Мақолалар

Юртимизда Ватан ҳимоячилари байрами 10 январь куни, давлатимиз раҳбари  Чирчиқ шаҳрига ташриф буюрган куниёқ бошланиб кетган эди. Ўша кундан бошлаб юртимизнинг ҳар гўшасида байрамона руҳ ҳукмрон бўлди. Жойларда, ҳарбий қисмларда байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Айниқса, президентимизнинг муносиб хизмат қилган ҳарбийларни уй-жой, автомашина билан таъминлаш бўйича топшириқ бергани ҳарбий хизматчиларнинг руҳини янада кўтариб юборди.

Ана шундай шодиёналарнинг давоми ўлароқ кеча Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги пойтахтнинг “Наврўз” истироҳат боғида “Армия ва ёшлар” деб номланган ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказди.

Фестивалда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа намойиши, ҳарбий хизматчилар ва жанговар техникаларнинг тантанали марш билан ўтиши, ҳарбий оркестрлар ва Қуролли Кучлар Марказий ҳамда Ички ишлар ва МХХ Чегара қўшинлари ашула ҳамда рақс ансамбллари хонандаларининг концерт дастури, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, дала ошхонаси фаолияти ўрин олди.

Шу билан бирга, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида узоқ масофага югуриш акцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда 80 дан зиёд техника қатнашди. Ҳарбий-техника кўргазмасида эса 50 дан ортиқ техника, 200 дан кўпроқ қурол-аслаҳа намуналари намойиш этилди, 600дан ортиқ ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри узра 6 та ҳарбий вертолёт учиб ўтди. Шаҳар аҳолисининг таклифига биноан мазкур фестиваль бугун, 13 январь куни ўша жойда такроран бўлиб ўтди.

Ватан ҳимоячиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг табрик йўллагани уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди.

Қадрли дўстлар!

Амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз, армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланиб бормоқда”, дейилади президент табригида.

Дарҳақиқат, армия ва халқ ўртасида ўрнатилган фаол ҳамкорлик мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашда устувор аҳамиятга эгадир. Чунки қалқиб турган бугунги замонда ташқи душманлар ўзини ошкор қилмайди, қайсидир давлат қўшини сифатида ҳам намоён бўлмайди. Аксинча, халқаро терроризм ва экстремизм, рангли инқилоблар инқилобчилари қиёфасида пайдо бўлади. Ҳозир бутун дунё ана шундан азият чекмоқда. Ғаразли мақсадларга хизмат қилувчи бундай стратегиялар зумда  қуролли тўқнашувларга айланиб кетади ва узоқ вақт давом этиб халқларни ҳолдан тойдиради, гуллаб-яшнаётган мамлакатларни вайронага айлантиради.  Аёнки, ана шундай манфур кучлар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига ҳам таҳдид солмасдан қолмайди, Шонли армиямиз уларга муносиб зарба беришга доимо тайёр бўлгани боис тунлари мириқиб ҳордиқ чиқаряпмиз, оиламиз бағрида шодуман ҳаёт кечиряпмиз, боғларимиз болажонларнинг шодон кулгусидан жаранглайди, ишларимиз унумли.

Ана шундай фараҳли кунларимизни эъзозлаб, тинчлик неъматини асраб-авайлаш учун “Қуролли Кучларни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлиги ва қобилиятини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлади ва давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади”, деди давлатимиз раҳбари ўз табригида.

“Байрам халқнинг руҳида акс этиши керак”, деган эди атоқли олим Нажмиддин Комилов домла. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган 26 йил ичида юртимизга гард қўндирмасдан ҳимоя қилди. Шу туфайли  ўтган йиллар ичида Қуролли Кучларимизнинг обрўйи ва нуфузи ошди. Бундан севинчга тўлиб, ушбу санани ҳақли равишда тантана қилаётган юртдошларимизга, Қуролли Кучларимиз раҳбарлари ва ҳарбий хизматчиларимизга байрам муборак бўлсин. Ватан ҳимоясидек шарафли бурчини бажариш йўлида омад ёр бўлсин. Зотан, уларнинг омади, Ўзбекистон халқининг бахти, муваффақиятидир

ЎМИ Матбуот хизмати

 

5166 марта ўқилди

Мақолалар

Top