muslim.uz

muslim.uz

— Тўрт нафар қизим бор. Эрим қиз туққаним учун бизни ташлаб уйдан чиқиб кетган. Ҳозирда умуман хабар олмайди. Шу фарзандларнинг уволи тутади-ми? Динимизда бундай оталар ҳақида нима дейилган?

— Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади:

﴿لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ الذُّكُورَ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَنْ يَشَاءُ عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ﴾

“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир” (Шуро сураси, 49-50 – оятлар).

Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини ҳис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилган бўлса ва уларнинг ҳаққида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

Қиз кўргани учун аёл айбдор-ми?! Кимга қандай фарзанд ато этишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Саволда кўзда тутилган эркак пасткашлик қилган, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлмаган, аёлини масъулликда айблаб, унга туҳмат қилган, ўзининг зиммасидаги оталик масъулиятини ҳис қилмаган, нафақа деган муҳим вожиб амални тарк этган кимса ҳисобланади. Агар у ўзини тузатиб, тавба қилиб, оиласини қайтариб олиб келмаса, дунёда ҳам, охиратда ҳам оғир аҳволда қолади. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

 

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма солли аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммад, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдуммажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммад, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад.

Даврон НУРМУҲАММАД

Кувайтнинг кундалик «Аль-Анбаъ» газетасининг навбатдаги сонида «Ўзбекистон: география ва тарихнинг улуғворлиги» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.
Мақолада Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳияти, қадимий тарихга эга ёдгорликлари, гўзал табиати ва ранг-баранг маданий хилма-хиллиги тарғиб қилинади, унининг дунё саёҳатчилари учун унутилмас ва жозибали манзил экани таъкидланади.
«Асрлар давомида Буюк ипак йўли орқали савдо-сотиқ алоқалари ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди орқали амалга оширилди. Ўзбекистоннинг ўзига хос географик жойлашуви эса унинг маданиятлар чорраҳаси, савдо муносабатлари билан бирга, илм-маърифат, урф-одатлар, моддий ва номоддий қадриятлар бешигига айланишига имкон берди», деб ёзади мақола муаллифи.
Мақолада Ўзбекистонга саёҳат қилган инсон таниқли олимлар ва мутафаккирлар —Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Ал-Хоразмий каби буюк алломалар яшаган Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Хоразм сингари машҳур шаҳарлар билан яқиндан танишиши, тарихий муҳит билан ҳамоҳанг бўлиб уларни ўрганиши мумкинлиги таъкидланган.
Нашрда Ўзбекистон ўзининг қадимий ёдгорликлари ва бой маданий хилма-хиллиги сабаб «тарих хазина»га қиёсланади. Мамлакатдаги кўплаб меъморий ёдгорликлар ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани қайд этилади.
«Тарихий бинолар бугунги кунда яхши сақланган ва инсоният маданий меросида катта аҳамиятга эга» дейди муаллиф.
Мақолада, нашр муштарийларига, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарларидаги меъморий ёдгорликлар, тарихий зиёратгоҳлар ҳақида маълумотлар берилади.
Мақола сўнгида «Мамлакатда ташкил этиладиган турли тадбирлар, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ва сайёҳларга муносабати Ўзбекистонга саёҳатнинг унутилмас таассуротларга бой бўлишини таъминлайди» дея хулоса қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Середа, 28 октябрь 2020 00:00

Уч нарса ортга қайтмайди!

  • Сўз – агар қўйиб юборилса,
  • Ўқ – агар отилса,
  • Вақт – агар ўтказиб юборилса.
  1. Аллоҳ таоло бандасига гапириш учун тил берган бўлса, нима деб гапириши учун ақл берган. Шунинг учун халқимизда “Аввал ўйла, кейин сўйла” деган маъноли сўзлар бор. Бу борада мўмин-мусулмонлар суюкли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак ва намуна олишлари лозим бўлади. Ул Зот саллоллоҳу алайҳи васалламдан бир киши бирор нарса тўғрисида сўраса, тезлик билан жавоб бермас эдилар, балки бироз таскин топиб, кейин жавоб берардилар.
  2. Ҳақоратли сўз мисоли ўқдек. Камончи отган ўқини ортга қайтара олмаганидек, кишини обрўсини тўкадиган сўзни айтган киши, узр сўрашлиги билан ҳам, жароҳатли қалбни тузата олмайди. Шунинг учун “Узр сўралмайдиган ишни қил”  деб айтилади.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир, бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил, дедилар».
(Имом Термизий ривоят қилган).

  1. Неъматларнинг ичида энг қиммат ва бебаҳо нарса бу – вақт қийматидир! Бугунги кунимизни ғанимат билмасак эртага янги кун билан учрашиш бор ёки йўқ! Ҳар бир кунимиз бизлар билан қиёматда алоҳида йўлиқади. Шунинг учун “Бугунги ишни эртага қолдирма”, деб айтилган. Бугунги ишимиз – бугунги ибодатимиздир!                                                                                                                                     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар:
    “Қиёмат кунида то тўрт нарсадан сўралмагунича банданинг қадами жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани”(Имом Термизий ривояти).

