muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 09 Ноябрь 2017 00:00

Қуръонга қулоқ тутинг

"Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!" (Аъроф, 204).

Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқиётганларида нозил бўлган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Саид ибн Мусаййиб (розияллоҳу анҳу): "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқиётган пайтда, у зотнинг олдиларига мушриклар келиб: "Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига: «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солмангиз ва (уни чалғитиш учун) жаврайверингиз!" дейишди. Шунда Аллоҳ таоло "Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!" (Аъроф, 204) оятини нозил қилди", деди" (Қуртубий тафсири).

Манбаларда мазкур оят намозда гапирмаслик ҳақида нозил бўлгани айтилади. Ушбу оят нозил бўлишидан олдин мусулмонлар намозда гапираверишар эди.  Абул Олия (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имом бўлиб, саҳобаларга намоз ўқиб бераётганларида, улар у зот (алайҳиссалом)нинг  орқаларида овоз чиқариб қироат қилишди. Шунда: "Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!" (Аъроф, 204) ояти нозил бўлди" (Самарқандий тафсири).

Баъзи маълумотларга кўра юқоридаги оят имом хутба ўқиётганда бошқалар тинглаши ҳақида нозил бўлган. Имом ибн Аробий (раҳматуллоҳи алайҳ): "Бу маълумот заиф ҳисобланади. Чунки хутбада Қуръон оятлари кам ўқилади. Ҳанафий мазҳаби таълимотига кўра хутбани бошидан охиригача гапирмасдан тинглаш вожиб ҳисобланади", деган. Имом Наққош (роҳимаҳуллоҳ): "Бу оят Макка шаҳрида нозил бўлган. У ерда хутба ҳам жума намози ҳам бўлмаган", деб таъкидлайди. Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Имом намоз ўқиётганда такбир айтса, такбир айтинглар, қироат қилса тинглаб туринглар”, дедилар”, (Имом Муслим ривояти).

Мазкур оятда “сукут сақлангиз”, деб таржима қилинган “анситу” сўзидан қироат пайтда жим туриш ва оятларни охиригача эшитиш каби маънолар тушунилади. Шунингдек, муқаддас динимизда жамоат намозида имом қироат қилаётганда, хутба ўқилаётганда ва Қуръони карим тиловат қилинаётганда сукут сақлаб, ихлос билан тинглашга буюрилган. 

Қуръони карим мўмин-мусулмонларга буюк неъмат ва тенги йўқ инъомдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримни бундай сифатлайди: "… Бу (Қуръон) имон келтирадиган қавм учун Раббингиздан кўрсатмалар, ҳидоят ва раҳмат (манбаи)дир»" (Аъроф, 203). Қуръони каримни қироат қилинганда гапирмай, жим туриб, тинглаган ва унга амал қилган банда мазкур оятдаги фойдаларни қўлга киритади ҳамда дунё ва охират саодатига эришади.

Инсон Қуръони карим тиловат қилинганда ибодат ниятисиз жим туриши ва эшитиши мумкин. Лекин бунда Аллоҳнинг каломини тинглаш савобидан махрум бўлади. Агар банда ибодат ниятида Каломуллоҳни тингласа ва жим турса чексиз ажру мукофотга эга бўлади. Қуръони карим қироат қилинаётган пайтда гўё Аллоҳ таоло сўзлаётгандай бўлади. Оламлар Раббиси сўзлаганда, Унинг каломидан юз ўгириш, жим турмаслик ва тингламаслик мўмин-мусулмонларнинг хулқу одобидан эмас.

