muslim.uz

muslim.uz

Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрини тарихий шаҳар сифатида сақлаб қолиш, унинг жозибадорлигини янада ошириш, тарихий масканларнинг улуғворлигини намойиш қилиш мақсадида турли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Туркистон шаҳрида жойлашган Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбарасининг шаҳар бўйлаб кўзга кўриниб туришини таъминлаш мақсадида ушбу обида баландлигидан юқори қилиб уй-жой қуриш таъқиқланди. Бу ҳақда вилоят раҳбари Жансеит Туймебаев маълум қилди.

Бундан ташқари, Туркистон шаҳрида қатор замонавий аэропорт, темирйўл вокзали, меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш бинолари қурилишини айтиб ўтилди. Аҳоли уйлари кўпқаватли бўлмайди, улар ўрта асрлардагидек бир ёки икки қаватли бўлади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 16 Июль 2018 00:00

Энг умидбахш оятни биласизми?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعاً إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

“Сен менинг тарафимдан: “Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир”, деб айт” (Зумар сураси, 53-оят).

Имом Бухорий Саъд ибн Жубайрдан (р.а.) келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушрик Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?” деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган экан.

Али розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, Ибн Умар розияллоҳу анҳу каби зотлар бу оятни “Қуръондаги энг умидбахш оят” дейишган.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга “Менинг бандаларимга айт” дея амр билан бошламоқда.

Аллоҳ таоло “Эй инсонлар!”, “Эй мўминлар!”, “Эй одамлар!”, “Эй Менга нисбатан исён қилганлар!” демади. Балки, “Эй ... бандаларим!” деди. Менинг бандаларим деяпти. Бу эса банда учун улкан, бемисл шарафдир. Бу Аллоҳнинг раҳматидандир.

Аллоҳ таоло “Эй Менга нисбатан исён қилганлар”, “Эй гуноҳкорлар!”, “Эй фосиқлар!”, “Эй жиноятчилар!”, “Эй осийлар!”, “Эй фалон-фалон ишларни қилганлар!” демади. Балки, “Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим” деди. Бандаларининг айбларини беркитди. Уларга меҳрибонлик, лутф билан хитоб қилди. Бу ҳам Аллоҳнинг раҳматидандир.

Аллоҳ таоло гуноҳ қилган биз бандаларига “Энди ҳаммаси тамом. Тавбаларингни қабул қилмайман. Абадий азобга гирифтор қиламан. Ортга йўл йўқ. Сенларни кечирмайман” демади. Балки, “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!” деб бизни Ўзининг раҳматидан ноумид бўлмасликка чақиряпти, шунга амр қиляпти. Бу ҳам Унинг раҳматидандир.

Аллоҳ таоло  “Гуноҳ қилган бандалар тавба қилиб ўтирмасинлар. Уларни кечирмайман” демади, балки, “Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар” деди. Бандаларининг қалбларида умид уйғотяпти. Мағфират сўрашга ундаяпти. Бу ҳам Аллоҳнинг раҳматидандир.

Аллоҳ таоло “Мен гуноҳ содир этган мўмин бандаларни кечирмайман. Уларни абадий азобга гирифтор этаман” демади. Балки, “Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир” деди. Аллоҳ таоло гуноҳ қилиб, қилган гуноҳига астойдил тавба қилган мўмин бандасининг гуноҳларини кечиради. “Ўта мағфиратли” дегани кўп бандаларининг кўплаб гуноҳларини кечиради, деганидир. “Ўта раҳмли” дегани банда тавба қилганидан кейин, уни айнан ўша гуноҳи учун азобламай, раҳм қилади, деганидир.

Ҳа, азизлар, Роббимиз Меҳрибон, Раҳмли, Ғофир, Ғофур, Ғаффордир. Гуноҳ қилиб қўйганимизда, Унинг раҳматидан умидимизни узмай, дарҳол тавба-истиғфорга берилиб, Унинг ўзидан бизни мағфират қилишини сўрайлик! Албатта, У бандаларининг кўплаб гуноҳларини мағфират этувчи ва бандаларига раҳмли зотдир.

