muslim.uz
Рамазон ҳайити – кўнгиллар шодлиги
Рамазон ҳайити – катта шодиёна, хурсандчилик ва кўтаринки руҳда ўтадиган муборак байрам. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул бўладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли мўл-кўл ёғиладиган ажойиб палладир. Шу боис ҳайитда барчамиз хурсандчилигимизни, саховатимизни ва юксак ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпайтиришимиз зарур.
Ҳайит – Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига зиёфат куни, Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: “Албатта, мана шу (жаннат неъматлари) улкан ютуқнинг ўзидир. Бас, айнан мана шундай ютуқ учун амал қилувчилар амал қилсинлар!” (Соффот сураси, 60-61-оятлар).
Рамазон рўзасидан олган тарбиямизнинг яна бир жиҳати шу бўлдики, бу ой бизларга бир-биримиз билан янада аҳил, тотув бўлиб яшашни, бағрикенг бўлишни, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам камарбаста, фидойи бўлишни ўргатди. Чунки юртимизда тинчлик ва осойишталик бардавом бўлишида, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги юксалишида бу инсоний фазилатларнинг ўрни беқиёсдир.
Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, ҳайит байрамини ҳам ўшандай файзли қилиб ўтказишимиз керак бўлади. Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир.
Ҳайит муносабати билан қўни-қўшниларга таом улашиб, уларни зиёрат қилинса, қавму қариндошларнинг ҳолидан хабар олинса, хурсандчиликлар янада зиёда бўлади.
Ҳайит байрамида хурсандчилик қилаётган мусулмон шариатда ман қилинган ишлардан тийилиш лозим. Чунки бу кунда қилинган хайрли ишларнинг савоби улуғ бўлганидек, ношаръий ишларнинг ҳам гуноҳи каттадир. Гўё "ҳайитда рухсат" дегандек турли ношаръий ўйин-кулгуларга машғул бўлиш ёки аксинча шариат байрам қилиб белгилаган кунни азага айлантириш ярамайди. Зеро ҳайит куни ҳам мусулмон кишининг бошқа кунлари сингари яхшилик ва хайр-барака куни бўлиши, гуноҳ ва маъсиятлар содир этадиган кун бўлмаслиги керак.
Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, истирохат боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмонлик белгиларидан биридир. Зеро ҳар бир воқеа ёш боланинг онгида тошга ўйилган нақш каби сақланади. Бир танишимиз бундай ҳикоя қилади: "Етмишинчи йилларнинг боши... Комфирқа одамлари ҳайит намозини масжидда ўқитмайди. Намозга тўпланган жамоа нима қиларини билмай қолади. Шунда дадам: "Юринглар, ҳайит намозини ўқийдиган жой бор", дейдилар. Одамлар дадамга эргашишди.
...Эндигина кўча эшик олдини супуриб бўлган онам дадамнинг эрта қайтганидан ажабланди. Дадам шошилиб, қибла томонга шолча тўшади. Бир зумда ҳовли одамга тўлди. Биров қўйнидан жойнамоз олди, биров белбоғини ечиб ерга солди. Намоз ўқилди. Кишилар дуо қилиб тарқалишди. Дадам одамларни кузатгач, бизга ҳайитлик бердилар.
Бу воқеадан сўнг онам анча вақтгача дадамдан хавотирга тушиб, сал кеч қолсалар, илҳақ бўлиб, бизни хабар олишга жўнатардилар. Бу хавотирларининг сабабини кейинроқ тушундим..."
Алҳамдулиллаҳ, ҳозир жума ва ҳайит кунлари эмин-эркин ибодат қилиб, яқинларига ҳайитликлар улашаётган юртдошларимизни кўриб, кўнглимиз қувнайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳайит куни бирга кетишаётган эди. Мадина кўчаларида ўйнаб юрган болалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайитлик сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Эй Умар, мени бу болалардан сотиб олмайсизми? – дедилар.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу югуриб кетдилар ва болаларга гўшт, бир оз хурмо ва мевалар келтириб бердилар. Мамнун бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига табассум ёйилди. ("Тарихул Анбиё").
Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан аниқроқ бўртиб кўринади. Шу боис Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, саховат, ўзаро ёрдам бериш, ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади.
Шунинг учун ҳам Яратганга шукроналар айтиб, буюк фарз амали Рамазон ойи рўзасидан сўнг Аллоҳнинг тавфиқи билан диёримизга кириб келган муборак Рамазон ҳайити барчамизга шодлик ва ҳуррамлик айёмига айлансин, деймиз! Бу кун шоду хуррамлик айёми, қутлуғ байрам экан, унинг шукрини адо этиш, ушбу муборак кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, бетоб, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишилар кишиларга қўлдан келганича хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларниунутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг савобли амаллари саналади. Бу кунларни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларимизни эслаш, уларнинг руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал, лекин булар ҳайит байрами шукуҳига таъсир қилмаслиги лозим.