Биз ўрганаётган оятда Қуръон тиловат қилинганда тинглаш ва жим туриш вожиб экани маълум бўлади. Каломуллоҳни тафаккур ва хушу билан тинглаш муқаддас динимиз талабидир. Қуръони каримни тинглаш қалбга шифо бўлиб, инсонни тоат-ибодат ва тақвога бошлайди. Натижада банда Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига эришади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръон тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Қуръони карим намоз ва хутбада ўқиладими ёки бошқа ўринларда қироат қилинадими, унга доимо қулоқ тутилади. Каломуллоҳ қаерда ва қандай ҳолда ўқилса ҳам унинг эшитиш одобига риоя этилади. Чунки Аллоҳ таоло ўз каломини бошқа барча гаплардан олий бўлишини, ажралиб туришини хоҳлайди. Мусҳафи шарифни таҳорат билан ушлаш бошқа китоблардан ажраб туришида муҳим омил ҳисобланади ва буюк Зотнинг каломини улуғлаш бўлади. Манашу Аллоҳнинг каломига буюклик ва маҳобат беради. Бунга мўмин-мусулмонлар амал қиладилар сўнгра уни одатга айлантириб, болаларини ҳам шу руҳда тарбия қиладилар. Натижада болаларнинг қалбларида Қуръонга муҳаббат уйғонади, унга нисбатан ҳурмат пайдо бўлади ва уни муқаддас китоб эканини англаб етадилар.

Қуръони карим тинглашнинг ўзига хос одоблари бор. Каломуллоҳни эшитувчи, аввало, қалбини ҳозирлайди, ибодатни ният қилади, кўзини юмади, сийратию суратида хотиржам бўлиб, ихлос билан Аллоҳнинг каломига қулоқ солади. Қироат пайтида сажда оятини эшитса, сажда қилади. Тасбеҳ оятлари тиловат қилинса, Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, Раҳмон Зотни улуғлайди. Жаннат, тақводорларга бериладиган инъомлар ва ваъдалар ҳақидаги оятлар зикр қилинганда Аллоҳнинг фазлини сўрайди. Дўзах, аламли азоблар ва ваъидлар ҳақидаги оятлар ўқилганда Аллоҳдан паноҳ сўрайди. Тиловат қилинган оятларга амал қилишни мақсад қилади.

Жаъфар Содиқ (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Ўзи хавф ва дахшатга тушиб, “Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил (Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир!) (Оли Имрон, 173)” оятини ўқиб ҳимояланмаган одамдан ажабланаман. Чунки бундан кейин: “Улар (Бадрдан жангсиз) Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила бирор ёмонликка учрамай қайтдилар. (Улар) Аллоҳнинг ризосини излаган эдилар. Аллоҳ, албатта, буюк фазл эгасидир” (Оли Имрон, 174), оятини эшитганман. Ғамга ботиб: “Ла илаҳа илла анта субҳанака инни кунту миназ золимин (Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим)” (Анбиё, 87), оятини ўқиб ёрдам сўрамаган кишидан ажабланаман. Бу оятдан кейин: “Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз” (Анбиё, 88), деган оятни эшитганман. Макр-ҳийла қилинган киши: “Ва уфаввизу амри илаллоҳи инналлоҳа басирун билибад (Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир” (Ғофир, 45) оятини ўқиб нажот изламаган бандадан ажабланаман. Чунки бундан сўнг “Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макрларидан сақлади” (Ғофир, 45) оятини эшитганман. Мол-мулк талабидаги одам: “Машааллоҳу ла қуввата илла биллаҳ (бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир)” (Каҳф, 39) оятини ўқиб юрмаган одамдан ажабланаман. Чунки мазкур оятдан кейин: “Раббим менга сенинг боғингдан яхшироқ (боғ) ато этар” оятини эшитганман” (Каҳф, 40). Шунинг учун, Қуръони карим тиловат қилинганда ибодатни ният қилиб, чин дилдан тинглаб, унинг маънолари ва фойдаларини билишга ҳарис бўлмоғимиз гўзал одобдир.

Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Илм олиш тинглашдан бошланади, сўнгра уни тушунилади ва ёд олинади кейин унга амал қилинади”, дедилар. Банда Каломуллоҳни холис ният билан тингласа, унинг қалбига Аллоҳ таоло нур солади ва тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “…Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17-18).

