muslim.uz

muslim.uz

Замонамиз хаворижлари бўлмиш ҳизбут-таҳрир аъзолари гўё: “Аллоҳ таоло инсон-у жинларни фақат халифаликни тиклаш учун яратган!”, “Аллоҳ таоло хилофат қилмаганни кечирмайди. Ундан бошқа барча гуноҳларни хоҳласа, кечиради”, деб ўз аъзоларининг мияларини заҳарлаб, бутун оламга сафсата сотиб келадилар. Ўзларининг истаган халифаликларини тиклаш йўлида эса ҳар қандай разилликлардан, ҳар қандай гуноҳ-маъсиятлардан, шариат ҳукмидан ташқари ишларни қилишдан, қонхўрлик ва қотилликлардан, террор ва вайронкорликлардан ҳам тойишмайди.

ХХ асрнинг саксонинчи йилларига келиб, ҳизбут-таҳрир ташкилоти ўзларининг олдига қўйган мақсадларига ета олмаётганлари сабабли, одамларни ўн йил ичида, эллик йилда халифаликни тиклаймиз, деган орзулари амалга ошмаётгани сабабли шиалар билан ҳамкорлик қилишга ўтади. Аниқроғи, ҳизб аъзоларидан бир гуруҳи шиалар раҳнамоси ал-Хумайний олдига бориб, унга байъат қилишни, уни баъзи бир шартларини қабул қилса, “Мусулмонлар халифаси” деб эълон қилишни ваъда беришади. Ал-Хумайнийга халифаликни таклиф қилиб, мактуб йўллайдилар. Бир неча мактубларига қониқарли жавоб ололмаганлари сабабли “Эроний дастурнинг танқиди” номи билан раддия эълон қиладилар. Буни ҳизбут-таҳрирнинг асосий мажалласи “ал-Ваъй”нинг 1989/8/4 18-сонида билиш мумкин. Бу йилларда чиққан “ал-Ваъй”нинг бир қанча сонларида ал-Хумайнийнинг “Исломий ҳукумат” номли асарини мақталганини кўриш мумкин. Ҳолбуки, мазкур асарнинг 52-саҳифасида: “Имомлар (халифалар) муқарраб фаришталардан ҳам, мурсал пайғамбарлардан ҳам афзал!”, дейилган.

Исломнинг таниқли уламоси Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ “ал-Эълом би-қавотеъ ал-ислом” асарида имомларни пайғамбарлардан афзал, дейишнинг куфр эканлигини қайд қилганлар. Ҳизб эса ушбу куфр ва ширк гапга эътибор қилмайди. Унинг бутун фикр-зикри ҳар қандай йўл билан бўлса-да давлат тузумларини ағдариб, ўзларининг хаёлий давлатларини тузишдир. Аҳли суннат ва жамоатдан ташқаридагилиги аниқ бўлган, саҳобаларни сўкишлари билан танилган шиаларнинг раҳнамосини ҳизбут-таҳрир аъзолари ўзларининг халифаси қилиб олишга қасд қилган эдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу жиҳодга юзланган лашкарни гуноҳ ишларни қилишдан, ноҳақ тинч аҳолини ўлдиришдан қаттиқ қайтарганлар. Жумладан, у зот ўз лашкарбошисига ёзган мактубларида: “Сенга ва лашкардаги одамларга ҳамма вақт Аллоҳ таолодан қўрқишни тавсия қиламан. Чунки, тақво душманга нисбатан энг афзал қуролдир. Сенга ва сен билан бирга бўлганларга буюраман: кўп гуноҳ қилишдан сақланинг. Зотан, аскарнинг гуноҳи душмандан кўра қўрқинчлироқдир!”, деган эдилар.

Ҳизбут-таҳрирнинг ғояси фақат халифаликни қўлга киритиш, ер юзини ўзларининг мулки ва давлати қилиб олиш экан, Аллоҳ таолонинг бир ҳукмини унутиб қўядилар. Аллоҳ таоло ерни ўзи истаган одамга мулк қилиб беради. Оқибат эса тақводорларникидир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло: “Ер Аллоҳникидир! Уни (Ўзи) хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат (яхшиликлари) эса тақводорларга (тегишли)дир!”, деган (Аъроф сураси, 128-оят).

