muslim.uz
Қуръони карим қўлёзмасининг тилла нусхаси
Бишкекда “Абадий ва бебаҳо кўргазма” деб номланган кўргазма очилди. Унда республиканинг 30га яқин рассомлари асарлари намойиш этилди. Асарлар ташкил этилган аукционда шу ерни ўзида сотилади.
Кўргазма қатнашчиларини қойил қолдирган энг ажойиб асар – Москва пул зарбхонаси заргарлари олтин ва кумушдан тайёрлаган Қуръон саҳифалари бўлди. Ушбу асар Бишкекка атиги уч кунга келтирилди. “Олтин Қуръон”ни яратишда Усмони Зуннурайн даврида битилган қўлёзмадан нусха олинган. Қуръон оятлари 999 навли (проба) олтинга зарб қилинган бўлиб дунёда бундай кўринишдаги Қуръон бошқа йўқ.
АҚШда биринчи бор мусулмон губернатор бўлиши кутилаётир
Келиб чиқиши мисрлик бўлган шифокор Абдул Ал-Саид 2018 йил АҚШдаги биринчи мусулмон губернатор бўлиши мумкин.
32 ёшли Ал-Саид 2015 йилдан бери Детройт шаҳрининг соғлиқни сақлаш департаменти раҳбари лавозимини эгаллаб келмоқда. У ўз номзодини Мичиган штати губернаторлигига қўйишга қарор қилди. Ал-Саид сайланган тақдирда унга «мерос» сифатида мамлакатнинг энг камбағал ҳисобланган Детройт ва Флинт шаҳарлардаги кучли иқтисодий инқироз боғлиқ муаммолари ўтади, деб таъкидлайди Al Jazeera. «Мен туғишганларим, штатим ва мамлакатим учун дуо қиламан, ўтмишда сунъий чегаралар тузиб халқни бир-биридан ажратиб қўйилган бўлса-да, ва яна ўша чегараларни айрим сиёсатчилар тиклашни орзу қилаётган эса-да эндиликда халқнинг жипслашишига ишончим комил», дейди Абдул Ал-Саид.
Абдумалик тайёрлади
Кибрнинг даражалари ва турлари
Ибн Қудома Мақдисий кибрнинг уч даражаси борлигини айтган:
- Кибр инсон қалбида қарор топган бўлади. Бундай одам ўзини бошқалардан афзал билади. Аммо у тавозеъ кўрсатишга ҳаракат қилади. Бу одам, қалбида кибр дарахти экилган, лекин унинг шохлари кесилган шахсдир.
- Бир киши ўз ҳаракатлари билан мажлисларда баландпарвозликни, тенгдошлари ўртасида пешқадамликни ва ўз ҳақи камситилишига жим қараб туролмайди. Олим бўлса, одамлардан юз ўгиргандек бўлиб афтини буриштиради. Обид бўлса, худди одамлардан жиркангандек, бурнини жийиради. Бу иккиси ҳам Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига “Ўзингга эргашган мўминларга қанотингни ёзгин” деб берган одобни билмаган жоҳиллардир.
- Бир кишининг тили билан улуғликни даъво қилиши, ўзини кўкларга кўтариб мақташи кибрдир. Шунингдек, насаби билан фахрланиш ҳам кибр саналади.
Кибрнинг тури ҳам уч хилдир. Булар:
- Аллоҳ таолога кибр қилиш.
Бу энг ёмон кибрдир. Бу ҳолат Фиръавн ва Намруднинг кибрига ўхшаш бўлиб, Аллоҳ таолога банда бўлишдан ўзини олиб қочишдир. Фиръавн қавмига нидо қилиб, “Мен сизларнинг энг улуғ раббингизман”, деган эди (Нозиот сураси, 24-оят).
Фиръавн Аллоҳга банда эканини тан олмади, ўзини илоҳ деб эълон қилди, кибру ҳавога берилди. Унинг оқибати денгизда ғарқ бўлиш билан тугади.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кибр қилиш.
Бу ҳолат Макка кофирларига ўхшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсунишдан жоҳиллик ва саркашлик ила кибр қилишдан иборат.
Мушриклар ва кофирларнинг пайғамбарларга имон келтирмасликларига анбиёларнинг оддий инсон боласи эканлари, худди бошқа одамлар каби еб-ичиб, бозорларда юришлари сабаб қилиб келтирилганди. Гўё пайғамбар бу ишларни қилмаслиги керакдек. Аслида Аллоҳ таоло инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун одамлар ичидан энг пок инсонларни пайғамбарлик учун танлади.
- Бандаларга кибр қилиш.
Бу ўзини бошқалардан устун қўйиб, ўзгаларга ҳақорат назари билан қарашдан иборат. Одамлар бир-бирига кибр қилишларига илм, ибодат, насл-насаб, ҳусн, бойлик, мартаба ва шу кабилар сабаб бўлади.
Одилхон қори ЮУНУСХОН ўғли
Интернет ўйинларининг таъсири
Ҳозир вертуал ўйинлар келтириб чиқараётгн иллатлар, ёшларни ҳалокатга гририфтор этаётгани ва нобуд қилаётгани ҳақида сўз юритмоқчимиз. Шунингдек, Ислом динида бундай ишларга берилмаслик ҳақидаги кўрсатмаларига ҳам тўхталмоқчимиз.
