muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзия туризм, санъат ва маданият вазирлиги ҳузуридаги Ислом туризми маркази (Islamic Tourism Centre - ITC) Бош директори Моҳмед Разип Ҳожи Хасан билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Мулоқот чоғида сайёҳлик соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, минтақаларининг зиёрат туризми учун ноёб ва улкан салоҳияти ҳақида маълумот берилди.

Моҳмед Разип Ҳожи Ҳасаннинг айтишича, Ўзбекистон малайзиялик сайёҳлар учун жозибадор манзил сифатида кўп давлатлардан устунликка эга. Шу боис дунёдаги пандемия билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизнинг сайёҳлик жозибадорлигини Малайзия жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш чора-тадбирларини кўришини таъкидлади.

Учрашув якунида ИТМ ва Давлат туризм қўмитаси ўртасида англашув меморандуми имзолаш ва Бухоро вилоятида туризмни ривожлантириш департменти вакиллари ўртасида видеоанжуман ўтказиш юзасидан бир қанча келишувларга эришилди.

Шунингдек, мамлакатимизда туризм соҳа вакиллари учун “зиёрат туризми”, “muslim friendly” ва “halal tourism” стандартларини ривожлантириш масалалари бўйича бир қатор вебинар ва гидлар малакасини ошириш учун малай тили курсларини ташкил этиш режалаштирилган.

Маълумот учун, Ислом туризми маркази (ИТМ) Малайзияда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича асосий мувофиқлаштирувчи идора сифатида фаолият юритади. Уни тегишли вазирлик, идора ва олий ўқув юртлари вакиллари, туризм ва меҳмондўстлик соҳаси бўйича етакчи мутахассисларни ўз ичига олган директорлар Кенгаши амалга оширади.

ИТМ тадқиқот олиб боради, Малайзияда саноатни барқарор ривожлантириш учун туризм сиёсати бўйича таклифларни расмийлаштиради, мусулмон бозорига қаратилган туристик пакет ва йўналишни тайёрлаш бўйича семинарлар ташкил этади ва туроператорлар билан бирга мусулмон туристларнинг эҳтиёжларини қондириш учун алоҳида маҳсулотлар яратади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

بسم الله الرحمن الرحيم

ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАР

(Фирибгарлик, ўзгалар молини ноҳақ ейиш)

Муҳтарам жамоат! Ислом дини шахсни тарбиялаш ва ислоҳ қилишга қанчалик эътибор қаратган бўлса, жамиятни ислоҳ қилишга ундан ҳам кўпроқ аҳамият қаратган. Воқеъликда фирибгарлик, ўзгалар молини ноҳақ ейиш каби иллатлар борки, улардан жамиятни халос этиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Бу борада динимиз кўрсатмаларини ўрганиб, унга амал қилиш шубҳасиз, юртимизнинг гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшади. Жамият вакилларининг ўз вазифаларини суиистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйиши, давлат мол-мулкидан ноқонуний фойдаланиши, жамиятнинг турли жабҳаларида ўсиш ва ривожланишдан тўхтаб қолиши, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончининг йўқолиши ва бошқа шу каби салбий оқибатларга олиб келади. 

Таассуфки, аксарияти мусулмонлардан иборат бўлган диёримизда фирибгарлик, ўзгалар молини ноҳақ ейиш каби ота-боболаримиз қаттиқ ҳазар қилган гуноҳлар рўй бериб турибди.

  Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган. Аллоҳ таоло айтади:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

яъни: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳукм чиқарувчиларга ҳавола этмангиз” (Бақара сураси, 188-оят).

Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзини пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللَّهُ عَنْهُ وَمَنْ أَخَذَها يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اللَّهُ" (رواه الامام البخاري).

яъни: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадислар бунга очиқ далил бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нимаси?”, деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расуллуллоҳ, унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига чиқариб қуймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва:

    ﻣَﻦْ ﻏَﺸَّﻨَﺎ ﻓَﻠَﻴْﺲَ ﻣِﻨَّﺎ (رواه الإمام الحاكم).

яъни: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”,  дедилар (Имом Ҳоким ривоятлари). Имом Табаронийнинг ривоятларида эса:

 َﺍﻟﻤَﻜْﺮُ ﻭَﺍﻟﺨّﺪِﻳْﻌَﺔُ ﻓِﻲ ﺍﻟﻨّﺎﺭِ (رواه الإمام الطبراني).