Ҳизб эса халифаликни тиклаш йўлида Аллоҳнинг бу ҳукмидан ҳам, шариат ақидаларидан ҳам кўз юмади.

Ҳизбнинг шиаларни ўзларининг халифаси, деб кўришдан ҳам тап тортмаганини айтгандик. Ваҳолонки, улар кофирдан ҳам ёрдам сўраб, уни халифа қилиб кўтаришдан ҳам тойишмайди.

Ҳозирги кунда ҳизбут-таҳрирнинг бош қароргоҳи Англияда – Лондонда эканидан ҳам буни билиш мумкин. Ваҳоланки, ҳизбут-таҳрир деярли барча араб давлатларида, жумладан, Саудия Арабистонида экстремистик ташкилот деб топилиб, фаолияти таъқиқланган. Шунингдек, у Покистон, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа кўплаб давлатларда ҳам таъқиқланган.

Энг қизиғи, хизбут-таҳрир учун Германиядан ташқари бутун Европада бундай таъқиқ йўқ. Юқорида айтилганидек, ҳизбут-таҳрирнинг асосий марказий қароргоҳи Лондонда эканлиги, Ато Абу Рашта исмли ҳизбнинг «халифаси» Европада (Голландия ёки Данияда) қўним топганлиги ҳам кўп нарсани англатади.

Ҳизбдагилар, уларнинг раҳнамолари муқим яшайдиган кофир давлатлар ҳеч қачон ҳақиқий халифалик тикланишига ёрдам бермаслигини наҳот билмасалар?! Кофир киши динга душман сифатида ҳеч қачон ҳаққоний халифалик ўрнатилишига асло ёрдам бермаслиги кундек равшан-ку!

Ҳизбут-таҳрирнинг муассиси Набаҳоний эса “Исломий шахсият” китобининг 2-жилди 154-саҳифасида бундай ёзиб қолдирган: “Ёлғиз ўзлари бўлсалар, кофирлардан ёрдам сўраш жоиз бўлади. Шу шарт биланки, улар ҳам исломий байроқ остида бўлишлари керак. Назарлари душманлик бўлса-да, зиммий (ислом юртида яшаётган ғайридин) бўлиши ёки зиммий бўлмаслиги (ўзларининг кофир юртида яшаётган бўлиши)нинг фарқи йўқ. Уларнинг исломий давлатнинг аҳолиси бўлишининг ҳам, бўлмаслигининг ҳам фарқи йўқ”.

Ҳизбут-таҳрир 1970/6/5 сонли савол-жавоб бюллетенида исломий парламент аъзолари кофир бўлишини ҳам, ҳатто парламент раисининг ҳам, исломий давлатдаги ислом лашкарининг қўмондони ҳам кофир бўлишини жоиз дейди. Ҳизбут-таҳрир чиқарган “ад-Давса”нинг 62-бетида: “Жиҳод қандай эътиқод ва динда бўлишидан қатъий назар ҳар қандай ҳокимнинг байроғи остида вожибдир!”, дейилади.

Улар жиҳодни хоҳ исломий ва хоҳ куфрий ҳукм билан амалга оширишни ёқлайдилар. Ҳатто, уларнинг фикрича, кофир давлатга хизмат қилиб бўлса ҳам, мусулмон давлати кофир давлатига жизя – солиқ тўлаб турса ҳам майли. Ҳизбчиларнинг “Исломий оламга алангали нидо!” китобининг 109-саҳифасида худди ушбу маъноларни ўқиш мумкин. Демак, ҳизбнинг ғоясига кўра халифалик эълон қилинган ўзларининг давлати кофирларга қарам ва мустамлака бўлиши мумкин экан. У ҳолда, уларнинг бутун дунёни исломобод қилиш тўғрисидаги баландпарвоз ғоялари қаерда қолади?!

