МАҚОЛА

Мазҳабсизлик динсизлик дарвозасидир!

Ҳиндистонда илк бор бемазҳаблик ва ваҳҳобийлик байроғини кўтарган олимлардан бири Абу Саъид Муҳаммад Ҳусайн Батолавий (1256-1338 ҳ./1840-1920 м.) ҳисобланади. У XIX аср охири – XX аср бошларидаги ўша даврнинг аҳли ҳадислари жамоатининг етакчиларидан ҳисобланган. Унинг “Саҳиҳи Бухорий”га ёзган “Минаҳ ал-Борий” номли шарҳи, “Мишкот ал-масобеҳ”га битган таълиқот – илмий изоҳлари ва бошқа кўпгина асарлари мавжуд. У ўз даврида жуда машҳур бўлган “Ишоъат ас-сунна” (“Суннатни ёйиш”) номли мажалласи замонавий салафийликнинг ибтидоий ҳаракатларидан бўлиб, бемазҳабликнинг ёйилишига катта ҳисса қўшган мажаллалардан саналади.

Гарчи мазкур мажалла ўз даврида ваҳҳобийлик ва замонавий салафийлик тарғиботчиси бўлса-да, унда қодиёнийларга ва қуръонийлар каби янги чиққан фирқаларга раддиялар ҳам учраб турган. 1908 йилларгача чоп қилинган “Ишоъат ас-суннат”нинг охирги сонларидан бирида бундай ҳақиқат ошкор қилинган эди:

“ЭЛЛИК ЙИЛЛИК ТАЖРИБАДАН МАЪЛУМ БЎЛДИКИ, БЕМАЗҲАБЛИК ДИНСИЗЛИКНИНГ ДАРВОЗАСИ ЭКАН!”

Бу ҳақиқат умр бўйи мазҳабларни ёқтирмасдан, уларга таъна қилиб келган, мазҳабларга эргашиш ва “тақлид”ни ҳаром санаб келган Муҳаммад Ҳусайн Батолавийнинг ҳаётий тажрибаси натижасида чиқарган инсофона эътирофи эди. Ҳа, бу бемазҳаблик тарғиботчиси бўлиб келган “Ишоъат ас-сунна”нинг ҳақ эҳтирофи эди.

Ҳа, ҳақиқат шуки, бекорга уламолар: “Мазҳабсизлик динсизлик устига қурилган кўприкдир”, “Мазҳабсизлик динсизликка олиб борувчи хатарли бидъат”, деб айтишмаган экан. Бемазҳаб бўлишдан сақланинг!

Мазҳаблар ичра ҳанафийлик – Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврига энг яқин, оят ва ҳадисларни энг мантиқий тушуниб, ҳаётга татбиқ қила олган мазҳаб ҳисобланади.

© Ҳамидуллоҳ Беруний

Read 1142 times

Мақолалар

Top