muslim.uz

muslim.uz

Середа, 09 ноябрь 2016 00:00

Дубайда LEGO боғи очилди

Дубайда Яқин Шарқдаги ягона тематик Legoland боғи очилди. Дунё бўйича бундай боғлар сони еттитани ташкил қилади. Бундай боғлар БААдан ташқари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Дания ва бошқа давлатларда ҳам мавжуд. Дубайдаги Legoland боғида  барча учун севимли ва таниқли ўйинчоқ қисмларидан 15 мингта турли конструкциялар ясалган. Уларнинг орасида дунёдаги энг баланд бино Бурж ал Халифанинг ҳам нусхаси бор.

БАА ҳукумати томонидан Legoland боғини барпо этиш учун 3 миллиард АҚШ доллари сарфланди. Legoland бу кенг кўламдаги лойиҳанинг бир қисмидир, бу лойиҳага яна тематик  Bollywood ва Motiongate боғлари барпо этиш, бундан ташқари курорт меҳмонхона ва аквапарк қуриш ҳам режалаштирилган.

 

    Халқаро алоқалар бўлими

Вівторок, 08 ноябрь 2016 00:00

ИЛМ УЛУҒ НЕЪМАТДИР

 

 

Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби

Салоҳиддин Шарипов билан суҳбат

 

– Устоз, талабалик йилларингиз ва устозларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим. «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” деган муаллим, севикли Пайғамбаримиз Муҳамммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га дуруду салавотларимиз бўлсин.

Камина 1978 йили ўрта мактабни тамомлагач, Бухородаги “Мир Араб” мадрасасига киришни ният қилдим. Бу ниятни қалбимга сингдирган қиблагоҳим (Аллоҳ раҳматига олсин) отам бўлади. Ўзи илмли бўлмаса-да, отаcи катта олим ва қорилардан бўлган. Лекин отамнинг у зотдан бирор илм ўрганиш имконияти бўлмаган. Чунки бобом турли хил таъқиблар остида бўлиб, умрининг кўп қисми қочувда ўтган. Ҳар замонда фарзандининг дийдорини кўриш насиб этган, холос. Шунинг учун отамнинг бирдан-бир орзулари мени илмли, ўқимишли қилиш эди. Шу боис, мактабда ўқиб юрган кезларимданоқ менга: “Сен Бухорога ўқишга борасан”, деб кўп таъкидларди.

Собиқ иттифоқда ягона ушбу мадрасада атиги 50–60 нафар талаба таҳсил оларди. Ҳар йили 10–12 талаба қабул қилинар, юртимизга атиги битта ё иккита ўрин ажратиларди. Мен ҳам шу мадрасанинг талабаси бўлиш ниятида ҳужжатларни тўпладим, аммо имтиҳон ҳайъати, ҳужжат топшириладиган хоналарнинг олдига яқин бориш ҳам насиб этмади.

Шундай қилиб, 1978 йил тугаб борар, янги ўқув йилининг эса тўрт ойи ҳам ортда қолган эди. Отам диний идоранинг раҳбарларидан бири Юсуфхон Шокиров (Аллоҳ раҳматига олсин) билан отам қадрдон бўлиб, у кишига мени ўқитиш нияти борлигини айтиб юрарди. Бир куни Юсуфхон Шокиров домла отамга: “Мадрасада иш бор, ўғлингиз шу ишни бажарармикан?” дебди. Отам нима ишлигини ҳам сўраб-суриштирмай, дарҳол: “Бажаради!” деб жавоб берибди. Юсуфхон домла: “Сиз аввал фарзандингиздан сўранг, хўп дейдими, йўқми, ҳозир кўп ёшлар бундай ишдан ор қилишади”, дебди. Отам: “Нима иш қилиши керак?” деб сўраганида, домла: “Фаррошлик”, дебди. Шунда отам яна ҳеч ўйлаб ҳам ўтирмай: “Қилади!” дебди. Ўша куни отам уйга бениҳоя хурсанд ҳолда келиб: “Ўғлим, ўқишга кирдинг”, деди.

Сўнгра ота-бола Бухорога қараб йўлга тушдик. Отам мадрасанинг хўжалик ишлари бўйича раҳбарига топшириб: “Суяги бизники, эти сизники, ишлатасизлар, ўқитасизлар”, деб ташлаб кетди. Мадрасанинг саҳни жуда катта эди. Ҳар куни эрталаб ўқиш бошлангунча бир гектарга яқин майдонни тозалаб, “чиннидек” қилиш менга юклатилди. Бўш вақтларимда устозлардан тафсир, араб тили каби фанлардан сабоқ ҳам олиб турдим.