Демак, юқоридаги маълумотлардан маълум бўладики, ҳизбут-таҳрир ўзларининг халифалик ғояларини ёйишда умуммусулмонлар оммасини алдаб келадилар. Аслида мусулмон юртларининг мусулмон давлат раҳбарлари ва ҳукуматини кофирга чиқариш билан бирга ўзлари ҳақиқий кофирлардан паноҳ оладилар. Ўзларининг бўлажак халифаларини кофир бўлишига ҳам рози бўлаверадилар. Ўзларининг тузган халифалик давлатининг ҳақиқий кофирларга хизматчи, солиқ тўловчи, қарам, аниқроғи, мустамлака бўлишига ҳам розидирлар.

Биз эса озод юрт ва обод ватанимизни асло ҳақиқий кофирлар давлатига қарам бўлишига ҳам, мустамлака бўлишига ҳам асло рози бўла олмаймиз! Шу жиҳатдан олиб қараганимизда, ҳизбут-таҳрир ғояларини шариатга тўғри келмайдиган, ноисломий, хиёнаткор бир ғоя эканини айта оламиз.

 

Манба

«Halal Rest & Rehlah» («RR») журналининг махсус сонида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган туркум мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришга бағишланган мақолалардан бирида бу атама буддавийлик, насронийлик, ҳиндуизм ва исломни қамраб олгани таъкидланган. «Ўзбекистон 3 минг йилдан ортиқ вақт давомида дин ва цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган, бу ерда шунга мос равишда турли маданий мерос объектлари, хусусан, буддавийлик ибодатхоналари, черковлар, яҳудий синагогалари сақланиб қолган. Шу билан бирга, маданий диққатга сазовор жойларнинг 80 фоизи ислом дини билан боғлиқ. Улар IX-XII ва XIV-XVI асрлардаги ислом маърифати ёки Уйғониш даврига мансубдир», деб ёзади нашр.


Материалда маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати барча қадимий ёдгорликлар, экспонатлар, қимматбаҳо қўлёзма ва нашрлар, суратлар ва ислом миниатюраларини сақлаш марказига айланадиган Ислом цивилизацияси марказини қуриш ташаббуси билан чиққан. Марказ, шунингдек, хаттотлик, тўқимачилик, кулолчилик ва бошқа санъат асарларини ҳам намойиш этади.
Нашрда таъкидланганидек, бугунги кунгача сақланиб қолган ноёб меъморчилик ва моддий мерос республиканинг ҳақиқий сайёҳлик бойлиги ҳисобланади. Ушбу диққатга сазовор жойлар Самарқанд, Бухоро, Хива ва Фарғона водийсида жойлашган.
Малайзия ОАВ томонидан бу мавзуда эълон қилинган навбатдаги мақола муштарийларни Бухоро ва Самарқанднинг тарихий мероси ҳамда улуғворлиги билан таништиради. Шунингдек, мазкур материалда «Умра+» саёҳат пакетлари имкониятлари ва Ўзбекистон делегациясининг Малайзияда бўлиб ўтган 3-Жаҳон ислом туризми конференциясидаги (WITC) иштироки ҳақидаги маълумотлар атрофлича қаламга олинган. «Ўзбекистон делегациясининг ташрифи самарали бўлди. Конференция доирасида Малайзия туроператорлар ва сайёҳлик агентликлари ассоциацияси (МАТТА) ва Ўзбекистон томони ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ҳужжат Саудия Арабистонига Умра зиёратига борувчиларга Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари – Бухоро ва Самарқанд билан яқиндан танишиш учун қулай имконият яратади», дейилади материалда.


