muslim.uz

muslim.uz

19 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Президент зиёрат туризми имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб, бир қатор вазирлик ва ташкилотларга тегишли вазифалар юклади. Бу ҳақда president.uz саҳифаси маълум қилган.

Хусусан, Молия вазирлигига Бухорода зиёрат туризми объектлари инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетга 40 миллиард сўм ажратиш топширилди.

Туризм вазирлиги олдига зиёрат туризми салоҳияти юқори Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва араб давлатларидан Самарқанд, Бухоро ва Тошкентга авиарейсларни кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Мутасаддиларга мамлакатимиздаги 1 минг 200 дан зиёд зиёратгоҳлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, йилига камида 1 миллион сайёҳ жалб қилиш дастурини тасдиқлашга кўрсатма берилди.

Зиёратга келаётган туристларнинг мазҳаби, тариқати, ёндашуви ҳар хиллигини инобатга олиб, қайси дин ёки мазҳаб вакилларига қандай овқатлар таклиф қилишни, меҳмонхона ва ибодат жойларини қандай жиҳозлашни илмий ёндашувларсиз қилиб бўлмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Муқаддас жойлар, авлиё ва пирлар ҳақида маълумот бера оладиган мутахассислар ва гидлар ҳам камлиги айтилди.

Шу муносабат билан Ислом академияси, "Ипак йўли" университетига зиёрат туризми оқими кўп бўлган давлатлар учун илмий асосланган ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الثلاثاء, 20 أيلول/سبتمبر 2022 00:00

Ёшларни одоб ва илмга тарғиб қилиш

Тарихдан маълумки, барча буюк давлатларда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, айнан жисмонан соғлом ва ақлан салоҳиятли ёшлар ўз юртининг қудрати ва равнақига замин яратади. Ҳар бир ота-она, ўз навбатида, фарзандининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Шундай экан, ота-она ўз фарзандининг ёшлик даврини мазмунли, намунали, фойдали ишлар ва савобли амаллар билан ўтказишига ёрдамчи бўлмоғи лозим. Лекин баъзан болалар тарбиясида шундай хатога йўл қўйиладики, бу хато фарзанднинг ҳаётида кескин бурилиш ясайди.


Эсимда, бир киши ўғлини “эшак” деб уришганида боланинг бобоси ўғлини четга тортиб, ундай дема, “хўтик” дегин, сенча бўлса, эшак бўлади, деб ўғлига танбеҳ берган эди. Демак, фарзандларни хато қилганида ҳам ҳақорат қилмай, хатосини тўғри тушунтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Хато қилганида уриб-сўкмасдан, босиқлик билан тушунтириш лозим. Кичик бўлса-да бирор ютуққа эришса: “Баракалла, сен улуғ инсон бўлиб етишасан, келажакда нафақат менга, балки барчага раҳмат келтирадиган миллатнинг фахри бўласан”, деб рағбатлантириш керак. Ана шунда миллатдан улуғ зотлар етишиб чиқишига замин яратган бўламиз, иншоаллоҳ.
Томас Эдисон онасидан қолган китобларни варақлаб ўтириб бир варақ топиб олади, унда: “Исаакнинг онаси, илтимос, ўғлингизни бизнинг мактабдан олиб кетинг, умуман унинг ўқишга лаёқати йўқ. Бошқа бирор касб ўргансин, унинг хотираси жуда заиф ва қолоқ”, деб ёзилган эди. Эслади, бошланғич мактабга бир неча вақт қатнаганида ўқитувчи шу хатни онасига бериб юборган эди. Лекин онаси хатни ўқиб бўлгач, бироз ўйланиб: “Ўғлим, у мактабда сенга сабоқ беришга лаёқатли устоз қолмабди, шунинг учун сени бошқа мактабга олиб бораман, яхши ўқийсан-а?!” деб бошқа мактабга олиб борган эди. Аслида бола мактабдан ҳайдалган эди, онанинг оқилалиги туфайли бола ана шундай мартабага эришди.