яъни: “Макр ва алдов дўзахдадир” деганлари зиёда қилинган.

Демак, алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас.

Ўзгалар молини ноҳақ ейишнинг бир мисоли порахўрликдир. “Пора” ёки арабча “ришва” сўзини ислом уламолари қуйидагича таърифлаганлар: “Пора – киши  ҳақли бўлмаган нарсасига эришиш ёки зиммасига лозим бўлган нарсадан қутулиш учун тақдим этган мол ёки манфаат”.

Таърифдан қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин. Биринчидан, пора пул шаклида бўлиши шарт эмас экан. Балки бирор ишини қилиб бериш каби хизматлар орқали тўланган нарсаларни ҳам ўз ичига олар экан.

Иккинчидан, пора берувчининг нияти яхши бўлмас экан. У ўзи ҳақли бўлмаган нарсага эришишни, яъни етарли илм ва малакага эга бўлмасдан олий ўқув юрти талабаси ёки бирор корхона, ташкилотда мансабдор бўлмоқчи бўлади.

Учинчидан, пора олувчининг бузғунчилиги эса жуда катта экан. У ботил йўл билан, осон йўл билан мўмай пул топиб, ҳақли бўлмаган инсонларни юқори мансабларга кўтарилишига сабабчи бўлиб, жамият тараққиётини орқага кетишида катта ҳисса қўшади.

Исломда элга хизмат қилиш энг олий мақомлардан бири ҳисобланади. Аммо унинг асосий шарти адолат ва сидқидил билан хизмат қилиш керак бўлади. Қуръони каримда бундай дейилади:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَىٰ وَيَنْهَىٰ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ ۚ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси 90-оят). 

Одатда кўпчилик порахўрлар порани ҳадя, совға сифатида берди, деб гумон қиладиган бўлиб қолган. Берувчилар ҳам кўнгилдан чиқди, атадик ва бошқа чиройли сўзлар билан қабиҳ ниятларини амалга оширишга одатланишган. Шунинг учун ушбу ўринда ҳадяни ҳам таърифлаб ўтиш тўғри бўлади. “Ҳадя” – бирортасига фойдаланиши учун молни ҳеч қандай эвазсиз бериш. Ҳадяни одатда берилаётган одамнинг меҳрини, муҳаббатини қозониш ёки шунчаки уни эҳтиромини жойига қўйиш ёки унга эҳсон қилиш ёки қилган яхшилигига яраша муомала қилиш каби мақсадлар назарда тутилади. Ундан бирор нарсани ноҳақ ундириш нияти бўлмайди. Мана шу нарса ҳадянинг порадан асосий фарқини кўрсатиб турибди.

Порахўрлар шуни яхши билишлари керакки, улар бу ишлари билан ўз вазифаларига, давлатга, халққа хиёнат қилмоқдалар.

Абу Ҳумайд Соъидий разияллоҳу анҳу ривоят қилади:

اسْتَعْمَلَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا مِنَ الْأَسْدِ، يُقَالُ لَهُ: ابْنُ اللُّتْبِيَّةِ - قَالَ عَمْرٌو : وَابْنُ أَبِي عُمَرَ - عَلَى الصَّدَقَةِ، فَلَمَّا قَدِمَ قَالَ: هَذَا لَكُمْ، وَهَذَا لِي، أُهْدِيَ لِي، قَالَ: فَقَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى الْمِنْبَرِ، فَحَمِدَ اللَّهَ، وَأَثْنَى عَلَيْهِ، وَقَالَ: مَا بَالُ عَامِلٍ أَبْعَثُهُ، فَيَقُولُ: هَذَا لَكُمْ، وَهَذَا أُهْدِيَ لِي، أَفَلَا قَعَدَ فِي بَيْتِ أَبِيهِ، أَوْ فِي بَيْتِ أُمِّهِ، حَتَّى يَنْظُرَ أَيُهْدَى إِلَيْهِ أَمْ لَا؟ وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ، لَا يَنَالُ أَحَدٌ مِنْكُمْ مِنْهَا شَيْئًا إِلَّا جَاءَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ يَحْمِلُهُ عَلَى عُنُقِهِ بَعِيرٌ لَهُ رُغَاءٌ، أَوْ بَقَرَةٌ لَهَا خُوَارٌ، أَوْ شَاةٌ تَيْعِرُ (رواه الإمام مسلم).

