛИБОЕВ,
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг маънавият-марифат ишлари бўйича ўринбосари
ЎМИ Матбуот хизмати
Жамиятнинг ажралмас қисми – тараққиётнинг ишончли кафолати
Юртимизда Ватан ҳимоячилари байрами 10 январь куни, давлатимиз раҳбари Чирчиқ шаҳрига ташриф буюрган куниёқ бошланиб кетган эди. Ўша кундан бошлаб юртимизнинг ҳар гўшасида байрамона руҳ ҳукмрон бўлди. Жойларда, ҳарбий қисмларда байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Айниқса, президентимизнинг муносиб хизмат қилган ҳарбийларни уй-жой, автомашина билан таъминлаш бўйича топшириқ бергани ҳарбий хизматчиларнинг руҳини янада кўтариб юборди.
Ана шундай шодиёналарнинг давоми ўлароқ кеча Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги пойтахтнинг “Наврўз” истироҳат боғида “Армия ва ёшлар” деб номланган ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказди.
Фестивалда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа намойиши, ҳарбий хизматчилар ва жанговар техникаларнинг тантанали марш билан ўтиши, ҳарбий оркестрлар ва Қуролли Кучлар Марказий ҳамда Ички ишлар ва МХХ Чегара қўшинлари ашула ҳамда рақс ансамбллари хонандаларининг концерт дастури, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, дала ошхонаси фаолияти ўрин олди.
Шу билан бирга, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида узоқ масофага югуриш акцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда 80 дан зиёд техника қатнашди. Ҳарбий-техника кўргазмасида эса 50 дан ортиқ техника, 200 дан кўпроқ қурол-аслаҳа намуналари намойиш этилди, 600дан ортиқ ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.
Шунингдек, Тошкент шаҳри узра 6 та ҳарбий вертолёт учиб ўтди. Шаҳар аҳолисининг таклифига биноан мазкур фестиваль бугун, 13 январь куни ўша жойда такроран бўлиб ўтди.
Ватан ҳимоячиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг табрик йўллагани уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди.
“Қадрли дўстлар!
Амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз, армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланиб бормоқда”, дейилади президент табригида.
Дарҳақиқат, армия ва халқ ўртасида ўрнатилган фаол ҳамкорлик мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашда устувор аҳамиятга эгадир. Чунки қалқиб турган бугунги замонда ташқи душманлар ўзини ошкор қилмайди, қайсидир давлат қўшини сифатида ҳам намоён бўлмайди. Аксинча, халқаро терроризм ва экстремизм, рангли инқилоблар инқилобчилари қиёфасида пайдо бўлади. Ҳозир бутун дунё ана шундан азият чекмоқда. Ғаразли мақсадларга хизмат қилувчи бундай стратегиялар зумда қуролли тўқнашувларга айланиб кетади ва узоқ вақт давом этиб халқларни ҳолдан тойдиради, гуллаб-яшнаётган мамлакатларни вайронага айлантиради. Аёнки, ана шундай манфур кучлар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига ҳам таҳдид солмасдан қолмайди, Шонли армиямиз уларга муносиб зарба беришга доимо тайёр бўлгани боис тунлари мириқиб ҳордиқ чиқаряпмиз, оиламиз бағрида шодуман ҳаёт кечиряпмиз, боғларимиз болажонларнинг шодон кулгусидан жаранглайди, ишларимиз унумли.
Ана шундай фараҳли кунларимизни эъзозлаб, тинчлик неъматини асраб-авайлаш учун “Қуролли Кучларни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлиги ва қобилиятини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлади ва давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади”, деди давлатимиз раҳбари ўз табригида.