Қуръони карим рамазон ойи қадр кечасида дунё осмонидаги Байтул иззага тўлиқ-мукаммал қилиб туширилди. Сўнгра Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи ва саллам)га бўлак-бўлак қилиб нозил қилинди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара, 185 оят). Шунинг учун Рамазон ойини Қуръон ойи деб ҳам номланади.

Қуртубий, Розий,Самарқандий,

Шаъровий, Ибн Касир тафсирлари асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли тайёрлади

 

 

      

 

 

 

Четверг, 09 Ноябрь 2017 00:00

Юртни севганлар обод қилади

Улуғ саҳобий Абдуллоҳ  ибн Масъуд разияллоҳу анҳу авлодидан бўлган аллома Масъудий қуйидагиларни айтади: “Инсоннинг оқил ва ҳидоятда эканининг аломатларидан бири – унинг  ўзи туғилиб ўсган жойига нисбатан эзгулик қилишга интилиб, яшаб турган жойига оқибатли бўлишидадир”. Олимлар: “Инсонийлик ва аҳдга вафонинг аломатларига қуйидагилар киради; дўстларига меҳрли бўлиш, Ватанига муҳаббатли бўлиш, ўтган хатоларига пушаймон бўлиб, келажак учун ҳозирлик кўриш”, деб айтишган. 

Ҳақиқатан, инсон ўз уйи, оиласи, ота-онаси, маҳалласига нисбатан муҳаббатли, садоқатли бўлмас экан, ундан бошқалар қандай яхшилик кутсин. Демак,  Ватанга содиқ бўлиш керак. Содиқ бўлиш эса Ватанга вафо қилиш, унинг моддий ва маънавий мулкига хиёнат қилмасликдир.

Албатта, одамларнинг Аллоҳ тақсимлаган ризққа рози бўлганлари ё ношукурлик қилганлари бор. Лекин, шундай бир тақсимот борки, барча унга бирдек рози бўлади, бу ҳам бўлса она Ватандир. Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бу ҳақида: “Ризқ тақсимотида инсон рози бўладиган Ватандан ортиқ бирор неъмат йўқ”, деб айтганлар.

Хўп, Ватан нима билан обод бўлади? Ҳакимларимиз:  Аллоҳ диёрларни уни севиш билан обод қилади, деганлар.  Улуғ саҳобия Ҳинд розияллоҳу анҳо бир гапида: “Юртингнинг ҳурмати, ота-онанинг ҳурмати кабидир. Зеро, сен улар туфайли озуқланган бўлсанг. Улар ушбу диёрдан озуқаланганлар”, деган.

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов домла “Ватаннинг ҳақлари қандай адо этилади?” сарлавҳали мақоласида ажойиб иқтибос келтирган. Жумладан, Имом Муҳаммад Ғаззолий алайҳирроҳма бундай деган эканлар: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди», деганлар.  Юртни уни севганлар обод қилади, уни Ватан деб билганлар ҳимоя қилади.

Энди эса башариятнинг энг аълоси бўлган зотнинг ҳаётига бир назар ташласак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганда Хадича онамиз розияллоҳу анҳо у зотни Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борганлар. Кексайиб, кўзлари ожиз бўлиб қолган бу инсон Таврот, Инжилдан хабардор, охирзамон пайғамбарининг аломатларини биладиган, у зотнинг келишини кутиб юрган олим ва заковатли зот эди. Варақа ибн Навфал Пайғамбар алайҳиссаломнинг гапларини эшитиб, «Қавмингиз сизни ёлғончига чиқаради, сизга азият беради, туғилиб-ўсган юртингиздан чиқариб юборишади», дейди.

Улуғларимиз ушбу ҳолатни Ватанга муҳаббатнинг ҳақлигига, Ватандан ажралишнинг машаққат эканига далил қилиб, шундай дейдилар: «Варақа ибн Навфал сизни ёлғончига чиқаришади деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни индамай эшитиб ўтирдилар, “сизга азият беришади” деганида ҳам жимгина эшитиб ўтирдилар. Аммо «Сизни юртингиздан қувиб чиқарадилар» деганида у зот тўлқинланиб кетиб, «Ҳали қавмим мени шаҳримдан қувиб чиқарадими?» деб сўраганлар. Мана шу савол у зотнинг Ватанига бўлган муҳаббатининг белгиси эди.

