muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 29 حزيران/يونيو 2022 00:00

Аллоҳ сифатлари ҳақида аҳли сунна мазҳаби

Шайх Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳ айтади: "Аллоҳнинг муташобеҳ сифатлари хақидаги оят ва ҳадислар ҳақида аҳли сунна ва жамоанинг тутган йўли ушбу сифатларни Аллоҳнинг Ўзига тафвиз қилиш (ҳавола қилиш, топшириш)дир. 

Яъни, ушбу оят ва ҳадислардаги асл мақсад, маънони фақатгина Аллоҳнинг Ўзи билади. Ушбу оят ва ҳадислардан инсон зеҳнга келадиган, яъни Аллоҳнинг қўли дейилганда худди бизнинг қўлимиз каби қўлни тушуниш маъноси ирода қилинмайди. Балки, бу сифатлардан ирода қилинган асл маънони Аллоҳнинг Ўзигина билади. 

(Яъни, Аллоҳнинг мутошобеҳ сифатлари ҳақида салафи солиҳлар шарҳ этишмаган, мазкур сифатларни аслини Аллоҳга ҳавола қилишган, ким бунга маъно бермоқчи бўлса, уни қаттиқ танқид қилиб қайтаришган).

Аммо, ҳозирги замондаги ўзларини салафийлар дегувчиларнинг бу хусусдаги тутган йўли ўзларининг зеҳнларига келган маънони лозим тутишларидир. 

(Яъни, улар Аллоҳнинг бу сифатлари зотий, яд бу қўл дегани, қўл дедими демак Аллоҳнинг зотида бизнинг қўлимиз каби қўли бор дейишади).

Ушбу сабабли уларнинг мушаббиҳа ва мужассима бўлишлари лозим бўлади. 

(Аллоҳга жисм нисбат берувчилар мужассималар, Аллоҳни бандаларига ўхшатувчи мушаббиҳалар дейилади). 

Ушбу қавлни айтувчилар кофир бўлишига имом Шофеъий ва бошқа салаф имомлари ҳам фатво беришган".

(Яъни, Аллоҳнинг зотида бандалар каби қўл, оёқ, юз каби аъзолар бор дегувчилар мужассима ва мушаббиҳалардан бўлади).

Янада тушунарли бўлиши учун мисоллар келтирамиз: мотуридий ва ашъарий уламолари салафи солиҳларга эргашиб мутошобеҳ оят ва ҳадисларни Аллоҳга тафвиз қилишган. Аммо баъзи тоифалар чиқиб бу сифатларни зотий яъни бандаларнинг аъзолари каби бўлади дейишни бошлагач, таъвил қилишга мажбур бўлишган. Бу таъвилларда шариатга хилоф бўлмаслик ва аввалги уламолар илмига эргашишни лозим тутишган. 

Масалан:

Фатҳ сурасининг 10-оятида "Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир" дея марҳамат қилинган. Оятдаги "яд" - "қўл" мутошобеҳ бўлиб, имом Табарий ўзларининг тафсирида "Аллоҳнинг Ўз Расулига мадади, уларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдамларидан қувватлироқдир. Зотан, улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг душманларига қарши мадад беришга байъат қилишган эди" дея таъвил қилган. 

Миролим Мансур

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири ўринбосари доктор Абдулфаттоҳ Машъатнинг айтишича, ҳаж вақтида маймунчечак касаллиги билан касалланиш катта ташвиш туғдирмайди. Машат Саудия Арабистонининг “Ал-Саудия” телеканалига берган интервьюсида шундай баёнот берди.

Унинг сўзларига кўра, Ҳаж ташкилотчилари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маймун чечакка қарши жавобига ишонишлари мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиёратчиларга ҳаж амалларини бажаришга рухсат бериш учун тиббий талабларни белгилаган бўлса-да, уларда маймун чечакка қарши ҳеч қандай чора кўрилмаган, деди Машъат. У вазирлик ҳаж мавсумида касаллик пайдо бўлса, унга қарши фаол чоралар кўрилишини таъкидлади.

Абдулфаттоҳ Машъатнинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони ҳар доим ўзининг “Инсон саломатлиги – ҳамма нарсадан устундир” шиорини илгари суради.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

الثلاثاء, 28 حزيران/يونيو 2022 00:00

Кибр қандай ашаддий душман!