“Байрам халқнинг руҳида акс этиши керак”, деган эди атоқли олим Нажмиддин Комилов домла. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган 26 йил ичида юртимизга гард қўндирмасдан ҳимоя қилди. Шу туфайли ўтган йиллар ичида Қуролли Кучларимизнинг обрўйи ва нуфузи ошди. Бундан севинчга тўлиб, ушбу санани ҳақли равишда тантана қилаётган юртдошларимизга, Қуролли Кучларимиз раҳбарлари ва ҳарбий хизматчиларимизга байрам муборак бўлсин. Ватан ҳимоясидек шарафли бурчини бажариш йўлида омад ёр бўлсин. Зотан, уларнинг омади, Ўзбекистон халқининг бахти, муваффақиятидир
ЎМИ Матбуот хизмати
Ташкилий қўмитанинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 13 январь куни диний идорада “Ўзбекистон қуръон мусобақаси-2018” ташкилий ишлари борасида мажлис бўлиб ўтди. Унда Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита раиси Абдулҳаким қори Матқулов, қўмита раиси ўринбосари Ҳасанхон қори Абдулмажидов, қўмита аъзолари ва Қуръон мусобақаси ҳакамлар ҳайъати иштирок этишди.
Мажлисни ташкилий қўмита раиси А.Матқулов кириш сўзи билан очиб, вилоятлардаги тайёргарлик жараёнларни янада жадаллаштириш, ҳар бир ҳудудга бириктирилган ташкилий қўмита аъзолари ва ҳакамларни жойларга ўз вақтида етиб боришлари ва ишларига талабчанлик билан ёндошишларини таъкидлади.
Сўнгра қўмита раиси ўринбосари Ҳ. Абдулмажидов қўмита аъзолари ва ҳакамларни белгиланган ҳудудларга тақсимотини эълон қилди.
Ҳакамларга иштирокчиларнинг балларини ҳисоблаб бориш учун алоҳида ходимлар бириктирилди. Қуръон мусобақасининг туман-шаҳар босқичи очилиш маросими Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Маърифатли” жомеъ масжидида ўтказилиши, ундаги тадбир жараёни ҳақида маълумот берилди ва очилиш маросимида қатнашиш учун “зийнат” қорилар танлаб олинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари (25-қисм): Қийинчилик етганда
Али розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар менга бирор қийинчилик ёки хафачилик етса, қуйидаги калималарни айтишни буюрдилар: “Ла илаҳа иллаллоҳу каримул азийм. Субҳанаҳу табарокаллоҳу Роббул аршил азийм.
Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн” (Имом Насоий, Имом Ибн Сунний ривояти).
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳаж сафарига бориш учун суҳбатдан ўтган юртдошларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда
Нажибахон ая Абдуллаева (Марғилон):
– Жонажон Ўзбекистонимизда бўлгани каби марғилонликлар ҳам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини катта умид билан кутиб олди. Бу тарихий ҳужжат кўҳна ҳунармандлар шаҳрининг ҳар бир оиласи, хонадони, маҳалласида чуқур ўрганилмоқда.
Мен қирқ йилдан зиёд таълим соҳасида меҳнат қилдим. 4 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказдим. Набираларим эл корига яраб қолди. Бахтли фаровон ҳаёт кечиряпман. Ягона орзуим мусулмончиликни муҳим амалларидан бири – Ҳаж сафарини адо этиш эди. Аллоҳга шукрким, Муҳтарам Президентимизнинг ҳажга ҳар томонлама муносиб инсонлар бориши лозимлиги тўғрисидаги фикрларидан кейин менинг қалбимда ҳам бир учқун пайдо бўлди. Маҳалламизда бўлиб ўтган йиғинда менинг номзодим ҳам тавсия қилинди. Юртимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштироким, маҳалладаги тадбирларда доимий қатнашиб келганлигим эътиборга олиниб, ҳаж зиёратига боришим айтилганида кўзларимга ёш келди.
Менга ушбу эзгу амални бажариш жараёнида маҳалламизда истиқомат қилаётган диний экстремистик оқимига кириб қолган ожиза аёлнинг бириктириб берилгани зиммамдаги масъулиятни икки карра оширди. Эндиликда мен ушбу фуқаронинг юртимиз ижтимоий ҳаётига қайтиши, Ватанга дахлдорлик ҳиссини оширишга бўлган ишончини уйғотишга, уни чинакам ватанпарвар бўлиб тарбияланишига ўз ҳиссамни қўшаман.
