МАҚОЛА

Ҳизбут-таҳрирнинг хаёлий “халифалиги” – Исломга ҳиёнатдир!

Замонамиз хаворижлари бўлмиш ҳизбут-таҳрир аъзолари гўё: “Аллоҳ таоло инсон-у жинларни фақат халифаликни тиклаш учун яратган!”, “Аллоҳ таоло хилофат қилмаганни кечирмайди. Ундан бошқа барча гуноҳларни хоҳласа, кечиради”, деб ўз аъзоларининг мияларини заҳарлаб, бутун оламга сафсата сотиб келадилар. Ўзларининг истаган халифаликларини тиклаш йўлида эса ҳар қандай разилликлардан, ҳар қандай гуноҳ-маъсиятлардан, шариат ҳукмидан ташқари ишларни қилишдан, қонхўрлик ва қотилликлардан, террор ва вайронкорликлардан ҳам тойишмайди.

ХХ асрнинг саксонинчи йилларига келиб, ҳизбут-таҳрир ташкилоти ўзларининг олдига қўйган мақсадларига ета олмаётганлари сабабли, одамларни ўн йил ичида, эллик йилда халифаликни тиклаймиз, деган орзулари амалга ошмаётгани сабабли шиалар билан ҳамкорлик қилишга ўтади. Аниқроғи, ҳизб аъзоларидан бир гуруҳи шиалар раҳнамоси ал-Хумайний олдига бориб, унга байъат қилишни, уни баъзи бир шартларини қабул қилса, “Мусулмонлар халифаси” деб эълон қилишни ваъда беришади. Ал-Хумайнийга халифаликни таклиф қилиб, мактуб йўллайдилар. Бир неча мактубларига қониқарли жавоб ололмаганлари сабабли “Эроний дастурнинг танқиди” номи билан раддия эълон қиладилар. Буни ҳизбут-таҳрирнинг асосий мажалласи “ал-Ваъй”нинг 1989/8/4 18-сонида билиш мумкин. Бу йилларда чиққан “ал-Ваъй”нинг бир қанча сонларида ал-Хумайнийнинг “Исломий ҳукумат” номли асарини мақталганини кўриш мумкин. Ҳолбуки, мазкур асарнинг 52-саҳифасида: “Имомлар (халифалар) муқарраб фаришталардан ҳам, мурсал пайғамбарлардан ҳам афзал!”, дейилган.

Исломнинг таниқли уламоси Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ “ал-Эълом би-қавотеъ ал-ислом” асарида имомларни пайғамбарлардан афзал, дейишнинг куфр эканлигини қайд қилганлар. Ҳизб эса ушбу куфр ва ширк гапга эътибор қилмайди. Унинг бутун фикр-зикри ҳар қандай йўл билан бўлса-да давлат тузумларини ағдариб, ўзларининг хаёлий давлатларини тузишдир. Аҳли суннат ва жамоатдан ташқаридагилиги аниқ бўлган, саҳобаларни сўкишлари билан танилган шиаларнинг раҳнамосини ҳизбут-таҳрир аъзолари ўзларининг халифаси қилиб олишга қасд қилган эдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу жиҳодга юзланган лашкарни гуноҳ ишларни қилишдан, ноҳақ тинч аҳолини ўлдиришдан қаттиқ қайтарганлар. Жумладан, у зот ўз лашкарбошисига ёзган мактубларида: “Сенга ва лашкардаги одамларга ҳамма вақт Аллоҳ таолодан қўрқишни тавсия қиламан. Чунки, тақво душманга нисбатан энг афзал қуролдир. Сенга ва сен билан бирга бўлганларга буюраман: кўп гуноҳ қилишдан сақланинг. Зотан, аскарнинг гуноҳи душмандан кўра қўрқинчлироқдир!”, деган эдилар.

Ҳизбут-таҳрирнинг ғояси фақат халифаликни қўлга киритиш, ер юзини ўзларининг мулки ва давлати қилиб олиш экан, Аллоҳ таолонинг бир ҳукмини унутиб қўядилар. Аллоҳ таоло ерни ўзи истаган одамга мулк қилиб беради. Оқибат эса тақводорларникидир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло: “Ер Аллоҳникидир! Уни (Ўзи) хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат (яхшиликлари) эса тақводорларга (тегишли)дир!”, деган (Аъроф сураси, 128-оят).

Ҳизб эса халифаликни тиклаш йўлида Аллоҳнинг бу ҳукмидан ҳам, шариат ақидаларидан ҳам кўз юмади.

Ҳизбнинг шиаларни ўзларининг халифаси, деб кўришдан ҳам тап тортмаганини айтгандик. Ваҳолонки, улар кофирдан ҳам ёрдам сўраб, уни халифа қилиб кўтаришдан ҳам тойишмайди.