Янги ўқув йили бошланди, мадрасада меҳнат қилаётганимга бир йил бўлиб қолди. Одатдагидек ҳудудни тозалаб юрганимни кўрган мадраса раҳбари Абдуқаҳҳор Шоший домла: “Қанчадан бери бу ерда ишлаяпсан?” деб сўради. Мен яқинда бир йил бўлишини айтдим. Домла: “Қани, бир йилдан бери нимани ўргандинг?” дедилар. Мен устозлардан ўрганган билимларни бирин-кетин санай бошладим. Домла менга: “Яхши, сен бугундан бошлаб мадрасамиз талабасисан, иккинчи босқичдан ўқишни бошлайсан, аммо билиб қўй, расмий талаба ҳисобланмайсан, яъни сенга стипендия ва шу каби имкониятлар берилмайди”, дедилар. Қувончдан бошим кўкка етиб, ўқишни бошладим. Бир йилдан кейин – 1980 йили ҳарбий хизматга чақиришди. Икки йил ўтиб, мадрасага қайтдим. Тўртинчи босқичга қабул қилишди.

1983–1984 ўқув йили бошланди. Тошкентдаги олий маъҳад раҳбарияти мадрасага келиб, маъҳадда ўқитиш учун иқтидорли талабалардан 14 нафарини танлаб олишди, улар орасида мен ҳам бор эдим.

1987 йили ушбу олий маъҳадни битирдим. Институтдан мени Бухородаги мадрасага мударрис қилиб жўнатишди. У ерда икки йил, сўнг маъҳадда бир йил дарс бердим. 1990 йили эса 11 йил илгари фаррош бўлиб иш бошлаганим мадрасага раҳбар этиб тайинландим. Тақдир қизиқ экан-да, ҳеч ким эртага нима бўлишини асло билмас экан.

1993 йили маҳадда илмий мудир лавозимида ишладим. Меҳнат фаолиятим даврида ҳам бир қатор олижаноб, забардаст, талабчан устозлардан таълим олдим. Биринчи устозим, қироат илмидан сабоқ берган Садриддин қори ака бўлади. Шунингдек, Юсуфхон Шокиров, Абдуғани Абдуллаев, Мухторжон Абдуллаев, Абдуқаҳҳор Шоший, Абдуғафур домла, Абдуллажон домла, Зоҳиджон домла, Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ, Салоҳиддин қори Муҳиддинов (Аллоҳ ўтганларни раҳматига олсин) каби етук олимларнинг илмларидан баҳраманд бўлиш насиб этди.

– Баъзи ёшлар қайси олий ўқув юртига бўлса ҳам кириб олсам бўлди, дейишади. Аслида бўлажак талаба ўз олдига қандай мақсад ва ниятларни қўйиши лозим?

– Авваламбор, “таълим”, “тарбия” сўзларига тўхталсак. Бу икки сўз доимо бирга қўлланилади. “Таълим” арабча сўз бўлиб, илм ўргатиш деган маънони, “тарбия” ҳам арабчада одоб ўргатиш деган маънони билдиради. Илм ва одоб бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Агар илм бўлса-ю, одоб бўлмаса, у илмнинг инсонга фойдаси бўлмайди. Инсоннинг ўзига фойдаси бўлмаган илмдан эса жамият ҳам, юрт ҳам ҳеч қандай манфаат кўрмайди.

Илм талабида бўлган бугунги ёшларга айтадиган маслаҳатим, аввало, сабрли бўлсинлар. Қайси соҳа ёки йўналишни танламасинлар, барчаси учун сабр қилиш керак. Сабр билангина муваффақият ва улуғ мартабаларга эришилади. Зеро, илм йўлида турли хил мусибат, синов, қийинчилик ҳамда тўсиқлар учраши мумкин. Ана шу синовларни бардош, чидам билан енгиб ўтиш лозим. Шунингдек, ёшлар қайси илмни танлашларидан қатъи назар, ўзлари севган, ихлос қилган, қизиққан илмни ихтиёр этишлари талаб этилади. Энг асосийси, ҳар бир амал, намоз, таҳорат ва бошқа ибодатларга ният қилиш лозим бўлганидек, илм эгаллашдан аввал ҳам яхши ният қилиш керак бўлади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳнинг ризолиги бўлган илм талаб қилишдан мақсади бир дунё матоҳига эришиш бўлса, жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди”, деганлар. Демак, илмга қадам қўяётган, аввало, ниятини тўғрилаб олиши керак. Бундан ташқари, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”. Талабалар шундай даражага қадам қўяётгаларини англаб етсинлар.