Билдирилган юксак ишонч учун авваламбор, муҳтарам Президентимизга, маҳалламиз аҳлига миннатдорлик билдираман. Аллоҳ таоло барчани ниятларига етказсин.
Маъмиржон Холматов (Фарғона шаҳри):
– Мен 40 йилдан ортиқ халқ хизматида бўлдим. Ҳозирда нафақадаман. Бирдан бир орзуим муқаддас ҳаж сафарига бориш эди. Шу мақсадда 2008 йил ариза билан мурожаат қилиб, рўйхатга қўйилган эдим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасига ташрифи жараёнида ҳаж зиёратига бориш тартибига ўзгартириш киритиш лозимлиги, бундан кейин фуқаролардан халққа фойдаси теккан, диний илмлардан хабари бор, маънавиятли энг муносиб одамлар бориши кераклиги тўғрисидаги фикрларидан нафақат мени балки, бутун маҳалладошларимизнинг боши кўкка етди.
Шу кундан инсонларга яхшилик қилиш, муҳтожларга ғамхўрлик қилиш ҳисси мени тарк этгани йўқ. Шу ниятда маҳалламиздаги кам таъминланган оилани оталиққа олдим. Шу билан бирга тўғри йўлдан адашиб, диний экстремистик оқимлар таъсирига тушган маҳалладошимни тўғри йўлга солиш, ватанпарварлик туйғуларини сингдириш ва энг муҳими бундай йўлга қайтиб кирмаслиги учун тарбиявий ишларни олиб боришни ўзимнинг давлатим олдидаги фуқаролик бурчи сифатида қабул қилдим.
Отам диний илмга эга инсон эди. Лекин ота-онамга ҳаж зиёратига бориш насиб этмади. Бу ниятга етишиш остонасида турибман. Маҳалла фаоллари, ишчи гуруҳ йиғилиш ўтказиб, менинг номзодимни тавсия этишганида ичимга сиғмай кетдим. Ватан олдидаги узоқ йиллик меҳнатим роҳати шу бўлса, ажаб эмас. Бундай юксак ишонч учун аввало давлатимиз раҳбаридан, маҳалладошларимдан миннатдорман.
Бўритош ая Бекмуродова (Хатирчи тумани):
– Мен бир оддий аёл сифатида умримни фарзандларим тарбияси, оилам фаровонлиги учун бахш этган инсонман. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, оилам тинч, фарзандларим эл хизматида. Ҳар бир мўмин мусулмон сингари мен ҳам ҳаж сафарига боришни ният қилган эдим. Лекин бу кунларга Яратган етказармикан, деган ҳадик бор эди кўнглимда.
Худога шукр, Президентимиз томонидан ҳаж зиёратига борувчилар учун кўплаб қулайликлар ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Муҳтарам Президентимиз 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасига ташрифи чоғида “Ҳажга ҳар томонлама муносиб инсонлар борсин. Маҳаллада ибрат бўладиган, ёшларга насиҳат қиладиган, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган нуронийлар манашундай табаррук жойларга борса қандай яхши”, деди. Ўз ўрнида биз ҳам ҳажга борадиган инсон сифатида шу сафарга муносиб бўлишимиз, маҳалламизда фаол, халқ дарди билан яшайдиган инсонлардан бўлишимиз лозим.
Тилло ота Мустафоев (Ургут тумани):
– 1928 йилда туғилганман. Терак маҳалласида яшайман. Ёшим қарийб бир асрга етиб шунга амин бўлдимки, бизнинг ҳозиргидай замон ҳеч қачон бўлмаган. Бошимиздан қанчадан-қанча синовли кунлар ўтди. Худога шукрки, бугун мана шундай фаровон, тўкин-сочин кунларга етдик. Бунинг учун аввало Аллоҳ таолога шукроналар айтишимиз керак.
