Ўзбекистон янгиликлари

“Йил имоми – 2017” кўрик танлови ўтказилди

Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш, унинг эзгу таълимотларини халқимизга тўғри ҳолда етказиш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз”, деб олий минбардан туриб баралла таъкидлашлари фикримизнинг ёрқин исботидир.

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан диний соҳада олиб бораётган ислоҳотлар айниқса диққатга сазовордир. Ушбу ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида диний соҳа ходимлари ҳам муносиб иштирок этишларини таъминлаш Ўзбекистон мусулмонлари идораси олдида турган энг олий вазифалардан биридир.

2017 йил 8 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Йил имоми – 2017” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, уламолар, имом-хатиблар ва оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этди.

“Йил имоми – 2017” кўрик-танловини ўтказишдан мақсад, бугунги кун имом-хатиби ҳам диний ҳам дунёвий билимлар пухта эгаллаши, Қуръони карим оятлари тафсирини мукаммал билиши, дунёда юз бераётган воқеликдан хабардор бўлиб, халқни эзгулик ва бирдамликка чақириши, ёшларга ҳақ билан ботилни етказа билиши каби фаолиятларни янада жадаллаштиришдан иборат. Шунингдек, ҳозирги пайтда дунёда кечаётган мураккаб сиёсий жараёнларда Ислом дини ниқоби остида рўй бераётган уруш ва тўқнашувлар, фитна-фасодлар, бузғунчи ғоялар таҳдидидан аҳолини огоҳ этиб, уларга тўғри исломий таълимотни етказиш каби вазифаларни қай даражада уддасидан чиқаётганларини билиш ҳам мақсад қилиб қўйилган.

Тадбир Қуръон карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати ва иштирокчилар таништирилди. Мазкур танлов 70 баллик тизимда олиб борилди. Иштирокчилар бирма-бир чиқиб, Қуръони каримдан тиловат қилиш, тафсир қилиш, маънавият ва маърифат, бузғунчи оқимлар, фиқҳ, Ислом тарихи, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби ва ОАВдаги чиқишлари юзасидан берилган саволларга жавоб беришди. Имом хатибларнинг чиқишлари ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.

Йиғилган баллар бўйича ғолиблар аниқланди. Унга кўра,  Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Оқилон» жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин Аҳроров биринчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи ва ноутбук компьютери топширилди.

Тошкент вилояти Қибрай тумани «Саъдулла ота» жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов иккинчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи ва LCD телевизор  тақдим этилди.

Навоий вилояти Нурота тумани «Чил Устун» жоме масжиди имом-хатиби Жамолиддин Мубинов учинчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи ва кичик иситгич печ берилди.

Шунингдек, ғолиблар ва танловнинг бошқа иштирокчиларига кўрик танлов ҳомийлари бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси, “Мовароуннаҳр” нашриёти ва Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ ота” жоме масжиди томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган ушбу танлов республикамиздаги жоме масжидларда хизмат қилиб келаётган имом-хатибларимизнинг касб маҳоратларини ошириш ва илмий савияларини ошириш билан бирга, мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш, тинч-тотув ҳаётни асраб авлайлаш, аҳолини, айниқса ёшларни ҳар хил нотўғри ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

4782 марта ўқилди

Янгиликлар

Top