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам садақа (закот) йиғишда Ибн Лутбия исмли Баний Сулаймлик кишининг хизматидан фойдаландилар, у закот йиғиб келиб ҳисоб-китоб бераётганда: “Бу (закот) сизники, бунисини эса менга ҳадя қилишди”, – деди. Шунда Набий алайҳиссалом минбарга чиқиб: “Нега мен юборган хизматчи: “Бу сизга, буниси эса менга”, – деб айтади? Отаси ёки онасининг уйида қолганда, унга ҳадя олиб келишармиди? Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, кимки ўзига тегишли бўлмаган нарсани олса, Қиёмат куни елкасида ўкираётган туяни ёки мараётган сигирни ёки бараётган қўйни олиб келади”, деб айтдилар” (Имом Муслим ривоятлари).

Демак, ҳар бир вазифадор киши уйда ўтирганимда шу “ҳадя” менга берилармиди, деган саволга инсоф билан жавоб бериб кўриши лозим.

Бошқа бир ҳадисда Адий ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни бирор ишга бошлиқ қилсаг-у, у игнадек нарсани яширса, Қиёмат куни омонатга хиёнат қилгани учун жавобгарликка тортилади”, дедилар. Шунда ал-Ансор қабиласига мансуб қора танли бир киши Набий алайҳиссаломнинг ёнларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга топширган ишингизни қайтариб олинг (яъни закот ва садақа йиғиш вазифасини)”, деб айтди. Расули акрам алайҳиссолату васаллам: “Сенга нима бўлди?” – деб сўраганларида ҳалиги одам: “Сиз шундай-шундай деганингизни эшитдим”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳозир яна қайтариб айтаман, кимни бирор ишга бошлиқ қилсак, озиниям, кўпиниям яширмай олиб келсин. Нимани берсак, уни олсин. Нимадан қайтарсак, уни олишдан ўзини тийсин”, дедилар” (Имом Муслим ривоятлари).

Жойларда кам таъминланганлар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлар ва бошқалар каби аҳолининг нафақага муҳтож қатламига давлат томонидан ажратилган маблағларини суистеъмол қилиш, ноқонуний ўзлаштириш каби ҳолатларни эшитиб қоламиз. Бу борадаги динимиз таълимотларига қарасак, уларнинг қанчалик гуноҳ қилаётганини кўришимиз мумкин.

Ҳавла бинти Амр разияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Порахўрлар ва уларга ушбу разил мақсадларини амалга оширишда кўмаклашаётганлар учун динимизда ниҳоятда оғир ҳукмлар келган бўлиб, ҳар қандай мусулмон учун бу ўта жиддий огоҳлантиришдир.

Абдуллоҳ ибн Умар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:

لعنَ رسولُ اللَّهِ صلَّى اللَّهُ عليهِ وسلَّمَ الرَّاشيَ والمُرتشيَ

яъни: “Расулуллоҳ пора берганни ҳам, пора олганни ҳам лаънатладилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Коррупция, яъни таниш-билишчилик борасида ҳам динимиз кўрсатмалари қаттиқ. Бу ҳақида ривоят қилинган ҳадисда Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Маҳзум қабиласидан бўлган бир аёл қарзга нарса олиб, уни қайтармас ва тан олмас эди. Жинояти исботлангач,  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам унга жазо беришни буюрдилар. Аёлнинг қариндош-уруғлари Усома ибн Зайднинг олдига келиб, жазони юмшатишни илтимос қилишди. Усома Пайғамбармиз саллаллоҳу алайҳи васалламга аёл ҳақида гапирган эди, у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Усома, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳад(жазо) ларидан бири борасида ҳам ўртага тушасанми?”, дедилар. Сўнг одамларга ўтган қавмлар агар ораларида шарафли, обрўли кишилар жиноят қилса, авф этиб, заиф киши жиноят қилса, жазолаганлари сабабли ҳалок бўлганларини айтдилар. Яна қасам ичиб айтдиларки, агар қизлари Фотима жиноят қилса ҳам, жазосиз қолмайди. Кейин жиноятчига жазо берилди” (Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривоятлари). 