Навбатдаги мақолада Ўзбекистон Ислом туризм маркази бўлган Малайзия ўртасидаги алоқалар ва икки давлат ўртасидаги сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган.
Унда Малайзия делегациясининг шу йил 1-7 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида ўтказилган «Халқаро зиёрат туризми» ҳафталигида иштироки чоғида эришилган икки томонларма келишувларнинг аҳамияти ҳақида сўз боради.
«Ўзбекистонда сайёҳлик хизматлари ва мусулмон меҳмондўстлигига қўйиладиган талаблар стандартлари ишлаб чиқилмоқда. Халқаро аэропортлар, вокзаллар ва меҳмонхоналарда намозхоналар ташкил этилди. Бу йил Сингапурда мусулмон дунёси туризм бозорини тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган «Halal in Travel Awards» глобал саммитида Самарқанд шаҳри «Йилнинг энг яхши ривожланаётган мусулмон шаҳри» номинациясида ғолиб бўлди», деб ёзади «Halal Rest & Rehlah».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Савол. Билими йўқ бир кимса имомлардан бирортасига тақлид қилишни ўзига лозим тутмайди. Балки ўз эътиқодича, ҳар бир олимни муқтадо ва пешво деб билади. У ўз давридаги тақводор ва диндор олимнинг айтганига қараб амал қилади. Бу хилда бирорта мазҳабга боғлиқ бўлмасдан, бирортасига тақлид қилмасдан амал қилишнинг ҳукми нима?  

Унга жавоб. Қадимги ва ҳозирги уламолар муайян мазҳабга боғлиқ бўлишнинг лозимлиги борасида ихтилоф қилиб келадилар. Айрим олимлар муайян мазҳабга тақлид қилишни вожиблигини айтганлар. Аллома Маҳаллий Шофиъий «Жамъ ал-жавомеъ» шарҳида ёзганлар:

يجب على العامى و غيره ممن لم يبلغ مرتبة الاجتهاد التزام مذهب معين من مذاهب المجتهدين يعتقده ارجح من غيره او مساويا له و ان كان فى نفس الامر مرجوحا على المختار، انتهى

«Омига ва ижтиҳод мартабасига етмаган бошқага мужтаҳидларнинг мазҳабларидан ўзича бошқасидан кўра устунроқ ёки тенг деб эътиқод қилган бирорта муайян мазҳабни лозим тутиши вожиб бўлади. Гарчи амалда ўша мазҳаб устун бўлмаса ҳам майли. Ихтиёр қилинган гап мана шудир». Тамом.

Имоми ҳумом Камолиддин ибн ал-Ҳумом «Таҳрир ал-усул» асарида бундай деган:

نقل الامام الاجماع على منع تقليد العوام لاعيان الصحابة و من بعدهم الذين وضعوا و دونوا على هذا ما ذكره بعض المتأخرين من منع تقليد غير الايمة الاربعة لانضباط مذاهبهم و تقييد مسائلهم و لم يدر مثلهم غيرهم الى الآن، انتهى

«Имом (муаллиф) авомларнинг таниқли саҳобалар ва улардан кейинги илмларни ажратиб, тартиб бериб чиққанларга эргашишдан ман қилинганлиги тўғрисида ижмоъни нақл қилган. Айрим кейинги давр уламолари тўрт имомдан бошқасига тақлид қилишни ман қилганлари зикр қилинган. Бу уларнинг мазҳаб тузишлари, масалаларни қайд қилишлари кабилар ҳозиргача бирорта бошқа мазҳабларда содир бўлмаганлиги учундир». Тамом.

Айрим уламоларнинг ихтиёр қилгани эса муайян мазҳабга тақлид қилиш зарур эмас. Ҳар кимга ўзи хоҳлаган мазҳабига амал қилиши ихтиёрлидир. Бироқ, шарт шуки, бирор мазҳабни паст санамасин, ўзи амал қилаётган мазҳабга таассуб қилмасин. Агар тўрт мазҳабдан бирортасига таассуб қилса ёки ҳақорат қилса, унга таъзир бериш вожибдир. Зулманосиб Шайх Ибн Ҳожиб «Мухтасар ал-Усул»да бундай деб келтиради:

و لا يرجع عن قول المجتهد بعد تقليده اتفاقا و فى حكم آخر المختار جوازه لنا القطع لوقوعه و لم ينكر فلو التزم مذهبا معينا كمذهب مالك او الشافعى فثالثهما كالاول، انتهى

«Мужтаҳидга тақлид қилганидан сўнг уламолар иттифоғига кўра унинг гапидан қайтиб бўлмайди. Бошқа ҳукмга кўра унинг жоизлиги ихтиёр қилинган. Бизнингча, бундай воқеанинг юз бериши қатъийдир, буни ҳеч ким инкор қилмаган. Агар бирорта муайян мазҳабни, масалан Молик ёки Шофиъий мазҳаби кабини ўзига лозим тутса, учинчи мазҳаб аввалгиси каби бўлади». Тамом.