 

 

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

Понедельник, 16 Июль 2018 00:00

20.07.2018 й. Сув-бебаҳо ва илоҳий неъмат

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! “Оби ҳаёт” деб аталмиш сувнинг азизлиги ва уни исроф қилишнинг гуноҳ ишлардан экани тўғрисида тўхталиб ўтамиз. Аллоҳ таоло Ерни яшашга қулай қилиб яратгани баробарида, унда сувларни оқизиб қўйди, турли ўт-ўлан, дов-дарахтларни ўстириб ҳам қўйди. Қуръони каримнинг кўпгина сураларида Аллоҳ таоло инсонларга ато этган неъматларини эслатар экан, сувни ҳам зикр қилади:

أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاء الَّذِي تَشْرَبُونَ   أَأَنتُمْ أَنزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنزِلُونَ   

لَوْ نَشَاء جَعَلْنَاهُ أُجَاجاً فَلَوْلَا تَشْكُرُونَ   )سورة الواقعة/70- 68 (

яъни: “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, (шу обиҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?” (Воқеа сураси, 68-70 -оятлари).

Бошқа ояти карималарда эса Аллоҳ таоло бандалари учун ва уларга мусаххар қилиб қўйилган чорва ва турли набототлар учун сув энг зарурий неъмат эканини баён этиб, бундай марҳамат қилади:

هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً لَكُمْ مِنْهُ شَرَابٌ وَمِنْهُ شَجَرٌ فِيهِ تُسِيمُونَ   يُنْبِتُ لَكُمْ بِهِ الزَّرْعَ وَالزَّيْتُونَ وَالنَّخِيلَ وَالْأَعْنَابَ وَمِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ  (سورة النّحل/10-11(

яъни: “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 10-11-оятлар).

Мутахассислар фикрича,  инсон таомсиз бир икки ҳафтагача яшаши мумкиндир, аммо сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Одам танасидаги сув агар ўн беш фоизга камайса, у ҳалок бўлади. Инсон танасининг аксар қисми сувдан иборат. Масалан, чақалоқ оғирлигининг етмиш беш фоизини сув ташкил этади. Сув -   инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаидир. Бунга яна одамнинг покланиши учун ва бошқа мақсадларда ишлатадиган суви ҳам қўшилса, инсонга сув қанчалик зарур ва бебаҳо неъмат экани ойдинлашади.

Анбиё сурасида шундай дейилади:

 ...وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاءِ كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ  ... (سورة الأنبياء/30)

яъни: “...ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!..” (Анбиё сураси, 30-оят).

Тоза ичимлик сувини эҳтиёждан ташқари ишлатиш ва ҳуда-беҳудага оқизиб қўйиш каби ҳолатларнинг учраётгани ўта ачинарли ҳолдир. Айрим давлатларда тоза ичимлик суви олтинга тенг бўлиб турган, минглаб кишилар, ёш гўдаклар ичимлик суви танқислигидан азият чекаётган бир шароитда, сизу биз Аллоҳ ато этган шундай буюк неъматнинг қадрига етмаслигимиз ношукрликдан бўлак нарса эмас. Ҳозирги пайтда жами 470 миллион киши сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига ўн миллион киши касалланиб, нобуд бўлмоқда.

Аллоҳ таоло барча нарсаларни бир-бирига узвий боғлиқ ҳолда, ўзига хос ўлчови ва ҳисоби билан яратган, бу ҳақда Қуръони каримда далиллар жуда кўп. Жумладан:

أَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَسَالَتْ أَوْدِيَةٌ بِقَدَرِهَا  ... (سورة الرّعد/17)

яъни: “Аллоҳ таоло осмондан ёмғир сувларини туширади ва водийларда сувлар ўз ўлчови ва ҳисоби билан оқади...” (Раъд сураси, 17-оят).

وَأَنْزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً بِقَدَرٍ فَأَسْكَنَّاهُ فِي الْأَرْضِ وَإِنَّا عَلَى ذَهَابٍ بِهِ لَقَادِرُونَ  (سورة ﺍلمؤمنون/18)

яъни: “Биз осмондан ҳисоби билан ёмғир сувларини ёғдириб, Ерга ўрнаштирдик. Биз бу сувларни кетказиб, сизларни ундан маҳрум қилиб қўйишга ҳам қодирмиз” (Муминун сураси, 17-оят).

Бу ояти карималар орқали Ҳақ таоло бизларга Ер юзидаги барча нарсалар, шу жумладан сув ҳам ўзининг маълум ҳисоби ва ўлчови билан яратилганлигини маълум қилади. Яъни керагидан ортиқ ёмғир ёғса, сув тошқини пайдо бўлиб, экинлардан тортиб, турар жойларгача вайрон бўлиб кетиши, агар бутунлай ёғмай қўйса, қурғоқчилик, сув танқислиги рўй бериши мумкин эди.