Қайта тирилишни инкор этган, дунё ҳаётида қилган амалларидан ҳисоб бериш йўқ деб ўйлаган имонсизларнинг ўлим арафасидаги аянчли ҳолатини Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида бундай баён этади: «Дарҳақиқат(жон) ҳалқумга етганда, (вaфот этaётганга): “Дам солувчи киши борми?” деб қолинганда, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу дунёдан) ажралиш эканини англаганда, (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалишиб қолган бир вақтда ёлғиз Раббингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир. На (Қуръон ва пайғамбарни) тасдиқ этди (у) ва на намоз ўқиди» (26–31-оятлар).

Ушбу ояти карималарда инсон учун умрнинг охирги – тавба эшиги ёпилган дақиқалари ҳақида сўз бормоқда. Одам боласига бундан оғир мусибат, аянчли мағлубият, бундан кўра аччиқ надомат йўқдир. Чунки у жоҳиллиги, кибри, итоатсизлиги боис ҳамма нарсани шайтонга бой беради. Бузуқ эътиқоди сабабли ўзича яхшилик деб ишонган амаллари ҳам чипкакка чиқади.

Бундай вазиятга тушишдан Аллоҳ асрасин. Аллоҳ таоло мўминларни жоҳилларча кибри сабабли ҳаёт жиловини бутунлай нафси ва шайтонга топшириб қўйган золимлардан юз ўгиришга, улардан узоқ бўлишга буюради. Шунингдек, тақво қилув­чи бандалар учун бундай золимлар­нинг қилмишларидан ҳисоб бериш йўқли­гини айтади. Лекин гуноҳлардан сақланишлари учун эслатма билан бошқаларни огоҳлан­тиришлари лозимлигини таъкидлайди: “Динларини ўйин ва беҳуда нарса қи­либ олган ва бу дунё ҳаёти алдаб қўйган­ларни қўяверинг (уларга парво қилманг)! Ҳар бир жон (ўз) қилмиши сабабли ҳалок бўлиши, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир дўст ва оқловчи бўлмаслиги, бадалнинг ҳаммасини берса ҳам, ундан олинмаслигини у (Қуръон) орқали эслатинг! (Ўз) қилмишлари сабабли азобланадиганлар ана ўшалардир” (Анъом сураси, 70-оят).

Мўминлар Аллоҳ таолонинг тавфиқи ва раҳматидан бебаҳра қолмасликлари учун яхши, солиҳ амаллардан васила ҳозирлашлари лозим. Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз ҳамда Унинг йўли (тоати)да жидду жаҳд қилингиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз!” (Моида сураси, 35-оят). Намоз, рўза, закот, ҳаж, Қуръон тиловати, зикр – булар ҳаммаси Аллоҳ розилиги учун холис адо этилса, васила бўлиши аниқ.

“Тақводор” сўзининг бир маъноси араб луғатида “холис”, “астойдил”, “чин қалбдан интилувчи” демакдир. Яъни Аллоҳ таолонинг розилигига интилувчи. Лекин бу интилиш салоҳиятини Аллоҳ таоло, аввало, ота-онанинг розилиги, ик­кинчидан, солиҳ зотлар – саҳобалар, муж­таҳид имомлар, авлиёларга эҳтиром, учинчидан, пайғамбарларга имон келтириш, муҳаббат қўйиш билан боғлаган. Яъни солиҳ, савобли амал ота-она розилиги, солиҳ зотлар дуоси, пайғамбарлар­га ишонч, эҳтиром туфайли Аллоҳ таоло­нинг даргоҳида қабулдир, иншоаллоҳ. Агар банда жоҳил, кибри ва шайтон васвасасига берилиб, ушбу боғланишларни менсимаса, яхши амалларининг ҳам йўлини тўсган бўлади.

Абдуҳаким ОРТИҚОВ,

Чироқчи тумани

Ҳаж зиёратчилари келиши давом этаётгани муносабати билан Макка шаҳридаги “Масжидул Ҳаром” жавонларига 80 мингга яқин янги Қуръони Карим китоблари жойлаштирилди.

“Масжидул Ҳаром” идораси ҳузуридаги Қуръони Карим тарқатиш Ҳайъати томонидан ҳаж зиёратчилари фойдаланиши учун Қуръони карим китоблари тақдим этилди.

Ҳайъат раҳбари Фаҳд ал-Забиёнийнинг сўзларига кўра, Масжидул Ҳаромнинг турли жойларида 2 300 та жавон мавжуд, кўзи ожиз зиёратчилар учун “Брайл” алифбосидаги мусулмонларнинг муқаддас китоби нусхалари ҳам масжид жавонида алоҳида жойлаштирилган.

Бундан ташқари, аз-Забиёнийнинг сўзига кўра, зиёратчиларга Ҳайъат томонидан тақдим этилган мобиль иловалардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

 

Халқаро алоқалар бўлими

Мақолалар

Top