МАҚОЛА

Жиҳод, такфир, шаҳидлик, мазҳабсизлик, халифалик каби масалалардаги сохта даъволарга раддиялар

Минг афсуски, ўта нозик ва ҳассослик билан ёндашиш талаб этиладиган “такфир”, “жиҳод”, “шаҳидлик”, “мазҳабсизлик”, “халифалик” каби тушунчаларни турли диний экстремистик оқим аъзолари чаласавод кимсаларнинг фатволарига таянган ҳолда ғаразли ниятларда талқин этишмоқда. Бундай нотўғри талқин одамлар онгини бузиб, уларнинг иддаоларига эргашмаганларга нисбатан уруш, қон тўкиш, зулм ўтказишга сабаб бўлмоқда.

Шаҳидлик” ёки ҳудкушлик амалиёти ва унга раддия. Ҳозирда баъзи гуруҳ ёки шахслар томонидан “ўз-ўзини ўлдириш” тушунчаси шаҳидлик деб нотўғри талқин қилинмоқда. Аслида бу ҳаракатлар ҳам шахснинг ўз ҳаётига тажовуз қилиши бўлиб, Қуръон ва Суннатга кўра ўз жонига суиқасд қилиш ҳисобланади. Дунёнинг баъзи давлатларида ҳокимиятга эришиш учун ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчи кучлар томонидан мусулмон шахснинг маълум мақсадлар йўлида “ўзини-ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишдир. Ислом уламолари томонидан мазкур “кучлар”нинг ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далиллари қораланган ва асоссиз деб топилган. Қадимги фақиҳлар азобланиш ёки асирга тушишдан қутулиш учун ўзини-ўзи ўлдириш ҳаромлиги ҳақида иттифоқ қилишган. Ибн Хазм айтадилар: “Фуқаҳолар шахсни ўзини-ўзи ўлдириши, аъзоларидан бирортасини кесиши, айниқса, кесса оғриғи ҳаёт учун жуда ҳам хавфли бўладиган аъзосини кесиб даволамасдан ўзини-ўзи қийнаши ҳалол эмаслигига иттифоқ қилишган”.

Шунингдек, яна кўплаб манбаларда ислом фақиҳлари томонидан мусулмон шахснинг тинч-осойишта ҳаётда ўз ўзини ўлдириш у ёқда турсин, ўзига ўлим тилаш ҳам қоралангани таъкидланади.

Имом Қуртубий Қуръони карим “Нисо” сурасидаги: “Бир-бирларингизни ўлдирмангиз!”, – ояти ҳақида фикр билдириб, унда инсонлар бир-бирларини ўлдиришдан қайтарилган бўлса ҳам, шахснинг ўз жонига қасд қилишини ўз ичига олади”, – дейди.

Бугунги кунда мавжуд замонавий фатволарда ҳам “Нисо” сурасининг мазкур 29-ояти асос қилиниб ўзи ёки бошқа шахсни ўлдириш исломда қатъий ман этилгани таъкидланади. Унга кўра бир кимса душман ичида ўзини портлатса, биринчи навбатда, ўзи ўлади, қилган иши очиқдан-очиқ ўзини ўлдириш ҳисобланади. Қолаверса, бегуноҳ инсонлар қони тўкилади. Ўз жонига қасд қилган ва ноҳақ қон тўккан кимса эса дўзахга тушиши Қуръон оятларида очиқ билдирилган. Айниқса, мазкур фатволарда ўз Ватани ҳудудида амалга оширилган ҳудкушлик амалиёти кечириб бўлмас жиноят эканлиги ва бу – ислом ҳамда миллатдошларига нисбатан содир этилган энг катта хиёнат бўлиши маълум қилинган.

Асримизнинг забардаст уламолари ушбу сўзларини исботлаш мақсадида: “Қуръон оятлари ва Суннатда баён этилган ўзини-ўзи ўлдириш тўғрисидаги ман қилинган кўрсатмаларнинг мавжудлиги, унинг ҳаром амал эканлиги унинг ношаръий амал эканлигидан далолатдир”, – ­­­дейдилар. Замонавий чиқарилган фатволар хулосасида мазкур амалиётларда ўлган кимса шаҳид бўлмаслиги ва уни шаҳид деб номлаш ҳам мумкин эмаслиги, аксинча, мазкур амаллар ўзини-ўзи ўлдириш ва ўз жонига қасд қилиш деб таъкидланади.