Бугунги кунда мусулмонлар орасида Аллоҳ таоло ўзларига ато этган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга бепарво муносабатда бўлаётган кишиларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти. Сувнинг исроф бўлишига йўл қўймай, уни тежаб-тергаб ишлатайлик. Азиз фарзандларимизга ҳам сувни исроф қилмасликни ўргатайлик. Бир дона носоз жўмракдан томчилаётган сув бир соатда қанча бўлишини яхши тасаввур қиламиз. Сувни исроф қилмаслик барчамизнинг бурч ва вазифамиз эканлигини асло унутмайлик. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси биринчи даражали муаммолардан бўлиб турибди. Айни пайтда дунёда бир миллиарддан ортиқ киши тоза ичимлик сувига муҳтож.

Сўнгги йилларда теварак атроф, ер, сув ва ҳавода сезиларли ифлосланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиб, соғлом авлод учун курашиш эса барчамизнинг бурчимиздир.

Зеро, соҳага оид ўнлаб мутасадди идора ва ташкилотлар бу борада доимий фаолият олиб бормоқда. Улар атроф муҳитни озода сақлаш, ичимлик ва оқава сувларидан оқилона фойдаланиш борасида эртаю-кеч меҳнат қилаётган эканлар, уларнинг ҳам меҳнатларини қадрлайлик.

Чунки Аллоҳ таоло каломи шарифида бандаларига шундай хитоб қилади:

 وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ  (سورة ﺍلمائدة/2)

яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Юқоридаги ояти карима асосида бизлар, албатта, яхшилик йўлида бир тан, бир жон бўлиб, табиатимизни озодалиги, ҳаётимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги йўлида биргаликда ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Агар мана шу панд-насиҳатларга амал қилиб, Яратганнинг бизга берган ва бераётган неъматларига нисбатан ақл билан иш юритиб, ўз вақтида шукронасини бажо келтирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бу неъматларини бизга янада зиёда қилиб беради.

Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда бизлар тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўйяпмиз. “Нега бундай?”, десангиз, “совуқда музлаб қолади”, каби баҳоналар топилади. Тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, ичимлик сувини салқинлатиш учун ҳовлиларимизга ва кўчаларимизга сепамиз. Таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда айниқса, тежамкорлик деган нарса батамом унутилганига иқрор бўласиз.

Сувни тежаш ҳақида ҳадиси шарифда шундай келади:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْروٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ بِسَعْدٍ وَهُوَ يَتَوَضَّأُ فَقَالَ: مَا هَذَا السَّرَفُ يَا سَعْدُ؟ قَالَ: أَفِي الْوُضُوءِ سَرَفٌ؟ قَالَ: نَعَمْ، وَإِنْ كُنْتَ عَلَى نَهْرٍ جَارٍ (رواه الإمام أحمد والإمام ابن ماجة .(

яъни: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Саъд розияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларида “Эй Саъад бу исроф нимаси”, – дедилар. Саъад розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсанг ҳам”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).

Таҳоратда ортиқча сув ишлатиш исроф ва мумкин бўлмаганидан кейин қолган нарсаларни қиёслаб олаверинг. Экинга ҳам эҳтиёждан ортиғини ишлатиш исрофдир.

Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги борган сайин ортиб бормоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб боришимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, неъматларининг шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَا أَنْعَمَ ﺍﷲُ عَلىَ عَبْدٍ مِنْ نِعْمَةٍ صَغُرَتْ اَوْ كَبُرَتْ فَقَالَ الْحَمْدُ للهِ إِلاَّ كَانَ قَدْ أُعْطِىَ أَفْضَلَ مِمَّا أَخَذَ" (رواه الإمام  ابن ماجه).

яъни: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун: “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, – деганлар  (Имом Ибн Можа ривояти).

Бугунги кунда барча инсонлар аввало тоза сув истеъмол қилиб, саломатликларини муҳофаза этишлари нақадар долзарб эканлигини чуқур ҳис этишлари лозим. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг буюк неъмати бўлмиш сувни тоза сақлаш, тежаб ишлатиш ва истеъмолда меъёрга риоя қилишлари керак.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида ҳаж ибодатининг фарз ва вожиблари ҳақида суҳбатлашамиз:

Ҳаж ибодати уч турлидир: Қирон, таматтуъ ва ифрод. Бизнинг юртдан борадиган ҳожилар асосан таматтуъ ҳажини қиладилар.