Ҳозирги кунда ҳизбут-таҳрирнинг бош қароргоҳи Англияда – Лондонда эканидан ҳам буни билиш мумкин. Ваҳоланки, ҳизбут-таҳрир деярли барча араб давлатларида, жумладан, Саудия Арабистонида экстремистик ташкилот деб топилиб, фаолияти таъқиқланган. Шунингдек, у Покистон, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа кўплаб давлатларда ҳам таъқиқланган.

Энг қизиғи, хизбут-таҳрир учун Германиядан ташқари бутун Европада бундай таъқиқ йўқ. Юқорида айтилганидек, ҳизбут-таҳрирнинг асосий марказий қароргоҳи Лондонда эканлиги, Ато Абу Рашта исмли ҳизбнинг «халифаси» Европада (Голландия ёки Данияда) қўним топганлиги ҳам кўп нарсани англатади.

Ҳизбдагилар, уларнинг раҳнамолари муқим яшайдиган кофир давлатлар ҳеч қачон ҳақиқий халифалик тикланишига ёрдам бермаслигини наҳот билмасалар?! Кофир киши динга душман сифатида ҳеч қачон ҳаққоний халифалик ўрнатилишига асло ёрдам бермаслиги кундек равшан-ку!

Ҳизбут-таҳрирнинг муассиси Набаҳоний эса “Исломий шахсият” китобининг 2-жилди 154-саҳифасида бундай ёзиб қолдирган: “Ёлғиз ўзлари бўлсалар, кофирлардан ёрдам сўраш жоиз бўлади. Шу шарт биланки, улар ҳам исломий байроқ остида бўлишлари керак. Назарлари душманлик бўлса-да, зиммий (ислом юртида яшаётган ғайридин) бўлиши ёки зиммий бўлмаслиги (ўзларининг кофир юртида яшаётган бўлиши)нинг фарқи йўқ. Уларнинг исломий давлатнинг аҳолиси бўлишининг ҳам, бўлмаслигининг ҳам фарқи йўқ”.

Ҳизбут-таҳрир 1970/6/5 сонли савол-жавоб бюллетенида исломий парламент аъзолари кофир бўлишини ҳам, ҳатто парламент раисининг ҳам, исломий давлатдаги ислом лашкарининг қўмондони ҳам кофир бўлишини жоиз дейди. Ҳизбут-таҳрир чиқарган “ад-Давса”нинг 62-бетида: “Жиҳод қандай эътиқод ва динда бўлишидан қатъий назар ҳар қандай ҳокимнинг байроғи остида вожибдир!”, дейилади.

Улар жиҳодни хоҳ исломий ва хоҳ куфрий ҳукм билан амалга оширишни ёқлайдилар. Ҳатто, уларнинг фикрича, кофир давлатга хизмат қилиб бўлса ҳам, мусулмон давлати кофир давлатига жизя – солиқ тўлаб турса ҳам майли. Ҳизбчиларнинг “Исломий оламга алангали нидо!” китобининг 109-саҳифасида худди ушбу маъноларни ўқиш мумкин. Демак, ҳизбнинг ғоясига кўра халифалик эълон қилинган ўзларининг давлати кофирларга қарам ва мустамлака бўлиши мумкин экан. У ҳолда, уларнинг бутун дунёни исломобод қилиш тўғрисидаги баландпарвоз ғоялари қаерда қолади?!

Демак, юқоридаги маълумотлардан маълум бўладики, ҳизбут-таҳрир ўзларининг халифалик ғояларини ёйишда умуммусулмонлар оммасини алдаб келадилар. Аслида мусулмон юртларининг мусулмон давлат раҳбарлари ва ҳукуматини кофирга чиқариш билан бирга ўзлари ҳақиқий кофирлардан паноҳ оладилар. Ўзларининг бўлажак халифаларини кофир бўлишига ҳам рози бўлаверадилар. Ўзларининг тузган халифалик давлатининг ҳақиқий кофирларга хизматчи, солиқ тўловчи, қарам, аниқроғи, мустамлака бўлишига ҳам розидирлар.

Биз эса озод юрт ва обод ватанимизни асло ҳақиқий кофирлар давлатига қарам бўлишига ҳам, мустамлака бўлишига ҳам асло рози бўла олмаймиз! Шу жиҳатдан олиб қараганимизда, ҳизбут-таҳрир ғояларини шариатга тўғри келмайдиган, ноисломий, хиёнаткор бир ғоя эканини айта оламиз.

 

Манба

Read 866 times

Мақолалар

Top