Варақа ибн Навфал айтган кун келиб, маккаликларнинг тазйиқи ҳаддан ортиб кетгач, ҳижратга изн берилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашмасдан туриб, Укоз бозорининг олдига борганларида ортларига ўгирилдилар. Маккага қараб туриб: «Эй менга севикли шаҳрим Макка! Агар қавминг мени ҳайдаб чиқармаганда сени ҳаргиз тарк қилмаган бўлардим», деганлар. Мадинага бориб, Аллоҳ таолога: «Роббим, Маккани менга суюкли қилганингдек, Мадинани ҳам суюкли қил» деб дуо қилганлар. Шунингдек, у зот алайҳиссаломнинг яна бир машҳур сўзлари бор. У зот: «Агар ҳижрат бўлмаганда, мен ансорлардан бўлган бўлардим», деганлар. Бунинг маъноси, «Мен маккалик бўлмаганимда, мадиналик бўлардим», деганларидир. У зот Мадинада қолганлар, ансорларни ихтиёр қилганлар, лекин маккаликларни асло унутмаганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда оятлар ҳам келган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «У Зот сизни қайтиш жойингизга қайтарувчидир», деганда Маккани назарда тутган. Муҳаддислар султони Имом Бухорий Ватанидан олисда бўлган вақтда бир чопар уни йўқлаётгани хабар  қилинади. Сабоқ бериб турган Имом унинг киришига изн беради. Чопар кириб унга юртидан бир мактуб келтирганини айтади. Шунда у зот чопарнинг қўлидан ўзгача бир эҳтиром билан мактубни олиб, юрти томонга нигоҳ ташлаб, қўлидаги мактубни пешонасига теккизиб, кейин ўпадилар. Кўзларига ёш оладилар. Буюк муҳаддис ушбу мактуб кимдан эканлигини билмасди. Лекин юртидан келгани учун уни шунчалик ардоқлаган эди.

Буни қарангки, инсон ўз туғилиб ўсган жойига ҳатто биологик жиҳатидан ҳам боғлиқ бўлар экан. Гиппократ: “Дард борки, ўз заминидаги ўсган ўт-ўланлар билан даволанади. Зеро, инсон табиатига еган нарсаси ва олиб турган ҳавоси таъсир қилади.”, деган. Афлотун ҳам: “Табиатнинг озуқасидан кўра фойдали даволовчи нарса йўқ.”, деб айтган. Яна буюк олим Жолинус (Гален): “Худди боғдаги дарахтга ўша жойнинг суви шифо бўлганидек, касалликка яшаб турган жойдаги тоза ҳаво даво бўлади. Зеро, ҳар бир тирик жон гарчи суви ва ҳавоси тоза бўлмаса-да ўз ватанига ошиқади”. деб айтган. Шоирлардан бири:

Инсон Ватан, миллат, диннинг обрўси ва шаънини ҳис қилиб яшаши даркор.  Қолаверса, ҳар ким ўз зиммасига юклатилган вазифани чиройли ва пухта тарзда бажариши ҳам Ватаннинг обод бўлишига сабаб бўлади.

Демак, Ватанга муҳаббат, халқнинг қувончи ва ғамига шерик бўлиб, шукрона айлаб яшаш, эзгу ишларни амалга ошириш инсоннинг гўзал хулқи ва одамгарчилигидан далолат беради.

Аҳрорбек МАДАИПОВ,

Оҳангарон туманидаги “Хонобод” жоме масжиди имом ноиби

Бугунги тезкор ахборот асри ҳар бир инсондан ўта ҳушёрликни, зийракликни ва имкон қадар кўп ахборотлардан хабардор бўлиб туришни талаб этмоқда.

Диний таълимот ўта нозик ва хассос бўлгани туфайли ота-боболаримиз қадимдан бу илмни олишда "Устоз-шогирд" анъанасига қатъий амал қилиб келганлар.

