МАҚОЛА

3-Мавзу: Ҳанафий мазҳаби ва Мотуридия ақидаси асослари

“Мазҳаб” сўзи араб тилида “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.

Ҳанафий мазҳаби аҳли сунна вал жамоа йўналишининг тўрт фиқҳий мазҳаблари орасида асрлар оша эргашувчиларининг кўплиги, мустаҳкам асослари ва қулайлиги билан ажралиб туради.

Маълумки, саҳобалар ва тобеинлар давридаёқ фиқҳий мактаблар шакллана борган. Бу мактаблар муайян бир шахс номи билан эмас, балки шаҳар ва минтақа аҳолиси номи билан аталган. Масалан, мадиналиклар мазҳаби, маккаликлар мазҳаби ва ҳоказо. Ўз навбатида, мазкур шаҳар ёки минтақа аҳолиси ўша ердаги уламоларнинг фатволарига амал қилганлар.

Табиийки, бир шаҳар аҳолиси мазҳаби билан бошқа шаҳар аҳолиси мазҳаби ўртасида жузъий фарқлар мавжуд эди. Бунинг сабаби, фатво берувчи саҳобийларнинг ҳаммаси ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом айтган ҳадислардан бирдек хабардор эмас эдилар. Қолаверса, уларнинг илмий салоҳиятлари ҳам, ижтиҳодий йўналишлари ҳам бир хил бўлмаган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” деган муборак ҳадисни айтганлар ва бундан айнан мана шу хилдаги тафовутни назарда тутганлар.

Ҳанафийлик мазҳаби фақат Имом Абу Ҳанифанинг ижтиҳодлари асосидагина шаклланмаган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Ироқ фиқҳий мактабининг ёрқин вакили ҳисобланади. Ироқ фиқҳий мактаби асослари Куфада яшаган Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу бошлиқ бир минг беш юздан ортиқ саҳобага таянади.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мужтаҳид (оят ва ҳадислардан ҳукм чиқаришга салоҳияти бор, етук олим) даражасидаги кўплаб шогирдлари ҳамроҳлигида ўз даврларида пайдо бўлган деярли барча фиқҳий масалаларни тизимли равишда ечимини топиб, ҳаттоки ҳали содир бўлмаган фаразий масалаларга ҳам ечим топганлар. Шу тариқа келажак авлодга жуда катта фиқҳий мерос хазинасини қолдирдилар.

Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг ўзларига хос ижтиҳод йўллари мавжуд бўлиб, у киши буни қуйидагича таърифлайдилар: “Мен ҳукмларни Қуръондан оламан. Агар Қуръондан топа олмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан оламан. Агар Қуръондан ҳам, Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаганимнинг фатвосини оламан, хоҳламаганимни олмайман. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо тобеинларга келсак, масалан, Иброҳим ан-Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирин, Саид ибн Мусаййаблардек, менинг ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор”.

Демак, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳукм чиқаришда тутган йўллари қуйидаги ҳадисга мувофиқ бўлган:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуни яманликларга исломни ўргатиш учун юборганлар. Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу жўнаб кетаётган пайтларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини тўхтатиб, шундай деганлар:

“‏ كَيْفَ تَقْضِي إِذَا عَرَضَ لَكَ قَضَاءٌ‏”‏‏ قَالَ: “أَقْضِي بِكِتَابِ اللَّهِ” ‏ قَالَ: ‏”‏فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي كِتَابِ اللَّهِ‏”‏ قَالَ: “فَبِسُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم”‏ قَالَ: ‏”‏فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي سُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَلاَ فِي كِتَابِ اللَّهِ‏”‏‏ قَالَ: “أَجْتَهِدُ رَأْيِي وَلاَ آلُو” فَضَرَبَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم صَدْرَهُ وَقَالَ: ‏”‏الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَفَّقَ رَسُولَ رَسُولِ اللَّهِ لِمَا يُرْضِي رَسُولَ اللَّهِ”‏

(رَوَاهُ الإِمَامُ أبو داود والإِمَامُ الترمذي)

яъни: “У ерда сизга бирор масала дуч келса, қандай қилиб ҳукм чиқарасиз?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг китоби ила”, деб жавоб бердилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг китобидан топа олмасангиз-чи?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу: “Расулуллоҳнинг ҳадислари билан”, деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасангиз-чи?” деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу: “Қараб турмасдан фикрим ила ижтиҳод қиламан”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: “Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Ҳанафий мазҳабида ҳам шаръий ҳукмларни чиқаришда, қуйидаги тўртта манбага асосланилади:

Биринчиси: Қуръони карим. Мазҳаббошимиз бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлсалар, аввало, Қуръонга мурожаат қилганлар. Агар Қуръонда ечим топилса, ҳеч қандай иккиланишсиз уни қабул қилганлар.

