МАҚОЛА

Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабларига кўра, намоз ва таҳоратдаги ФАРҚЛАР

Айни дамда Россияда шифокорлик қилувчи яқин дўстимиздан келган, кўпчилик учун фойдали саволга жавоб.

САВОЛ:

Ассалому алайкум Ботиржонака. Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз билан шофеъий мазҳабининг намоз ва таҳоратда нима фарқлари бор?

ЖАВОБ:

Ва алайкум ассалом Мадаминжон. Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз ва шофеъий мазҳаби орасида таҳорат ва намоз масалаларида қуйидаги фарқлар мавжуд:

Таҳоратдаги фарқлар:

1. Ҳанафий мазҳабимизда ниятсиз таҳорат олиш жоиз. Шофеъий мазҳабида эса ниятсиз қилинган таҳорат жоиз эмас.

2. Ҳанафий мазҳабимизда оғиз ва бурунни чайишлик ғуслда фарз. Таҳоратда фарз эмас. Шофеъий мазҳабида эса, ғуслда ҳам таҳоратда ҳам фарз эмас.

3. Ҳанафий мазҳабимизда бошга бир марта масҳ тортилади. Шофеъий мазҳабида эса уч марта тортилади.

4. Ҳанафий мазҳабимизда бошнинг тўртдан бир қисмига масҳ тортиш фарз. Шофеъий мазҳабида эса, бошнинг андаккина ерига масҳ тортса кифоя. Чегара белгиланмаган.

5. Ҳанафий мазҳабимизда қулоқлар бошнинг бир қисми ҳисобланади. Шунга кўра, икки қулоққа бош билан бирга масҳ тортилади. Қулоққа масҳ тортиш учун қўлни алоҳида намлаш шарт эмас. Шофеъий мазҳабида эса, қулоқлар бошдан ҳам, юздан ҳам эмас. Балки алоҳида мустақил аъзолардир. Шунга кўра, қулоқлар учун янги сув олиб тўкиб масҳ тортилади.

6. Ҳанафий мазҳабимизда махсига масҳ тортишда фақат юз қисмига масҳ тортса кифоя. Шофеъий мазҳабида эса, махсининг юзи ва тагига қўшиб масҳ тортилади.

7. Ҳанафий мазҳабимизда оёқнинг товони махсининг болдиригача чиқса, оёқ таҳоратини янгилаш лозим. Шофеъий мазҳабида эса, оёқнинг таҳоратда ювилиши лозим бўлган бирор қисми ташқарига чиқса оёқ таҳоратини янгилаш лозим бўлади.

8. Ҳанафий мазҳабимизда журмуққа (махсининг устидан кийиладиган оёқ кийим) масҳ тортиш жоиз. Шофеъий маҳабида эса жоизмас.

9. Ҳанафий мазҳабимизда учта бармоқ билан масҳ тортиш лозим. Бир ё икки дона бармоқ билан масҳ тортиш жоиз эмас. Шофеъий мазҳабида эса қўлнинг бирор қисми билан масҳ тортиб қўйса кифоя.

10. Ҳанафий мазҳабимизда оёқларнинг ўзинигина ювибоқ махсини кийиб олса ва таҳорат синдирувчи ишдан олдин таҳоратнинг бошқа амалларини бажариб қўйса, махсисига масҳ тортаверади. Шофеъий мазҳабида эса таҳоратни мукаммал қилиб кейингина махси кийса шунда масҳ тортиши мумкин.

11. Ҳанафий мазҳабимизда бир кеча кундуздан кейин сафарга отланган одам махсисини ечиб ташлайди. Агар бир кеча кундуздан олдин сафарга отланса уч кеча кундузгача масҳ тортиши мумкин. (Гарчи махсини муқимлик чоғида кийган бўлса ҳам). Шофеъий мазҳабида эса, муқимлик чоғида кийган махсисига масҳ тортган бўлса ва бир кеча кундуздан олдин сафарга отланса, бир кеча кундуз масҳ тортади холос. Мабодо сафарда махси кийиб, масҳ тортиб бир ё икки кундан кейин муқим бўлиб Ватанига қайтса уч кунгача масҳ тортиб юраверади.