Биз яшаб турган ахборот асрида интернет соҳасида улкан ютуқларга эришилмоқда. Иқтисодий ва ижтимоий муносабатларнинг қарийб барча тури виртуал дунё орқали ўз фаолиятини олиб бораётганига ҳам кўп йиллар бўлиб қолди. Интернет тармоғида фолият юритаётган сайтлардан ҳар қандай саволга истаганча жавобни олиш мумкин бўлиб қолди. Лекин бу жавобларнинг қай бири биз берган саволга тўғри жавоб ҳисобланадию қайси бирини олмаслик зарурлиги эса фойдаланувчининг билим савиясига, малакасига боғлиқ бўлади. Айниқса, эътиқод билан боғлиқ мавзуларда ўта эҳтиёткорлик зарур бўлиб, фақат аниқ ва ишончли манбага таяниш талаб этилади.

Тўғри, виртуал исломий таълимотни йўлга қўйиш, аҳолининг диний соҳадаги барча қизиқтирган саволларига ўз вақтида ишончли жавобларни бериб бориш энг долзарб вазифалардан бирига айланиб бормоқда.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан интернет тармоғи фойдаланувчиларига тўғри диний билимларни етказиш мақсадида савобли ишга қўл урилди. Идоранинг “Muslim.uz” портали орқали онлайн дарслар лойиҳаси жорий йилнинг июль ойидан бошлаб йўлга қўйилди.

ЎМИ томонидан йўлга қўйилган онлайн дарслар аҳолининг ислом дини борасидаги билим ва савияларини ошириш, соғлом эътиқодни шакллантириш, бир сўз билан айтганда ислом зиёсини тарқатишни мақсад қилган.

Ушбу дарслар ҳар ҳафта душанба, сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари халқимизга соф ислом маърифатини улашиш, ҳар бир мусулмон учун керакли бўлган диний билимларни етказиш ҳамда турли ёд ғояларга қарши курашиш мақсадида ташкил этиб келинмоқда.

Дарслар Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадисшунослик, Тажвид, Ислом тарихи, сийрат ва Араб тили фанларидан юртимизнинг атоқли уламолари, Тошкент ислом институтининг маҳоратли устозлари томонидан олиб борилмоқда.

Онлайн дарсларни тўғридан тўғри кузатиш, билимларни бойитиб бориш имконияти яратилган.

Шу кунга қадар ижтимоий тармоқлардаги саҳифамиз орқали юздан ортиқ онлайн дарслар ташкил этилди.

Онлайн дарсларни қуйидаги ижтимоий тармоқ саҳифаларида тўғридан-тўғри кузатишингиз мумкин:

Facebook: https://www.facebook.com/muslimuzportal/

Дарслар HD форматида Youtube даги каналимизга жойлаштирилган.

https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

Яқинда «Жўйбори Калон» аёл-қизлар ислом билим юртида «Фиқҳ нима зарарли ва нима фойдали эканини билмоқ ва ўрганмоқдир» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Фиқҳ фани мударрисаси Ҳуснигул Ҳалимова ташкиллаштирган давра суҳбатида 3-а ва 1-курс талабалари иштирок этди.

Давра суҳбатининг дастлабки   босқичида иштирокчи талабалар фиқҳ илмининг тарихи, ривожи ва аҳамиятига доир масалаларни ёритиб беришди, фиқҳий мазҳабларга таърифлар бериб Ҳанафий мазҳаби, унинг йўлбошчиси Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига алоҳида тўхталишди.

Бир неча жумбоқли фиқҳий масалалар тезкор савол-жавоб ва саҳна кўриниши тарзида намойиш этилди.

Билим юрти мудираси Шоира Шодиева давра суҳбатидан маънавий озиқ олганини, ҳар бир инсон фиқҳ илмини ўрганиб ҳаётга татбиқ этмоғи зарурлигини изҳор этди. Бошқа устозлар ҳам, шундай илмий мажлислар кўпроқ бўлса, нафақат талабалар балки устозларнинг ҳам илмий салоҳияти ошишини мамнуният билан эътироф этишди.

