МАҚОЛА

Аждодларимиз асарларида экстремизм ва терроризмга қарши кураш асослари

Бугун жаҳон ҳамжамияти олдида турган улкан муаммолардан бири бутун инсониятни хавотирга солаётган диний экстремизм ва терроризм таҳдидлари бўлиб турибди. Глобаллашув воситаларидан куч олган бу таҳдидлар кундан кунга авж олиб, кучайиб бормоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари, минтақаларида диний экстремизм ва терроризм оқибатида қонли тўқнашувлар ва ашаддий хунрезликлардан юз минглаб одамлар қурбон бўлмоқда. Натижада, тинчликни таъминлаш учун ана шу иллатларга қарши профилактик ишлар олиб бориш зарурати тобора катта аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда тинчлик учун жонини ҳам беришга тайёр юртда хотиржам, тинч-осойишта ҳаёт кечирар эканмиз, унинг қадрига етиб ҳар биримиз зиммамизга юклатилган вазифаларни беками-кўст адо қилсаккина осуда ҳаётимиз бундан кейин ҳам давом этишида ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. 

Хўш, биз тараққиётимизнинг юқори поғоналарига эришишда нималар қилмоғимиз даркор?! Бу саволларга жавоб излашда қайсидир миллатнинг файласуфи ёки ёзувчиси ёзиб қолдирган асарларидан  ёки ҳаёти ва ижоди билан танишиб улардан ибрат олишдан мутлақо беҳожатмиз. Чунки  ахборот технологиялар ривожланаётган бундай даврда яратган кашфиётлари, ёзган асарлари ва қолдирган бебаҳо олтин мерослари айни вақтда давлатни бошқаришда, таълим-тарбияни ривожлантиришда, замонавий тиббиёт йўналишида ҳам муҳим омил бўлиб келаётган улуғ  зотлар юртимиздан етишиб чиққан. Юқоридаги саволимизга жавобни ота боболаримизнинг бебаҳо асарларини ўрганиш ила қидирсак мақсадга мувофиқ бўлади. Бунинг боиси,  уларнинг қай бирининг  ҳаётини китоблардан ўқимайлик ўз тутган ҳаётий йўлларида ўта моҳир, зукко ва билимдон эканларини кўрамиз. 

Буюк давлатга асос солган Амир Темур бобомиз, фалакиёт илмининг ривожига  катта ҳисса қўшган Мирзо Улуғбек, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда мустақилликка эришиш, тобеликка  барҳам бериш йўлида жон  фидо қилган жадидчи боболаримиз шулар жумласидандир.

Бизнинг аждодларимиз дунёга ватанпарварлик ва юртга садоқат қандай бўлишини кўрсата олган зотлардир. Боболаримиздан бизгача етиб келган садоқат ва ватанга бўлган муҳаббат деган бу туйғунинг  давомчиси бўлиш, бугунги кунда яратиб берилган чексиз имкониятлардан унумли фойдаланиб, бобокалонларимиз ёқиб кетган илму маърифат чироғини янада ёритиш, уларга муносиб фарзанд бўлиш, уларнинг бебаҳо меросларини ўрганиб, кейинги авлодларга ҳам омонат тарзида етказиб бериш бугунги мустақил ватанимиз фарзандларига лозим ва лобуддир.

Ҳозирги даврдаги жаҳолат уруғини солаётган сохта экстремистик ғояларга маърифий жиҳатдан курашда ислом динимиз тарихий тараққиётида ҳам шаклан бошқачароқ кўринишда бўлса-да, лекин мазмунан айнан шундай экстремистик ғоялар олдин ҳам бўлганига гувоҳ бўламиз. Динимиз тарихига назар солар эканмиз яна шунга амин бўламизки, соғлом идрок, соғлом ҳақиқат ва ғоялар сохта ғоялар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган. Улуғ ислом динимиз ривожига буюк ҳисса қўшган бобокалонимиз Абу Мансур Мотрудийнинг илмий меросида сохта ғояларга қарши иш олиб борган курашида кўриш мумкин. У кишининг “Китоб ат-тавҳид” асарида сохта таълимотларга эргашишни олдини олишда ишончли далиллардан келтириб, бу йўлдаги барча хатоликлар сабабини аниқ кўрсатиб берганига гувоҳ бўламиз: “Бу кўр – кўрона тақлид бўлиб, у жуда кенг тарқалган иллатдир, яъни бунда жуда кўпчилик бирон-бир маънавий ёки диний йўлбошчига, унинг фикрлари мазмун-моҳиятини тушунмаган ҳолда қўшилишга енгиб бўлмас мойиллик билдиради. Мана шу сабаб натижаси ўларок, ҳар бир фирқа ва ҳар бир йўналиш шу пайтга қадар ўз тарафдорларига эга бўлиб келмоқда. Бу мухлислар қачондир қабул қилинган сохта таълимотга садоқатда қатъийлик намойиш этмоқдалар ва яна ўзларини ҳақиқатнинг ягона эгалари ҳисобламоқдалар”, - деган фикрлари бугунги диний-экстремистик гуруҳларга айтилгандек сезилади. Мотуридий бобомиз ўша даврдаги ислом ичидаги сохта оқим ва фирқаларнинг ҳақиқий моҳиятини очиб берган. Бундай оқимлар ўша даврда ҳам кўп бўлган. Шунга қарамасдан эзгулик билан ёвузлик жамиятда ҳамиша ёнма-ён курашиб, бу курашда эзгулик ғалаба қилиб келган. 