Аллоҳ таоло Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Байрамнинг шарофатидан мустақил Ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини ва икки дунё саодатини насиб айласин! Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилсин, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини бардавом, халқимизни янада фаровон бўлишини насибу рўзи айласин.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Жомеъ” жоме масжиди имом-хатиби
Москва шаҳарларидаги қориларимиз Қуръон хатмларини якунладилар
Россия мусулмонлари жамияти таклифига кўра, жорий йил Рамазон ойида Чувашия Республикаси, Омск вилояти, Сибир ва Москва шаҳарларида таровеҳ намозларини ўқиб бераётган қориларимиз Қуръон хатмларини якунладилар. Хатми Қуръон якунида Чувашия Республикасида вақтинча меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар иштирокида катта ифторлик тадбири бўлиб ўтди. Унда миллий таомимиз – ош дамланиб, йиғилганларга тортиқ қилинди.
Ифторлик дастурхони атрофида қориларимиз томонидан Қуръон тиловати қилиниб, Қадр кечасининг фазилати, Рамазон ҳайити, ҳайит одоблари ҳақида маърузалар қилдилар.
Қориларимиз сафарларини якунлаб, 25 июнь куни юртимизга қайтиб келишлари режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Лондондаги Ислом маданияти маркази хайрия ишлари
Буюк Британия пойтахти Лондондаги Ислом маданияти маркази Рамазон мавсуми давомида ҳар йили ташкил этиладиган хайрия дастури доирасида бу муборак ой давомида 18000 та ифторлик таоми ва 40000 дона идишда сув ҳамда мусулмонлар учун ҳар куни 1000 дан ортиқ Рамазон таоми тарқатди.
Шунингдек, марказ Лондондаги турли минтақаларда мусулмонлар ва талабалар учун ҳам ифторлик таоми тарқатди. Лондондаги иқтисодиёт коллежидаги мусулмон йигит ва қизлар учун ҳамда “Косова” масжиди жамоаси учун ифторлик таомлари юборди. Мазкур дастурдан ўз навбатида Исломнинг бағрикенглик дини эканини танитиш, халқлар ўртасида меҳрибонлик ва ҳамдардлик туйғуларини изҳор қилишни ёйиш мақсад қилинган.
Лондонда истиқомат қилувчи мусулмонлар жамияти ва Ислом давлатларининг элчилари Лондондаги Ислом маданияти маркази аъзолари ва ҳомийларига Рамазон мавсумида кўрсатаётган бундай хайрли ишлари учун миннатдорчилик билдирди ва марказнинг келгуси фаолиятига Аллоҳдан муваффақиятлар тилашини маълум қилишди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёс Аҳмедов тайёрлади.
Хитойдан баҳайбат одамнинг изи топилди
Қадимга даврларда Ер юзида баҳайбат одамлар яшагани ҳақидаги Қуръони карим оятларини кейинги вақтлардаги археологик топилмалар тасдиқламоқда. Ана шундай далил-исботлардан яна бири – баҳайбат одамнинг тошга айланган оёқ изи Хитойдан топилди. Хитой халқ республикасининг жануби-ғарбидаги Гуйчжу вилоятидан топилган из сайёҳларнинг эътиборини тортди. Оёқ изи Пиньян аҳоли пунктидан унча узоқ бўлмаган жойдан топилган эди. Сайёҳлар гуруҳи шахсий фотоаппаратларида баҳайбат одамларнинг яшаганининг исботи бўлган изни тасвирга олишди. Ўша оёқ изи бугунги эркак кишининг оёқ изидан тахминан икки ярим баробар катта.
Мусулмонлар дунёга совға қилган ихтиролар (Парашют)
Учиш аппаратини яратиш ғояси ака-ука Райтлардан минг йил бурун мусулмон шоири, мунажжими ва муҳандиси Аббос ибн Фирнаснинг (Abbas ibn Firnas) хаёлига келган эди. У 852 йилда кенг матонинг орасига дарахт шохларини қалаб қушнинг қанотига ўхшатиб кенгайтиради ва ўшанга осилиб масжид минорасидан сакрайди. Фирнас худди қушга ўхшаб учиб кетишдан умид қилган эди, аммо у ўйлаганидек бўлмади. У ясаган қанот қўнишни секинлаштирганини ҳисобга олиб, уни биринчи парашют деб айтиш мумкин. Олим бир оз қўрқиб кетади ва енгил тан жароҳати олади. Фирнас етмиш ёшга тўлганида ўша аппаратини такомиллаштиради ва энди у тоғдан сакрайди. У ҳавода 10 дақиқа муаллақ туради. Кейин эса аппаратига дум қўймагани оқибатида ерга урилиб нобуд бўлади.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.