muslimuz

muslimuz

Вівторок, 11 июль 2023 00:00

Гуноҳ ва хатоларга тавба қилиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Намоз намозгача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Рамазон рўзаси Рамазон рўзасигача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Лекин учта гуноҳ бундан мустасно:

Аллоҳга ширк келтириш;

Суннатни тарк қилиш;

Келишувни бузиш.

Бунга ўхшаш лафзларнинг саноғи йўқ. Уларни битта доирада жамлаш мушкул. Улар доимо мубҳам бўлиб қолаверади.

Ҳидоятга етиш йўли эса фақат тавба биландир. Аллоҳ кўксига иймонни мустаҳкам жойлаган инсонлар ҳар қадамларида ўзларини ислоҳ қилиб, нафсларини тергаб, у билан курашадилар ва нафсларини енгадилар. Аллоҳ кимнинг қалбини Исломга очиб саодатманд этган бўлса, у Парвардигори томонидан бўладиган нур устидадир. Уларнинг қалби Қуръон ва иймон нури билан ёғду сочади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ

«Ва жаннат тақводорларга узоқ бўлмаган жойга яқинлаштирилди» (Қоф сураси, 31-оят).

Жаннат қиёмат куни тақводор бандаларга яқин келтирилиб, кўзларига кўрсатилишининг ўзи уларга бўлган катта башоратдир. Ушбу шарафга кимлар эришади ва қайси сифатлар етказади?

ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ

«Бу сизга ваъда қилинган нарсадир, ҳар бир сертавбага ва муҳофаза қилувчига... » (Қоф сураси, 32-оят).

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ушбу оят ҳақида: «Сертавба ва муҳофаза қилувчи ким эканига далолат қилайинми? У холи қолганда гуноҳини ёдга олади ва у учун истиғфор айтади» деди.

ﰎ ﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ ﰔ ﰕ

«Роҳмандан ғойибона қўрққан ва қайтувчи қалб ила келган кимсага» (Қоф сураси, 33-оят).

Демак, қиёмат куни жаннат аҳлига жаннатни яқинлаштириб, олиб келинади ва:

«Бу сизга ваъда қилинган нарсадир…» – дейилади.

Яъни, «Бу дунёда ким иймон билан ибодат қилиб юрса, жаннатга киради», деб ваъда қилинган эди, ана ўша ваъда қилинган жаннат шу.

Ундан сўнг жаннат аҳлига қувонч устига қувонч бўлиши учун, жаннат кимларга ваъда қилингани алоҳида санаб чиқилади:

«…ҳар бир сертавбага ва муҳофаза қилувчига, Роҳмандан ғойибона қўрққан ва қайтувчи қалб ила келган кимсага».

«сертавба...»

Қилган гуноҳларига зудлик билан қайта-қайта тавба қилиб юрган шахслар. Тавбанинг аҳамиятини шундан билса ҳам бўлади.

«муҳофаза қилувчи...»

Оятда «муҳофаза қилувчи» деб қўйилганининг ўзи ғоят улкан маънони англатади. Нимани сақлаш керак бўлса, шуни сақловчилар ушбу маънонинг ичига киради. Жумладан, шариат чизиб қўйган чегарани сақловчи, Аллоҳга берган аҳду паймонини сақловчи ва ҳоказо. Бу ҳам жаннатийларнинг сифатларидан бири экан.

«Роҳмандан ғойибона қўрққан...»

Роҳман – Аллоҳнинг сифатларидан бири, ғойибона қўрқиш – Уни кўрмасдан қўрқишдир. Албатта, бу сифат жуда ҳам зарур бўлиб, Аллоҳ таолодан ғойибона қўрқмай туриб, жаннатга киришни хаёлга ҳам келтирмаслик керак.

«қайтувчи қалб ила келган...»

Аллоҳнинг ҳузурига қалби касал бўлмай келувчи. Қалбнинг саломатлиги энг муҳим сифатлардан экани ҳаммага маълум. Аллоҳ барчамизга қалб саломатлигини насиб этсин.

