Ўзбекистон янгиликлари

Президент: зиёрат туризми имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарур

19 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Президент зиёрат туризми имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб, бир қатор вазирлик ва ташкилотларга тегишли вазифалар юклади. Бу ҳақда president.uz саҳифаси маълум қилган.

Хусусан, Молия вазирлигига Бухорода зиёрат туризми объектлари инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетга 40 миллиард сўм ажратиш топширилди.

Туризм вазирлиги олдига зиёрат туризми салоҳияти юқори Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва араб давлатларидан Самарқанд, Бухоро ва Тошкентга авиарейсларни кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Мутасаддиларга мамлакатимиздаги 1 минг 200 дан зиёд зиёратгоҳлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, йилига камида 1 миллион сайёҳ жалб қилиш дастурини тасдиқлашга кўрсатма берилди.

Зиёратга келаётган туристларнинг мазҳаби, тариқати, ёндашуви ҳар хиллигини инобатга олиб, қайси дин ёки мазҳаб вакилларига қандай овқатлар таклиф қилишни, меҳмонхона ва ибодат жойларини қандай жиҳозлашни илмий ёндашувларсиз қилиб бўлмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Муқаддас жойлар, авлиё ва пирлар ҳақида маълумот бера оладиган мутахассислар ва гидлар ҳам камлиги айтилди.

Шу муносабат билан Ислом академияси, "Ипак йўли" университетига зиёрат туризми оқими кўп бўлган давлатлар учун илмий асосланган ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 885 times

Янгиликлар

Top