Динимизда пора берганни ҳам олганни ҳам баравар азобга дучор бўлиши хабари берилди. Бундан порахўрликка қарши курашиш жамиятнинг ҳар бир аъзосининг бурчи деб, хулоса қилиш мумкин.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳақ йўлда собитқадам қилсин, жамиятимизни турли иллат ва балолардан асрасин! Омин!

 

 

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси Ҳикматнинг боши – Аллоҳдан қўрқишдирҳақида бўлади, иншааллоҳ.

 

 

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётоқларига ётганларида, икки кафтларини бирлаштириб, уларга дам уриб – “Ихлос”, “Фалақ”, “Нас” сураларини қироат қилардилар. Сўнгра икки кафтларини баданларининг қўллари етган жойларига суртардилар. Бошларидан бошлаб, сўнгра юзлари ва кетма-кет бошқа аъзоларига. Бу ишни уч марта қилардилар” (Имом Бухорий ривояти).

Баъзи одамлар кечаси тинч ётиш, безовта бўлмаслик учун турли дориларни, тинчлантирувчи воситаларни қабул қилишади. Аммо бу доим ҳам кутилган натижани бермайди. Тинч дам олиш учун турли ёмон хаёлларни миядан чиқариб ташлаш, шайтон васвасасини кетказиш керак. Бунинг учун набавий ҳадисга амал қилинади. Шунда ҳар хил дори-дармонларга ҳожат қолмайди. Зеро, энг зўр даво Қуръон ва ҳадисдир.

Демак, ким кечаси ухлашдан олдин Ихлос, Фалақ, Нос суралари билан бирга Фотиҳа, Исро, Сажда, Таборак, Духон, Кофирун, сураларини (шунингдек, Оятул курсийни) ўқиса, туни осуда ўтади, узуқ-бузуқ хаёллар уни безовта қилмайди, ёмон туш кўрмайди. Албатта, Аллоҳ таоло Қуръонга ошно бандага икки дунёда омонлик беради.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

1 декабрь куни Қозон шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ICYF) ёш тадбиркорлари форуми бўлиб ўтади.
ICYF маълумотларига кўра, IT-стартаплар онлайн ва офлайн форматларда инвесторларга тақдим этилади.
IT парки 18 та мамлакатдан янги бизнес алоқалари ва уларни амалга ошириш учун инвестицияларни топишдан манфаатдор бўлган 30 дан ортиқ лойиҳа муаллифларини бирлаштиради. Ҳар бир стартапнинг тақдимоти уч дақиқа давом этади.
Энг қизиқарли лойиҳалар учун форум ҳамкорлари томонидан таъсис этилган 25 минг долларлик мукофот жамғармаси тақдим этилади.
Islam.ru маълумотларига кўра, нақд пулсиз совринларнинг нархи 200 минг доллардан ошади.
Бундан ташқари, тадбирда "Россия-ИҲТ"йўналиши бўйича халқаро ёшлар ҳамкорлиги бўйича лойиҳа бюросини тузиш тўғрисида битим имзоланади.
Шунингдек, ICYF ва Татаристон ёшлар вазирлиги ўртасидаги ҳамкорликни ўз иичга олувчи Ёшлар ишлари бўйича федерал бошқарма (Росмолодежь) ва Татаристон ёшлар вазирлиги ўртасида ўзаро тушуниш ҳақида меморандум имзоланади.
Идора Татаристонда ёшларнинг ишига баҳо беради ва Ислом дунёси ёшлари биргаликда ишлайдиган лойиҳаларни амалга оширади.
Лойиҳа бюроси орқали тадбиркорлик рағбатлантирилади, истеъдодли ёшлар эса янги уфқларни кашф этиш имконига эга бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понеділок, 30 ноябрь 2020 00:00

Бой борича, йўқ ҳолича

«Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошқа нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур» (Талоқ сураси, 7-оят).

 

“Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин”. Аллоҳ таоло ҳалол қилган озиқ-овқат, ичимлик, кийим-кечак, тураржой ва молини ҳар бир ҳақдорга бериши “инфоқ” (яъни, нафақа) де­йилади. .