Аллоҳим, биз Сендан барча гуноҳ ва хатоларга истиғфор сўраймиз.

Хуршид Маъруф

Абу Зар розияллоҳу анҳу­дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Ал­батта, мен сиз кўрмаган нарсаларни кўраман ва сиз эшитмаган нарсалар­ни эшитаман. Осмон ингради ва унинг инграши ҳақ эди. Унда тўрт панжа сиғадиган ҳар бир жойда битта фаришта Аллоҳга сажда қилиб пешонасини қўйган. Аллоҳга қасам, агар менинг билганимни билганингизда эди, албатта, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлардингиз. Тўшакларда аёллар билан ишрат қилмаган бўлардингиз. Дашту саҳроларга чиқиб, Аллоҳга зорланган бўлардингиз! Қани эди, кесилиб ташланадиган дарахт бўлсам”, дедилар» (Имом Термизий ривояти)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу ва бошқа бир неча ҳа­дисларида кўпчилик инсонлар кўра олмайдиган нарсаларни кўриб, аксарият одамлар эшита олмайдиган нарсаларни эшитишларини таъкидлаганлар. Набий алайҳиссаломга берилган бу хислат Аллоҳнинг у зотга улуғ инъомидир. Ана шу инъом туфайли Расулуллоҳ кўплаб инсонларнинг иймон билан шарафланишига сабабчи бўлганлар.

Мазкур ҳадис тўлиғича тақво, зуҳд, вараъ ҳақидадир. Уни ўқиб, англаб, Набий алайҳиссалом биз эшита олмаган, кўра олмаган, билмаган нарсаларимизни билишини англаш орқали у зотга меҳримиз, муҳаббатимиз янада ошиб бораверади. Тақводор ва зоҳид бўлиш учун инсон ўта ҳассос, кўпчилик ҳис қилмайдиган нарсаларни ҳис қилиши керак.

Шу билан бирга, “Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!” (Қамар сураси, 17-, 22-, 32- ва 40-оятлар) оятига мувофиқ Қуръони каримни тадаббур қилишимиз, Рабби­миз яратган махлуқотларни тафаккур қили­шимиз лозим. Ана шу йўлни тутган баъзи кишилар ўз ибодатлари ва саъй-ҳаракатлари билан муайян даражага эришиши мумкин.

Набий алайҳиссалом: “Албатта, мен сиз кўрмаган нарсаларни кўраман ва сиз эшитмаган нарсаларни эшита­ман”, деб ўша нарсалар нима эканини ҳам баён қилмоқдалар: “Осмон ингради ва унинг инграши ҳақ эди”. Осмон худди уловга оғир юк юкланганда, уни кўтаришда қийналиб кучаниб овоз чиқаргандек овоз чиқарди. Осмоннинг инграшига сабаб шуки, “Унга фаришталар тўрт панжа сиғадиган жой ҳам қолдирмай тўлдилар. Ҳаммалари Аллоҳга сажда қилиб пешоналарини қўйдилар”. Шу издиҳом ва оғирлик осмоннинг инграшига сабаб бўлди.

“...Аллоҳга қасам, агар менинг билганимни билганингизда эди, албатта, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз...” Биз Ислом уммати кўп нарсаларни билмаганимиз учун кўп кулиб, оз йиғлаймиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда огоҳлантиради: “Бас, қилган касблари туфайли оз кулиб, кўп йиғласинлар” (Тавба сураси, 82-оят)

“Тўшакларда аёллар билан ишрат қилмаган бўлар эдингиз”. Чунки бил­маган нарсаларимизнинг даҳшати бизни бошқача қилиб қўяди. Шу боис ҳою ҳавасни йиғиштириб қўйиб, ҳар бир нарсани меъёрида бажариш лозим. Шундагина “...дашту саҳроларга чиқиб Аллоҳга зорланган бўлардингиз...” сўзига риоя қилиб, Аллоҳ таолодан ўзга паноҳ йўқлигини англаб етамиз.