Иккинчиси: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари. Агар фақиҳ ўша масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, ҳадисга мурожаат қилган. Агар ҳадисда ечим топилса, ҳеч қандай иккиланишсиз уни қабул қилган.

Учинчиси: ижмоъ. Ижмоъ бу – бир даврдаги ижтиҳод аҳли бўлган уламолар бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир. Мисол учун, Қуръони каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ҳам таъкидланмаган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган Умар розийаллоҳу анҳунинг таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга буйруқ бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Демак, бу иш ижмоъ (келишув) орқали амалга ошди.

Тўртинчиси: Қиёс. Қиёс бу – юқоридаги манбаларда ҳукми келмаган нарсани, умумий ўхшашлик бўлгани учун манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш. Мисол учун, Қуръонда ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб, улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам “ҳаром” деганлар.

Қолаверса, мазҳаббошилар тутган йўлни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам машҳур ҳадисларида мақтаганлар.

“إذا حَكَمَ الحاكِمُ فاجْتَهَدَ ثُمَّ أصابَ فَلَهُ أجْرانِ، وإذا حَكَمَ فاجْتَهَدَ ثُمَّ أخْطَأَ فَلَهُ أجْرٌ”

(رَوَاهُ الإِمَامُ البخاري عن عمرٍو بن العاصِ رضي الله عنه)

яъни: “Қачон ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр берилади. Қачон ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, хато қилса, унга битта ажр берилади” (Имом Бухорий ривояти).

Шуни унутмаслик керакки, ижтиҳод қилувчи киши бир қанча илмларни пухта билиши талаб қилинади. Жумладан, оятларни носих ва мансухи, мутлақ ва муқайяди, сабаби нузулига доир барча илмлардан хабардор бўлиши керак. Шунингдек, ҳадисларни қайси бири саҳиҳ, ҳасан, заифлигини ва ҳадисни ривоят қилувчи зотларнинг тарихини ҳамда носих ва мансух ҳадисларни билиши шарт ҳисобланади. Шу билан бирга, ижтиҳод қилгувчи шахс араб тили қоидаларини, балоғат, маъоний, баён илмлари ва усулул фиқҳ каби илмларни билиши лозим. Чунки мазкур илмларни пухта эгалламаган киши оят ва ҳадислардаги мақсадларни мукаммал тушуниб етмайди. Натижада хато ҳукм чиқаради. Доктор Муҳаммад Ҳасан бундай деганлар: “Ким араб тилини билмаса, у туя игнанинг тешигидан ўтганида ҳам, (яъни, ҳеч қачон) мужтаҳид бўла олмайди”.

Мулла Али Қорининг “Мухтасари Виқоя” китобига ёзган шарҳини ўқиган киши ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир масаланинг далили борлигига ишонч ҳосил қилади. Ҳозирги кунимизда покистонлик уламолардан аллома Зафар Аҳмад Усмоний ўзларининг устозлари улуғ олим шайх Ашраф Али Таҳонавийнинг кўрсатмаларига биноан “Эълоус Сунан” номли йигирма бир жилдли китобни йигирма йил давомида ёзиб тугатдилар. Бу китоб улкан меҳнат самараси ўлароқ, ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаблардан устун эканини ҳам исбот қилди.

Ҳанафийлик мазҳаби қоидалари мўътадиллиги, юмшоқлиги, қулайлиги, ибодат масалаларида бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, кўпроқ имтиёзларга йўл очиб бергани ва халқларнинг маҳаллий анъаналарини эътиборга олганлиги сабабли кенг ёйилган. Кичик Осиё, Болқон, Шимолий Кавказ, Қора денгиз, Волгабўйи, Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Хитойгача кенгликларда тарқалган. Дунё мусулмонларининг қарийб ярми ҳанафийлик мазҳаби кўрсатмалари асосида амал ва ибодат қиладилар.

