МАҚОЛА

Соф Исломни қаердан топамиз (ёхуд А.Зуфарга раддия)

Ўзининг жоҳилона фатволари билан машҳур бўлган А.Зуфар яна бир ғароиб чиқиш қилди. Гўё Соф Ислом таълимотларини ҳеч қанақасига расмий олимлар ва муассасалардан олиб бўлмайди. Ҳақиқий ислом таълимотларини фақат ва фақат норасмий домлалардан топиш мумкин, деган фикрни олға сурди. Ўзининг гапларига Имом Маҳдий ҳақидаги ҳадислардан ишоралар топиб, далил қилган.

Лекин ҳақиқат ва воқеълик шуки барча замонларда ҳам, Ислом таълимотлари барча мусулмонлар тан олган, севиб қабул қилинган олимлардан қабул қилинади. Масалан, Исломни етказувчи биринчи муаллим Пайғамбаримиз алайҳиссалом бўлганлар, сўнгра эса саҳобалар келишди. Саҳобалар даврида тўрт халифа Исломни халққа етказишда жонбозлик кўрсатиб, олимларга раҳбар бўлиб туришди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва тўрт халифа айни расмий давлат бошлиқлари эдилар. Кейин тобеъинлар ичидаги олимлари, муфтийлари дин ҳукмларини халққа етказганлар. Кейин мужтаҳидлар даврида сараланиб, сараланиб охирида тўрт фиқҳий мазҳабни Ислом уммати қабул қилди, улардан Ислом динининг ҳукмларини қабул қилиб олди. Мазҳаблар баён қилган ҳукмлар тарқалишида эса расмий қозиларнинг ҳиссаси катта бўлган. Масалан, Имом Абу Юсуф Абу Ҳанифанинг атоқли шогирди, буюк фақиҳ ва мужтаҳид, Аббосийлар давлати (Маҳдий, Ҳодий ва Рашид даврлари)нинг энг катта қозиси эди. Уларнинг ҳар бири, айниқса, Ҳорунур-Рашид уни эъзозлаб, катта ҳурмат кўрсатарди. Имом Абу Юсуф ҳанафий мазҳаби масалалари тарқалишига катта ҳисса қўшган.

Энг муҳим жойи, бизгача Ислом динини етиб келишида минглаб олиму фузалоларнинг ҳиссаси бор. Тўғри уларнинг ичида расмий лавозимлиси ҳам, лавозимга эга бўлмаганлари ҳам бор, лекин уларнинг ҳаммаси Аҳли суннага тегишли олимлар бўлган. Ҳозир ҳам ҳақиқий Ислом динини кейинга авлодга ўргатаётганлар турли мақом ва мартабаларда бўлсаларда Аҳли сунна олимларидир. Улар ичида расмий лавозимлар ва расмий таълим муассасаларида хизмат қилувчилари кўпчиликни ташкил этади. Ваҳҳобийлик, салафийлик ва такфирчи жамоалари эса бу рўйхатдан ташқарида. Тўғри улар ҳам нималарнидир ўргатишмоқда, лекин асос тўғри бўлмагандан кейин, ўргатган нарсалари динда ғулувга кетишга, мусулмонларни такфир қилиб, қонини ҳалол санаб, уруш қилишга, Ислом уммати ўртасига фитна солишга сабаб бўлмоқда. Эътибор қилинг, қаерда ихтилоф бўлса, ўша ерда салафийлар бир томонда турган бўлади.

А.Зуфар келтирган Имом Маҳдий ҳадиси у ва унга ўхшаган беркиниб олиб, турли ботил фатволарни бериб келаётганларни оқламайди ҳам, уларга далил ҳам бўлмайди. Имом Маҳдийнинг норасмий киши бўлиши ҳеч қачон уларнинг ботил фатволарию эътиқодларини тўғри қилиб қўймайди. У гўё ўзини Имом Маҳдий ўхшатмоқчи бўлганек. Аслида улар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.

Энди соф Исломни тарқатишни даъво қилаётган норасмий А.Зуфарни ўзига тўхталамиз. Унда ўтган уламоларни сифати борми?!

Биринчидан, унинг устозлари номаълум. Маълум қилганда ҳам салафийлардан экани аниқ. Юқорида айтилгани каби динни устозию, эътиқоди номаълум ёки салафий экани аниқ бўлган кишилардан ололмаймиз. Чунки бу оқим 18 асрдан буёғига бош кўтариб чиққан.

Иккинчидан, у ва унинг номаълум норасмий устозлари ҳозиргача соф ислом деб нимани ўргатишди?! Уларнинг тутган йўли:

1. Кофир ва мушриклар ҳақида нозил бўлган ояти карималарни мўминларга татбиқ қиладилар.

Натижада ўзидан бошқа кўпчиликни кофир ё мунофиққа чиқаради. Ахир мўминни кофир деган одам ўзи кофир бўладику!

2. Бир одамни мўминлигига далил сўраш учун Аллоҳ қаерда, деб савол беради.

Абдулло Зуфар ва уни норасмий домлалари Аллоҳ таолога жисм макон исбот қилиб, ҳақиқатда Аллоҳ аршда ўтиради, дунё осмонига тушади деб, мужассима тоифасининг куфрий эътиқодини ўзига олади.

3. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қабриларини зиёрат қилишда фойда йўқ деган ботил фатвони тарқатишади.

4. Гўё соф исломни ўргатаётган у ва норасмий устозлари фақат мусулмонлар диёрига уруш қилиб, одам ўлдириб, ўзлари Англия, Америка, Россияга ўхшаш давлатларга беркиниб, улардан қурол олиб, мусулмонларни ўлдиришга фатво беришмоқда.

5. Ота онанг дунёга келишингга сабабчи холос, бошқа ҳеч ким эмас деб ўргатадилар. А.Зуфар ҳижрат ва жиҳод учун ота-онани алдаш ҳам жоиз деган гапларни ҳам гапирди. Ваҳоланки, ота-она рози бўлмаса, фарзанд бу ишларга чиқа олмайди.

6. Соф ислом шайтонни шохи ўша жойдан чиқади, дея башорат берилган Абдулваҳҳоб Наждийнинг йўлими ёки шу саналган ботил ишлар соф Исломни ўргатиш деб аталадими?!

Ислом уммати ҳеч қачон залолат устида жам бўлмайди. Умматнинг А.Зуфарга ҳам, унга ўхшаган норасмий устозларига ҳам эҳтиёжи йўқ. Керак бўлса 18 асрда чиққан уларнинг раҳнамоларидан аввал ҳам Ислом бор эди, бундан кейин ҳам бўлади. Ўзларининг бузуқ тушунчаларини соф ислом қилиб кўрсатадиган шахсларнинг бизга кераги йўқ.

Тавфиқ Аллоҳдан.

Юнусхон Мамарасулов

Read 1232 times

Мақолалар

Top