Дин имомларининг суянчиғи Қози Азуд ал-милла ва-д-дин мазкур асарнинг шарҳида ёзади:

«Агар оми бир масаланинг ҳукмида бирор мужтаҳиднинг гапига амал қилса, ундан бошқа ҳукмга қайтиши тўғри эмас. Бунга уламолар иттифоқ қилганлар. Аммо бошқа бир масаланинг ҳукмида бошқа мазҳаб ҳукмига тақлид қилиши жоиз бўлади, дейилган. Саҳобалар ва бошқалар даврида бундай воқеа юз бергани учун бунинг жоизлиги ихтиёр қилинган. Чунки, одамлар ҳар бир асрда ўзлари хоҳлаган муфтийларидан фатво сўраб келганлар. Бир муайян муфтийни ҳаммаси лозим тутмаганлар. Бу ҳолат кенг тарқаб, авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.

Агар бир муайян мазҳабни лозим тутса ёки агар уни лозим тутмаса, бу борада уч хил қараш бор. Қатъий бировини лозим тутиш, лозим тутмаслик ва кейингиси худди ўзи лозим тутмаган биринчиси кабидир, деган фикрлар. Агар бирор воқеа юз берса, бу борада бир мазҳабнинг ҳукмига эргашса, ундан қайтиб бўлмайди. Бошқа масалаларда эса хоҳлаганига эргашиши мумкин». Тамом.

«Мусаллам ас-субут»да ва унинг шарҳида Валийуллоҳ Лакнавий бундай деб ёзганлар:

«Кўпчилик олимлар фикрича, илмда афзал турганида афзал бўлмаганга тақлид қилиш жоиз бўлади. Бу фикрни аксари ҳанбалийлар ёқлаганлар. Уни Ибн ал-Ҳожиб ихтиёр қилган, муаллиф ҳам уларга эргашган. Имом Аҳмаддан ҳикоя қилинишича, устун фикрга назар солиш вожиб бўлади, деган. Бу имомийлар мазҳабининг ҳам ихтиёр қилганидир. Муқаллид ўзи тақлид қилмаётган мазҳабига тақлид қила оладими? Амал қилмаётган масаласида ёки ихтиёр қилган ҳукмидан бошқасида тақлид қила олади. Агар фатво сўраганининг фатвосига қаноатланадиган бўлса. Саҳобалар даврининг барчасида фатво сўровчилар бир марта бирор мужтаҳидга эргашса, бошқа маротаба умуман бошқа мужтаҳид сўзига амал қилаверганлар. Муайян бир мазҳабни лозим тутса, унда доим қолиши керакми? Қолиши керак, дейилган. Ҳатто айрим такаллуф қилувчилар: «Ҳанафий одам ўз имомининг мазҳабини тарк қилса, унга таъзир берилади», деганлар. Ҳақиқат шуки, ушбу гапнинг асло далили йўқ. Бу ҳолда ўзича шариат қилиб олган бўлади. Доим қолиши шарт эмас, дейилган. «ат-Тайсир шарҳ ат-Таҳрир»да буни энг тўғри фикр дейилган. Чунки, фақат Аллоҳ таолонинг ўзи вожиб қилган нарсаларгина вожиб бўлади. Хуллас, муайян мазҳабга тақлид қилиш вожиб бўлмайди, бошқасига ўтиш жоиз бўлади. Лекин, унинг бу иши улуғ мужтаҳидларни менсимаслик ёки ҳою ҳаваси учун бўлмаслиги лозим». Қисқартирилган ҳолда тамом.

Шунингдек, Баҳр ал-улум Мавлоно Абдулали «Мусуллам ас-субут» шарҳида ва «ат-Таҳрир»нинг шарҳида муайян мазҳабга тақлид қилиш шаръан вожиб эмаслигини ҳақиқат деганлар.