– Талабаликдай улуғ неъматнинг шукри ва унинг масъулияти нимада?

Талабалик Аллоҳнинг бандаларига берган улуғ неъматларидандир. Ҳар бир неъматнинг шукронасига масъул бўлинганидек, бу неъматнинг ҳам шукронасини қилиш керак. Унинг учта шарти бор. Аввало, тил билан шукр қилиш. Тил билан неъматларини беминнат берувчи Аллоҳга ҳамду санолар айтиш. Иккинчиси, неъматни Аллоҳ таоло фазли ва карами билан берганлигини қалбдан ҳис қилиш. Мисол учун, бу йил мен топширган олий ўқув юртига мингга яқин ёшлар талабаликка даъвогар бўлдилар. Шундан юз нафари талабаликка қабул қилинди. Аллоҳ ўз фазли билан мени ҳам бу бахтга муяссар бўлганлар қаторидан қилди, деб бу неъматни Аллоҳ етказганини қалбидан тасдиқлаши лозим. Асло илмим, ҳаракатим билан деб ўзининг амалига суяниб қолмаслиги даркор. Шукронанинг сўнгги шарти, неъматдан унумли ва тўғри фойдаланиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, талаба келажакда ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиши учун ота-она, устоз ва талабанинг саъй-ҳаракати талаб этилади. Ана шу уч инсоннинг ҳаракати бўлса, талаба соҳасининг билимдони бўлиб етишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Бироқ ана шу уч нафар одамдан биттаси сусткашлик қилса, кўзланган мақсад амалга ошмайди. Агар отаси сал бўшашиб: “Болам бўлди энди, шу билганинг етар”, деса талаба олим бўлмайди. Шунингдек, талаба: “Ўқиш бир гап бўлар, дўстим ўқишга машинада келади, мен қачонгача пиёда келаман?” деган ўй-хаёллар билан банд бўлса ҳам бўлмайди. Талабалик даври фақат илм билан машғул бўлиш кераклиги учун ҳам “Талабалик – олтин даврим” деб номланган. Шундай экан, талаба ўқиш даврида фақатгина илм олиш билан банд бўлиб, фикрини чалғитадиган нарсалардан узоқда бўлиши лозим. Шунда талаба илм неъматининг шукронасини адо этган ҳисобланади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

суҳбатлашди.

 

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ

суратга олди.

 

Понеділок, 07 ноябрь 2016 00:00

Ажойиб воқеа...

Бир дугонам айтиб берганди:

Қўшнисини онаси бетоб бўлиб шифохонага тушиб қолибди. Шифокорлар онахонга қўлларидан келган биринчи тиббий кўмакни беришибди. Аммо онанинг дарди енгиллашиш ўрнига оғирлашиб кетибди.  Кунларининг бирида шифокор беморнинг ахволи ёмонлашгани ҳақидаги хабарни бемор фарзандига етказишни шифохона ходимларга буюрибди. Шифохонадан ўғлига телефон орқали хабар етказилибди. Шунда, фарзанд шошган ҳолатда шифохонага - онасининг ҳузурига отланибди. Аксига олиб авто уловининг ёқилғиси кам экани, манзилгача етиб бормаслигини билган фарзанд ёқилғи олиш учун ёқилғи қуйиш шаҳобчасига кирибди. Шу пайт бир четда мушук болалагани, ҳали хатто болачалари юра олмаётганига кўзи тушиб, шаҳобча ходимидан: “Бу кимнинг мушуклари?”, деб сўрабди. Ходим: “Эгаси йўқ”, - дея жавоб қилибди. Шунда бола ҳаёл қилиб, эгаси бўлмаса, мушукни бир неча боласи хали юра олмаса, қандай овқатланади, деб ёнидаги дўкондан консерва сотиб олиб, уни очиб мушук болаларига тақдим қилибди. Ва шошилиб турганлиги боис, шифохонага тезда равона бўлибди.