Дарҳақиқат, қобилиятсиз бола йўқ (агар туғма ақли норасо бўлмаса) фақат қобилиятни қўзғатиш ва йўналтира билиш керак.
Машҳур муҳаддис Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний ёшлигида мадрасага ўқишга киради. Зеҳни ўткир эмаслиги боис илм ўрганишга қийналади. Мударрислар: “Сен бошқа иш билан шуғуллан, илм ўрганишга қобилиятинг кам экан”, деб мадрасадан озод қилишади. Қалбида илмга муҳаббати бор ўсмир ноилож мадрасадан қайтаётиб, ҳавонинг иссиғида дам олиш учун бир ғорга кириб ётади ва бир манзаранинг гувоҳи бўлади. Ғорнинг юқори қисмидан томчилаётган сувга бир муддат қараб ётди. Томчи тошга тушиб, уни ўйиб юборди: “Сув юмшоқ, лекин доимий томчилаб тургани учун тошни тешибди. Менинг қалбим тошдан ҳам қаттиқми? Наҳотки, томчичалик бўла олмасам?” деб яна мадрасага қайтиб бориб, астойдил ўқиб, Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний бўлиб бутун дунё Ислом оламига машҳур бўлди. Салкам етти асрдан бери у зотнинг асарлари бутун Ислом оламининг олий билим юртларида ўқитилмоқда. Улуғларнинг таржимаи ҳолларида бу каби ибратлар бисёр.


Муқаддас динимизда болаларни гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Ахлоқ ва одоби яхши бўлган болаларга илм тез сингади. Тасаввур қилинг: бир синфда ўттиз нафар бола ўқиса, улардан қайси бири одоб билан устозини тингласа, ўша илмда энг пешқадам бўлади. Демак, одоб-ахлоқ илм олишнинг асосий омилларидан бири.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилдилар: “Киши ўз фарзандини тарбия қилиб бир нарса ўргатиши – бир соъ (тақрибан, икки килограмм майиз қийматига тенг)ни садақа қилишидан яхшироқдир” (Имом Термизий ривояти).


Бошқа бир ҳадисда: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” дейилган (Имом Термизий ривояти) .
Бугун ёшларга жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим.
Ёшларнинг жисмонан бақувват, соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти катта. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадантарбия машқлари билан шуғулланиш, балки инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади.


Абу Рофиъ айтади: «Мен: “Ё Расулуллоҳ! Бизнинг болаларимизда ҳаққимиз бўлгани каби, уларнинг ҳам бизда ҳақлари борми?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Ҳа, боланинг отадаги ҳаққи унга ёзишни, сузишни, камондан отишни ўргатиши ҳамда ҳалол ва покиза нарсалар бериб тарбиялашидир”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).
Таъкидлаш керак, ёшларимизнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, уларга касб-ҳунарни ўргатишимиз – айни муддаодир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам меҳнаткаш ва касб-ҳунарли кимсаларни мақтаб бундай деганлар: “Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради” (Имом Термизий ривояти).
Давоми бор…

Абдулмажид ИСҲОҚОВнинг
“Исломда ёшларга муносабат” китобидан

Бугун, 20 сентябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоят, туман ва шаҳар Бош имом-хатиблари учун навбатдаги 36 соатлик малака ошириш ўқувлари бошланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Маросимда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбойев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан нотиқлар мазкур малака ошириш ўқувларидан кўзланган мақсад диний соҳа ходимлари олдида турган диний-маърифий ва маънавий-ахлоқий ишларни янада жадаллаштириш, ёшлар тарбияси, уларни ёт ғоялар таъсиридан сақлашга қаратилган тарғиботларни кенг кўламда ташкил этиш, айниқса, имом-хатибларнинг фуқаролар билан ишлаш, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам вакилларини жамиятга қайтариш билан боғлиқ фаолиятларини самарали ташкил этиш эканини алоҳида таъкидлашди.

Малака ошириш ўқувларининг илк кунида Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, юридик фанлари доктори, академик Aкмал Саидов, Aдлия вазири ўринбосари Aктам Муҳаммадиев, Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минхожидин Хожиматов томонидан дарс машғулотлари олиб борилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ

الثلاثاء, 20 أيلول/سبتمبر 2022 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний соҳада самарали хизмат қилган Шаҳрисабз туманидаги "Фармон ота" жоме масжиди имом-ноиби Шойимардон домла Омоновнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум домламизни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум домламизнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум Шойимардон домла Омоновнинг яқинлари ва ёру биродарларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top