Хайруллоҳ Саттаров,

ЎМИ Самарқанд вилоят вакили ўринбосари

Середа, 28 октябрь 2020 00:00

Келин ва қайнона аҳил бўлсин!

Аллоҳ таоло эрлар ва хотинлар ўзаро муроса ва тотувлик билан яшаши учун улар ўртасида иноқлик ва муҳаббат туйғуларини пайдо қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Унинг аломатларидан (бири) сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун ибрат-аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).

Келинлар эса қайноналарини ўз онасидек яхши кўриб, ҳурмат кўрсатиши, уларни ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиши керак. Бу эрнинг ҳам розилигига сабаб бўлади. Қўлини кўксига қўйиб чой узатган келинига қараб, қайнонанинг қалбида меҳр мавжланди. Дастурхондаги ноз-неъматларнинг энг сараларини оила шажараси давомчисини юрагининг тагида кўтариб юрган келинининг олдига суриб қўя бошлади. Бу жуда оддий, лекин ҳар куни мамлакатимиздаги миллионлаб оилаларда содир бўладиган бахтли лаҳзалар. Бундай манзара оила муҳитига таъсир ўтказиб, оиланинг бошқа аъзолари ўртасида ҳам меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди.

Келин оиланинг бошқа аъзолари каби ошхона ишларида, уй-жой ва ҳовли озодалигини тартибга солишда, ёши катталарнинг хизматини қилишда ёрдам бериши талаб этилади. Хонадон аъзоларининг касб-кори, шароитдан келиб чиқиб, бошқа ишларга ҳам хисса қўшиши мумкин.

Қайнона ва келин ўртасидаги алоқалар гўзал ва чиройли бўлгани қандай яхши. Лекин, иккиси ўртасидаги муносабатларини инқироз кўчасига кириб қолган вақтда ҳеч бўлмаганда инсонийлик нуқтаи назаридан маҳалла олдида, фарзандлар қаршисида ақл ва зийраклик билан ҳаракат қилиш лозим.

Айрим қайноналар келинларига зулм қилишлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Баъзи ўзига ҳаддан зиёд бино қўйган қайноналар ўзларини бамисоли бир қироличадек, келинларини эса чўридек ҳисоблайдилар. Арзимас сабаблар билан келинларини турткилайверадилар. Келин сал ухлаб қолса, ёки қайнонанинг оёқ кийимини тўғрилаб қўймаган бўлса, ёки ҳадеганда бўйида бўлавермаса, бошидан тегирмон тоши юргизадилар. Оилаларнинг бузилишига ёки қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашишига кўпинча арзимаган “деди-деди” гаплар ҳам сабаб бўлади. Ҳеч қайси келин янги уйига келганда, уларга нисбатдан ғараз ниятлар олиб келмаса керак ёки уларни беҳурмат қилишни ўйламаса керак. Улар гўёки ёш ниҳолга ўхшайди, уни эгри ўзишига йўл қўймай, меҳр билан суғориб, кўп йиллик тажрибага эга аёл сифатида муаллимлик қилса, тушунмовчиликлар юзага келмасмиди.

Баъзан бу дунёнинг ҳеч нарсага арзимайдиган моддий бойликларидан кўра ёнимиздаги яқинларимизни асрашни ўрганишимиз керак. Ҳамма инсон ҳам хато қилади, кечира олиш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Меҳр эса ҳар қандай муаммоларнинг оддий ечими ҳисобланади.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:“Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаган киши биздан эмас(Имом Термизий ривояти).

Кечиримли бўлиш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Катта можароларнинг олдини олади, хотиржамликни таъминлайди.

Шундай экан, қайноналар ёш келинларидан ўтган камчилик ва хатоларни кечира билишлари ҳам олижаноблик саналиб, ёшларнинг тўғри йўлга тушишига ёрдам беради. Оилада қайноналар ёши улуғ, тажрибали бўлганлари учун ёшларга имкон бериши, билмаганларини ўргатиши, бағрикенглик қилишлари даркор. Айни пайтда келинлар ҳам хатоларини тан олиб, қайноналаридан узр сўрашлари уларнинг ҳурматлари ортишига олиб келади. Оила ҳаёти ҳечқачон бир текис фақат шодухуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди.

Баъзида қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши йўлида ўзларининг баъзи ҳойи-ҳавасларидан воз кечишларига ҳам тўғри келади. Қачонки, эр-хотин биргалашиб оила тотувлиги йўлида курашсагина қийинчиликларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлигига эришади.

 

Азал-азалдан дунё аҳллари ўзбек хонадонларидаги кексаларга, ота-оналарга ҳурмат, эу-хотин, қайнона-келин муносабатлари, қариндошлар, қўни-қўшнига яхшилик каби урф-одат ва анъаналаримизга ҳавас билан қараб келишган. Буларнинг барчаси Исломий одобларимизнинг маҳсули деб биламиз. Аллоҳ таоло барчамизни аҳл ва иноқликда ҳаёт кечиришимизга муваффақ этсин!

 

 

Абдумажид АЛИМОВ,

Китоб туманидаги “Туябоши” масжиди имом-хатиби.

 

 

 

 

Top