Фатҳ сурасининг 2-: (Бу фатҳ) Сиз учун Аллоҳнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни кечиши... учундир” оятига мувофиқ олдинги ва кейинги гуноҳлари афв этилган бўлса-да, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қани эди, кесилиб ташланадиган дарахт бўлсам”, деб орзу қилганлар.

Бундан Пайғамбаримиз алай­ҳиссалом кўрган ва билган нарсалар жуда даҳ­шатли экани аёнлашади. Биз буни унутмаслигимиз лозим. Чунки мўмин киши хавф (қўрқув) ва ражо (умид) орасида бўлиши керак. Шун­да Аллоҳ таоло ният ва ихлосимизга яраша мақом ва даражаларимизни кўтаради, иншоаллоҳ.

Манбалар асосида

Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

Одам алайҳиссалом Раббисининг амрига осий бўлганлигини эътироф этди, хатоси тан олди ва тавба қилди:
قَالَا رَبَّنَا ظَلَمۡنَاۤ اَنۡفُسَنَا وَاِنۡ لَّمۡ تَغۡفِرۡ لَـنَا وَتَرۡحَمۡنَا لَـنَكُوۡنَنَّ مِنَ الۡخٰسِرِيۡنَ
"Икковлари: «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз», дедилар" (Аъроф сураси, 23-оят). 

Иблис эса осий бўлганини тан олмади, итоат этмаганига баҳона келтирди ва ўзини оқлашга уринди:
قَالَ اَنَا خَيۡرٌ مِّنۡهُ‌ خَلَقۡتَنِىۡ مِنۡ نَّارٍ وَّخَلَقۡتَهٗ مِنۡ طِيۡنٍ
"У: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди (Аъроф сураси, 12-оят).

Одамга ҳам, Иблисга ҳам амр этган Аллоҳ таоло эди. Одам кимга осий бўлганлигини билди, Иблис эса англамади.

https://t.me/tuhur

Самарқандда “Бутунжаҳон туристик жозибадор объектлар” ташкилоти рўйхатига кирган объектлар сертификатларини топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирда Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Пискурев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов ва бошқалар мазкур рўйхат ва унинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.  

2017 йилнинг 7 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё Маданият, фан ва таълим кенгашининг иккинчи сессиясида “Жамиятлар, халқлар ва миллатларнинг барқарор ривожланиши учун туристик диққатга сазовор жойларни рағбатлантириш тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинган. Конвенцияни амалга ошириш доирасида туризмнинг жозибадорлиги ва туризмни барқарор ривожлантириш бўйича халқаро қўмита тузилди.

Халқаро қўмита фаолиятининг асосий масалаларидан бири туристик диққатга сазовор жойларни оммалаштириш, жамиятлар, халқлар ва миллатларнинг барқарор ривожланиши йўлида туристик ҳудудларни тарғиб қилишдан иборат.

– Халқаро қўмита “Туристик диққатга сазовор жойларнинг жаҳон рўйхати”ни тузади, янгилайди ва глобал Интернетда эълон қилади, айниқса қимматли моддий, номоддий ва табиий туристик диққатга сазовор жойлар рўйхатини эълон қилади, – деди Р.Қобилов. – Муайян объектни махсус туристик диққатга сазовор жойларнинг жаҳон рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарор халқаро қўмита сессиясида овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Бугунги кунга қадар мазкур ташкилотга хорижий мамлакатларнинг 198 шаҳарларидаги моддий ва номоддий мерос объектлари аъзо ҳисобланади.

– ЮНЕСКО томонидан бутунжаҳон моддий ва номоддий мероси рўйхатга олиниб, ҳимоя қилинади, – дейди Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Пискурев. – Биз тузадиган рўйхат ҳам буни тўлдирадиган, дунёдаги энг эътиборли туристик объектларни тарғиб этиш, асраб-авайлашга хизмат қиладиган ҳаракат. Эътиборлиси, бунда туризм учун жозибадор объектларни сайёҳлар белгилайди. Айни пайтда дунё бўйича биз рўйхатга олган объектлар 2200 та. Эндиликда улар қаторига Самарқанддаги Регистон ансамбли ва Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси қўшилди. Тўрт йил давом этган овоз бериш жараёнида 198 давлатдаги сайёҳларни ушбу обидаларга жуда юксак баҳо берди. Айниқса, овоз берганларнинг 50 фоиздан ортиғи Регистонни дунёдаги биринчи туристик объект бўлиши керак деган фикрни билдирди.