Афсуски, мана шундай бутун уммат эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, ўзларича бир нечта ҳадисни таржимасини билиб олиб: “Мен ўзим Қуръон ва ҳадисдан ҳукм оламан, мен мазҳабга эргашмайман, мен ҳадисга амал қиламан”, деб катта хатога йўл қўймоқдалар. Ваҳоланки, ҳадис илмининг султонлари бўлган ва минглаб ҳадисларни ўрганиб, уларни жамлаб, ҳадис китобларини ёзган буюк муҳаддислар ҳам мазҳабда юрганлар. Хатоларининг асосий сабаби, улар мазҳабга амал қилганлар. Мазҳабни тан олмайдиганларнинг хатоларига асосий сабаб, мазҳаб асосчилари қандай мартабадаги зотлар эканини билмасликларидир.

Мазҳаббошимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ муҳаддислик бобида энг олий даражалардан бўлмиш ҳофизлик мақомига етган зот эдилар. Ҳофиз юз минг ҳадисни матн ва исноди билан ёддан билган шахсдир (“Ал-явоқит вад дурар” китобидан). Имом Заҳабий ҳам Имом Аъзам Абу Ҳанифани ҳофизлар табақасида зикр қилганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “Муснад” китобини ёзганлар. Бошқа фақиҳлардан кўра Абу Ҳанифадан оз ҳадис ривоят қилинганлиги ҳақида Ас-Солиҳий қуйидагиларни ёзади: “Ҳифзлари кучли бўлса-да, у кишидан оз ривоят қилиниши, фиқҳ билан кўп машғул бўлганлари сабаблидир. Зеро, Абу Бакр ва Умар розийаллоҳу анҳумо каби катта саҳобалардан ҳам кичик саҳобаларга қараганда оз ҳадислар ривоят қилинган”.

Шундай экан, бирорта ҳадисни санади билан (ҳадисни бизгача етиб келишида хизмат қилган олимларнинг ким эканликларини) тўлиқ ёд билмай туриб, минглаб ҳадисларни санади билан ёд билган, уларни ҳар томонлама синчиклаб ўрганиб чиққан муҳаддис ва мужтаҳид фақиҳлардан ўзимизни юқори қўймаслигимиз лозим. Айниқса, бир неча ҳадис маъносини чала-чулпа тушуниб олиб, аждод уламоларга нисбатан асоссиз маълумотларни тарқатиш динимизга мутлақо зид амал саналади. Бунинг ўрнига ҳадислар ва фиқҳий китобларни чуқурроқ ўрганиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Хулоса қиладиган бўлсак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари минг йиллардан бери амал қилиб келган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига ихлос ила эргашишлари ўта муҳим ва зарур ҳисобланади.

Мотуридия ақидаси асослари. Ақиданинг луғавий маъноси – бир нарсани ҳақ деб билиб, қалбда маҳкам тутмоқликдир. Ақиданинг ақоид илми истилоҳидаги маъноси эса, мусулмонлар ҳақ ва тўғри деб ишониб, эътиқод қиладиган масалалардир.

Расуллар умматларини, аввало, соф ақидага, яъни Аллоҳ таолонинг борлиги, бирлигини тасдиқ этиш, унга нолойиқ бўлган барча сифатлардан пок эканига ишониш, охират куни, ҳисоб-китоб, жаннат-дўзах ҳақлигига имон келтиришга даъват этганлар.

Барча пайғамбарларнинг ақидаси бир бўлиб, шариатлари ҳар хил бўлган. Ақидани қалбга мустаҳкам ўрнатиб олиш ва қалб ундан ҳеч қачон гумон қилмаслиги ҳамда унга ҳақиқий ишониши керак. Ақидасиз кишининг ҳаёти ҳаёт эмас. Ақидасиз умр жуда оғир ва маъносиздир. Ақида билан ўтган умр эса жуда яхши, лаззатли ва маъноли бўлади.

Дарҳақиқат, ақида бу – Исломнинг асосий пойдевори бўлиб, унинг саҳиҳ ва соғлом бўлиши ўта муҳимдир. Зеро, ақида бирлиги жамиятдаги бирликка сабаб бўлади, одамларнинг маслаклари ва ғоялари битта бўлгани учун ҳам ўзаро ихтилофга боришмайди.

