МАҚОЛА

Соф исломнинг ақидаси қандай?

Бизни Аҳли сунна ва жамоа тоифасидан қилиб тўғри йўлга бошлаган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. Ва умматларни ҳақ йўлга бошлаган Пайғамбаримизга саловоту дурудлар бўлсин.

Аввало, ақидада ихтилофлар бўлган жойда ботил эътиқодлар илдиз отади. Чунки ақидаси дуруст ва соғлом бўлмаган кишининг дин ва имони саҳиҳ бўлмайди.

Ақида – имон билан боғлиқ нозик масала бўлгани учун, Аллоҳ таоло ўзи бу тушунчаларни баён қилиб, инсониятни ҳақиқий имон эътиқод йўлига бошлаб қўйган. Ҳозирги кунда баъзи бир бузғунчи гуруҳлар мусулмон давлатларда фитнани юзага келтиряптилар. Жумладан, исломда илк намоён бўлган хорижийлар, Азрақийлар — ўзларига қўшилмаган мусулмонларни кофир санашган. Мусулмоларнинг молини талашни ўзларига ҳалол деб билишган ва аҳли-аёлларини эса ўлжага айлантиришган. Бугунги кунда эса бунақа мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Аслида, ислом дини кишиларни ер юзида оға-ини бўлиб яшашга, бир — бирига ёрдам беришга, ота-онани ҳурмат қилишга, ватанини гуллаб яшнаши учун ҳисса қўшишга, халқдан ажралмаган ҳолатда Ҳақ розилигини топишга даъват этади. Шу ўринда Абу Нужаймнинг такфир борасидаги сўзини келтириб ўтмоқчиман; “Агарда тўқсон тўққизта далил кофирликка далолат қилсаю битта далил мўминликка далолат қилса биз уни мўмин деймиз”.

“Ҳижрат” сўзи кишиларни онгида қаттиқ кора доғ қолдиряпти. Хали исломий ақидаси тўлиқ шакилланмаган ёшлар интернет тўрига тушиб, ўзлари билмаган ҳолда дунёнинг турли ҳудудларидаги айрим ақидапараст оқимлар ва турли террорчилик гуруҳларга қўшилиб қолмоқдалар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз (с.а.в) “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ”, деганлар.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда масжидларда халқимиз ўз диний арконларини эмин-эркин бажараётган, ўрта махсус ислом билим юртлари ва Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти фаолият олиб бораётган бир вақтда, шундай гуллаган диёрни нотўғри эътиқод билан ташлаб кетишлик энг оғир гуноҳ ҳисобланади. Инсон бу дунёда яхшиликларнинг энг афзалларини қилиши, ота-онасини хизматини то улар вафотигача сидқидилдан қилиб, жаннат калитларини қўлга киритиши, ўз маҳалласига, ўз Ватанига фойдаси тегиши, бошлиқларига боғийлик қилмаслиги камолотининг етуклигидан далолат беради ва уни юқори мартабаларга ўтқазиб қўяди. Шу ўринда Шайх Жалолиддин Румий ҳазратларининг гўзал бир байтини келтиришни лозим топдим:

Сен дунёга келганда йиғлаб келдинг,

Ҳамма кулиб қарши олди.

Сен дунёдан кетганда кулиб кетгинки,

Ҳамма йиғлаб қолсин.

Бу шиор ҳар бир қалбида ғурурли, эътиқоди соф, жўмард кишининг ҳаётдаги шиори бўлиши керак, деб ўйлайман.

 

  М.Матирзаев

Гурлан тумани “Шайх Жамол бобо” масжиди имом-хатиби

Read 1144 times

Мақолалар

Top