Ҳажнинг фарзлари

  1. Эҳром боғлаш. 2. Арафотда бир муддат туриш. 3. Ифоза тавофи.

Ҳажнинг вожиблари

  1. Сафо ва Марва оралиғида саъй қилиш.
  2. Муздалифада (тонг отгандан кейин) бир дақиқа бўлса ҳам туриш.
  3. Уч кун шайтонга тош отиш.
  4. Сочни тагидан ёки қисқартириб олдириш.
  5. Видолашув тавофини қилиш.
  6. Қypбoнлик cўйиш (қиpoн вa тaмaттyъ ҳажини ният қилгaнлapгa).

Яна бошқа лозим амаллар ҳам бор, уларнинг баъзилари қуйидагилардан иборат:

  1. Тавофда таҳоратли бўлиш.
  2. Тавофни ўнгдан бошлаш, ўнг елкасини Сафо тепалигига, чап елкасини Байтуллоҳга қилиб туриб, бошлаш.
  3. Ҳатимни (Каъбаи муаззама ёнидаги эски бинонинг пойдевори ёки бир бўлаги) орқасидан тавоф қилиш.
  4. Тавофни пиёда қилиш (узрлилар аравада ўтириб тавоф қилишга рухсат бор)
  5. Тавофдан кейин икки ракат тавоф намозини ўқиш.
  6. Соч олдиришдан олдин қурбонлик қилиш.
  7. Саъйни Сафодан бошлаш.
  8. Арафотда қуёш ботгунча туриш.
  9. Ҳар кунги тош отишни иккинчи кунга қолдирмаслик.
  10. Тавофи ифозани (тавофи зиёратни) уч кун ҳайит ичида қилиш.
  11. Арафа куни Арафотда пешин билан аср намозларини пешин вақтида қўшиб ўқиш, шом ва хуфтан намозларини хуфтон вақтида Муздалифада қўшиб ўқиш.

Ҳажнинг бирон бир вожибини тарк қилган кишининг ҳажи бузилмайди, лекин биp жoн­лиқ cўйиш вoжиб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни сувга эътиборли бўлиш, уни тежаб, авайлаб ишлатиш ва ушбу неъматга доимо шукр қилиб боришимизни насиб айласин!

Бугунги кунда “Ўзстандарт” агентлиги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик бўйича 33 мамлакат билан 47 ҳужжат имзолаган.
 
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан “Ўзстандарт” агентлигининг халқаро муносабатлардаги мавқеи ва ҳамкорлик истиқболлари” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
 
Унда агентлик бош директори ўринбосари Жасур Шукуров ва бошқалар халқаро ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан маълумот берди.
 
Бугунги кунда “Ўзстандарт” агентлиги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик бўйича 33 мамлакат билан 47 ҳужжат имзолаган. Стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларини қамраб олган келишувлардан 12 тасини ҳукуматлараро, 35 тасини идоралараро битимлар ташкил этади.
 
“Ўзстандарт” агентлиги стандартлаштириш соҳасида Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO), Халқаро электротехника комиссияси (МЭК), Россиянинг “Росстандарт”, Малайзиянинг Стандартлар департаменти, Жанубий Кореянинг Технологиялар ва стандартлар агентлиги, Сингапурнинг “Спринг” каби ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатган.
 
Метрология соҳасида ҳамкорликни қонунийлаштирувчи халқаро ташкилот (МОЗМ), Ҳудудий метрология ташкилоти (КООМЕТ), Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси (BIPM) ҳамда ҳалол стандарти соҳасида Ислом давлатлари стандартлаштириш ва метрология институти (SMIIC) ва Туркия стандартлар институти билан яқин алоқа ўрнатилган.
 
– Ўзбекистонда ҳалол стандарти бўйича ҳали тўлиқ тизим ишлаб чиқилмаган, ҳалол стандарти сертификати берадиган ташкилотлар мавжуд эмас. Шу йўналишда ишлар олиб борилмоқда. Тез орада ҳалол стандарти сертификати берадиган ташкилотларга эга бўламиз, – деди Ж.Шукуров.
 

 

Д.Суннатов, ЎзА

Куни кеча Марғилон шаҳрида жойлашган “Хонақоҳ“ жоме масжидининг янги биноси учун дастлабки ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда salla.uz забар берди.

Тадбирда Марғилон шаҳрининг бир қанча зиёлилари ва «Хонақоҳ» масжидининг жамоати иштирок этган. Меҳмонлар бино пойдеворига илк ғиштларни қўйишди ҳамда дуолар қилишган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top