МАҚОЛА

Сохта салафийларнинг келиб чиқиши

Ибн Таймиянинг қарашлари  ўз даврида  фитналарга сабаб бўлишига қарамасдан унга эргашувчиларнинг сони жуда кўпчиликни ташкил этган. Тарафдорларининг асосини саводсиз -бадавийлар (саҳро халқи) ташкил қилган бўлса-да, аммо улар орасида айрим кўзга кўринган зиёлилар, олимлар ҳам йўқ эмас эди.

Бунинг асосий сабаби Ибн Таймия кучли тақвоси ва ўткир илми билан танилган Ҳанбалий мазҳабига мансуб намунали оиланинг фарзанди бўлганидир. Отаси ва бобоси замонасининг машҳур фақиҳларидан деб, тан олинар эди. Ибн Таймия мухолифатчилик ҳаракатларини асосан қирқ ёшда бошлаган.

Унгача эса, у ўз даврининг етук ҳанбалий мазҳабига мансуб фақиҳларидан бири бўлиб, бир неча фойдали диний асарларини ёзиб, атрофга танилиб улгурган эди.

Унинг илмий мансаб-мавқеи ва шуҳрати шу даражага етган эдики, у томондан айтилган ҳар бир фикр унинг ихлосмандлари тарафдан сўзсиз қабул қилинар, далиллари суриштирилмас эди. Унинг ана шу шуҳрати кейинги ихтилофли фикрларини атрофга ёйилишига омил бўлди. Булар эса, мусулмонлар жамоатига қарши фикрларини “безаб” ва “зийнатлаб” қўйган эди. Натижада унинг адашувини кўпчилик пайқамай қолди. Унинг “янгича фатволари” мухлислари томондан бош устига қабул қилинар, оқибатда эса, уни “мужаддид” (динни янгиловчи) ва “шайхул-ислом” деган “шарафли” лақаблар билан атай бошладилар. Аслида эса, Ибн Таймия “мужаддид” ҳам, “мужтаҳид” ҳам, асл салафий ҳам бўлмаган! Удан кейин вужудга келган “салафийлик” оқими ҳеч қачон салафи-солиҳларнинг йўлини тутмаган ва уларга мос келмаган! Балки, мусулмонлар жамоасидан ажраб чиққан айримларнинг адашувига сабаб бўлган бир кичик оқим - тўда холос!  

Ҳозирги давримизда ҳам интернет ва ижтимоий тармоқларда салафийликни тарғиб қилаётган айрим шахслар (Абдуллоҳ Зуфар, Юсуф Даврон ва ўзини мен ҳам ҳанафийман деб, сохта салафийликни тарғиб қилаётган Содиқ Самарқандийлар) мазҳабга эргашиш шарт эмас деб, айни дамда эса, ўзлари сохта мазҳабда эканликларини англамаса.

Ҳақиқий салафлар эса, тўрт мўътабар мазҳаббошиларимиздир. Уларнинг тузган йўллари – мазҳабларида юришгина салафи солиҳларга эргашишликдир.  Шуни англаш лозимки, уч олтин даврда яшаб ўтган салафи солиҳлар – мазҳаббошиларимизга тош отиш – Пайғамбаримиз алайҳиссалом мақтаган зотларга тош отишдан бошқа нарса эмас!

 

“Охунбобо” жоме масжиди имом хатиби

   Ботиров Баҳодир

Read 2091 times

Мақолалар

Top