muslim.uz
Муфтий ҳазратлари Рамазон ҳайити билан мамлакатимиз аҳолисини табриклайдилар (видео)
Шаввол ойидан олти кун рўза тутиш фазилати
Шариатимизда Рамазон ойи рўзасидан бошқа вақтда ҳам рўза тутишга тарғиб қилинган. Зотан, Рамазон ойида рўза тутишлик фарз бўлса-да, ундан бошқа вақтда тутилган рўзалар нафл ҳисобланиб, соҳибига улкан ажр-мукофотларни кашф қилади. Лекин йилнинг беш кунида рўзадор бўлишликдан қайтарилганмиз. Улар: Рамазон ҳайити куни, қурбон ҳайити куни ва ташриқ кунлари(зулҳижжа ойининг 11-12 ва 13- кунлари)дир.
Йил давомида рўзадор бўлишга қизиқтирилган кунлар:
А. Ҳафта кунларининг душанба ва пайшанба кунидаги рўза;
Оиша розиялллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари душанба ва пайшанба кунилари рўза тутар эдилар” (Имом Термизий ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Албатта бандаларнинг амаллари душанба ва пайшанба куни арз қилинади, менинг амалим арз қилинганда рўзадор ҳолда бўлишни яхши кўраман” деганлар (Имом Термизий ривояти).
Б. Арафа куни яъни Зулҳижжа ойининг 9- куни;
Абу Қатода розиялллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффорати бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
В. Оқ кунлар яъни ҳар ойнинг 13-14-ва 15-кунида рўза тутиш;
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари сафарда ҳам ҳазарда ҳам оқ кунларида рўза тутар эдилар”(Имом Насаий ривояти).
Булардан ташқари яна кўплаб тарғиб қилинган нафл рўзалар бор. Қизиқтирилган нафл рўзалар фазл ва ажрда бир-биридан фарқлидир.
Қуйида ана шундай рўзалардан бири Шаввол ойидан олти кунида рўза тутиш ва унинг фазли ҳақида баён қиламиз:
عَنْ أَبي أَيُّوبَ الأَنصَاريِّ - رضي الله عنه - أَنَّ رَسُولَ الله - صلى الله عليه وسلم - قال: مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالَ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهرِ؛ رواه مسلم.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, сўнг унга Шаввол ойидан олти кун рўза қўшса, гўё бир йил рўза тутгандек бўлур”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
وعَنْ ثوبانَ - رضي الله عنه - أَنَّ رَسُولَ الله - صلى الله عليه وسلم - قَالَ: صِيامُ رَمَضَانَ بِعَشرَةِ أَشْهُر، وصِيَامُ السِّتَّةِ أيَّامٍ بِشَهرَينِ فذَلك صِيَامُ السَّنَة.
وفي رِوايةٍ: مَنْ صَامَ سِتَّةَ أيَّامٍ بَعْدَ الفِطْرِ كَانَ تَمامَ السَّنة ﴿ مَنْ جَاءَ بِالحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا ﴾ رواهُ أحمدُ وابنُ ماجه.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамозон рўзаси ўн ой рўзага тўғри келса, Шавволнинг олти куни икки ойга тўғри келади, натижада бу бир йил рўза бўлади”, дедилар. Бошқа ривоятда: “Ким фитрдан кейин олти кун рўза тутса, бир йил тўла рўза бўлади”, ояти каримада (Ким бир яхшиликни амалга оширса, унга ўша яхшиликнинг ўн баробари бўлур), деб зикр қилинган (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Мазкур муборак баёнотдан куйидаги фойда ва ҳукмларни хулоса қилиш мумкин:
- Шаввол ойидан олти кун рўза тутишнинг фазилати албатта, ким Рамозон рўзасига қўшимча қилиб, Шаввол рўзасини ҳам узлуксиз тутиб юрса, бир умр рўза тутгандек бўлади. Бу эса улкан фазл ва буюк амал ҳисобланади.
- Буюк Аллоҳнинг бандаларига раҳмати бўлиб, бу Аллоҳ таоло томонидан бандаларининг озгина амалига кўп савоб ва улкан ажрлар ато этишидир.
- Шаввол ойидан олти кун рўзасини тезлатиб тутиш мустаҳабдир. Яхшиликларда мусобақа қилишга амр бўлгани, бу рўза қолиб кетмаслиги ва кишини бошқа иш машғул қилиб қўймаслиги учун бу кундаги рўзани шошилиб тутиш муҳимдир.
- Ушбу рўзани Шаввол ойининг аввали, ўртаси ёки охирида узлуксиз ёки кун оралатиб тутиш дуруст бўлаверади. Мукаллаф ушбу рўзани хоҳлаган ҳолатда тутса ҳам Аллоҳ таоло ушбу амални қабул қилса, ваъда қилинган ажрга ҳақли бўлади.
- Рамозондан қазоси бўлган киши биринчи қазосини кейин Шавволдан олти кун рўза тутади. Чунки ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ким рамазон рўзасини (тўла) тутиб,....”, деганлар. Зеро, зиммасида Рамазоннинг қазоси бўлган кишига нисбатан то у ўша қазосини тутгунига қадар рўза тутди, дейиш тўғри бўлмайди. Чунки инсон ўз зиммасини вожибдан холос қилиб олиши, мустаҳаб ишни қилишидан авло ҳисобланади.
- Зеро, Ҳаким сифатли Аллоҳ таоло фарзларни нафл ибодатлардан олдин қилиб шариатга киритган. Шунингдек, уларнинг ортидан нафлларни келтирган. Буни намозлардаги тартибли суннатлар, Шаъбон ва Шаввол ойлари орасида Рамазон рўзасини шариатга киритиши мисолида ҳам кўриш мумкин.
- Ушбу нафллар фарзларда кузатилган камчиликни тўлдиради. Чунки мукаллаф томонидан рўзасининг ажрини камайтириб қўядиган баъзи камчиликларга йўл қўйиши табий. Масалан, кўп гапириш, кўп қараш, кўп ейиш ва бошқа шу каби бирор камчилик содир этилган бўлиши мумкин. Шунинг учун бу нафл ибодатлар инсонга зийнат ва ибодатларини мукаммаллигига сабаб бўлади. Рамазон ойидан кейин келадиган Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишга тарғиб қилишда бундан бошқа яна бир қанча ҳикматлари ҳам бор. Муҳими инсон бу нафл ибодатларга ўзини одатлантиришидир.
Жалолиддин Ҳамроқулов
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
“Новза” жоме масжиди имом-хатиби
"Ҳазрати Имом" жоме масжидида ҳайит намози (фотолавҳа)
Ўтказиб юборманг... Муфтий ҳазратнинг табриклари
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.