muslim.uz

muslim.uz

Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн, вассолату вассаламу ъала Набиййил амийн ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Аммо баъд. 

Рамазон ойи шундай ойки, унинг истиқболига чиқмоқ учун бутун борлиқ: Само ўз аҳли билан, ер ўз аҳли билан тайёргарлик кўради.

Само ва унинг аҳли Рамазон ойи истиқболига  қуйидагича тайёргарлик кўради:

Биринчиси, Само эшиклари Рамазон ойи кириши билан очилади ва ёпилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачонки, Рамазоннинг илк кечаси кирса, Осмон  эшиклари очилади ва Рамазоннинг охирги тунигача улардан битта ҳам эшик ёпилмайди”.

Иккинчиси, Жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачонки, Рамазон келса Жаннат эшиклари очиб юборилади,  Дўзах эшиклари ёпиб ташланади ва шайтонлар занжирбанд қилинади”.

Учинчиси, Жаннат иймон ва рўза аҳли учун зийнатланиб тайёрланади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Менинг умматимга Рамазонда мендан олдин бирор умматга берилмаган беш нарса берилди. Улардан бирида Жаннатга: “Тайёрлан, менинг бандаларим учун безангин, улар яқиндирлар, дунё ҳаётидан толиқиб келиб Менинг ҳузуримда роҳатлансинлар!”  деб амр қилинади;

Тўртинчиси, Рамазонинг ҳар тунида Самодан нидо қилувчи ер аҳлига нидо қилади.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Самодан бир нидо қилувчи ер аҳлига  Рамазоннинг ҳар тунида то тонг отгунига қадар: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради”.

Бу ойда истиғфор айтувчи мағфират қилинади, тавба қилгувчининг тавбаси қабул қилинади, дуо қилгувчининг дуоси ижобат қилинади, сўрагувчининг сўрагани берилади. 

Яъни Само ва аҳли Само Рамазон келишига барча яхшиликлар билан тайёргарлик кўрадилар ва уни кутиб оладилар.

Ер ва унинг аҳли учун эса  Рамазон ойи қуйидаги имкониятлар ойидир.

Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойи, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди. 

Эй биродар. Рўзанинг самараси – тақводир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمْ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

 

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди. Шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара,183).

Билингки, албатта, Рамазон ойи янги ҳаёт бошлаш учун  улуғ имкониятлар ойидир. Чунки ким бу ойни ғанимат билиб, мағфират сўраса мағифират  қилинади, Аллоҳ ва Унинг Расулига қурбат қиламан деган одам мақсадига эришади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Кимки Рамазон рўзасини иймону ихлос билан тутса, ўтган жами гуноҳлари мағфират қилинади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам бундай дейдилар: “Менинг умматимга Рамазонда мендан олдин бирор умматга берилмаган беш нарса берилди:

  1. Рамазон ойининг биринчи туни бўлганида Аллоҳ бандаларига назар солади. Кимга Аллоҳнинг назари тушса, у ҳеч қачон азобланмайди;
  2. Рўзадорнинг оғзидаги нохуш ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушки-анбар ҳидидан ҳам яхшироқ бўлади;
  3. Фаришталар Аллоҳ таолодан туну кун бандалари учун истиғфор сўрайдилар;
  4. Аллоҳ таоло Жаннатга: “Тайёрлан, менинг бандаларим учун безангин, улар яқиндирлар, дунё ҳаётидан толиқиб келиб Менинг ҳузуримда роҳатлансинлар!” – деб амр қилади;
  5. Рамазоннинг охирги куни бўлганида эса уларнинг барча гуноҳлари мағфират этилади!”

