muslim.uz
Қуръони каримнинг митти нусхаси
Қуръон каримнинг митти нусхасининг муаллифи Ҳалим Пруши ҳисобланади. Ҳалим Албания пойтахтидан 55 км. узоқликда жойлашган шаҳарчада истиқомат қилади.
Ушбу Қуръони карим буйига - 26,8 мм; энига - 21,6 мм; қалинлиги - 10,9 мм; умумий оғирлиги эса 5,2 граммни ташкил этади.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Ёдлаш усули
Ёд олиш - маълум бир ҳажмли текстни қисқа вақт ичида кўп оғзаки қайтариш орқали эсда сақлаб қолишдир. Таълим тарихидан маълумки, диний китоблардаги мавзулар кўпинча ёдлаб ўрганилган. Китоблар асосан қўлёзма шаклида кўпайтирилгани учун дарслик ҳамма талабаларга етарли бўлмаган. Бундай шароитда таълимда ёдлаш усули етакчи усул бўлиб ҳизмат қилган. Вақт ўтиб китоблар кўп-кўп чоп этила бошласа ҳам ёдлаш усули ўзининг моҳиятини йўқотмаган. Бунинг сабабларидан бири малакали диний мутаҳассисларни тайёрлашда бу усул жуда қўл келган. Маълумки, уламоларга омма халқ турли саволлар билан тинимсиз мурожаат қилишган. Уламолар фуқароларга тез ва аниқ, тўғри жавоб беришлари лозим бўлган. Жавоблар қатъий Қуръон оятлари ва ҳадислардаги далиллардан олинган. Бу маъсулиятни ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли ушбу далилларни ёддан билиш бўлган.
IXV-асрга келиб Ғарб таълимотида кескин ўзгариш юз берди. Буюк чех педагоги Ян Амос Коменский ўзининг ”Буюк дидактика” асарида таълимнинг янги назариясини очиб берди. Ушбу назария шу вақтгача етакчи бўлган ёдлаш усулини танқид остига олди. Албатта, бу назария Шарқ таълимотига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Шунга қарамасдан ёдлаш усули ўз моҳиятини йўқотмасдан амалиётда кенг фойдаланиб келинди.
Ёдлаш усулининг ижобий тамонлари болаларнинг луғат бойлигини оширади. Ўз навбатида бола мазкур луғатлардан бошқалар билан бўлган мулоқотида кенг фойдаланади. Баъзида бола бирон бир жумланинг моҳиятини тўлиқ тушуниб етмасада, ёдлаган жумлани ўз нутқида бемалол қўллай олади. Айниқса вақт чегараланган бўлса ҳажми кичик маълумотларни эслаб қолишнинг юқори даражаси ёдлаш орқали белгиланади. Бу усул содда, осон усул ҳисобланади. Бироқ тушунмасдан ёдланган маълумотлар билим олишда ҳар доим ҳам қўл келавермайди. Яна шуни таъкидлаш жоизки, ёдлаш кези келганда зерикарли ва қийин ҳисобланади. Бунинг устига тез ёдлаган маълумотлар тез эсдан чиқиш хусусиятига ҳам эга. Ҳозирги кунда бу усулдан чет тиллари, карра жадвал, алифбо ҳарфлари, қоидалар, тарихий саналарни ўзлаштиришда қўлланилмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, ёдлаш усули Қуръони карим оятларини эслаб қолишнинг бирдан-бир “олтин” усули бўлиб қолмоқда. Шунинг учун қадимда ота боболаримиз: “Деҳқон бўлсанг шудгор қил, мулла бўлсанг такрор қил”, дея бежизга айтмаганлар.
Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом
билим юрти мударрисаси Қурбонова Гулобод
Тешик челак
Қадим замонда сув ташувчи бир йигит бўлган экан. У обкашининг икки четига илинган челакларда сув ташир экан. Челаклардан бирининг тагида тешик бўлиб, манзилга етгунча сувнинг ярми тўкилиб борар экан. Бутун челак ўз вазифасини тўла-тўкис бажараётганидан мағрурланар, тешик челак эса ишининг ярминигина бажара олаётганидан уялиб, хижолат чекар экан.
Бир куни тешик челак эгасига дебди: "Мен сендан узр сўрамоқчиман, олган сувингнинг ярминигина етказа оламан". Сув ташувчи йигит унга жавобан: "Сени кўтариб келадиган томонимдаги гулларни кўрганмисан? Мен уларни атайлаб шу томонга экканман. Ҳар сафар сув ташиганимда сен уларни суғориб кетасан. Мен неча марталаб аёлимга шу гуллардан гулдасталар совға қилганман. Бунинг учун сенга раҳмат айтаман", дебди.
Тадбиркор одам ҳатто тешик челакдан ҳам ўзи учун фойда ола билади.
