МАҚОЛА

Исломда вайронкорлик ва бузғунчилик қораланади

Муқаддас Ислом динимиз инсонларни эзгу ишларга, инсонларга яхшилик қилишга тарғиб этган. Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида “Инсонларнинг яхшилари инсонларга яхшилик қилувчиларидир” деганлар.

Бугунги кунда фақат ўзларини мусулмон санаб, Аҳли суннадаги мусулмонларни кофирликда айблаб уларни қонлари ва молларини ҳалол санаётган экстремистлар мўмин-мусулмонлар яшаётган юртларда бузғунчилик ишларини амалга оширишда давом этиб келишмоқда. Уларга  Аҳли сунна уламолари томонидан қилаётган ишлари Қуръон ва Суннатга зид эканлиги исботлаб берилиб, раддиялар берилаётган бўлса-да, улар ўз билганларидан қолмай, мусулмонларнинг қонини тўкиш, шаҳар ва қишлоқларини вайрон қилиш, экинзонларини куйдиришдан тўхташмаяпти. Билакс улар янада ўзларининг бузғунчи ғояларини ижтимоий тармоқлар орқали ёйиб, ёшларни ўз тузоқларига илинтиришга зўр бериб интилишмоқда.

Террорчи жамоалар мусулмонлар яшаётган бир қатор мамлакатларда, жумладан, Ливия, Сурия, Афғонистон, Сомали, Яман каби давлатларда мусулмонлар бошига мисли кўрилмаган талофатлар етказишди. Уларнинг бузғунчиликларидан шаҳарлар, қишлоқлар, экинзорлар, завод-фабрикалар ва турар жойлар бутунлай вайрон бўлди. Бунинг натижасида одамлар ўртасида очарчилик юзага келиб, юз минглаган ёш болалар очлик қурбони бўлишди.

Бу гуноҳларнинг жавобини ким беради? Барчамизга маълумки, Исломда вайронкорлик ва бузғунчилик қораланган. Жумладан, Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلَا تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِن كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ

“Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, дедилар” (Қасас сураси, 77-оят).

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

وَإِذَا تَوَلَّى سَعَى فِي الأَرْضِ لِيُفْسِدَ فِيِهَا وَيُهْلِكَ الْحَرْثَ وَالنَّسْلَ وَاللّهُ لاَ يُحِبُّ الفَسَادَ وَإِذَا قِيلَ لَهُ اتَّقِ اللَّهَ أَخَذَتْهُ الْعِزَّةُ بِالْإِثْمِ ۚ فَحَسْبُهُ جَهَنَّمُ ۚ وَلَبِئْسَ الْمِهَادُ

“Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳамда экин ва насилни ҳалок қилиш учун ҳаракат этади. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас. Қачон унга: “Аллоҳдан қўрққин”, – дейилса, кибру ҳавоси уни гуноҳга етаклар. Жаҳаннам унга етарлидир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!” (Бақара сураси, 205-206-оятлар).

Ислом тарихида Пайғамбаримиз ва у зотнинг саҳобалари нафақат мусулмонларга, балки бошқа дин вакилларига ҳам шафқат кўрсатишда бутун инсониятга намуна бўлдилар. Буни бошқа дин вакиллари ҳам эътироф этишган.

Жумладан биринчи Халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Шом фатҳига жўнаётган қўшинига шундай насиҳат қилган эдилар:

«Болаларни, аёлларни, кексаларни ўлдирманг. Хурмо дарахтларига ўт қўйманг ва буталарни кесманг. Туяларни, бошқа ҳайвонлар подасини ўлдирманг… Сиз ўзга ишлар, охират дунёсига хизмат қилиш билан машғул одамларни учратасиз. Шунда уларни ўз ҳолига қўйинг…»

Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзга динларга нисбатан адолатпарварлиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди. Ҳазрат Умарнинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган эди. Бу зот Байтул-Мақдисга фотиҳ сифатида кирганларида «Қуддус ал-Кубро» черковида туришганида аср намозининг вақти кириб қолади. Кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб черковни масжид қилиб олишмасин, дея бу ерда намоз ўқишдан бош тортгандилар. Шаҳар фатҳ этилганидан кейин кўп ўтмай, Несториан патриархи Иешуйаб Иккинчи дўстига ёзган мактубида шундай сўзларни битган эди: «Худо Ўзининг иродасини ато этган… бу араблар бизга ҳеч қандай зарар етказишмади. Ҳақиқатдан улар динимизга, руҳонийларимизга, черков ва узлатгоҳлармизга ҳурмат билан қарашди» (Ҳорун Яҳё, «Ислом террорни лаънатлайди», Тошкент, ) 

Экстремистлар бу жинояткорона бузғунчиликларидан кўрилаётган зарарлар

Бундай бузғунчиликларда бегуноҳ мусулмонлар, ёш болалар, аёллар, қариялар қурбон бўлишмоқда.

Урушлар натижасида миллионлаган одамлар уйларини, ватанини тарк қилиб ўзга юртларга кўчиб кетишга мажбур бўлишмоқда. Айримлари денгизда сувга ғарқ бўлиб ҳалок бўлмоқда.

Завод-фабрикалар вайрон бўлиб, ишлаб чиқариш бутунлай издан чиқиб, одамлар ишсиз қолишига сабаб бўлмоқда. Бунинг натижасида одамлар, айниқса ёш болалар очарчилик қурбони бўлишмоқда. Шунингдек тиббиёт ва таълим муассасалари вайрон этилиб, тизиим бутунлай издан чиққан.

Энг ёмони ғарбда Исломни ёмонотлиқ бўлишига булар сабабчи бўлишмоқда. Ғарбда Исломни “террор дини” деб турли таъна тошлари ёғилишига, муқаддас динимизни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни карикатура қилинишга сабабчи бўлишмоқда.

Юқоридаги мисоллардан хулоса қилиб айтамизки, Ислом динини ўзларига ниқоб олиб, дин номидан гапириб қон тўкаётган, кўзи қонга тўлган жангариларнинг алдовларидан огоҳ бўлайлик. Ёшларимизни уларнинг тузоғидан асрайлик.  

 

Д. Абдуқодиров,

Имом Фахриддин ар-Розий ислом  билим  юрти мудири

Read 3274 times

Мақолалар

Top