Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистон муфтийси: бу қарор бизнинг диний бирлигимизга мисол

Жорий йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси Серикбай ҳожи Ўраз билан учрашди. Ушбу учрашув Чимкент шаҳрида «Қозоғистон—Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи» мавзусидаги халқаро форум доирасида бўлиб ўтди.

Икки мамлакат муфтийлари ўзбек-қозоқ биродарлигини янада мустаҳкамлаш борасида фикр алмашдилар.

Қозоғистон муфтийси Серикбай ҳожи Ўраз ушбу йилда Марказий Осиё уламоларининг Рамазон ойи бошланиши ва Рамазон ҳайити саналарини биргаликда кенгашган ҳолда белгилаганлари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

"Бу тарихий қарор - бизнинг диний бирдамлигимизнинг ёрқин намунасидир. Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан ҳамкорликнинг янги қирраларини кашф этишимиз, мавжуд йўналишларда ҳаракатларни фаоллаштиришимиз ва тизимли равишда амалга оширишимиз зарур", деди Серикбай ҳожи Ўраз.

Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам юқори даражада ташкил этилган анжуманга таклиф этгани учун миннатдорлик билдирди. Диний соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликда ўзбек ва қозоқ тилларидаги диний китоблар нашр қилиш, ёшларни тарбиялаш борасида тажриба алмашиш, икки мамлакат муқаддас қадамжоларига зиёратни ташкил этиш бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш борасида ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

2970 марта ўқилди

Янгиликлар

Top