Бутунжаҳон туристик жозибадор объектлар ташкилоти рўйхатига кирган маданий мерос объектларини CNN, Euronews, BBC, Sinxua, SNN каби дунёга машҳур 900 та агентлик тарғибот қилмоқда. 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА

Аёллар билан суҳбат вақтида диққатимни тортгани баъзилар: “Ҳажга маблағни амалладим, аммо келгандан кейин қилинадиган эҳсонга маблағим йўқ!”, “Умрага пулим бор, лекин эҳсон ва келувчиларга бериладиган совғаларга маблағ йўқлигидан умрага боролмайман” каби сўзларни эшитиб, аҳоли орасида бу борада тушунтириш ишлари олиб бориш керак эканига яна бир бор амин бўлдим.

Кейинги вақтларда ҳаждан келаётганларни кутиб олувчилар орасида дабдабага берилиш ҳолатлари кўпаяётгани ташвишлидир. Шунингдек, эркак ва аёл ҳожиларнинг “Ҳаж оши” бериши, исрофга асосланган “эҳсон”лари, ҳамроҳлар билан биргаликда эса “гап” ёки “ҳожи ўтириш” кабиларни уюштиришлари одат тусига кириб бормоқда.

Бир онахон билан гаплашганимда у киши ҳажга бирга борган аёлларнинг бир-бирлари билан “гап” ўйнаши ҳақида гапириб қолди. Бу йиғилишлар эҳсондан ҳам кўпроқ кимўзар, риё ва манманликка ўхшаб кетишини айтди.

Дастурхонга сўнгги русумдаги биллур идишлар, турли-туман таомлар, Эрондан келтирилган мевалар қўйилган. Кейинги “гап”ни қиладиганлар эса албатта, бунданда ўтказиб қилишга ҳаракат қилишлари турган гап. Шароити кўтарганларнинг манманликка берилиши ошиши, қўли юқа кишиларнинг эса кўнгил синиши юз бераётгани ачинарли ҳолдир.

Ҳажга ё умрага кетаётган айрим аёллар: “Эҳсон қилиш керакми?” деб, сўраб қолишади. Шариатда бирор ибодатдан кейин эҳсон қилинсин, деган кўрсатма йўқ! Ваҳоланки, бу амаллар имконияти етган мўминнинг ўз бандалик вазифаси ва мажбуриятини бажариши, холос.

Қуръони каримда: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тўкис адо этинг” деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 196-оят).

Ҳаётимизда пайдо бўлаётган бидъат-хурофотларни бартараф этишда, аввало, Қуръони карим оятлари, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари ва Ҳанафийлик мазҳабига оғишмай амал қилинганимиздагина мақсадга эришишимиз мумкин.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар менинг суннатимни ва мендан кейинги ҳидоятдаги рошид халифаларнинг суннатларини маҳкам тутинглар ва унга тиш-тирноқларингиз билан ёпишинглар”, дедилар (Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривояти).

Бир илмли кишидан: “Ҳажи қабул бўлганини қандай билиш мумкин?” деб сўрашибди. У: “Ҳажга борган одам ҳаждан келгандан кейин яхши томонга тубдан ўзгариши ва гуноҳлардан ўзини тийиши ҳажи қабул бўлишига яхши гумондир”, деб жавоб берибди.

Шундай экан, ҳар бир ҳожи Ватанга қайтгач, нафақат яқинларига балки, мухлис халқимизга ўзларининг юриш-туриши, муомаласи билан бирга сарф-харажатда ҳам ибрат кўрсатишларини унутмаслигини Яратгандан сўраб қоламиз.

Мунира Абубакирова,

Хотин-қизлар масалалари бўйича

бўлимнинг  етакчи мутахассиси

 

Top