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бу Лайлатул-Қадр тунида бўладими?”  деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Йўқ, бу худди ишчилар ишини тугатганидан кейин иш ҳақи олишига ўхшайди”,  дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳали олдимизда минг ойдан афзал кеча бўлмиш Лайлатул Қадр кечаси ҳам бор.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Лайлатул Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза қалқондир», деганлар. Чунки рўза ўз соҳибини шаҳватдан. гуноҳдан тўсади. Унга зарарли бўлган нарсалардан тўсади. Рўза – қалқондир, у ўз соҳибини дўзах оловидан тўсади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Рўза ва Қуръон Қиёмат куни банда учун шафоатчи бўлади. Рўза: “Эй Роббим, буни кундузи таом ва шаҳватдан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Қуръон: “Эй Роббим, буни тунда уйқудан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Шунда улар шафоатчи бўлишади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ таоло айтадики: Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун фақатгина рўзаси Мен учун ва Мен унинг мукофотини бераман. Рўза қалқондир, агар бирортангиз рўзадор бўлса, ёмон гапларни гапирмасин ва сўкинмасин. Агар бирортаси сўкса ёки урушмоқчи бўлса мен рўзадорман десин. Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, рўзадорнинг рўзаси сабабли оғзидан келадиган нохуш ҳид Аллоҳнинг олдида мискдан ҳам хушбўйроқдир. Рўзадорнинг иккита хурсандчилиги бор: Ифтор қилганда хурсанд бўлади ва Роббисига йўлиққанда рўзаси борлигидан хурсанд бўлади», дедилар.

Азиз биродар! Албатта, бу ой ибодат ойидир.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқаётиб «Омийн», «Омийн», «Омийн» дедилар. У зотга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Нега бундоқ дедингиз?» дейилди.

«Жаброил менга: «Ота-онасини ёки иккисидан бирини топиб, жаннатга кирмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим.

Кейин у: Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим.

Сўнгра у: «Ҳузурида сиз зикр қилинганингизда, сизга саловат айтмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим» дедилар».

Шундай экан бу ойни ғанимат билайлик. Бу ойдан онадан туғилгандек гуноҳлардан мағфират ҳолда чиқайлик. Омийн. 

Абдуманнон УСМОНОВ,

ЎМИ кадрлар бўлими мудири

 "Имоми Аъзам" туркум суҳбатлар (3-қисм). Салоҳиддин Абдуғаффор ўғли. Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ҳазрати Али жоме масжиди имом-хатиби


Аудиомаъруза (tas-ix)

Масжиднинг халқ орасидаги яна бир номи "Уккоша" бўлиб, унинг яқинида, ҳозирги "Чорсу" меҳмонхонаси ўрнида "Уккоша" булоғи бўлганлиги ва унга боғлаб шу ном билан номланиб келинганлиги айтилади.

Середа, 24 май 2017 00:00

Илм берувчининг одоби

Муқадас динимизда илм олиш ва уни ўргатишга катта аҳамият берилади. Илм эгаси ҳамиша қадрланади ва мақталади. Айниқса, илм ўргатувчи – устознинг бошқа касб эгаларига қараганда мартабаси, шарафи, рутбаси баланд бўлади. Шу боис пайғамбарларнинг меросларини инсонларга ўргатувчи муаллим гўзал хулқ билан зийнатланиши ва ўзига номуносиб ишлардан тийилиши ҳамда зарур одобларни ўзида мужассам этиши сув ва ҳаводек зарур ҳисобланади.

Муҳаммад ибн Ҳасан Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар: “Мен учун уламолар ҳақидаги ҳикоялар фиқҳдан кўра севимлироқдир. Чунки уларда қавмнинг одоб–ахлоқлари бор”. Ҳубайб ибн Шаҳид ўғлига деди: “Эй, ўғилчам! Фақиҳлар ва олимлар билан кўпроқ ҳамроҳлик қил, уларнинг одобларига разм сол! Сенинг мана шундай қилишинг менга ҳадисни кўп билишингдан кўра маҳбуброқдир”. Имом Шофеъийга айтилди: “Одобга хоҳишингиз қандай?” У киши жавоб бердилар: “Одобдан ўзим билмаган бир ҳарфни билиб оламан. Бас, аъзоларим унга муҳаббат қўяди ва ҳар бири эшитувчига айланади. Сўнг одоб билан ҳузурланади”. Яна айтилди: “Одоб ўрганишга талабингиз қандай?” Имом Шофеъий: “Худди она яккаю ягона боласини йўқотиб қўйиб қидираётгани каби”, дея жавоб берган эканлар.

