muslim.uz

muslim.uz

Асли банглашедлик Кази Шаифқур Раҳмон 11 ёшлигида, 1997 йилда унинг оиласи Буюк Британияга кўчиб ўтди. Унинг илк иши “Лондон сити” аэропортида ҳожатхона тозалаш бўлди.

Бу ишда тўхтаб қолиши мумкин эмаслигини тушунган Раҳмон ўз бизнесини очишга ҳаракат қилди. Уринишларининг натижаси ўлароқ Sunnamusk парфюмерия компаниясига асос солди. Унинг ишлари юришиб кетди ва ўзини бошқа соҳада – йўловчи авиаташувида синаб кўришга қарор қилди.

Лондондаги авиакомпанияда ишлаган чоғида ҳалол таомлар бериладиган бирорта ҳам самолёт йўқлигини кўрган эди. Унинг кўпчилик ишонқирамай қараган бизнес режаси эса айнан шариат қоидаларига асосланди. Унга алкоголдан воз кечадиган авиакомпаниялар муваффақиятсизликка учрашини айтишди.

Бироқ Кази Шаифқур Раҳмон ўз билганидан қолмади ва йўловчиларга исломий қоидаларга мос хизматларни таклиф этувчи Firnas Airways номли компанияни очди.

Авиакомпанияда чўчқа гўшти ҳам, спиртли ичимликлар ҳам йўқ, барча таомлар ҳалол стандартига жавоб беради. Самолётдаги стюардессалар қатъий дресс-кодга амал қилади ва сипо кийинади.

Турган гапки, исломофоблар жим турмади: интернетда Firnas Airways ҳақида бўлмағур гап-сўзларни тарқатди. Аммо Кази Шаифқур Раҳмон ўз орзусини амалга ошира олди.

У ўз юртида анча машҳур. Раҳмон ҳақида “Ўз авикомпаниянгни қандай очиш мумкин?” номли ҳужжатли фильм ишланган.

Манба: https://azon.uz

Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида халқ таълими тизими муаммоларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу «Xabar.uz» маълум қилди.

Йиғилишда кечагина Халқ таълими вазири лавозимига тайинланган Шерзод Шерматов ва унинг ўринбосарлари қатнашди. Бош вазирнинг топшириғига кўра, бундан буён мактаблар маҳаллий ё ҳудудий ҳокимликларга эмас, тўғридан-тўғри Халқ таълими вазирлигига бўйсунади.

— Энди ҳокимлар ҳудудлардаги халқ таълими ходимлари ёки раҳбарларини турли мажлисларга чақиришга ҳаққи йўқ. Мактаблар бевосита Халқ таълими вазирлигига бўйсунади, — деди А.Арипов.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 17 апрель куни Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида «Ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ва ушбу ҳолатларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш» масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси Серикбай ҳожи Ўраз билан учрашди. Ушбу учрашув Чимкент шаҳрида «Қозоғистон—Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи» мавзусидаги халқаро форум доирасида бўлиб ўтди.

Икки мамлакат муфтийлари ўзбек-қозоқ биродарлигини янада мустаҳкамлаш борасида фикр алмашдилар.

Қозоғистон муфтийси Серикбай ҳожи Ўраз ушбу йилда Марказий Осиё уламоларининг Рамазон ойи бошланиши ва Рамазон ҳайити саналарини биргаликда кенгашган ҳолда белгилаганлари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

"Бу тарихий қарор - бизнинг диний бирдамлигимизнинг ёрқин намунасидир. Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан ҳамкорликнинг янги қирраларини кашф этишимиз, мавжуд йўналишларда ҳаракатларни фаоллаштиришимиз ва тизимли равишда амалга оширишимиз зарур", деди Серикбай ҳожи Ўраз.

Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам юқори даражада ташкил этилган анжуманга таклиф этгани учун миннатдорлик билдирди. Диний соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликда ўзбек ва қозоқ тилларидаги диний китоблар нашр қилиш, ёшларни тарбиялаш борасида тажриба алмашиш, икки мамлакат муқаддас қадамжоларига зиёратни ташкил этиш бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш борасида ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Қозоғистон ҳудудида сақланиб қолган, мусулмонларга тигишли бўлган энг қадимий масжид реставрация қилинди. Бу ҳақда «Исламосфера» нашри хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, Жамбул вилоятининг Тараз шаҳрида жойлашган масжид реставрациядан сўнг ажойиб сайёҳлик объектига айланди.