Акбаршоҳ Расулов
Сир сақлай олиш – комилликдан нишон
Муқаддас китобларимизда ўзга инсонларнинг сирини сақлаш, айбини яширишнинг фазилатли хислатлардан экани баён қилинган. Жумладан, агар бир киши бошқа биродарининг айбини яширса, Аллоҳ таоло унинг айбини яшириши ҳақида кўплаб ояту ҳадислар борлиги барчамизга аён.
Аллоҳ таолонинг раҳмати буюклигини қарангки, ўзгаларнинг инсоний шаънини улуғлаган бандаларининг сирини сақлаши баробарида уни авлиёлик мақомига ҳам етказиб қўяр экан. Ана шундай шарафли зотлардан бири Ҳотам ибни Унвон номи улуғ шайх Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асари ва яна кўплаб мўътабар тазкираларда катта эҳтиром билан зикр этилган. Хусусан, ҳазрат Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат”ида у ҳақда бундай ёзилган:
Ҳотам Асамм қуддису сирриҳу аввалғи табақадиндур, кунияти Абу Абдураҳмон. Хуросон машойихининг қудамосидиндур. Шақиқ Балихий била суҳбат тутубдур ва Аҳмад Хузравайҳнинг устодидур. Таърих икки юз еттида Балх навоҳийсида оламдин ўтти. Дерларки, асамм эмас эрди ва бир амре воқеъ бўлдики, ани Асамм дедилар. Машойих китобин ўқуған ул кайфиятни маълум қилур. Ул дебдурки,
«Агар Худойингга осий бўлмоқчи бўлсанг, у сени кўрмайдиган жойда осий бўл, яъни Аллоҳга осий бўлмаки, ҳар ерда у сени кўради». Ва ҳам ул дебдурки, ҳар ким бу йўлға кирар, тўрт ўлумни ўзига тутмак керак: Мавти абяз – ва ул қорин очлиғидур ва мавти асвад ва ул халқ изосиға сабр қилмақдур ва мавти аҳмар – ва ул нафс мухолафатидур ва мавти ахзар – ва ул хирқаға юрунлар тикмакдур. Андин сўрдиларки, қайдин нима ерсен? Дедиким,
«Ер ва осмон хазиналари Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар (буни) англамаслар».
Навоий ҳазратларининг “Дерларки, асамм эмас эрди ва бир амре воқеъ бўлдики, ани Асамм дедилар”, дейиш билан кифояланиб қўя қолганига ажабланиб аслида нима воқеа юз берганини ўрганган киши у зотнинг одобининг чексизлигига яна бир бор таҳсин айтади.
Нақл қилишларича, бир киши Ҳотам ибни Унвон билан гаплашиб ўтирганида бехосдан ел чиқариб қўйибди ва уялганидан қора терга ботиб кетибди. У зот суҳбатдошини уятли ҳолатдан чиқариш учун дарҳол қўлларини қулоқларига карнай қилиб: “Қаттиқроқ гапир, қулоқларим оғир, яхши эшитмайман”, дебди. Шундан сўнг у одам енгил тортибди. Ушбу воқеадан кейин ўша одам вафот этгунига қадар Ҳотам ибни Унвон ўзини карликка солиб юрган экан. Одамлар уни ростакам кар деб ўйлагани боис “Асом” деб атай бошлабди. “Асом” арабча сўз бўлиб, тилимизда “кар, сағир” маъноларини билдирар экан.
Буни қарангки, Ҳотам Асамм биродарининг айбини яшириш учун ўзини бир неча йил карликка солиб юрибди, ҳазрат Навоий ҳам ҳаёси йўл қўймагани боис андиша қилиб воқеани очиқ баён қилмабди.
Унда биз нега сирни очдик?! Зинҳор бу ишимизни одобсизликка йўймаслигингизни илтимос қиламиз. Не бўлдики, бизнинг давримизга келиб ҳар нарсадан камчилик қидириш, ҳар кимнинг айби ёки нуқсони бўлса, уни кўпчиликнинг ўртасида муҳокама қилиш одатга айланиб қолди. Биз ҳам ҳуда-беҳуда жар солувчилар сафига кириб қолмайлик, ана шу воқеадан ибрат олайлик деган мақсадда воқеани баён этишга журъат этдик. Зеро, биз бировнинг сирини сақлар эканмиз, аслида ўзимизнинг сиримизни сақлаган бўламиз. Ҳотам Асамм айтганидек, “Аллоҳга осий бўлмоқни истасангиз, сизни кўрмайдиган бир жойга бориб исён қилинг”, мабодо топа олсангиз!..