Бу бобдаги таҳқиқ шуки, авомларни бу хилдаги масалалардан узоқ тутиш лозим. Хусусан, бизнинг замондаги авомларга билдирмаслик керак. Уларнинг бирор мазҳабга тақлид қилишдан бошқа чоралари йўқ. Агар фаразан улар турли мазҳабларни ўз хоҳишларича ихтиёр қилаверадиган бўлсалар, динда фитналар юз беради, тил таъналарни чиқаради, улуғ имомларни ҳақорат қилишлар пайдо бўлади. Айниқса, Имом Аъзам Абу Ҳанифа ва бошқалар ҳақида айтадилар: «Бизнинг мазҳаблар билан ишимиз йўқ. Бизга Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари кифоядир». Мазҳабларга тақлид қилиш далилларга тақлид қилишнинг айни ўзгинаси, эканини улар билмайдилар. Аллоҳ жалла ва ъалонинг мана бу буйруғи:

فَاسْأَلُواْ أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ

«Агар билмасангизлар, зикр аҳлидан сўранглар!» (Наҳл, 43) ояти каримаси бунга адолатли шоҳиддир.

Бирор билимсиз бир олимни муқтадо қилиб, унга суянадиган бўлса, гарчи ўтган имомлар ундан кўра тақводорроқ бўлса ҳам, унинг учун шу олим афзал бўлиб ҳисобланади. Демак, ўтган имомларга тақлид қилиш ўрнига ўша олимга тақлид қилишни афзал деб ҳисоблайдиган бўлса, бу яхши бўлмаган устунликдир. Аллома Фахриддин аз-Зайлаъий «Шарҳ Канз ад-дақоиқ»да, Шайх ал-ислом Бадриддин Айний ва бошқалар аниқ қилиб ёзганлар:

الأحكام يتبدل بتبديل الأزمنة

«Ҳукмлар замонлар ўзгариши ила ўзгариб боради».

Бунга гувоҳ сифатиди Абу Довуд Ҳазрати Ойша (р.а.)дан ривоят қилган:

لو أدرك رسول الله صلى الله عليه و سلم ما احدثه النسآء لمنعهن من المساجد كما منعه نسآء بنى اسرائل

«Агар хотинлар пайдо қилган нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрганларида эди, худди Бани Исроилнинг хотинларини ман қилингандек, уларни масжидлардан ман қилган бўлардилар».

Шу сабабдан «Ҳидоя» соҳиби ва Шамс ал-аимма Сарахсий, балки жумла ҳанафий ва шофиъий фақиҳлари бир неча ўринда масалаларни ёритганларидан сўнг бундай деб ёзганлар:

لكن هذا مما لا يفتى به الناس

«Лекин бу одамларга фатво берилмайдиган масалалардандир!».

Фиқҳ китобларига назар солиб юрувчига бу иш махфий эмас.

Демак, муҳаққиқ олимлар наздида муайян мазҳабни ихтиёр қилишнинг вожиб эмаслиги ҳақидаги равшан фикр бўлса-да, бироқ, замонамиздаги авомлар учун ихтиёр қилинган фатво муайян мазҳабга тақлид қилиш вожиб ёки мустаҳсан дейишдир. Чунончи, бу айрим олимлар фикри ҳамдир. Авомларни ушбу мазҳаб борасида ихтиёрли бўлиши ишидан ҳаргиз, ҳаргиз хабардор қилмаслик керак. Моҳир олим, мутаассибдан холи диндор ва тақводор бўлса, ўзининг ихтиёридаги мазҳабни тутавериши албатта авло ва яхшироқдир. Орифи раббоний Абдулваҳҳоб Шаъроний «Мезон»да ёзадилар:

«Бирор инсон Саййидим Али ал-Хавоссдан ҳозирда муайян мазҳабга тақлид қилиш борасида, унинг вожиб ёки вожиб эмаслиги ҳақида сўрайдиган бўлса, унга айтар эдилар: «Шариатнинг айни шоҳидликларига етмасанг, Бирорта мазҳабга тақлид қилишлик сенга вожиб бўлади. Жами мазҳабларнинг бир-бирига муттасил эканини кўрадиган бўлганингда эса сенга тақлид вожиб бўлмайди». Тамом.