Қозоғистон мусулмонлари идорасининг собиқ раҳбари Абдусаттор Дербисалининг айтишига қараганда, қадимий Тараз шаҳрини Қозоғистоннинг Ислом пойтахти дейиш мумкин.

Тахминий ҳужжатларга қараганда, масжид VII асрда бунёд этилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Яшашдан мақсад не?

Ҳаёт деганлари бир қарашда енгил ва беташвиш кўринса-да, яшашнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Шекспир қаҳрамони Гамлет айтганидек. “Тирик қолмоқ ё ўлмоқ – шудир масала”

“Тирик қолмоқ ё ўлмоқ”. Бу ибора замирда нима маъно бор?  Шу саволни ўзингиздан бир сўраб кўринг-чи, нима жавоб топар экансиз. Нега ва нима учун? Сиз нима деб ўйлайсиз ўзи биз бу дунёда ижодкорлармизми ёки назоратчилармизми?  Ҳар бир инсоннинг қалбида табиий равишда савол пайдо бўлади: Аллоҳ таоло мени нима учун яратди? Жавоб ҳам мўл. у саволга миллардлаб одамлар ўзларининг дунёқарашидан келиб чиқиб жавоб берадилар. Аммо тўғри жавоб битта...

Уни сиз ҳам биласиз:  Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилсин деб яратган. Биз бу гапни кўп эшитамиз, аммо ҳикматини англамаймиз – қулоғимизнинг унисидан кириб бунисидан чиқиб кетаверади.

Ёзда бир воқеа бўлди, кўча шиддатли жазирама эди.  Қўлимга боламни кўтариб келаётган эдим.  Масжиднинг ёнидан ўтаётиб бир жонсарак бўлиб турган жувонга кўзим тушди, олдида беш ёшлардаги бир болакай ҳам бор.  “Меҳмонга ўхшайди”, деб ўйладим.  Яқинлашиб борганимда негадир унга салом бердим. Кейин эса:

– Сингилжон, тинчликми? Бу ерликка ўхшамайсиз? – деб сўрадим.

– Ваалайкум ассалом, мен Россиянинг ичкарисиданман, шаҳарга бугун келдим, бизни таклиф қилган одам ғойиб бўлди, телефонни ҳам кўтармаяпти. Нима қилишни билмай, ҳайрон бўлиб турибмиз, – деб жавоб қилди у.

Унинг бу ҳолати мени хавотирга солди. Унинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрдим, яна ёш бола билан... даҳшат!

– Юринг уйга борамиз, бир оз хордиқ чиқариб оласиз, ундан кейин эса сиз излаб келган одамни биргаликда топишга ҳаракат қиламиз, – дея уни уйга таклиф қилдим.

Бечора севинганидан кўзлари чақнаб кетди. Унинг юзида қандай жилмайиш пайдо бўлганини кўрганингизда эди. Уни кўриб уйга таклиф қилганимдан ўзим ҳам суюниб кетдим.

Уйга келиб уни ва болакайни меҳмон қилай деб ошхона билан меҳмонхона орасида гўёки учиб юрдим.

– Ўғлингизнинг оти ким? – деб сўрадим.

– Аҳмад, – дея кўзларида севинчи порлаб жавоб берди менинг топилдиқ синглим. Ўзининг оти Фотима экан.

Биз хийла вақт суҳбатлашиб ўтирдик. Фақат намоз вақти кирганда биргаликда намозимизни ўқиб олардик. Ўша вақтдагина суҳбатимиз бўлинар эди. Фотима бундан хурсанд бўлар ва ҳар сафар намозга турганимизда қачондир жамоат бўлиб намоз ўқиши мумкинлиги ҳеч ҳам хаёлига келмаганини гапириб берар эди. Менинг наздимда, бу одатий ҳол эди, аммо унинг шукронасини қилиб қўярдим. 

