МАҚОЛА

Илмсиз диндан сўзламасин!

Афсуски, ҳозирги кунда ҳамма ўзини дин олимидек тутиб, ҳар қандай билган-билмаган масалаларида хоҳлаган жавобини беряпти, ўзини мужтаҳид олим деб ўйламоқда. Аслида ҳам шундайми?!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг…”. (Фотир сураси, 6-оят).

Шудай экан, шайтонга бизни тўғри йўлдан оздириши учун имкон бермаслигимиз керак. Чунки шайтон дин илмидан чуқур хабардор бўлмаган кимсаларни, Аллоҳ таолонинг сифатлари ва бошқа турли ақли етмайдиган масалаларни гапиришга ундайди. Натижада инсон асл дин қандай экани борасида шубҳалар оғушида қолади. Бу ҳам етмагандай, ушбу қилаётган ишини маърифат йўли деб ўйлайди ва шу эътиқоди туфайли бидъатчи ёки имондан чиқиб қолиши ҳам мумкин! Аллоҳ сақласин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, шайтон сизларнинг бирингизга келиб, сени ким яратган? - дейди. Сиз эса: Аллоҳ таоло,-дейсиз. Шайтон: унда Аллоҳни ким яратди? - дейди. Агар бирортангизда шундай бўлса, “Аллоҳ ва расулига имон келтирдим” десин, шунда манашу нарса ундан кетади.

Ушбу ҳадис шарифда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уламоларни эмас, авом халқни назарда тутиб, ким шу васвасага дуч келса, уни тўғрилашга уриниб, баҳс юритишига буюрмадилар. Балки, “Ааманту биллаҳи ва расулиҳи” яъни: Аллоҳ ва унунг расулига имон келтирдим деб, тезда ушбу васвасадан халос бўлишга буюрдилар.

Авом халқнинг зиммасига, имон келтириш, ўзини Аллоҳга таслим этиш, ибодат ва яшашлари учун зарур ишлари билан шуғулланиши ҳамда илмий ишларни уламоларга қўйиб бериши вожибдир. Бир илмсиз одамнинг, зино ва ўғирлик қилишидаги гуноҳи, илмни пухта ўзлаштирмасдан дин борасида гапиришидаги гуноҳидан енгилроқдир. Ўзи билмаган ҳолда куфрга кетиши ҳам мумкин. Шайтон эса, шунинг учун мана шу йўлни ўзига кириш эшиги қилиб олган.

Илмнинг энг афзали “илми ҳол” дейилади. Яъни ҳар кимса, ўзи турган ўрнидаги илмни пухта билиши лозим. Масалан: ким савдогар бўлса, савдо илмини, дурадгор бўлса, дурадгорлик масалаларини билиши вожибдир. Ҳамма шунга амал қилиб, барча ишни ўз мутахассисига топширса, ана шунда улкан натижаларга эришиш мумкин. Доно халқимизда бир ҳикмат бор: “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин” деган. Бу ҳикматлар бежиз айтилмаганини юқорида билиб олдик.

Аллоҳ таоло барчамизни динида собитқадам қилсин.

 

Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли,

Мир Араб Олий мадрасаси талабаси

Read 2479 times
Tagged under

Мақолалар

Top