Ҳозирги кунда Америка тиббиёт уюшмаси видеоўйинларга берилиб кетишни ҳам расман ақлий заифлик касалликлари қаторига киритиш арафасида. Шифокорларнинг фикрича, бу касаллик кунига икки соатдан ортиқ ўйин ўйнайдиган ҳар қандай киши саломатлигига хавф солади. Бу интернетдан кўнгилхушлик излайдиганларга ҳам тегишли албатта. Компьютер ўйинларининг керагидан ортиқ машҳур бўлиб, оммалашиб кетгани ва ёшларга салбий таъсири тиббиётчиларни кўпдан бери ташвишга солиб келаётган муаммолардан биридир. Ҳозир дунёдаги жуда кўп минтақалар, жумладан, Европа мамлакатларида интернетга қуллик ҳасталигини даволайдиган махсус шифохоналар кўпаймоқда.
Маълум қилинишига кўра, тадқиқотчи Ҳилмий Хидир Сорий “интернет орқали боғланишнинг ижтимоий муносабатларга таъсири” мавзуида 471 киши ўртасида ўтказган сўровлар натижаларига кўра, интернетга мутелик оқибатида ижтимоий ва руҳий ёлғизлик муаммоси кўпаяётгани аниқланган. Саросима, тушкунлик, хавотир, фарзандларнинг интернет билан машғуллиги сабабли ёш оилалардаги келишмовчиликлар, ёшларнинг оила аъзолари билан алоқалари беқарорлашуви ушбу муаммонинг асосий аломатлари сифатида кўрсатилмоқда. Бунга Устозимиз Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” асарида келтирилган воқиани мисол қилиб келтириш мумкин.
Жанубий Кореяда ҳарбий-стратегик ўйинлар қулига айланган 28 ёшли йигит оламдан ўтади. Маълум қилинишига кўра, у уч кун давомида ўйинхонадан чиқмаган экан. Фақат ҳожатхонага чиқиш ва гоҳида озгина мизғиб олиш учун ўйин столидан нари кетган, холос. Бунгача ўғли неча кундан буён бедарак кетганидан хавотирга тушган она ёрдам сўраб, боласининг собиқ ҳаскасбларига мурожаат қилади. Ўғил ўйинларга берилиб кетгани оқибатида бир ой олдин ишдан ҳайдалган эди. Собиқ ҳамкасблар “ўйин бандаси”ни жуда осон топишади. У яқин орадаги ўйинхонада эди. Ўйинлар қули дарҳол уйига етиб бориши кераклиги ҳақидаги илтимосларга: “Ўйиннинг шу босқичини охирига етказиб қўяй, албатта бораман”, - деб жавоб беради. Бироқ бу гапидан бир неча дақиқа ўтиб, у юрак хуружидан ўлади. Ташхисга кўра, юрак хуружи қаттиқ чарчоқ ҳолатининг ҳаддан ортиқ чўзилиб кетиши сабаб юзага келган эди.
Компьютерда соатлаб, кунлаб ўтириб, турли вертуал қўштирноқ ичидаги мукофотчаларни, ютуқларни “қўлга киритган” киши учун улар чинакамига қимматли маъно касб эта бошлайди. Мана шундай балл ва ютуқлар “содиқ” ўйинчилар орасида сотилади, харид қилинади. Бундай ишга эса аямай пул сарфланади. Масалан, “Project Entropia” ўйинига муккасидан кетган австралиялик Дэвид Стор исмли талаба 35 минг АҚШ доллари эвазига вертуал орол сотиб олади. Бу оролда эски қалъа, бир қанча чўмилиш ва турли махлуқларни овлаш учун махсус жойлар мавжуд. Лекин бу жойлар фақат тасаввурда, компьютер экранидагина, холос.
Жуда кўп ўйинлар одамларни, ҳайвонларни шафқатсизларча ўлдириш, қон тўкиш саҳналари асосига қурилган. Бундай аянчли лавҳалар нафақат ёшларнинг, ҳатто ёши катталарнинг онгига ҳам жуда кучли салбий таъсир кўрсатмоқда. “GTA”, “Снайпир”, “Қотил”ва бошқа ана шулар каби ўйинларга берилганларнинг баъзилари кейинчалик ҳақиқий қотилларга айланишгани фикримизга яққол далил бўлади.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари орқали тез-тез эшитиб қоламиз: Ғарб мамлакатларида мактаб ўқувчилари, ўсмир йигит-қизлар ўз ота-оналари, ўқитувчилари, тенгдошлари ўлимига сабаб бўлишмоқда. Бундай даҳшатли воқеалар Ғарб болаларига вертуал олам бераётган “тарбия”нинг заҳарли меваси экани аччиқ ҳақиқатдир.
Компьютер ўйинлари каби беҳуда ва талофатли ишларга шўнғишни Ислом дини қоралайди. Чунки бунинг натижасида боланинг имон-эътиқоди заифлашиб, шайтоннинг қулига айланади ва унинг найранглари бўйича иш қилади. Оқибатда ўзи ҳам ҳалок бўлади. Шунинг учун ёшларнинг имон-эътиқоди, иродаси мустаҳкам бўлса, турли бемаъни ишларга чалғимайди. Аммо компьютер ва интернет тутқунига айланган инсон бутун умрини тубанликка сарфлайди. Гўёки яратилишдан мақсад йўқдек. Ахир Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: “Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда яратдиг-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизми?!” (Муъминун, 115), - деган ояти шунчаки дунёга келтирилмаганимизни айтиб турибди. Шундай экан, бу ҳақда тафаккур қилиб, ақл юритишимиз лозим.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин. Турли бало-офатлардан барчаларимизни Ўз паноҳида асрасин.
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдус Сомад Абдул Босит
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.