Бориб онаси ётган жонлантириш хонасига кирса онаси жойида йўқ эди. Фарзанд бир оз ўйга чўмди. Кеч қолдим деб ўзини койий бошлади. Шу пайт ҳамшира ўтиб қолди. Саросимага тушган фарзанд: “Кечирасиз шу хонада онам бемор холда оғир ётгандилар”, - деб ийманиб сўради. Ҳамшира она бир оз яхши бўлганлиги учун бошқа хонага олинганлигини айтиб, хонани кўрсатди. Фарзанд хонага кириб онаизорини анча тетиклашиб, бемалол ётган холида кўрди ва хурсандчилиги ичига сиғмай: “Ассалому алайкум, Онажон! Аллоҳ сизга шифо берсин! Нима мўъжиза рўй берди?” деб сўради. Она: “Болам! Аҳволим жуда оғир, ҳушсиз бир ахволда ётган эдим. Бирданига бир мушук ва болачалари пайдо бўлиб, қўлларини кўтариб, Аллоҳ таолога шифо сўраб дуо қила бошлади. Шунда бирданига ўзимда дармон ва қувватни ҳис қилдим. Аҳволимни текширувдан ўтказган шифокорлар ҳам кўзларига ишонмай, ҳайрон қолишди ва мени оддий хонага ўтказишди ...”,-деб жавоб берди.

Ажабо! Буюк Аллоҳнинг карами кенгдир. Раҳматининг чек-чегараси йўқ. Ўзи хоҳласа, бир дафъада балоларни кўтаради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беморларингизни садақа бериб даволанглар!” - деб марҳамат қилганлар. Бир жонзотга раҳм қилинганга берилган садақа мукофоти шудир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яримта ҳурмо бериб бўлса ҳам, оловдан сақланинглар” - деб бизларга меҳрибончилик кўрсатганлар.

Яхшиликларимизни бир-биримиздан дариғ тутмайлик!

 

Ҳайдарова Мунибахон

Ҳадичаи Кубро аёл қизлар ислом билим юрти

2-курс толибаси

2016 йил 3 ноябрь куни “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида “ФИҚҲ – машаққату қийинликлардан нажот берувчи қўрғондир” мавзусида интеллектуал беллашув бўлиб ўтди. Беллашувни 2016 йилнинг “Энг яхши услубчиси” бўлган билим юрти фиқҳ фани мударрисаси Ҳуснугул Ҳалимова ташкиллаштирди.

Беллашувда билим юрти 3-курс, 2-а ва 2-б гуруҳ талабалари ўзаро беллашишди. Ушбу тадбирга Бухоро Давлат Университети тарих фани кафедраси катта ўқитувчиси Мавжуда Орипова ташриф буюриб, билим юрти фахрий устозлари Азиза Халилова ва Олия Маҳмудова билан беллашувга ҳакамлик қилишди.
Ҳар бир шарт жуда қизғин фиқҳий масалалар, ҳаётий муаммоларни ечимини топиш ва баъзи ихтилофий масалаларни ўрганиш ва уларга раддиялар орқали  гуруҳ аъзоларининг жавоб беришлари кузатилди. Тажрибали устоз изланишлари самараси ўлароқ беллашув жуда файзли ўтди. 

Беллашув натижаларига кўра

  1. “Ҳидоя” гуруҳи 1-ўринга;
  2. “Виқоя” гуруҳи 2-ўринга;
  3. “Абу Ҳафс Кабир издошлари” гуруҳи 3-ўринга сазовор бўлишди.

Беллашувда фаол иштирок этган талабалар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Махфуза БОЗОРОВА,

 “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом

билим юрти Ҳадис фани ўқитувчиси

Понеділок, 07 ноябрь 2016 00:00

Маърифат улашиб...

Бухоро шаҳар “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида ноябрь ойида ҳадис фани ойлиги ўтказилмоқда. Шу боис билим юртида ташкилий ҳамда маънавий-маърифий ишлар жуда қизғин суръатда давом этаяпти. Кўргазмалар ойнасида Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак ҳадисларидан намуналар, ҳадис илми ривожига ҳисса қўшган буюк олти силсила ва ҳадис фанига тааллуқли бўлган турли адабиётлар билим юртига ташриф буюрган ҳар бир кишини дилини хушнуд этиб, ўзига жалб қилмай қўймайди. Билим юрти талабалари жуда кўтаринки кайфиятда кўргазмалар атрофида жам бўлишиб, бу жараённи ташкил қилган устозлари ҳадис  фани мударрисаси Маҳфуза Бозоровадан ўзларини қизиқтирган масалаларда фикр алмашишмоқда.

Билим юртида жорий йилнинг ноябрь ойида айнан шу фанга доир давра суҳбати ўтказилиши мударриса Маҳфуза Бозорова томонидан режалаштирилмоқда. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларини янада чуқур ўрганиш учун ҳаракатда бўлган барча билим юрти жамоасига жумладан, ҳадис фани мударрисаси Маҳфуза Бозоровага зафарлар тилаб қоламиз.

      Мунира Хўжаева, билим юрти тарбиячи ўқитувчиси

Top