muslimuz

muslimuz

Тасаввуф ва тафсир илми ривожига салмоқли ҳисса қўшган қомусий олим Ал Ҳаким ат-Термизийнинг Қуръон шарҳига бағишланган илк асари бугунгача “йўқолган” деб келинар эди.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Жўрабек Чўтматовнинг изланишлари самараси ўлароқ ушбу асар қўлёзмаси Туркиянинг Бурдур шаҳридан топилди ва у нашрга тайёрланди.

Дунё тадқиқотчилари эътиборига ҳавола этиш мақсадида асар араб тилида Истанбул шаҳридаги “Дор ал-кутуб-арабийя” нашриётида “Баҳр ат-тафсир” (“Тафсир уммони”) номи билан чоп этилди. Асарни ўзбек тилида ҳам нашр этиш кўзда тутилган.  

Маълумот учун. Ал Ҳаким ат-Термизий (820-932) 400 дан ортиқ китоб ёзган бўлиб, улардан олтмишга яқини бизгача етиб келган. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Истанбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.  

 Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА 

26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни

Инсонга зарар келтирувчи нарсалардан, айниқса, энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган.

Бу ҳақда Умму салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтадилар:

"نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَمُفْتِرٍ

(رواه الإمام ابو داود)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳозирда айрим ёшлар орасида психотроп дори воситалари истеъмолига одатланиш ҳолатлари учрамоқда. Ваҳоланки, бу дори воситаларида гиёҳванд моддаларидаги каби ўзига ўргатиб қўйишдек хусусият бор.

Табиийки, бу гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилади. Динимизда ҳар қандай бўшаштирувчи ва маст қилувчи воситалар ҳаром қилинган!

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда бундай деганлар:

كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وَكُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ

رواه الإمام مُسلم عَن ابْن عمرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهما

яъни: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи ҳаромдир”  (Имом Муслим ривоятлари).


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бизга Мужаммиъ Ҳоилдан етиб келишича, у шундай даражага етган эдики, Суфён уни кўргани келар, унинг яқин дўсти эди.

Бир куни Суфён унга: Эй Мужаммиъ, ҳаж қилмаганмисиз?” деди. У: Йўқ”, деди. Суфён ўзига: Бу киши Аллоҳга содиқ, Уни таниган бўлса ҳам ҳаж қилмабди”, деди. Бизга етиб келишича, унга ҳаж қилинг, деб пул беришганида Суфён унга: Мен сиз ва амалингизни бундан ошиқ деб ўйлардим”, деди. У: Билмадингми, менга ҳаж лозим эмас эди. Ундан сўралмас эдим. Агар бу пулни олиб, ҳаж қилсам, қиёматда фарз қилингандек ҳаж қилдингми, деб сўраламан”, деди. Шунда Суфён ўзининг камчилигини билди.

Оқиллар нафсларини ҳисоб қилишни билишган. Алданган эса амалларда ва очкўзлигини қондиришда шаҳвати нафсига ғолиб келгани учун буни кўрмайди.

 Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

Замонамизнинг таниқли уламоси Муҳаммад Масиҳуллоҳ Хон раҳимаҳуллоҳ яқин ўтмишнинг буюк олими ва авлиёси эди. Жанубий Aфрикадаги кўплаб етакчи олимларнинг устози бўлган.

Унинг онаси ниҳоятда оқила ва диёнатли эди. Ҳар куни кечки овқатдан кейин унга исломий китобларни ўқиб берарди. Онаси китобларни мутолаа қиларкан, унинг кўзларидан тинмай ёш оқарди (Ҳаёт-э Масиҳул Уммат. – Б.58.).

Қалби динига бўлган муҳаббатга тўла онадан гўзал тарбия топган Мавлоно ёшлигиданоқ кенг дунёқарашга, чиройли одобга эга бўлди. Ҳали балоғатга етмасидан таҳажжуд намозини қолдирмасдан адо этишга одатланди.

Аслида, кечгача она уй юмушларини бажариб чарчаган бўлади. Лекин Муҳаммад Масиҳуллоҳ Хоннинг онаси фарзанди олим бўлиши учун асло эринмас ва чарчамасди. Мана шундай қурбонлик ва фидоийлик фарзандларни гўзал ахлоқли қилиб тарбиялайди, уларни кўз қувончимизга айлантиради.

Болалар ҳикояларни яхши кўрадилар. Шу сабабли, уларга Пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳларнинг ҳаётлари ҳақида ўқиб бериш жуда фойдали ҳисобланади. Уларнинг таъсирчан онгини ёлғон эртаклар, тўқима ҳикоялар билан булғанишига ва алданишига йўл қўймаслик керак.

Оналар фарзандига берадиган таълим ва тарбияни қандайдир бурч ёки мажбурият сифатида қабул қилмасликлари керак. Балки иштиёқ, ихлос билан олимни тарбиялаётгани, шу билан бирга Aллоҳ таолонинг дўстининг онаси бўлишдан завқланишлари лозим.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Абу Ҳумайд Соидийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Киши биров берган нарсани фақат у кўнглидан чиқариб берсагина олиши ҳалол бўлади”.

Бу мусулмоннинг моли қанчалик дахлсиз экани учундир. Анави алданганлар эса, барча ҳукмларни шу тариқа жорий қиладилар. Агар дунёда зиммасидан соқит бўлса, қутулади, дейишади. Бундай бўлишидан Аллоҳ асрасин!