Муқаддас Ислом динимиздаги ягона ва энг тўғри ақида бу – аҳли сунна вал жамоа ақидасидир. Зеро, кишининг ақидаси тўғри бўлса, унинг юрадиган йўли тўғри бўлади. Ақидаси тўғри бўлган одам яхшиликларнинг эшигини очгувчи, ёмонликларнинг эшигини ёпгувчи калит сингаридир. Саодат асрининг буюк вакиллари бўлмиш саҳобалар ҳам ўз ақидаларида мустаҳкам бўлиб, уларни дунёнинг ҳеч бир нарсаси чалғита олмаган. Жумладан, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг Аллоҳ таолога бўлган ишончи шунчалик кучли эдики, ҳеч бир нарса унинг имонига халал бера олмас эди. У зот ўз имони хусусида бундай деган: “Агар парда кўтарилиб, Аллоҳнинг жамолини кўрсам ҳам, имоним заррача кўпаймайди”.

Аммо кишининг ақидаси бузуқ бўлса, у қилган амалларнинг кўплиги унга фойда бермайди. Соғлом ақида билан бажарилган озгина амалнинг савоби бузуқ ақида билан бажарилган кўплаб амалларнинг савобидан устун бўлади. Зеро, улуғ алломаларимиздан бири Сўфи Оллоҳёр: “Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса елдур”, деб жуда ҳам тўғри айтган.

Ақидаси бузуқ кишилар ўзларини ҳақ йўлда деб биладилар. Бундай кимсаларнинг турмушлари ёмонлик, ҳар бир сўзлари жамият орасида фитна уруғи бўлиб сочилади, қаерга бормасинлар, ўзларидан албатта, бирон-бир ихтилоф қолдириб кетадилар.

Бугунги глобал замонда диний адабиётлар, интернет тармоқлари орқали турли хил ёт ғоя ва ақидалар аҳли сунна вал жамоа ақидаси номи остида тарғиб қилиб келинмоқда.

Ана шундай ёт ғоя ва ақидаларга алданиб қолишнинг олдини олиш мақсадида, аввало, аҳли сунна вал жамоа ақидаси билан яқиндан танишиб чиқамиз.

Уламолар томонидан нажот топувчи йўналиш бу аҳли сунна вал жамоа эканига иттифоқ қилинган. “Аҳли сунна” дегани Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига эргашувчилар ва “вал жамоа” сўзи эса мусулмонларнинг кўпчилиги ортидан юрувчиларни англатади. Демак, “Аҳли сунна вал жамоа” – суннатга ва жамоага эргашувчилардир. Ҳақиқатан, бугунги кунда мусулмонларнинг аксари, яъни ٩٢,٥ фоизи аҳли сунна вал жамоага мансубдир. Маълумки, Исломда эътироф этилган тўртта фиқҳий мазҳаблар бор. Булар: ҳанафийлик, шофеийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари. Динимизда эътироф этилган ақидавий йўналишлар эса иккитани ташкил этади. Булар ашъарийлик ва мотуридийлик. Юқоридаги тўрт фиқҳий мазҳаблардан аввалги учтаси ашъарийлик мазҳабида бўлсалар, ҳанафийлик мазҳабидаги мусулмонлар мотуридийлик мазҳабига асосланадилар.

Мана шу икки йўналишдан бошқа ҳар қандай ақидавий йўналиш, номи ҳар қанча жарангдор бўлишидан қатъи назар, нотўғридир!

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланади. Унинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир.

Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг туғилган йиллари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. У зот 994 йилда Самарқандда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза қабристонига дафн этилган.

Маълумки, биз Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларида бўлиб, унга кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Қуйидагиларга имон келтириш вожиб: 1. Аллоҳ таолога. 2. Унинг фаришталарига. 3. Китобларига. 4. Набийларига. 5. Охират кунига. 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига. 7. Ўлгандан кейин қайта тирилишга.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича амал имоннинг шарти ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп ўринда имонни алоҳида, амалларни алоҳида ажратиб, шундай марҳамат қилади:

إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَآتَوُا الزَّكَاةَ لَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ
(سورة البقرة/٧٧٢)

яъни: “Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир…” (Бақара сураси, ٢٧٧-оят).

Лекин шуни билиш керакки, уламоларимиз амални имон шартларига киритишмаган бўлсалар-да, имон тақозо қилган шариат ҳукмларига амал қилишни вожиб деб билганлар.

Имом Мотуридий фиқҳ ва ақида масалаларига қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиш давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлганлар. Жумладан, Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад Иёзий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фазл каби уламолардан илм олганлар.

Имом қуйидаги асарларни ёзиб қолдирганлар: “Китоб ат-Тавҳид”, “Китоб ал-Мақомат”, “Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”, “Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”, “Таъвилот ал-Қуръон” (10 том), “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб”. Булардан ташқари баъзи мутахассислар Имом Мотуридийнинг Ислом ҳуқуқшунослигининг асосларига бағишланган “Усул китоби” асарлари ҳам мавжуд бўлганини таъкидлайдилар.