Шоҳ Валийуллоҳ Деҳлавий «Ҳужжатуллоҳ ал-болиға»да ёзади:

«Таҳрир қилиб, тузилган тўрт мазҳабга тақлид қилишнинг жоизлигига бугунги кунгача уммат ижмоъ қилиб келган. Бунда масолиҳи мурсала қоидаси борлиги махфий эмас. Хусусан, ҳимматлар жуда ҳам камайиб кетган, нафслар ҳавога шўнғиган, ҳар бир фикр эгаси ўз фикри ила ифтихор қиладиган бу кунларда бу фикр айниқса муҳим. Ибн Ҳазмнинг тақлид ҳаром деган гапи хатодир». Тамом.

Яна «Иқд ал-жийд фий аҳком ат-тақлид»да қайд қилган:

«Билгинки, ушбу тўрт мазҳабни ушлашда катта маслаҳатли фойдалар бор. Улардан юз ўгиришда эса катта фасод-бузуқликлар бор. Биз сенга бунинг бир неча жиҳатларини баён қиламиз:

Биринчидан, уммат шариатни танишда ўтган олимларга суянишга ижмоъ қилиб келганлар. Демак, тобеъинлар саҳобаларга суянганлар, табъа тобеъъинлар эса тобеъинларга суянганлар. Шунингдек, ҳар бир табақадаги олимлар ўзларидан олдингиларга суянганлар. Қабул қилиш мана шу ишнинг яхши эканлигига далолат қилади. Агар ўтган олимларнинг гапларига суяниш аниқ бўлса, суянилаётган уларнинг гаплари саҳиҳ иснод билан ривоят қилинган бўлмоғи лозим ёки машҳур китобларда битилган бўлмоғи керак. Ушбу тўртта мазҳабдан бошқа ҳеч бир мазҳаб бу хилда эмас. Эй, Аллоҳ! Имомийлар ва зайдийлар мазҳаби ҳам бор. Улар бидъат аҳли бўлиб, уларнинг гапларига суяниш жоиз бўлмайди.

Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: «Ўзингизга катта жамоани – саводи аъзамни лозим тутинг!». Ҳақ мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, демак, уларга эргашишлик саводи аъзамга эргашишлик демакдир». Тамом.

Яна «ал-Инсоф фий баён сабаб ал-ихтилоф»да келтирган:

«Одамлар аввалги ва иккинчи юз йилликларда муайян мазҳабга тақлид қилишда жамланмаган эдилар. Иккинчи юз йилликдан сўнг одамлардан мазҳаблашув юз берди. Муайян мужтаҳиднинг мазҳабига суянмайдиган кимсалар жуда оз эди. Бу нарса ушбу даврда вожиб бўлганди. Агар «Қандай қилиб бирор нарса бир замонда вожиб бўлади-ю, бошқа бир замонда эса вожиб бўлмайди, ахир шариат битта бўлса», деб сўралса, мен жавоб бераман: «Асли вожиб тафсилий далиллардан фаръий ҳукмларни таний оладиган кимсага тақлид қилишдир. Бунга ҳақиқат аҳли ижмоъ қилган. Агар турли йўллар вожиб бўладиган бўлса, таъйин қилмасдан йўллардан бирини таҳсил қилиш вожиб бўлиб қолади. Агар битта йўл бўлса, ўша йўлни махсус муайян қилинади. Чунончи, салафи солиҳлар ҳадисларни ёзмас эдилар. Сўнг бизнинг давримизда ҳадисларни ёзиб олиш вожиб бўлиб қолди. Чунки, ҳадис ривоятида ушбу китобларни танишдан бошқа йўл қолмади. Ўтганлар наҳв-сарф ва луғат билан ҳам машғул бўлмаганлар. Чунки, уларнинг тиллари арабча эди. Сўнг бизнинг кунларга келиб уларни ўрганиш вожиб бўлди. Демак, Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр шаҳарларида шофиъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби йўқ, ушбу мазҳаб китоблари ҳам топилмайди. Шунинг учун ушбу шаҳарларда яшовчи билимсиз инсонга Абу Ҳанифа мазҳабига тақлид қилмоғи вожиб бўлади, унга ўз мазҳабидан чиқиши ҳаром бўлади. Ҳарамайнда яшаган кимсага ундай эмас. Чунки, у ерда жами мазҳабларни топиш имконияти бор». Тамом.