Демак, илм берувчига ҳам одоб мана шундай зарур ва у қуйидагиларга амал қилиши матлуб:

  • Ниятни холис қилиш. Яъни илм бериши орқали Буюк Аллоҳнинг ризолигини исташи, илмини дунёвий мақсадларга эришиш воситаси қилмаслиги керак. Зеро, амалларнинг қабул бўлиши ихлосга ва чиройли ниятга боғлиқ.
  • Илмли эканини даъво қилмаслиги. Қуръонда бу ҳақида қуйидагича айтилади:

وَفَوْقَ كُلِّ ذِي عِلْمٍ عَلِيمٌ

“Ҳар бир илм эгаси узра (ундан) билимдонроқ (олим) бордир” (Юсуф сурасининг  76-ояти).

Шайх Зарруқ Моликий айтади: “Мен олимман”, “Мен сендан яхшироқман”, “Мен сендан кўра қорироқман” дейишдан йироқда бўлинг. Чунки бунга ўхшаш гаплар мана бу учтасини ҳалок қилган:

  • Шайтон. “Мен ундан яхшиман”, сўзини илк бор иблис айтган ва ҳалок бўлган.

 قَالَ مَا مَنَعَكَ أَلَّا تَسْجُدَ إِذْ أَمَرْتُكَ قَالَ أَنَا خَيْرٌ مِنْهُ خَلَقْتَنِي مِنْ نَارٍ وَخَلَقْتَهُ مِنْ طِينٍ

(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг” (Аъроф сурасининг 12-ояти).

  • Фиръавн. Ўзига мумкин бўлмаган гап ва даъвони қилиб ҳалок бўлган:

 فَقَالَ أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى

Мен сизларнинг олий Парвардигорингиздирман, – деди (Назиат сурасининг  24-ояти)

  • Қорун. Ўз илми билан мағрурланиб ҳалок бўлган.

قَالَ إِنَّمَا أُوتِيتُهُ عَلَى عِلْمٍ عِنْدِي أَوَلَمْ يَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ قَدْ أَهْلَكَ مِنْ قَبْلِهِ مِنَ الْقُرُونِ مَنْ هُوَ أَشَدُّ مِنْهُ قُوَّةً وَأَكْثَرُ جَمْعًا وَلَا يُسْأَلُ عَنْ ذُنُوبِهِمُ الْمُجْرِمُونَ

«(У:) «Мен унга фақат ўзимдаги билим сабаблигина эришдим»,– деди*. Ахир, у ўзидан аввал Аллоҳ ундан кўра қувватлироқ ва захираси ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) авлодларни ҳалок қилганини билмаганми?! Жиноятчилардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас!» (Қасас сурасининг 78-ояти)

* Қоруннинг бадавлат бўлишига Аллоҳ сабаб қилган илм қай бири экани хусусида баъзи тафсирда Тавротни яхши билиши дейилса, бошқасида у пухта билган кимё илми, деб ёзилган. Иккинчи тафсир ҳақиқатга яқинроқдир.

  • “Билмайман”, деб кўп айтиш. Аҳли илмлар бу сўзни кўп айтишарди. Машҳур имомлардан бирига ўттиздан ортиқ масала юзасидан савол берилди. Улардан тўрттасига жавоб бериб, қолганларига “билмайман” деди.

Қурофий “Захира”ларида баъзи фузалоларнинг гапларини келтириб ўтадилар: “Агар билмайман десанг, то билгунингча ўргатилаверасан. Аксинча биламан десанг, то билмай қолгунингча сўралаверасан. Шундай экан, “билмайман” дейиш илмга олиб борувчи восита бўлса, “биламан” дейиш жаҳолатга етакловчидир”.

  • Ёш, насаб ва мансаб жиҳатдан ўзидан паст инсондан бўлса-да билмаганларини ўрганишни ор санамаслик. Чунки ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсаси бўлиб, қаерда топса олаверади. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки нарсага қизиққан киши икки нарсага тўймайди: Илмга қизиққан илмга тўймайди. Дунёга қизиққан эса унга тўймайди”. (Байҳақий ривояти)

Саъд ибн Жубайр айтадилар: “Киши таълим олгани сайин илмли бўлиб бораверади. Агар таълим олишни тарк этса, ўзини беҳожат сезса ва ўзида бор нарса билан чегараланиб қолса, энг жоҳил инсонга айланади”.