Муфассирлар ояти каримани бундай тафсир қилишади: «Эр аёли ва ёш фарзандига бойлигининг миқдорига қараб нафақа бериши лозим. Агар эр бой бўлса, нафақа қилишда кенгчилик қилади. Камбағал бўлса, ўз ҳола­тидан келиб чиқиб нафақа беради” (Тафсири Қуртубий).

Муовия розияллоҳу анҳу: “Ё Расу­луллоҳ! Бизда хотинларимизнинг қан­­дай ҳақи бор?” деб сўраганда, у зот алайҳиссалом: “Таомлансанг, уни ҳам овқатлантирасан. Ки­йинсанг, уни ҳам кийинтирасан”, (Имом Аҳ­мад ривояти) деб жа­воб бердилар.

Ҳанафий ва шофиъий мазҳабла­ри­да ҳар олти ойда, яъни йилда икки марта бир сидра янги кийим олиб берилиши мустаҳаб саналади.

Кимнинг ризқи танг қилинган (кам­бағал) бўлса”. Ким фақир бўлса, Аллоҳ таоло унга берган бойлигига яраша нафақа бер­син. Парвардигор ҳеч бир кишини унга ато этганидан ортиғига буюрмайди.

“Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!” Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч киши. Улардан бирида ўн динор бў­либ, ўшандан бир динорни садақа қилди. Иккинчисида ўн уқия (1 уқия 12 дирҳамга тенг) пул бор. Ундан бир уқияни садақа қилди. Учинчисида юз уқия бўлиб, ундан ўн уқияни садақа қилди”, деб айтдилар. Кейин: “Улар ажр-савобда тенгдирлар. Ҳар бири молидан ўндан бирини садақа қилди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!” (Ибн Касир ривояти), деб таълим бердилар».

“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Иншироҳ сураси, 5–6-оятлар). Парвардигорнинг ваъдаси ҳақ. Унга асло хилоф қилмайди. Аллоҳ танглик (камба­ғаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур” (Талоқ сураси, 7-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши аҳли оиласи олдига кирди ва уларнинг муҳтожлигини кўриб, даштга чиқиб кетди. У кетгач, аёли ўрнидан туриб қўл тегирмонини олди ва ун чиқаришга тайёрлади. Нон ёпиш учун тандирга олов ёқди. Кейин: “Ё Аллоҳ, бизни ризқлантир”, деб дуо қилди. Мана шу вақт лаган ун билан лиммо-лим бўлди. Тандир нон билан тўлди. Шу пайт эри уйга кириб келди ва: “Кетганимдан ке­йин бирон нарса келдими?” деб сўради. Аёли: “Раббимиздан келди”, деб айтди. Эр тегирмон­ни ва тандирни кўрди. Кейин эр кўрган-бил­ганлари ҳақида Набий алайҳиссаломга айтиб берди. У зот алайҳиссалом: “Агар уни (қўл тегирмонининг тошини) кўтармаганинг-да, қиёматга қадар (ун чиқариб) айланишдан тўхтамас эди”, деб марҳамат қилдилар (Ибн Касир ривояти).

Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан ке­йин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур”. Аллоҳ таоло бандаларидан ўзи истаганига фазли ва марҳамати билан қийинчиликдан кейин енгиллик, тангликдан кейин кенг­лик, камбағалликдан кейин бойлик беради. Парвардигор Ўзи истаган бандасининг ризқини мўл қилади. Албатта, у бандаларининг ҳолидан хабардор ва кўриб турувчидир.

Абу Синон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳақида сўради. У зотга: “Абу Убайда дағал ки­йим кияди, фақирона овқат ейди”, де­йишди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу унга минг динор юборатуриб, хизматчига: “Пулни олгандан кейин нима қилишини кузат”, деб буюрди. (Абу Убайда розияллоҳу анҳу) пулни олгач, яхши кийим кийди ва таомнинг ҳам яхшисини еди. Хизматчи келиб Умар ибн Хаттобга шу ҳақда айтди. Мўминлар амири: Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яра­ша) нафақа берсин! (Талоқ сура­си, 7) оятини Абу Убайдага тиловат қилиб бергин”, деб айтди».

Тафсир китоблари асосида Тошкент ислом институти

ўқитувчиси Соатмурод ПРИМОВ

тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2-сонидан олинди

Top