12. Ҳанафий мазҳабимизда таҳоратда барча аъзолар уч мартадан ювилади. Масҳ эса бир марта тортилади. Шофеъий мазҳабида эса, масҳни ҳам уч марта тортилади.

Намоздаги фарқлар:

1. Ҳанафий мазҳабимизда намозни бошлаш жараёнида қўлларни қулоқлар баробарича кўтарилади. Шофеъий мазҳабида эса, елка баробарича кўтарилса кифоя.

2. Ҳанафий мазҳабимизда қўллар фақатгина намозни бошлашда айтиладиган такбир чоғида кўтарилади. Шофеъий мазҳабида эса, намозни бошлашдаги такбир, рукуга кетишдаги такбир, рукудан қайтиб саждага кетишдаги такбир чоғида кўтарилади.

3. Ҳанафий мазҳабимизда намозни бошлаб такбир айтгач “субҳанакаллоҳумма…” ўқилади. Шофеъий мазҳабида эса “важжаҳту важҳий…” ўқилади.

4. Ҳанафий мазҳабимизда қўллар боғланиб киндик остига қўйилади. Шофеъий мазҳабида эса, киндик устига қўйилади.

5. Ҳанафий мазҳабимизда имомга иқтидо қилганлар имом ортида қироати жаҳрий намозда ҳам, махфий намозда ҳам қироат қилмайди. Шофеъий мазҳабида эса, имомга иқтидо қилганлар қироати жаҳрий намозда ҳам, қироати махфий намозда ҳам имомдан ташқари ўзлари ҳам қироат қилишади.

6. Ҳанафий мазҳабимизда намоз вақтида кийимнинг сидли (енгларга қўлни киргизмасдан кийимни елкага ташлаб олишлик) жоиз ва шу билан бирга макруҳдир. Шофеъий мазҳабида эса кийимини сидл қилганларнинг намози жоиз бўлмайди.

7. Ҳанафий мазҳабимизда намозхон қироатда оятларни санаб туриши макруҳ. Шофеъий мазҳабида эса макруҳмас, бироқ санамаган афзал.

8. Ҳанафий мазҳабимизда бир оят қироат қилса ҳам намози жоиз бўлаверади. Шофеъий мазҳабида эса (фотиҳа сурасини биладиганлар) фотиҳа сурасини тўлиқ ўқимаса намози жоиз бўлмайди. Билмайдиганлар эса “ал-ҳамду лиллаҳ, Аллоҳу акбар” дейди.

9. Ҳанафий мазҳабимизда имом рукудан қайтишда фақат “самиъал-лоҳу лиман ҳамидаҳ” дейди. Қавм эса “роббана лакал-ҳамд” дейди. Шофеъий мазҳабида эса, имом “самиъал-лоҳу лиман ҳамидаҳ” ва “роббана лакал-ҳамд” дейди.

10. Ҳанафий мазҳабимизда эркаклар қаъда ҳолатида ҳар доим ўнг оёқни тик қилиб, чап оёқни тўшаб думбасини чап оёғи устига қўйиб ўтиради. Шофеъий мазҳабида эса, Пешин, Аср, Хуфтон ва Бомдоднинг охирги ракатидаги қаъда ҳолатида иккала оёғини ўнг тарафига чиқариб, ўнг оёғини тиклаб, чап оёғини тўшаб, думбасини ерга қўйиб ўтиради. Аввалги қаъдаларида эса худди ҳанафийлар каби ўтиришади.

11. Ҳанафий мазҳабимизда саждадан қиёмга туришда орада ўтирмасдан ва ерга қўли билан таянмасдан туради. Шофеъий мазҳабида эса саждадан туришда бироз ўтириб тин олади ва икки қўли билан ерга таяниб қиёмга туради.