Ибн Жамоа Ал Киноний “Тазкира”да келтирадилар: “Салафи солиҳларимиздан кўплари ўзлари билмаган нарсаларини талабаларидан ўрганиб олар эдилар”. Аҳмад ибн Ҳанбал: “Бизга Имом Шофеъий айтар эди: “Сизлар ҳадис илмида мендан билимдонсиз. Агар сизнинг наздингизда бирор ҳадис саҳиҳ бўлса, менга ҳам айтинг, сиздан ўрганиб оламан”. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам Убай ибн Каъбдан қироат қилиб беришини сўраганлар.

  • Илмни муҳофаза қилиш. Ўтган уламоларимиз асраганларидек илмни асраши ҳамда Аллоҳ ато этган иззат ва шараф мақомида туриши лозим. Яъни, арзимас дунё матоҳлари учун илмни бир восита қилиб, пасткаш дунёга муккасидан кетганларнинг олдига бирор узрсиз бориб, илмни хор этмасликдир.

Зуҳрий айтадилар: “Илм билан хорланиш уни ўрганувчининг уйига олиб бормоқликдир”.

Ибн Иёз ат-Тамимий ал-Марвазий Зоҳид айтадилар: “Агар илм аҳллари ўзларини ҳурмат қилсалар, илмнинг ҳаққига риоя этсалар, уни асраб, Аллоҳ туширган манзилга қўйсалар эди... ҳокимларнинг бўйинлари улар учун эгиларди. Инсонлар ўзларига йўлбошчи қилиб оладилар. Инсонлар наздида Пайғамбарлар мақомида бўлардилар. Афсуски, улар дунё эгалари учун ўзларини паст олдилар, бас хор бўлдилар, азизликлари қўлдан кетди... Инна лиллаҳи ва инна илайҳ рожиъуун! Нақадар улкан мусибат бу...

Қози Журжоний Алий ибн Абдулазизнинг қуйидаги мисралари айни ўринлидир:

 Илм аҳли асраса илмни агар,

Илм ҳам аларни ҳар недан сақлар.

Ўзларида улуғ тутсалар уни,

Илм ҳам аларни севиб улуғлар.

 

Ҳайҳот, ўзларин пастга қўйдилар,

Илмни хор айлаб, ўзларин шоҳга йўйдилар.

Илм маъюс қолиб, нолон бўлгунча

Тамаъ бирлан қалбни чунон ўйдилар.

 

  • Илмнинг омонатига вафо қилиш. Яъни илмга аҳл – лойиқ бўлмаган одамга бермаслик ҳамда муносиб бўлганга илмни ўргатиш лозим. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир. Илмни унга лойиқ бўлмаган кимсага ўргатиш худди жавоҳирни тўнғизга илиб қўйганга ўхшайди” (Имом ибн Можа ривояти).

Яна айтилади: Илмни ёмон инсонга ўргатиш, худди қароқчига қилич сотиш билан тенгдир.

“Ҳикамул Атоийя”нинг шарҳида Ибн Аббод дейдилар: “Таълим берувчи кимга таълим бераётганидан хабардор бўлиши керак. Зеро, илмини фақат яхши ва солиҳ амалар ила безангувчи одамга сарфлаши шарт” (Ғойсул маваҳибил алийя шарҳ ҳикамул атоийя).

Бундан ташқари, Нисо сурасининг 5-оятида Аллоҳ берган молларни ақли норасоларга бериб қўймаслик ҳақида айтиб ўтилган.

Илмни унга қизиқмаган, ёқтирмаган ва илмни эгалласа фасод ишларни қиладиган одамга ўргатиш уни зое қилиш ҳисобланади. Аммо илм олишга рағбати, муҳаббати бор одамга ҳамиша кўмакчи бўлиш, илму ҳунарнинг барча сирларидан хабардор қилиш, касб маҳорати, нозик қирраларини яширмаслик ҳақиқий таълим берувчининг вазифасидир. 