Жиҳод сўзининг мазмун-моҳияти. Жиҳоднинг луғатдаги хусусиятидан келиб чиққан ҳолда қатор турларга ажратилган. Ислом динига сўз билан даъват қилиш ёки фарзандни ота-онаси хизматида бўлиши ҳам жиҳод ҳисоблангани боис, унинг кенг маънода қўлланиши аён бўлади.

Умумий ҳолда жиҳод нафс, шайтон ва босқинчиликка қарши курашиш каби турларга ажратилган.

Пайғамбар алайҳиссалом Макка даврида мушриклар томонидан содир бўлган қийинчиликларга барча саҳобаларни сабр қилишга чорлаб, уруш қилишдан қайтарганлар. Қуръон илмлари билан шуғулланган уламоларнинг таъкидлашларича, 70 дан ортиқ ояти-каримада мусулмонлар кофирларга қарши жиҳоддан қайтарилган. Ҳатто, ҳимоя учун ҳам кофирларга қарши жанг қилишга рухсат берилмаган.

Макка даврида Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг Наҳл сураси 125-оятидаги: “(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз йўли – динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг!”, – деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борган.

Мусулмонлар қатнашган жанглар фақатгина уруш ҳудудларида бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмасига мувофиқ жангда қўлида қурол бўлган кимсалар билан урушилган, агар улар тўхтатишни хоҳлашса сўзсиз тўхтатилган. Шунингдек, жангни хоҳламаганларга тегилмаган, аёллар, болалар ва кекса ёшдагиларга ҳужум қилинмаган. Ўзаро аҳдлашган кимсаларга хабар бермасдан ёки тўсатдан ҳийла билан уруш очилмаган, душман томон олдин жанг бошламагунча, уларга уруш қилинмаган.

Пайғамбар алайҳиссалом мусулмон жамиятини барпо этиш ёки унга ҳудуд ҳозирлаш учун умуман жанг қилмаган. Ва ҳатто хос давлатни барпо этиш мақсадида мусулмонларни жамлаш учун ҳам амалга оширмаган. Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи бу борада намуна бўлур эдилар. Бироқ Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмаган. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келган.

Ҳозирда турли гуруҳ ва тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида “жиҳод” турларидан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар баъзи мусулмонларнинг ислом аҳкомларини тўғри талқин этадиган илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш”, деган тушунчаларни тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишга сабабчи бўлмоқдалар. Бунга дунёнинг турли чеккасида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади.

Афсуски, ушбу тушунча такрор ва такрор ислом уламолари томонидан шарҳланиб, жиҳод бу – жанг қилиш эмаслиги, араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги таъкидланаётган бўлсада, баъзи шахслар онгида жиҳод қуролли кураш деган тушунча ҳамон ҳукмрон бўлиб турибди.

Ваҳоланки, “жиҳод”нинг асосий негизи ислом ва унинг асосларини инсонларга тўғри талқин этишдир. Бунга турли фиқҳ китобларининг жиҳод боби ҳужжат бўла олади. Мазкур асарларда инсонларни яхшиликка чорлаш ва ёмонликлардан қайтариш, ўзининг инсонийлик жиҳатлари билан бошқаларга намуна бўла олиш жиҳоднинг асосий мағзи эканлиги баён этилган. Имом Нававий ўзининг “Ал-манҳаж фий аввал китаб ал-жиҳад” китобида “жиҳод”нинг таърифи ва турлари баёнида “... яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш” марказий ўринда туришини баён қилган. Имом Дирдийр ўзининг “Ақроб ал-масалик” деган асари “жиҳод” бобини шариат илмларини тарқатиш, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш вожиб эканини тушунтириш билан бошлаган.

Халифалик масаласи. Барчамиз оммавий ахборот воситалари орқали гувоҳи бўлганимиздек, Ироқ ва Сурия мамлакатлари ҳудудида “Ироқ ва Шом ислом давлати” диний-экстремистик гуруҳи гўёки “халифалик” тузилганини даъво қилди. Табиийки, бу қандай гуруҳ, мусулмон оламининг унинг баёнотига муносабати қандай деган саволлар туғилади.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида айтилганидек: “Халифалик мендан сўнг ўттиз йил. Ундан сўнг подшолик ва амирлик бўлади”. Шунга кўра, Абу Бакр икки йил, Умар ўн йил, Усмон ўн икки йил ва Али олти йил халифалик қилди.

