МАҚОЛА

Ақлий фаолиятимизни ўзгартиришимиз лозим

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бир сафарга чиқдилар. Кечаси бир кишининг маконига етиб бордилар. У ўзининг ҳовузининг олдида ўтирган эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу унга дедилар:

- Ҳой ҳовузнинг эгаси! Кечаси ҳовузингдан йиртқичлар ичганми?

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовузнинг эгасига дедилар:

- Эй ҳовузнинг эгаси! Бунга ҳеч нарса айтма. Бу зўраки инсон. Қорнида олиб кетгани ҳайвонникидир, қолгани бизга ичимлик ва тозаловчидир!

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларига бу дарсни яхши сингдириб олдилар.

Имом Молик роҳимаҳуллоҳннинг «Муватто»ларида келади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир жамоа билан сафарга чиқдилар. Улар орасида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Улар бир ҳовузнинг олдига келишди. Шунда Амр ибн Ос розиёллоҳу анҳу ҳовуз эгасига:

- Ҳой ҳовузнинг эгаси! Ҳовузингдан йиртқичлар ичадими?

Шунда Умар розияллоҳу анҳу ҳовуз эгасига дедилар:

- Унга ҳеч нарса айтма. Йиртқичлар ичган жойдан биз ичамиз, биз ичган жойдан улар ичади!

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг ҳадис тўпламларида келади:

«Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: «Биз такаллуфдан қайтарилганмиз!».

Имом Табароний, Ҳоким ва Байҳақийларнинг ҳадис тўпламларида Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни меҳмонга такаллуф қилишдан қайтардилар».

Бу буюк дин бизни қийналмасдан оддий ҳаёт кечиришимизни истайди. Энг яхши нарсаларни қидириб ўзимизни қийнашимизни хоҳламайди. Бошқаларнинг вазифасини бажариш учун бир уюм қарзни гарданимизга юклаб олишимизни, одамларга ҳашаматли кўриниш учун зўрма-зўраки қиммат нарсаларни сотиб олишимизни истамайди.

Биз шариатда фойда бермайдиган илм изламаймиз. Зарар бермайдиган жоҳилликни қидирмаймиз. Бу ҳам такаллуфдир.

Имом Шаъбий роҳимаҳуллоҳдан бир киши сўради:

- Иблиснинг хотинини исми нима бўлган?

Шаъбий жавоб берди:

- Уларнинг никоҳида гувоҳ бўлмаган эдим!

Иброҳим алайҳис салом сўйган ва тўртта тоғнинг устига қўйган қушларнинг навини билишга интилиш, асҳоби каҳфнинг итининг рангини суриштириш, Қобил ва Ҳобилнинг қайси тилда гаплашганини суриштириш кабилар такаллуфдир!

Ақлий фаолиятимизни ўзгартиришимиз лозим. Такаллуфни тарк қилишимиз керак. Ана шунда ҳаёт енгиллашади!

Абдулқодир Полвонов

Read 1413 times

Мақолалар

Top