muslim.uz

muslim.uz

2018 йил 12 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 102 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 71 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 39 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бошқача қилиб айтганда, 212 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 40 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 39 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёллар, шунингдек, 51 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Савол: Қабристонда намоз ўқиш гуноҳ деб эшитдим. Ҳайитда айрим кишилар масжид ёнидаги қабристон ичида туриб, имомга эргашишади. Уларнинг намози дуруст бўладими?

Жавоб: Қабристонда, йўл ўртасида, туянинг ёто­ғида, ахлат-чиқинди ташланган жойларда, кушхоналарда (қассобхона), ҳожатхона ва таҳо­ратхоналарда, Каъбанинг устида, ҳаммомда (юви­ниш жойларида), ўтиш жойлари ва йўл ус­тида намоз ўқиш макруҳдир (“Фатовойи Ҳиндия”, “Фа­то­войи Қозихон”).

Қабрларни босиб ўтиш одобдан эмас.

Иложи борича ибодатларимизни камчиликсиз, тў­лиқ адо этишга ҳаракат қилишимиз лозим.

"Сўраган эдингиз" китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати

Савол: Қайси кунлари нафл рўза тутиш макруҳ бўлади?

Жавоб: Ашуро кунида (Муҳаррам ойи­нинг ўнинчи куни) тўққизинчи ё ўн биринчи кунини қўшмай иккала ҳайит куни ва ташриқ кунлари (қурбон ҳайитидан кейинги уч кун), фақат жума куни, фақат шанба куни рўза тутиш макруҳ бўлади. Лекин кунора рўза тутиш­ни одат қилиб олган кишилар учун у икки кунда нафл рўза тутиш макруҳ бўлмайди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): «Ал­лоҳ таолога энг севикли рўза Довуд (алай­ҳис­са­лом)­нинг рўзасидир. Довуд (алай­ҳис­са­лом) бир кун рўза тутар, бир кун тутмас эди­лар», деган­лар (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, шак куни рўза тутиш ҳам мак­руҳдир.

"Сўраган эдингиз" китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати

Туясини миниб чўлда кетаётган бадавий ҳар сафар дам олиш учун туясини чўкаллатганда Аллоҳ таолога ўзи ва ўлкаси учун ҳеч бир нарсанинг тескари келмаслигини сўраб дуо қилар эди. Бир вақт қаршисидан ўзига қараб тўғри келаётган бир кишини кўриб қолди. Яхши ниятли инсон бўлгани туфайли учратган одамидан бирор ёмонликни гумон қилмади. Сувсизликдан лаблари қуриган одам бадавийдан сув сўради. Бадавий туясининг устидаги озгина суви қолган бидонни олиб унга узатди. Сувни сўнгги томчиси қолгунича симириб ичган одам бадавийни итариб ташлаб туяни етаклаб қочишга тушди.

Бадавий унинг орқасидан хотиржам овозда:

­­– Майли, туя сеники бўла қолсин, фақат сендан илтимос, бу туяни мендан олиб қочганингни асло бировга айта кўрма, ­– деди.

Бу гапни эшитган одам ҳайрон бўлиб тўхтади ва ундан бунинг сабабини сўради. Ниҳоятда яхши тилакли бўлган бадавий унинг саволига:

– Агар бу воқеани бирор кишига гапириб берсанг, у хабар тезда атроф-оламга ёйилиб кетади. Натижада инсонлар чўлда қолган муҳтожларга асло ёрдам бермай қўядилар... – дея жавоб берди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Среда, 13 Июнь 2018 00:00

Умиддан айирмасин!

Тўртта шам ёниб турган эди. Атроф жим-жит бўлгани боис уларнинг айтган  сўзлари эшитилиб турарди.

Биринчиси айтди: “Мен хотиржамликман! 

Энди ҳеч ким менинг ёниб туришимни таъмин этмайди, сўнадиганга ўхшайман”. Олови бирдан пасайди ва бутунлай ўчди. 

Иккинчиси бундай деди:

“Мен ишончман!

Деярли ҳар бир киши мени энди ҳеч кимга керак эмас деб ўйлаяпти.  Шундай экан, энди ёниб туришимнинг ҳеч ҳам кераги йўқ”, деб гапини тугатгани заҳоти бир енгил шамол эсди ва уни ўчирди.

Навбати келишини хафаҳол тарзда кутиб турган учинчи шам тилга кириб:

“Мен севгиман!

Ёниб туриш учун бошқа қувватим қолмади. Инсонлар мени бир чеккага улоқтириб юборишди ва аҳамиятимни англашмади, ўзларининг энг яқин одамларини ҳам севишни унутдилар”, деди ва бирданига ўчиб қолди...

Хонага бир болакай кириб келди ва учта шамнинг ўчиб қолганини кўрди. “Нега ўчиб қолдингиз, сиз тугагунга қадар ёнишингиз керак эди”, деди ва йиғлай бошлади.

Шунда тўртинчи шам тилга кириб: “Қўрқма, ҳозирча мен ёниб турган эканман, қолган шамларни ҳам қайта ёқа оламиз. Чунки мен умидман!” деди.

 

 

Top