muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 01 Июль 2016 00:00

Рўзадорга бир ҳўплам сув

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Салмон Форсий (р.а) ривоят қилиб бундай деганлар: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга хутба ўқиб бундай дедилар: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва баракотли ой яқинлашмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло Бу ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирорта фарз амални адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади, у – сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У – хайр эҳсон улашиладиган ой. У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”. Шунда биз: “Эй Расулулоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса, бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир култум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди. Рамазон — аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки у ойда ходимларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради, ҳамда дўзахдан озод қилади”, дедилар.

Ҳадиси шарифдан маълум бўладики, Рамазон хайр ва саховат ойидир. Албатта, бундан хайр-саховат фақат шу ойда қилиниши керак, деган маъно чиқмайди. Яъни, саховат мавсумий қадрият эмас. Меҳр-мурувват, саховат халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган бобомерос қадриятларимиздан ҳисобланади. Саховатли зотлар, уларнинг тарихда қолдирган яхши номлари, саховатпешалик билан амалга оширган ишлари биз учун ибратдир

Ифторлик дастурхонини меъёрида, камтарона тузаш мақсадга мувофиқ. Одамлар кўрсин, мақтасин, ҳавас қилсин, деган мақсадда қилинган, риё аралашган эҳсон мақбул эмас. Юзлаб кишиларни тўйхона, ресторанларга ифторликка чақиргандан кўра, шунга сарфланадиган маблағни маҳалладаги кам таъминланган оилаларга, муҳтож ёки жисмоний имконияти чекланган кишиларга ҳадя қилинса, янада кўпроқ савобга мушарраф бўлинади. Рўзадор хатти-ҳаракатларини ислоҳ этиб, атрофдагилар билан муомалани чиройли қилиши, нафсини жиловлаши ҳам зарур. Ёлғон сўзлаш, бировга иғво ва бўҳтон қилиш, нолойиқ гаплар билан одамлар дилини оғритиш каби иллатлардан сақланиши керак. Шунингдек, етим-есирлар, беморлар, муҳтожларга ғамхўрлик кўрсатиши лозим.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадисларида: “Жаннатнинг бир эшиги бор, у Раййон деб номланур. Қиёмат куни ундан рўзадорлар кирурлар, улардан бошқа бирор одам кирмас...”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Насаий ривояти). Ушбу хосиятли ойда мўмин киши рўза тутиши билан бирга аҳли оиласи, қавм-қариндоши, қўшнию танишларига гўзал муомала қилса, илм-маърифат ёйса, хулқ-атвори билан бошқаларга ибрат бўлса, бунинг ажр-мукофоти улуғ бўлади, иншааллоҳ.

Ушбу саодатли кунларда Мустақил Ватанимиз истиқболи порлоқ, тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлиши, оилаларимизнинг маънавий камолоти, фарзандлар бахт-саодати, уларнинг ҳар томонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину-диёнатига содиқ инсонлар бўлиб камол топишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

 

Абдулвоҳид ЎРОЗОВ,

Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота” жоме масжиди имом ноиби

 

 

Пойтахтимизнинг кўркам масжидларидан бири бўлган "Мунаввар қори" жоме масжидида хатми Қуръон бу йил ҳам ўзгача файзу-футуҳ ила ўтмоқда. Буни масжидни тўлдириб турган намозхонларнинг тил-у диллари билан муборак ойга етказгани учун Яратганга ҳамдлар айтаётганидан ҳам англаш мумкин. Уларнинг юзларида моҳи маҳбубнинг файзи, таровати балқиб турарди. Сурурли ўтаётган хатми Қуръонлар барча юртимиз мусулмонлари учун бир олам қувонч бахш этаётганини, бу ерга йиғилган намозхонлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин эди.

Бу тун биз ҳам  ушбу жомега ташриф буюриб, ҳаётимиз зийнати бўлган ёши улуғларимизнинг дуоларидан баҳраманд бўлдик. Тинчлик сояси остида ибодатларни адо этаётганимиз учун, бу неъматнинг бардавом қилишини сўраб Яратганга дуолар қилдик.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top