Баъзан устоз шогирди ўзидан ўзиши, баланд лавозимларни эгаллаши, халқ уни эмас, шогирдини кўпроқ эъзозлашидан қўрқиб, ҳунарнинг айрим сирларини яширади. Ҳақ йўлни кўрсатиш ўрнига талабани чалғитади. Бу жуда катта хато ва илмга вафосизликдир.

  • Кўп кулгу ва ҳазиломуз ишлардан тийилиш. Албатта, муаллим очиқ чеҳралик, мулойим, ширинсўз, дардкаш ҳамда меҳрибон бўлиш билан бирга, ўзига ярашмайдиган бачкана ва уят сўзлар, ноўрин, беўхшов кулгудан тийилиши, ҳазил қилса ҳам енгил, оғир келмайдиган тарзда қилиши мақсадга мувофиқ.

Устознинг ўта жиддий бўлиши талабани билмаган нарсасини сўрашдан, унга яқин бўлишдан ва дардини бемалол айтишдан тўсади. Аксинча, кўп кулиб, кўринган одамга ҳазил қилиб, ҳар доим маза-бемаза гапларни гапириб юраверса виқори кетиб, ҳурмати поймол бўлади. Бундан ташқари, кўп ва қаттиқ кулгу қалбни ўлдиради, илм оғиздан отилиб чиқиб кетишига сабабчи бўлиб қолади. 

  • Ўзига раво кўрганини шогирдига ҳам илиниб, ёмон кўрганларини унга ҳам раво кўрмаслик. Ибн Аббос айтадилар: “Мен билан бирга ўтирадиганларнинг энг ҳурматлиси – инсонлар елкасидан-да ошиб ўтиб, менга ошиқадиган кишидир. Агар қўлимдан келса, унга бирор пашшани ҳам яқин йўлатмаган бўлардим”. (“Фақиҳ ва мутафаққиҳ”) Яъни муаллим ўзига ошиққан, дарсига рағбат қилган талабасига ҳаттоки бир гардни ҳам раво кўрмайди. Уни кўрмаса, дарров соғиниб қолади.
  • Шогирд ҳаққига кўп дуо қилиш ва уни қарғамаслик. Чунки устознинг дуоси ёки баддуоси худди ота-онанинг фарзандига қилган дуоси кабидир.

Мужиб Ар-Раҳмон ал-Дийравий шундай дуо қилар эканлар: “Аллоҳим! Ихлос, эҳсон, салоҳият, тўғрилик, фиқҳ ва илмни шогирдларим, шогирдларимнинг шогирдларида то Қиёматга қадар бардавом қилгин!”