Шу маънода бугунги жаҳолат йўлига кирган, динни ниқоб қилиб олган халқаро терроризмга қарши курашдаги маърифий йўллардан бири ўзбек халқининг миллий ва диний қадриятлари бўлиб, уларга таяниб, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларга садоқат, зўравонликка нафрат руҳида тарбияловчи, уларни эзгулик ва бунёдкорликка даъват этувчи битмас-туганмас куч-қудрат манбаи сифатида қаралиши лозим. Улар нафақат мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига, балки минг йиллардан бери ҳалол меҳнати ва оламшумул кашфиётлари билан жаҳон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган ўзбек халқининг характерли хусусияти (менталитети) га тамомила зид бўлган террорчилик ғояларининг кириб келиши ва ёшлар онгини заҳарлашга қарши қаратилган мустаҳкам қалқон бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Аждодларимиз инсон хулқида юксак фазилатлар шаклланишига ундовчи ички бир туртки, маънавий интилиш бўлмас экан, у асло камолотга эриша олмайди деб билганлар. Шундай зотлардан бири Абдурауф Фитрат фарзандни тўлақонли камол топтириш масаласида кенг билим соҳиби бўлган. Ҳар жиҳатдан баркамол инсоннинг учта фазилати бўлади: Улар: жисмоний соғлиқ, ақлий етуклик ва маънавий баркамоллик. Агар инсонда шу сифатлардан бирортаси бўлмаса, у том маънода баркамол шахс бўлолмайди. Фитрат тарбияни уч қисмга бўлган:

бадан тарбияси;

ақл тарбияси;

ахлоқий тарбия.

У умуман, ёш авлод тарбияси хусусида қалам тебратар экан, ҳаётни кураш майдонига ўхшатиб, “Бу жанггоҳда ўзида тансиҳатлик, соғлом фикр ва яхши ахлоқни мужассамлаштирган инсонлар ғолибликка эришади”, дейди. Унинг фикрича, фарзандининг бахтли бўлишини истаган ота-она уни мустақил ҳаётга тайёрлашда учта аслаҳа билан қуроллантириб қўйиши керак.

Фитрат бадан соғлиги билан ақлнинг такомиллашуви ўртасида узвий боғлиқлик бор деб ҳисоблайди. Зеро, соғлом ва ақли расо инсон, шубҳасиз касалманд ва ақли ноқис одамга нисбатан ўз юрти тараққиётига кўпроқ ҳисса қўшади. Бу ҳақда ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кучли мўмин киши Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Яна бобомиз  Абдурауф Фитратнинг мана бу фикрларига ҳар биримиз, айниқса, энди ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларимиз амал қилишлари  бугун янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Мана, улуғ аждодимиз нима деб ёзганлар: “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”. 

Ёшларимиз онгини заҳарлашга қаратилган эсктремистик ва террористик ғояларнинг олдини оладиган миллий қадриятларимизнинг таркибий қисми бўлган инсонпарварлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик асосида қурилган миллий ва диний қадриятимиз бўлган ислом арконларини ёшларимизга тушунтириб борилса, ҳар қандай диний ниқобдаги ғояларга, уларнинг маккорона, ғаразли ва жирканч ниятларига берилмаслиги мумкин. Ёшларимиз онгини заҳарлашга қаратилган радикал гуруҳлардан ҳимоя қилишнинг яна бир йўли, халқимиз қадриятларини тиклаб, ўзликни англаш ҳиссини ўйғотиш орқали маънавий сарчашмаларимизга, унинг илдизларига қайтиб, Ватанга, миллатга садокат руҳида тарбиялаш лозим. Чунки, миллий ва диний қадриятларимиз, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларга ҳурмат, зўравонликка нафрат руҳида тарбияловчи, уларни эзгулик ва бунёдкорликка ундовчи битмас-туганмас маънавий манбадир.

Буюк аждодларимизнинг бу борада кўрсатган садоқатлари ва жасоратлари бизларга ўрнак бўлиши лозим. Машҳур аждодларимиздан бири Кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро ҳазратларининг ўз ватанига бўлган садоқати, у кишини қўлларида ватан байроғини тутиб жон беришлари айни ватанпарварликдир. Ёки Жалолиддин Мангубердининг ўша пайтда бутун мусулмон дунёси ва европага хавф солиб турган мўғулларга қарши ўн йилдан кўпроқ мардонавор жанг қилгани ва шу йўлда ҳалок бўлишини билса ҳам ғанимга қарши курашни тўхтатмагани ватанпарварлик эмасми?

Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири ҳисобланади ва етарли илмнинг мавжудлиги ёшларнинг диний экстремизм ва терроризм таьсирига тушишларининг олдини олишда асосий қурол бўлиб хизмат қилади. Ватандошимиз буюк муҳаддис Имом ал Бухорий: “Нажот фақат илмдадур” деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик – жаҳолатдан, жаҳолат эса – такаббурлик, мутелик ва бузғунчиликдан келиб чиқади. 

Ҳа, шубҳасиз барчамиз ўз ҳаётимизнинг машаққатли чўққиларини забт этишда аждодларимизнинг буюк тажрибаларига ва айни тажриба асосида айтилган ибратли сўзлари ва кўрсатмаларига суянишимиз лозим. 

 

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, 

вилоят бош имом хатиби:

Р. Усмонов

Read 1092 times

Мақолалар

Top