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
Фол туфайли оилалар пароканда бўлмоқда
“Тилла асбобларингизни келинингиз олган. 5-10 кун ичида қариндошлари келгандир. Ўша қариндошига бериб юборган”. Фолбиннинг сўзларини эшитиб Раҳимахон довдираб қолди. Келини тушганига ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ. Келини бор деса бор дегудек. Ножўя ҳвракатини шу вақтгача сезмади. Аммо фолбиннинг сўзларидан кейин кўнгилга гумон ин қуриб бўлган эди. Фолбиннинг олдидан бир аҳволда уйига етиб келди. Ҳовлисида кутиб олган келини кўзига бошқача бўлиб кўриниб кетди. Ҳушламайроқ саломига алик олиб, хонасига кириб нима қилиш кераклигини режасини туза бошлади.
Ўша кундан бошлаб Раҳимахоннинг оиласидан хотиржамлик кўтарилди. Келинининг ҳар бир ҳаракати шубҳали кўриниб: “Шу вақтгача ичимда илон сақлаган эканман”, деган ўй бир зумга ҳам тарк этмади. Арзимаган нарса бўлиб кўринган нарсадан катта жанжал кўтариб, ахири “ўғри” деган ном билан келинини уйдан ҳайдади. Гапни нимадалигини билмоқчи бўлган ўғлини жеркиб ташлади. Онасининг важоҳатига қарши бора олмаган ўғил хотини билан ажрашишга мажбур бўлди.
Раҳимахон кўнглидагидек келин топгунига ҳам анча вақт ўтди. Бу орада уйдан ҳайдалган келин бошқа турмуш қуриб, ўғилчалик бўлди.
Кўнглига ёққанини топиб, тўй тараддудини бошлаган Раҳимахон уй жиҳозларини тозалашга уринди. Не кўз билан кўрсинки тутилмайдиган чиннилар ичида келинни ўғрига чиқаришига сабаб бўлган тилла асбоблари турарди. Оёқ-қўллари музлаб қолди. Бир оилани пароканда бўлишига, гулдек келинига туҳмат қилишига сабаб бўлган фолбинни ҳам, унинг сўзига кирган ўзини ҳам ич-ичдан қарғади. Аммо ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмас эди.
Бир нарсасини йўқотган, бирор ишда шубҳага борган кимса, айниқса илмсиз, маърифатсиз аёл-қизлар ёки тушкунликка тушган инсонларнинг аксарияти муаммонинг ечимини топиш учун фолбинларга боришади. Оилавий ажримларнинг келиб чиқиши, акани укадан ажратадиган, қудалар, қўшнилар, ҳамкасблар орасига совуқчилик туширадиган фолбинлар ўзларини ғайб илмини билишларини даъво қилишади. Фолбинларга борувчилар эса вақтлари, соғлиги, пули бекорга кетганлигини ҳисобини қилишмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар қилсангиз, унда, албатта, Сиз золимлардандирсиз”.
“Агар Аллоҳ Сизга бирор зарар етказса, бас, Унинг Ўзидан бошқа уни кетказадиган (куч) йўқдир. Агар Сизга бирор яхшилик (етказиш)ни истаса, Унинг фазлини қайтарувчи (куч) ҳам йўқдир. Уни (фазлини) бандаларидан хоҳлаганига етказур. У Kечиримли ва Раҳмлидир” (Юнус сураси, 106-107 оятлар).
Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўрадилар. Шунда у Зот: “Улар хеч нарсага арзимайдилар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, баъзан улар бир нарсани айтса, ҳақ бўлиб чиқади-ку?” дейишди. У зот: “У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб, жинлардан бири уни илиб олиб,”оғайниси”нинг қулоғига товуқнинг қақиллашига ўхшатиб, илқо қилади. Улар эса унга юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб юборадилар”, дедилар” (Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар).
Бир киши жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида келиб, қўлига бир нарсани беркитиб бу нима деб сўради. Шунда Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқдан очиқ фолбин эмасликларини айтиб, “фолчи-ромчилар дўзахийдир” – дедилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келса-ю, гапига ишонмаса, қирқ кеча намози қабул бўлмайди” (Тобароний ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:”Ким тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади”, деб айтганлар (Имом Насоий ривоят қилган).
Демак, фолчи-ромчиларга бориш ва улардан ўз муаммоларини ечими йўлида ёрдам сўраш гуноҳи кабиралардан бири эканлигини билдик. Биз ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрашимиз, Унинг Ўзигагина илтижо қилишимиз лозим.
Ҳаётимиз синовлардан иборат, ҳар биримиз дуч келаётган синовларда ақл билан фикр юритиб, оқибатини ўйлаб ҳар бир ишга оқилона ёндашишимиз зарур. Атрофимиздагилар, яқинларимизга бирор мусибат етганда фолбин, сеҳр қилувчиларнинг олдига бормасликни қатъий тушунтиришимиз зарур. Фолбинлик, сеҳргарлик улкан гуноҳлардан бўлиб, Аллоҳ асрасин икки дунёда ҳам хорликка олиб келиши мумкин.
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.