МАҚОЛА

Оврупа терроризм таҳдиди остида

Ислом давлати раҳнамоси ал-Бағдодий “халифалик”нинг мағлубиятини тан олди. Энди нима бўлади? Сурия ва Ироққа ўрнашиб олган террорчилар қайси томонга қараб ҳаракатланади? 

Қуйида Ғарбий Европа учун хатарлилик жиҳати кучайиб бораётгани ҳақида Европа манбаларининг таҳлилларини ҳавола қиламиз. Иқтисод ва дунё институти 2016 йил кўрсаткичлари бўйича ўтказган тадқиқотга кўра, террорчилик катта хавф туғдираётган 80 та давлат рўйхати сирасида 15 та Европа давлати ҳам бор. Ана шу давлатлар рўйхатида Франция (29), Буюк Британия (34), Греция (43), Швеция (46) ва Италия (69-ўринда) турибди.

Ажабланарли жиҳати  шундаки, ана шу рўйхатда Испания йўқ. Ҳолбуки, Испаниянинг етакчи нашрларидан бири бўлган  El Mundo Испаниянинг махсус хизматлари кун сайин юксалиб бораётган терроризм феноменининг мамлакат учун жиддий хатарга айланаётганидан ташвишда эканини эълон қилган эди. Бу ўринда гап “Ислом давлати”га қўшилиш мақсадида Сурия ва Ироққа келиб қолган испан фуқаролари ҳақида бормоқда. Улар дўстлари, танишлари ва атрофдаги радикал кайфиятдаги одамларни тинимсиз равишда ўзлари томонга чорлашмоқда.

“Ислом давлати” тузмоқчи бўлган хомхаёлларнинг Испаниядаги тарафдорларига қилган мурожаатидаги даъвоси жуда ҳам оддий:  "Ҳужумга, ҳужумга, ҳужумга. Биз нимадир қилишимиз керак. Сизга ишга киришишингиздан олдин яна нима юз бермоғи лозим?".  

Бу даъватга муносабат қандай бўлмоқда? Махсус хизматлар берган маълумотга кўра, бу чақириққа Испаниядаги юзга яқин бидъатчилар эргашиб кетиши мумкин. Нима бўлиши мумкин? Таҳлилчиларнинг фикрича, йирик эҳтимолга кўра, қандайдир “ёлғиз бўри” тарафидан портлаш содир этилади. Аммо унинг кўлами катта террорчилик гуруҳи олдиндан режалаштирган сценарий бўйича амалга оширилган қўпорувчиликдан кам бўлмайди.

Бундай мудҳиш ҳодисанинг олдини олиш мақсадида испан махсус хизмати Испанияда яшайдиган 800 нафар радикаллар устидан текширув олиб бормоқда. Тахминан, уларнинг 100 нафари алоҳида шароитда яшайди ва исталган вақтга ҳаракатга келиши мумкин.

Сурия ва Ироқлик террорчилар босими остида кун сайин бу хатарнинг юксалиб бораётганини ҳис этаётган  яна бир европа давлати, айнан, Германиядир. Немис нашри Frankfurter Allgemeine Германия Конституциясини ҳимоя қилиш федераль ташкилоти берган маълумотга асосланиб ёзишича, мамлакатда исломни ниқоб қилган террорчилар сони ошиб бораётир. Ташкилот раҳбари Ханс-Георг Маасен Берлинда бўлиб ўтган Европа полиция конгрессида мамлакатда 1600 нафар шубҳали шахс бўлиб улар исталган вақтда қўпорувчиликларни амалга ошириши мумкин. 2016 йил айнан шу амалдор бундай хавфли шахсларни 1200 нафар атрофида деб айтган эди.

Маасеннинг таъкидлашича, Германии доимий террорчилик таҳдид остида. "Биз меъёрий шароитда яшамаётганимизни эътироф этишимиз керак, – деди у. – Айни кунларда ҳақиқий таҳдид остидаги давлат фақат АҚШ эмас – таҳдид остидаги давлатларнинг биринчиси Ғарбий Европа, шунингдек, Германия ҳам”. Расмий раҳбарнинг айтишича, асосий хатарни Суриядан Германияга портлашларни амалга ошириш ниятида келган муҳожирлар туғдиради. Уларда жанг қилиш тажрибаси бор ва улар оддий буюмлардан ҳам портловчи мосламалар ясашни билади. Яна унинг таъкидлашича, шароит тақозо қилиб полиция билан тўқнашиб қоладиган бўлса, террорчилар Калашников автоматидан маҳорат билан фойдаланиб берлин полициясидан яхшироқ ўқ отади.

Италия бош вазири Паоло Жентилонинг таъкидлашича, Сурия ва Ироқ ҳудудидаги “Ислом давлати” устидан қозонилган ғалаба террорчилик таҳдидини камайтирмайди, бу хавф ҳар доимгидек баландлигича қолаверади.  Бу гапни у италия разведкаси ва махсус хизматлари фаолиятини мувофиқлаштирган ахборот хавфсизлиги департаментининг йиллик ҳисоботига суяниб айтган. Ўша ҳисоботда “Ислом давлати” жангариларининг Сурия ва Ироқдаги мағлубияти уларнинг жанг қилиш тактикаси ўзгартиришга мажбур қилади. Уларнинг фаолияти “Ислом давлати”га кириб кейин юртига қайтган европаликлар доирасида давом этади, дейилган. Хавфсизлик бўйича италиялик таҳлилчиларнинг фикрича, бундай қарор натижасида уруш ва низолар Яқин Шарқдан Шенген ҳудудига кўчиб ўтиши мумкин. Ҳозирги вақтда Италия давлати келиб чиқиши италиялик бўлган юздан ортиқ жангарини рўйхатга олган.

Абдумалик Жўрақул таржимаси

Read 9437 times

Мақолалар

Top