Бинобарин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Динингизнинг энг хайрлиси осон ва қулай бўлгани, ибодатнинг хайрлиси эса фиқҳдир. Аллоҳга қилинган ибодатларнинг энг улуғи – динда фақиҳ бўлмоқ. Битта фақиҳ олим Шайтонни мингта обиддан кўпроқ даҳшатга солади”.

Фиқҳ илми – машаққат-у қийинчиликлардан нажот берувчи бир қўрғон!

Фиқҳ илми – яхшиликка етакловчи, тақвога бошловчи бебаҳо омилдир, дея давра суҳбати якунланди.

Мунира ХЎЖАЕВА,

«Жўйбори Калон» аёл-қизлар ислом билим юрти ўқитувчиси

Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш, унинг эзгу таълимотларини халқимизга тўғри ҳолда етказиш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз”, деб олий минбардан туриб баралла таъкидлашлари фикримизнинг ёрқин исботидир.

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан диний соҳада олиб бораётган ислоҳотлар айниқса диққатга сазовордир. Ушбу ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида диний соҳа ходимлари ҳам муносиб иштирок этишларини таъминлаш Ўзбекистон мусулмонлари идораси олдида турган энг олий вазифалардан биридир.

2017 йил 8 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Йил имоми – 2017” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, уламолар, имом-хатиблар ва оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этди.

“Йил имоми – 2017” кўрик-танловини ўтказишдан мақсад, бугунги кун имом-хатиби ҳам диний ҳам дунёвий билимлар пухта эгаллаши, Қуръони карим оятлари тафсирини мукаммал билиши, дунёда юз бераётган воқеликдан хабардор бўлиб, халқни эзгулик ва бирдамликка чақириши, ёшларга ҳақ билан ботилни етказа билиши каби фаолиятларни янада жадаллаштиришдан иборат. Шунингдек, ҳозирги пайтда дунёда кечаётган мураккаб сиёсий жараёнларда Ислом дини ниқоби остида рўй бераётган уруш ва тўқнашувлар, фитна-фасодлар, бузғунчи ғоялар таҳдидидан аҳолини огоҳ этиб, уларга тўғри исломий таълимотни етказиш каби вазифаларни қай даражада уддасидан чиқаётганларини билиш ҳам мақсад қилиб қўйилган.

Тадбир Қуръон карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати ва иштирокчилар таништирилди. Мазкур танлов 70 баллик тизимда олиб борилди. Иштирокчилар бирма-бир чиқиб, Қуръони каримдан тиловат қилиш, тафсир қилиш, маънавият ва маърифат, бузғунчи оқимлар, фиқҳ, Ислом тарихи, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби ва ОАВдаги чиқишлари юзасидан берилган саволларга жавоб беришди. Имом хатибларнинг чиқишлари ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.

Йиғилган баллар бўйича ғолиблар аниқланди. Унга кўра,  Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Оқилон» жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин Аҳроров биринчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи ва ноутбук компьютери топширилди.

Тошкент вилояти Қибрай тумани «Саъдулла ота» жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов иккинчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи ва LCD телевизор  тақдим этилди.

Навоий вилояти Нурота тумани «Чил Устун» жоме масжиди имом-хатиби Жамолиддин Мубинов учинчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи ва кичик иситгич печ берилди.

Шунингдек, ғолиблар ва танловнинг бошқа иштирокчиларига кўрик танлов ҳомийлари бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси, “Мовароуннаҳр” нашриёти ва Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ ота” жоме масжиди томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган ушбу танлов республикамиздаги жоме масжидларда хизмат қилиб келаётган имом-хатибларимизнинг касб маҳоратларини ошириш ва илмий савияларини ошириш билан бирга, мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш, тинч-тотув ҳаётни асраб авлайлаш, аҳолини, айниқса ёшларни ҳар хил нотўғри ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Top