12. Ҳанафий мазҳабимизда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ташаҳҳудни ўқийди. Шофеъий мазҳабида эса, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ташаҳҳудни ўқийди.

13. Ҳанафий мазҳабимизда бомдод намозида қунут дуоси ўқилмайди. Шофеъий мазҳабида эса бомдодда рукудан кейин қунут дуоси ўқилади. Шунингдек, мусулмонларнинг дуога ҳожати бўлса ҳар намозда рукудан кейин қунут дуосини ўқишлари мумкин.

14. Ҳанафий мазҳабимизда қунутда вожиблик маъносида бирор дуо тайинланган эмас. Шофеъий мазҳабида эса “аллоҳумма иҳдиний фиман ҳадайта” дуосини ўқиш шарт.

15. Ҳанафий мазҳабимизда учинчи ва тўртинчи ракатларда фотиҳа ўқилади. Мабодо ўрнига тасбеҳ айтса жоиз. Шофеъий мазҳабида эса ҳар бир ракатда фотиҳа сурасини тўлиқ ўқиш шарт. Бирон ҳарфи тушиб қолса намозни қайтариб ўқийди.

16. Ҳанафий мазҳабимизда аввалги қаъдада ташаҳҳудга ҳеч нарсани (дуо ҳам, саловат ҳам) қўшимча қилинмайди. Дарҳол туриб кейинги ракат қироатига киришади. Шофеъий мазҳабида эса биринчи қаъдада ташаҳҳудни ўқиб қиёмга тургач ташаҳҳуд миқдоридан озроқ дуо ўқийди (кейин қироатга киришади).

17. Ҳанафий мазҳабимизда ташаҳҳуддан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат ўқимаса намози бузилмайди. Бироқ гуноҳкор бўлади. Шофеъий мазҳабида эса, охирги қаъдада салом ва ташаҳҳуд орасида саловат ўқимаса намози бузилади.

18. Ҳанафий мазҳабимизда намоз сўнггида салом бериш фарз эмас. Шофеъий мазҳабида салом фарз. Салом бермасдан тугатилган намозни қайта ўқиш лозим.

19. Ҳанафий мазҳабимизда витр намози вожибдир. Шофеъий мазҳабида у вожиб эмас, суннат дейилган.

20. Ҳанафий мазҳабимизда улов устида витр ўқиш мумкин эмас. Шофейи мазҳабида эса мумкин.

21. Ҳанафий мазҳабимизда витр намози бир салом билан уч ракат. Шофеъий мазҳабида эса ўн бир ракат.

22. Ҳанафий мазҳабимизда имомнинг ёлғиз ўзи жамоатдан ажраб алоҳида тепаликка чиқиб олиши макруҳ. Шофеъий мазҳабида иқтидо қилувчиларга кўриниб туриши учун имомнинг ёлғиз ўзи баланд жойга чиқиб олиши макруҳ эмас.

23. Ҳанафий мазҳабимизда салланинг каврига (ўрамига) сажда қилса (яъни пешонаси ерга тегмасдан салласининг докасига тегса) жоиз бўлади. Шофеъий мазҳабида эса жоиз бўлмайди.

24. Ҳанафий мазҳабимизда балоғатга етмаган гўдакка фарз намозларда иқтидо қилинмайди. Шофеъий мазҳабида эса иқтидо қилинаверади.

25. Ҳанафий мазҳабимизда имом ва қавм орасида йўлак ё ариқ бўлса қавмнинг намози жоиз бўлмайди, илло саф уланса жоиз бўлади. Шофеъий мазҳабида эса имом ва қавмнинг ораси икки-уч юз зироъгача масофада очиқ бўлса ҳам жоиз бўлаверади. Ундан ортиғи жоизмас.

Фиқҳий манбалар асосида Ботиржон қори тайёрлади.

Read 2941 times

Мақолалар

Top