Ўтган умавий, аббосий ва усмонли турк ҳукмдорлар амалда жамиятнинг диний ҳаётига таъсир кўрсатмаганлар. Шунинг учун ҳам маълум даврдан сўнг диний арбоблар қатлами (фақиҳ, муфассир ва муҳаддислар) шакллана бошлади. Диний масалалар бўйича жамоатчилик фикрини диний уламо ва фақиҳлар ривожлантирган. Айтиш мумкинки, давр ўтиши билан ҳукмдорлар давлат ишлари билан, уламолар эса диний масалалар билан шуғулланганлар.

Ҳозирги мутаассиб кишиларнинг халифалик тузиш тўғрисидаги фикрлари асоссиздир. Дунёвий тизим ҳукмрон бўлган ҳозирги замонда халифаликка зарурат йўқ. Буни воқеликнинг ўзи бизга кўрсатиб турибди.

Юқорида таъкидланганидек, давлат диндорларга ўз ибодатларини тўлиқ, эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитларни яратиб бераётган, буюк маънавий меросимиз ўрганилиб, муқаддас динимизга юксак эътибор ва эҳтиром кўрсатилаётган шароитда мутаассиб оқимларнинг бундай сохта даъволари буткул асоссиз ва хатодир.

Такфир тушунчаси мазмун-моҳияти. Ислом тарихида, такфир тушунчаси халифа Али розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси томонидан ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўлланилган. Улар дастлаб халифа Алининг ашаддий тарафдорлари бўлиб, “Сиффийн” жангидан сўнг ҳазрати Алидан ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, унга ва Муовияга қарши баробар кураш бошлаган.

Хорижийлар қурол ишлатиш орқали ўз эътиқодини тарқатиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилиб қўйган. Улар мусулмонларни ўлдиришни ҳалол санайдилар. Катта гуноҳ қилган кишини кофирга чиқариб, уларнинг моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Таъкидлаш ўринлики, хорижийларнинг мазкур такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, халифа Алининг ҳам ҳаётларига тажовуз қилинган.

Ислом уламолари хорижийларнинг катта гуноҳ бўйича даъволарини таҳлил қилиб, умуман уларни исломий тушунчалардан йироқ эканлигини таъкидлашади. Жумладан, мусулмонлар томонидан содир этилган гуноҳлар сабабли исломдан чиқмаслиги ҳақида қатор далиллар мавжуд. Жумладан, Ислом уламолари айтадилар: Ислом шаҳодат калимасидир. У билан инсон мусулмон бўлади.

Бунга Убода розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадислари далил бўлади: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули эканлигига гувоҳлик берса, дўзах унга ҳаром бўлади” (Имом Муслим ривояти). Яна: Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан келтирган ҳадислари далил бўлади: “Умматимдан бирор киши Аллоҳга ҳеч бир нарсани шерик қилмаган ҳолда вафот этса, жаннатга киради”, – дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Такфир” — мусулмонни имонсизликда айблаш демакдир. Жиҳодчилар уларга эргашмаган мусулмонларни “кофир” яъни “динсиз” деб асоссиз ҳукм чиқариб, ўзларининг жирканч мақсадларини, инсонийликка зид хатти-ҳаракатларини амалга оширмоқдалар. Бирор кишини кофирга чиқариш оғир иш, унинг хатари ва хатоси ҳам қаттиқ экан, уламолар бу борада толиби илм, айниқса энди илм ўрганишни бошлаган ҳали етарли билимга эга бўлмаган одам бу мавзуга киришишдан эҳтиёт бўлиши, ўзи ва охирати учун фойдали бўлган илмларни ўрганиш билан машғул бўлиши керак, деб таъкидлайдилар.

Мазҳабсизлик тушунчаси. ХХ аср сўнггида мусулмон оламида ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлдики, у ҳам бўлса мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир. Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган.

