МАҚОЛА

Мутаассибликдан нафрат, кенгбағирликдан хушхабар юзага келади

Ислом мутаассибликка мутлақо алоқаси бўлмаган диндир. У ўзига эътиқод қилувчиларни торликка чақирмайди. Ислом манбалари – Қуръон ва Суннатда мутаассибликка ундовчи бирор нарса йўқ! Аксинча, кишиларни Исломга ундаш Қуръони карим кўрсатиб берганидек, ҳикмат, гўзал мавъиза ва чиройли баҳс ила амалга оширилади. Бу эса мутаассиблик, бирор масалани тор олишга буткул тескари бўлган услубдир. Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида: “Осонлаштиринг – қийинлаштирманг, хушхабар беринг нафратлантирманг”, - дея марҳамат қилинади.

Ушбу чақириқ мутаассибликни инкор этади. Зеро, мутаассибликдан нафрат, кенгбағирликдан эса хушхабар юзага келади. Демак, Ислом мутаассибликни инкор этар экан, у террорни, тинч аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришни ва бегуноҳ мусулмонларни балки, бошқа инсонларнинг ҳам қонини тўкишни қоралайди. Исломнинг наздида бир одамнинг жонига қасд қилиш бутун инсониятнинг жонига қасд қилиш билан баробардир. Қуръони каримда бу ҳақда: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди”, - дейилади (Моида сураси, 32-оят).

Шундай экан, исломни мутаассиблик билан боғлаш янглишишдир. Бундан маълум бўладики, дин номидан қўпорувчиликлар қилишнинг муқаддас Ислом таълимотига мутлақо алоқаси йўқ.

 

Маъруфжон Алоходжаев, Наманган шаҳар "Абдулқодир қори" жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 1888 times

Мақолалар

Top