Бу зиммадан мажбурий соқит қилиш-ку. Бу худди биров билан низолашиб, ундан ҳақини ололмай, безиб, охири бундан зерикиб, ҳаққидан кечиб, қочиб кетган кишига ўхшайди.

Одамлар олиб-бериб юрган қалбаки пуллар ҳам шундай. Агар улар ўзаро рози бўлишса ҳам, бу фақат ҳукмда кўринади. Аммо уни нафси талаб қилмай, ҳаққини олишдан ожизлиги учун олса, у ихтиёрий олган бўлмайди.

Тил билан розилигини айтган бўлса ҳам. Яна шунга ўхшаш: Бир кишининг бошқа киши билан тижоратда олди-бердиси бўлади. У ўша киши билан ўртасидаги олди-бердини чалкаштириб, унинг ҳақидан ўзига ўтганларини ҳалол санайди. Лекин ўзи биладики, унинг ҳақи ўзига ўтиб кетди. Бу алданишдир.

Бу ўзига ҳам очиқ-равшан кўриниб турибди. Бундан маълум бўладики, сен шеригингни чалғитиб олган нарсанг, Аллоҳ наздида сенга ҳалол эмас. Кўнгилдан чиқариб берилмаган ҳар нарса сенга душман бўлади. Сен унинг душманлигидан қутулмайсан. Бир улуғ нарса қолади. Нима қолади, деб сўралса, айтилади: Аллоҳнинг раҳмати, шафқати, саховати, карами келгунча ҳақ хусумати қолади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломга оиласини қайта жамлаб бериб, у кишининг кўзи қувонгач, у кишининг гуноҳкор ўғиллари холи қолиб, бир-бирларига: “Нима қилганимизни қаранг, укамиз Юсуфга нималар қилдик. Унинг кечирганига алданиб қолмайлик, Роббимиз ҳузурида нима деймиз? Агар Аллоҳ кечирмаган бўлса, укамизнинг кечириши бизни қутқармайди”, дейишди. Кейин бир қарорга келишиб, жамланиб, Яъқуб ва Юсуф алайҳимассалом олдига боришди.

Улар: – Эй отажон, сизнинг олдингизга олдин ҳеч сўрамаган нарсани сўраб келдик. Бошимизга ҳали бундай мусибат тушмаган эди, – дейишди. Пайғамбарлар одамларнинг энг раҳмлилари эди.

Яъқуб алайҳиссалом айтди: – Ўғилларим, сизга нима бўлди?

– Биз укамизга қилган иш учун бизни кечирдингизми?

– Ҳа, кечирдим.

– Агар Роббимиз кечирмаган бўлса, сизларнинг кечирганингиз қутқармайди.

– Унда нима истайсиз?

– Аллоҳга дуо қилинг. Агар Аллоҳдан сизга кечиргани тўғрисида ваҳий келса, шунда қалбимиз хотиржам бўлиб, кўзимиз қувонади. Аксинча, биз қувона олмаймиз. Шунда Яъқуб алайҳиссалом туриб, қиблага юзланди. Юсуф алайҳиссалом отасининг ортида турди. Акалари уларнинг орқасида хушу ва қўрқув билан туришди.

Оталари ва Юсуф алайҳимассалом уларнинг ҳаққига йигирма йил ҳар куни дуо қилишди. Акалари қийналиб, энди ҳалок бўламиз, деб ўйлашганида Аллоҳ уларга раҳм қилиб, кечирди. Жаброил алайҳиссалом йигирма йил бўлганда Яъқуб алайҳиссалом олдига тушиб: “Аллоҳ таоло сенинг болаларингга қилган дуоингни ижобат қилди. Уларнинг гуноҳларини кечирди. Бундан сўнг улар динда мустаҳкам бўлишади”, деди.

Абу Абдуллоҳ айтади: “Бу нарсаларни фақат соф ақллар ва закий қалблар идрок қилади. Ким зийрак бўлиб, ақлини ишлатса, синчиклаб назар солса, кўради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида низолашган икки киши ҳақида эшитмаганмисан?! Бизга буни Маҳдий ибн Омир Ҳасан ибн Ҳозим Санъонийдан, у Аббод ибн Кабирдан, у Ғолиб Жизрийдан, у Товусдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муҳожир ва бир ансорий ўртасида қози бўлдилар.

Муҳожир айтди: – Ё Расулуллоҳ, унинг зиммасида ҳаққим собит, менга тўламади.

Ансорий айтди: – Ё Расулуллоҳ, у тўғри айтди. Зиммамда ҳаққи бор. Мен унга тўламадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга тўла, унда”, дедилар.

Ансорий айтди: “У даъво қилган нарсани тўладим. Лекин у қилган яхшиликнинг ҳаққи турибди. Мен унга ҳам муносиб яхшилик қилишим керак”.

Муҳожирий айтди: “Ё Расулуллоҳ, у тўғри айтди”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бандалари ўртасида ақлни тарқатиб тақсимлаган Аллоҳ улуғдир. Икки кишининг амали, яхшилиги, рўзаси, намози бир хил, лекин уларнинг бири бошқаси олдида ақлда бир ниначалик фарқ қилади. Аллоҳ таоло яратганларига ақл ва яқин (ишонч)чалик яхши насибани тақсим қилмаган”, дедилар.

 Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

Top