Маълумки, суннийликда тўртта фиқҳий мазҳаб бўлиб, улар: шофиъий, моликий, ҳанбалий ва ҳанафий мазҳаблардир. Бу фиқҳий мазҳаблар исломда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бугунги таҳликали кунда ақидада адашаётган, мутаассиб, экстремистик оқимларга даъват қилаётганларнинг ноҳақ даъволарига зарба беришда асос бўлаётган бу мазҳаблар асосларини тутганлар адашмайдилар.

Хулафои рошидинлар даврларида ислом дини ҳудуди кенгайди. Миср, Сурия, Ироқ каби давлатлар ислом динини  ўзларига қабул қилдилар. Куфа ва Басра каби янги шаҳарлар барпо қилинди. Мазҳаблар пайдо бўлишининг асосий омили ҳам мана шундан бошланган. Бу юртларга ислом дини таълимотларини етказиб бера оладиган устоз яъни олим — саҳобалар келиб, уларнинг холис меҳнатлари самарасида Аллоҳ таоло дин аҳкомларини мукаммал талқин қила оладиган забардаст фиқҳ уламоларини дунёга келишини ирода қилди.

Ана шундай улуғ алломалардан бири ҳанафий мазҳаби асосчиси бўлмиш Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитдир.

Ҳанафийлик мазҳаби мўътадиллиги, динимизнинг моҳиятини мусулмонларга осон етказиши, диёримиз мусулмонлари асрлар оша ўзаро иттифоқда,  муаммоларни  осон ҳал қилиб, дин кўрсатмаларига гўзал ҳолда амал қилиб, келаётгани  юртимизда кўп сонли забардаст олимларнинг етишиб чиқаётгани кабиларда, энг мақбули сифатида ўз исботини топди. Бизнинг юртимизда диний эътиқодимиз асосан ҳанафий мазҳаби асосида экани Яратганнинг марҳамати, мўмин-мусулмонларнинг ҳидоят йўлида, аҳил-бирдам эканининг асосий сабабларидан биридир. Зеро, таниқли олим, марҳум Рамазон Бутий таъкидлаганидек: “Мазҳабсизлик бу динсизликка олиб борувчи кўприкдир”.

Ҳақиқатдан эътибор бериб ўрганиб кўрсак, ҳозирги кунимиздаги дин ниқоби остидаги ҳамма бузғунчи экстремистик оқимлар ва гуруҳларнинг аъзолари мазҳабсизликнинг натижасидир. Чунки, баъзан мазҳабга қарши бемазҳаблар қайсар ҳаққа унамайдиган, соф эътиқодли уламоларимизнинг насиҳати ва кўрсатмаларига рози бўлмайдиган мутаассиб бўлиб, охир-оқибат бузғунчи — террорчи оқимлар сафига кириб қолишмоқда.

Биз барчамиз  динимиз кўрсатмаларини халқимизга аҳли сунна вал жамоа, хусусан ҳанафийлик мазҳаби эътиқодига мувофиқ мукаммал қилиб етказишга масъулмиз.

Халқимиз маънавий ҳаётида асрлар бўйи эътиқод, иймон, пок ақида собитлиги муҳим ўрин тутган. Шундан келиб чиқиб, халқимиз эътиқодини турли ғаразли хуружлар ва ҳамлалардан ҳимоя қилиш, ёшларга динимизнинг асл моҳиятини тўғри тушунтириш, мусаффо ислом ғояларини аҳоли, хусусан, ёшларга тўғри тушунтириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидандир. Мамлакатнинг келажаги бўлган ёш авлод ҳар жиҳатдан – ҳам жисмонан, ҳам ахлоқан, ҳам маънан баркамол бўлиши лозим. Пағамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): «Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз қўл остидагиларингизга масъулсиз», дея марҳамат қилганлар.

Дин ниқобидаги турли бузғунчи оқим ва фирқалар мамлакатдаги тинчлик, осойишталик, миллатлар ва динлар ўртасидаги аҳилликка раҳна солишни мақсад қиладилар. Бу эса ҳар биримиздан доимо ҳушёрлик ва огоҳликни, ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашишни шу йўл билан жаҳолатга маърифатни қарши қўйиб, улар қалбини четдан бўлаётган барча хуружлардан қатъий ҳимоя этишни талаб этади.

 

Р. АтажоновЯнгиариқ тумани бош имом-хатиби,

(Шайх Абдулазиз Мансур фатволаридан фойдаланилди)

Read 1741 times

Мақолалар

Top