  • Шогирдига илм талаб қилиш учун рағбат уйғотиш. Аллоҳнинг уламоларга ваъда қилган неъматлари, улуғ манзиллари, улар пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги, нурдан бўлган минбарларда бўлишларини тез-тез эслатиб туриши жуда муҳим.
  • Дунё ва Охират амалларини тенг олиб боришни ўргатиш.
  • Юксак одоблар ва Аллоҳ рози бўладиган хислатлардан сабоқ бериш.
  • Шогирд бемор бўлса, кўргани бориш. Камбағал бўлса, ёрдамлашиш, ўқиш учун сарф-харажатларига кўмаклашиш талабани илмда бардавом бўлишида катта омил бўлади.
  • Талабаларни бир-биридан ортиқ ё кам санамаслик. Агар талаба тиришқоқлик, кўп дарс қилиш ва одоб жиҳатдан пешқадам бўлса, бунинг зарари йўқ. Лекин обрўси ва бойлиги сабабидан ажратилмайди.
  • Шогирди янглиш иш қилса, тўғри йўлга йўллаш. Бунда дағаллик ва дилозорликдан сақланиб, ўтганлар ҳаёти, ибратли воқеалар билан талабани яна ўз йўлига йўллаб қўйилади.
  • Дарс асносида мўътадил ва талаба салоҳиятига мос бир йўлни танлаш. Ҳар бир инсоннинг маълумот олиш қобилияти ва ёдда сақлаш кўникмаси турфа бўлгани сабабли, талабанинг шахсий хусусиятларига жиддий эътибор бериш ҳамда кўнглига йўл топа билиш жуда муҳим.
  • Дарс бошлашдан аввал ҳамд, сано ва басмала айтиш. Бу дарснинг баракасини зиёда қилиб, ўрганувчи қалбида ушбу дарсга нисбатан ҳурмати ортади.
  • Овозни бир маромда ушлаш. Қаттиқ бақириб ёки жуда паст, бир текисда дарс ўтиш талабани малоллантиради. Яна ўта дарсни чўзиб юбормай, орада савол жавоблар, қизиқ маълумотлар айтиб бориш мақсадга тез эриштиради.
  • Қайси ҳунар, қайси фан ўқитувчиси бўлишидан қатъи назар, ўз соҳасини пухта билиш. Мисол учун, Қуръон ўқитувчиси бўлса-ю, ўзи тўлиқ ёдламаган ёхуд тажвид илмини пухта эгалламаган бўлса, лаҳн ва хатоларга йўл қўйса, талабалар ҳурмат қилмай қўяди. Шу боис, муаллим ўз устида кўп ишлаши, керак бўлса, талабадан зиёда дарс қилиши керак.
  • Ўта очиққанда, чанқаганда, ғазабланиб турган вақтда дарс айтмаслик. Безовта ва ташвишли ҳолатда ҳам дарс ўтиш таранг вазиятни келтириб чиқаради.
  • Ўзининг дарсидан бошқа дарсларни ёмонламаслик. Агар наҳв фани ўқитувчиси бўлса, тасаввуф фанини ёмонламаслиги, ёхуд диний илм берувчи бўлса, табиий ва дунёвий фанларни паст санаб, талаба нафсида бепарволикни уйғотмаслиги шарт!
  • Ўзига дарс топширган талаба бошқа устозга дарс топширишидан хафа бўлмаслик. Зеро, устознинг асл мақсади талабанинг фойдали илм олишидир. Фақат ўзи билан дарс қилишга мажбурлаш, бошқалар ҳузурига боришдан манъ қилиш –катта худбинликдир. Бу ҳақида Яҳё Нававий айтадилар: “Динда катта мусибат борки, у билан жуда кўп муаллимлар аҳмоқликлари ва ниятларининг бузуқлиги сабабли балолангандирлар. Устозларнинг ана шундай бўлиши эса таълим бериш учун Аллоҳнинг ризолигини кўзламаганига очиқ-ойдин далилдир”.

Устозлик мартабасига етиш ва унинг омонатларига риоя этиш ҳар биримизга насиб этсин!

 

“Ал Ҳодий ила ровзатил фиқҳ вал фуқаҳо” асари асосида Тошкент ислом институти тиллар кафедраси мудири Фахриддин Муҳаммад Носир тайёрлади.

Саудия Арабистони ҳукумати Рамазон ойининг бошидан охирига қадар тавоф майдонини фақат умра зиёратчилари учун хослаш ва бу жойда Рамазондаги ифтор дастурхони ташкил қилишни тақиқлашга кўрсатма берди.  Маккаи мукаррама амири ва Ҳаж олий қўмитаси раиси Рамазон мавсумида ҳукумат режалари ва тайёргарлик ишларини ўрганишга доир Ҳаж олий қўмитаси йиғилишида шуни таъкидлади.

Бу қарорга кўра, тавоф майдонида фақат умра зиёратчилари учун уларга қулай бўлиши мақсадида тавоф қилишга рухсат этилади, шунингдек, тавоф қилувчилар бу жойда фарз намозлари вақтида намоз ўқиш имконига эга бўладилар.

Саудия Арабистони ҳукумати томонидан араваларда тавоф амалини бажарувчилар учун фақат аравалар учун мўлжалланган йўлакларда юришларига кўрсатма берилди. Мазкур кўрсатмаларга мувофиқ, намозхонлар Масжидул ҳаромнинг ички хонақоҳлари, таъмирдан чиққан юқори қаватлар ва шимолий тарафдаги кенг майдонда таровеҳ намозини адо этадилар.  

 

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёс Аҳмедов тайёрлади.

Top