Имом Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келиб, Ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма-хил ғоялар кенг тарқалган. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар орасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланган. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва у зот каби улуғ уламолар ўзларининг илму маърифатлари, чуқур ва теран тафаккурлари билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа соф исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзларининг бор салоҳиятлари ва куч-қувватларини аямадилар. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, улар Қуръони карим ва суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари услубида ақида масалаларини ёрита бошладилар. Мусулмонларни тарқоқликка олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлди.

Имом Мотуридий соф ақидани исботлашда муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки, биринчи навбатда, нақлдан фойдаланишни зарур деб билади. Ушбу олимнинг ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган бир пайтда, ўлкада ягона сунний ақида тизимини ўрнатадилар. У зот турли адашган фирқаларнинг Қуръони карим ва суннати набавийяга зид бўлган барча ботил ақидаларини далиллар асосида исботлаб берадилар. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинди. Имом Мотуридий ўз услуби ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, ҳанафия мазҳабининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб бердилар.

Буюк имомнинг “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланган асарларида аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид бўлган оқимларга раддия билдиришда Имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган ҳолда иш кўради.

Ҳозирги кунга келиб сохта салафийлар томонидан мотуридия ақидавий йўналишини аҳли сунна вал жамоанинг муқобилига қўядилар ва кескин танқид остига оладилар. Ваҳоланки, Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий аҳли суннатнинг ақоид боби имоми эканликлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар:

المراد بالسنة ما عليه إماما أهل السنة والجماعة الشيخ أبو الحسن الأشعري وأبو منصور الماتريدي

яъни: “(“Аҳли сунна” сўзидаги) Суннатдан мақсад – аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир” (“Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).

Машҳур муҳаддис олим Муртазо Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

«إذا أطلق أهل السنة والجماعة فالمراد بهم
الأشاعرة والماتريدية»

яъни: “Агар ҳеч қандай қайдларсиз “Аҳли сунна вал жамоа” дейилса, Ашъарийлар ва Мотуридийлар тушунилади” (“Итҳафу саадатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин” китоби).

Аллома Тошкуброзода айтадилар:

«ثم اعلم أن رئيس أهل السنة والجماعة في علم الكلام يعني العقائد رجلان، أحدهما حنفي والآخر شافعي، أما الحنفي فهو أبو منصور محمد بن محمود الماتريدي، إمام الهدى... وأما الآخر الشافعي فهو شيخ السنة ورئيس الجماعة إمام المتكلمين وناصر سنة سيد المرسلين والذاب عن الدين والساعي في حفظ عقائد المسلمين،
أبو الحسن الأشعري البصري

яъни: “Маълум бўлсинки, аҳли сунна вал жамоанинг калом илми (яъни, ақоид)даги раислари икки кишидир: бирлари ҳанафий, бошқалари шофеий мазҳабида. Ҳанафийлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий бўлиб, у зот “Имомул Ҳуда” “Ҳидоят имоми” деган ном қозонган. Шофеийлари “Суннат шайхи”, “Жамоат раиси”, “Мутакаллимлар имоми”, “Пайғамбарлар саййиди суннатларига ёрдам берувчи”, “Дин ҳимоячиси”, “Мусулмонлар ақидасини сақлашга ҳаракат қилувчи” Абул Ҳасан Ашъарий Басрийдир” (“Мифтаҳус саодат” китоби).

Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий айтадилар:

«فالأشعري والماتريدي هما إماما أهل السنة والجماعة في مشارق الأرض ومغاربها، لهم كتب لا تحصى، وغالب ما وقع بين هذين الإمامين من الخلاف
من قبيل الخلاف اللفظي

яъни: “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий – машриқу мағрибда аҳли сунна вал жамоа имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги аксарият ихтилофлар лафзийдир”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай дейдилар:

«فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ»

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа)ни лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, бугунги кунгача ва ҳозирда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб (Ҳанафий, Моликий, Шофеий ва Ҳанбалий)ларга мувофиқ келади. Мана шулар аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ асос солган диний таълимот – мотуридия мактаби Шарқ мамлакатларида катта шуҳрат топишига сабаб шуки, унда илгари сурилган ғоялар Ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳангдир.

"Диний-маърифий суҳбатлар" китобидан

Read 1757 times

Мақолалар

Top