Гапнинг хулосаси шуки, билимсиз кимса бирор мазҳабни лозим тутмайдиган бўлса, тақводор бир олимнинг гапига амал қилсин. Шарт шуки, ўша билимсиз динни енгил санашдан, мужтаҳид имомларга таъна қилишдан ва бошқа шунга ўхшаш беодобликларда холи бўлиши керак. Шунингдек, у суянаётган олимнинг масалаларни таҳқиқ қилиш бобида тўлиқ маҳорати бўлсин. Унда ҳам таассуб асари бўлмасин, унинг тилидан мужтаҳид олимларга таъна қилиш содир бўлмасин. Шу суратда ўша кимса муайян мазҳабни лозим тутмаслик бобида ихтиёрлидир. Лекин, бизнинг давримизда на бундай диндор олим ва на бундай билимсиз тақводор учрайди. Ин ша-Аллоҳ, бундайлар ҳам учраб қолар….

Валлоҳу аълам би-с-савоб ва ҳува аъламу би-л-Китоб!

Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1907. – Б. 22-25.

Ҳамидуллоҳ Беруний таржимаси

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги томонидан 2022 йил якунига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда вилояти ҳокимияти вакиллари, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсунов ҳамда ҳудудларда фаолият юритаётган имом-хатиблар иштирок этди.
Тадбирда жорий йил давомида эришилган натижалар ва камчиликлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, диний-маърифий ва турли тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок ўтган ўнлаб имом-хатибларга ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар берилди.
Учрашув якунида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномаларидан келиб чиққан ҳолда "Жаҳолатга қарши маърифат" шиори остида тарғибот тадбирларини кўплаб ташкил этиш бўйича фикр алмашилиб, 2023 йил учун вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ҳозирги кунда баъзилар фарзандларини ўқитиш учун чет элларга олиб бориб, уларни ўзга юртларда қаровсиз ҳолда ташлаб келмокдалар. Натижада, фарзандлари илм олишнинг ўрнига бефойда ишлар, кимлиги номаълум кишилар билан қимматли вақтини беҳуда сарфламокда. Шуни унутмаслик керакки, фарзанд баркамол ва эл-юртга хизмат қилиши учун унинг устози, аввало, тўғри йўл да ва эътикодда адашмаган бўлиши ҳамда соҳа мутахассислари томонидан эътироф килинган шахс бўлиши катта аҳамият касб этади.

Агар устознинг ўзи тарбия ва насиҳатга мухтож бўлса, ундан таълим олган шогирддан яхши натижа чиқиши жуда қийин. Сир эмаски, ҳозирги кунда тўғри йўлдан адашган устозлардан таълим олган фарзандлар, ўз ота-оналарини хурмат қилмасдан: "Ота-онам фақат мени дунёга келишимга сабаб бўлган холос" деяётган бўлса, баъзилари ота-онасини имонсизликда айбламоқда. Баъзилари туғилиб ўсган юртига қарши чиқиб, бир қанча муаммоларга сабаб бўлмокдалар.

Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий масжидлар ва имом-домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид булиб, фирқаланиш, динда ғулувга кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Ёшлар орасида китобхонликни ошириш учун жойлар да янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақа лар ўтказилаётгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар, технопарклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзлар шулар жумласидандир. Зеро, имон-эътикоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир.

Хулоса шуки, ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзанд ларимиздан ҳам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний, Алишер Навоий каби буюк олиму алломалар чиқади, иншаАллоҳ.

Суфиев Жаъфархон Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар

Top