Мен Мухтарам Президентимизнинг Ҳастимомда айтган сўзларини эшитдим. У киши маҳаллага ибрат бўладиган, ёшларга насиҳат қилиб турадиган, адашган инсонларни кечириб, уларга тўғри йўлни кўрсатадиган инсонлар ҳажга боришга муносиб деб айтди. Дарҳақиқат, халқимиз азал-азалдан бир-бирига қайишган, яхши ёмон кунларида бир-бирига камарбаста бўлиб келган. Шунинг учун ҳам юртимизда барака бор.
Бугун набираларим, уларнинг фарзандлари бўйи бастларига қараб қувонаман. Негаки улар бахтли замонда яшаяпти. Мен уларга ҳамиша насиҳат қилиб келаман. Шундай замоннинг кадрига етинглар деб. Худо етказса, зиёратда ҳам, токи умрим борича дуода бўламан.
Ҳабиба Мансурова (Иштихон тумани):
– Ҳар кун эрта тонгда туриб дуога қўл очаман, юртимиздаги тинчлик ва фаровонликка, баҳамжиҳатлик ва меҳру оқибатга асло кўз тегмасин, дейман. Чунки дастурхонларимизнинг тўкинлиги, эртанги кунимиздан кўнглимизнинг тўқлиги – барча-барчаси тинчлигимиз туфайли эканлигини яхши биламан. Юртдошларимиз муборак ислом динининг фарзларидан бири саналган ҳаж амалини муносиб адо этишларига бугун давлат аҳамиятидаги масала сифатида эътибор берилаётганлиги, улар учун барча шароитларнинг яратиб берилаётганлигининг ўзи ҳам мамлакатимизда инсоннинг қадри нақадар улуғ эканидан далолат беради.
Ҳар йили юзлаб юртдошларимиз муборак ҳаж сафарида бўлишмоқда. Муқаддас ҳаж сафари давомида уларга яратиб берилаётган қулайлик ва ғамхўрликлардан бохабармиз.
Ана шуларни кузатиб менинг дилимда ҳам муборак ҳаж фарзини адо этиш умиди уйғонди. Оилам тинч, фарзандларим ёнимда мени қўллаб-қувватлашга қодир. Ниятим Оллоҳ берган ризқ-насибамнинг барокати, фарзандларимнинг камолини тилаб, муқаддас шаҳарлар бўлмиш Макка, Мадинага бориш, зиммамдаги фарзни тўла адо этиш, тинчлигимиз, фаровонлигимиз учун шукроналар айтишдир. Мен билан суҳбат ўтказишганда кўнглимдаги ана шу ниятларимни айтдим.
Ана шу эзгу ниятим амалга ошса, ҳожи она сифатида умримнинг охирига қадар янада ибратли умр кечиришни истайман.
Маъсуда ая Исломова (Самарқанд шаҳри):
– Жорий йилда Ҳаж сафарига боришни ният қилдим. Президентимизинг Ҳастимом мажмуасида илгари сурган ташаббуслари, яъни “Ҳажга ҳар томонлама муносиб инсонлар борсин. Маҳаллада ибрат бўладиган, ёшларга насиҳат қиладиган, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган нуронийлар мана шундай табаррук жойларга борса қандай яхши”, деган фикрлари очиғи эзгу мақсадимни амалга ошириш илинжида куч-ғайрат бағишлади.
Маҳалламизнинг икки уч нафар фаолларини олиб, эр-хотиннинг қайсарлиги туфайли яқиндагина норасида фарзанди билан ажрашган ёш оилани яраштириш, бир ишнинг бошини тутмай, спиртли ичимликка муккасидан кетган, оиласининг иссиқ-совуғидан хабар олмай қўйган қўшнимни тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилдим.
Буни қаранг, бежизга лоқайдлик ва бефарқлик энг катта иллат дейилмас экан. Ажрашган оилаларнинг катталарини бир жойга чақириб, бироз изза қилдик. Фарзанд ва набираларининг эртанги тақдири нечоғлик аянчли кечишини мисол келтирдик. Илоҳим, тузалиш йўлига кириб, яхши бўлиб кетсин. Буни биз доимо назорат қилиб борамиз.
Манба: http://uza.uz
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.