Гаплашиб ўтириб, Фотима менга қўлини кўрсатди, аниқроғи, қўлининг юқори томирини. Мен кўриб қўрқиб кетдим: билагининг ҳамма жойи чандиқ эди!   

– Нима бу?!

– Мен ҳаётнинг маъносини ана шунақа қилиб излаган эдим, – дея шивирлади Фотима, гўёки кимдандир тортинаётгандек. – Биласизми, бу ерда сизга осон. Доғистон – жаннатмонанд макон. У ёқда, мен яшаётган жойда ёшларнинг ҳаммаси 11 ёшидан бошлаб ботқоққа чўка бошлайди ва нима иш билан шуғулланмаслик керак бўлса, ўша ишларнинг ҳаммаси билан машғул бўлади. У ерда менга ўхшаганлар жуда ҳам кўп. Менинг дўстларим бор эди, яъни биз саккиз киши мактабда дўстлашиб кампания бўлиб олган эдик. Ҳар куни йўлканинг олдида тўпланиб олиб пиво ичардик, сигарет чекардик, ҳар биримизнинг ўз йигитимиз бор эди, ҳозир кулгили эшитилади. одамга. Биз ўшанда 13 ёшда эдик ва аммо нимаики шармандачилик бўлса ҳаммасини қилар эдик. Кунларнинг бирида яқин дугонамнинг йигити сигарет тутуни орасидан овози аранг чиқиб мендан: “Света, ҳаётнинг маъноси нима?” деб сўради. 

Саволни эшитиб ҳамма кулиб юборди, баъзилари менга қўявер дегандек, бош ирғаб қўйди, мен эса ўйланиб қолдим. Орадан йиллар ўтди, мен эса ана шу саволга жавоб топа олмадим. Шундай хулосага келдимки, ҳаётнинг ҳеч қандай маъноси йўқ, менинг ўлимимнинг эса маъноси бор, тамом! Ана шу менинг сўнгги қарорим эди. Ўзимни осдим, ойим дордан тушириб олиб шифохонага олиб борди; дори ичдим, ошқозонимни ювиб олишди; томиримни кесдим, ҳаётга қайтаришди. 

Кунларнинг бирида қўшни уйнинг деразасидан қулоғимга бир одамнинг пастгина овозда: “Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилишимиз учун яратди, муҳтарам ака-укалар, опа-сингиллар, ана шу бизнинг ҳаётимизнинг мазмунидир”, дегани эшитилди.  Бу гапни эшитиб мени ток ургандек бўлди. елкамдан чумоли ўрмалаб бораётгандек туйилди, мен уввос солдим – шунчаки йиғламадим, уввос солдим! Ана шу менинг туйғуларимни биринчи бошқарув нуқтам бўлди. Орадан вақтлар ўтди, ҳаммаси шу қадар тез юз бердики, мана мени кўриб турганингиздек, қаршингиздаман, муслимаман, алҳамдулиллаҳ, – деди ва худди оғир ишдан сўнг дам олишга ўтиргандек чуқур нафас олди. 

– Мошааллоҳ, Фотима, мошааллоҳ, – дедим. Чунки тилимга бошқа сўз келмади.

У – кучли аёл. Мен шундай қила олармидим? Ўрганиб қолган ҳамма нарсалардан воз кечиш... Бу ишлар Аллоҳ тавфиқ бермаса банданинг қўлидан келармиди?  Унинг ризоси – ана шу арифметика асоси. Ҳаётдан маъно излаймиз,  бироқ унинг шундоққина бурнимизнинг тагида турганини билмаймиз. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: “Мен сизга жон томирингиздан ҳам яқинман”, деб хабар қилиб қўйибди.

Бизга ҳаётдан маъно қидиришга ўрин қолдирмасдан, умримизни Ўзининг нури билан нурафшон, кунларимизнинг ҳар бир дақиқасини мазмунли қилиб қўйган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтиб, ана шу буюк неъматнинг шукронасини қилишга ҳаракат этайлик. Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн!

Муаллиф: Фотима НАСИБОВА

Таржимон Қизманой ҲАЙИТОВА

 

Top