МАҚОЛА

Суннат ва ҳадисни инкор этувчи тоифалар: тарихий ва замонавий ўхшашликлар (1-қисм)

Ҳадис илми тарихи ва бу илмнинг тадрижий босқичларини ўрганиш, суннат ва ҳадисга нисбатан нохолислик билан билдирилган фикрларга қарши муносиб, илмий жавоб бериш ҳар бир даврнинг зарурий талабларидан саналган. Зеро, бу ҳадис илми Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг муборак сўзлари, шариатнинг мадори, Қуръони каримнинг тафсири, амаллар таърифи бўлган Қуръони каримдан кейинги иккинчи асл манбадир. Ислом шариатига мувофиқ иш тутган салаф, халаф олимлар барча мўмин-муслимлар бу манбанинг ҳақлиги ва саҳиҳлигига иттифоқ бўлишган. Суннат ва ҳадиснинг мақоми мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим бўлиб, Қуръони каримни тушуниш, унинг маънолари мазмунини ва дақиқ масалалар ҳукмини ҳадисларсиз англаш мушкул бўлади.

Ҳадисларга нисбатан танқидий фикрлар билдирилиши секин-асталик билан мусулмонлар онгига сингдирилишига бўлган ҳаракатлар бу мавзуни янада кенгроқ ўрганишга сабаб бўлмоқда. Айниқса, бу танқидлар “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари атрофида бўлаётганлиги, мусулмон кишини янада ҳушёр бўлишига ундаши керак. “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ва ундаги ҳадисларга нисбатан мусулмон умматида шак пайдо қила олишса, бошқа ҳадислар бўйича тасниф этилган китобларда шак уйғотиш янада осонроқ кечади. Бу “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари саҳиҳлиги жиҳатидан Қуръони каримдан кейинги манба сифатида эътироф этилган. Шунинг учун бу таъна ва танқидлар бутун ҳадис илмига, суннати Набий (с.а.в.) нисбатан қаратилганлиги маълум. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбар (с.а.в.) келтирган нарсани олиш ва қайтарган нарсалардан қайтишга буюрган.

وَمَآ ءَاتَىٰكُمُ ٱلرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَىٰكُمْ عَنْهُ فَٱنتَهُوا۟ وَٱتَّقُوا۟ٱللَّهَ إِنَّ ٱللَّهَ شَدِيدُ ٱلْعِقَابِ

Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир.[1]

Шундай экан қандай қилиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сўзи, амали, чиройли хулқларини ўзида жамлаган минг йиллардан буён ҳадислари энг саҳиҳ деб эътироф этилган асар “Саҳиҳ ал-Бухорий”га шубҳа ва таъна билан қарашлар вужудга келмоқда.

Мазкур мавзу доирасида ҳадисларга нисбатан танқидий, таъна ва шубҳага асос бўлаётган сабабларни келтириб ўтамиз. Мусулмонлар фикрида суннат ва ҳадисга нисбатан шубҳа уйғотиш, бу орқали муқаддас динидан узоқлаштириш, ислом шариатини иккинчи манбасига шак пайдо қилишдан бошқа нарса эмас. Замонамиз олимларидан Мустофо Зуҳайли бу тўғрисида шундай деб таъкидлаган: “Ким шариатни ҳадиссиз ўрганишни даъво қилса у шариатни нуқсонга бурибди. Агар у шариатни Қуръонсиз ўрганишни даъво қиладиган бўлса шариатни томирини кесибди”[2].

Бу каби тоифалар тарихи ва келиб чиқишига назар ташласак, барчасини мақсади бир бўлиб, асл манбадан узоқлашиш, ёки уни тан олмаслик, ўзларини ғоя ва мафкурасига, ақлий тафаккурига тўғри келмаган шариат манбаларига амал қилмасликка бўлган тарғиботларни кўришимиз мумкин. Ҳадисларга танқидий ёндашувлар тарихда ва ҳозирги даврда ҳам баъзи мусулмон олимлари ҳамда ғарб олимлари томонидан амалга оширилган. Мусулмон олимларини, хусусан ҳадис илми мутахассисларини мақсади суннат ва ҳадисни тўқима, ёлғон, исноди заиф ҳадислардан ҳимоя қилиш бўлса, баъзи тоифалар ва ғарблик олимларнинг мақсадлари суннат ҳамда ҳадисни манба сифатида рад этганлигини ҳам кўришимиз мумкин. Қуйида ҳадис-суннатга танқидий, шубҳа ва таъна қилиш билан эътибор қаратган тоифа ва оқимларнинг тарихий ва замонавий тоифаларининг фикри билан танишамиз:

Биринчи тоифа улар хаворижлар[3] бўлиб, ўзларининг ботил эътиқодларида туриш учун суннати набавийни тарк этган, саҳобийларни лаънатлаб, уларга эргашмаган ислом тарихидаги илк тоифа бўлади. Саҳобиларга эргашишлик ҳам суннат эканлигини улар инкор этишди. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Менинг саҳобийларим худди юлдуз каби уларнинг қайси бирига эргашсангиз ҳидоят топасиз”[4], деган сўзларига амал қилмаганлар ҳам ушбу хорижийлардир. Муовия ибн Суфён ва Али ибн Толиб ўртасидаги таҳким[5] воқеасига рози бўлган ва бу икки саҳобага эргашган барча саҳобийларни ҳам динсизликда ва фисқда айблаганлар ҳам айни хорижийлар бўлади.

Шундан сўнг хорижийлар жумҳур саҳобийлар томонидан ривоят қилинган ҳадисларни рад қилдилар, натижада улар ўзларининг мафкурасига мос ҳадисларни олиб, қолганларини инкор этишди. Бу биринчи Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадис ва суннатларидан юз ўгирган тоифа сифатида пайда бўлди.

Иккинчи тоифа муътазилийлар[6] бўлиб, аҳли сунна эътиқоди йўналишига кўп ихтилоф қилган тоифа саналади. Булар саҳобийлардан кўпларини инкор этиб, улар томонидан айтилган ҳадисларни ҳам рад этган ва ўзларининг ақлий қарашларига ҳамда эътиқодига хилоф келган ҳадисларни инкор этишган. Бу ҳадислардан, шафоат, қабр азоби, қадар, Аллоҳнинг қиёматда кўриш ва Аллоҳнинг сифатлари тўғрисида келган ҳадислар муътазилийлар томонидан рад этилган.Сабаби уларнинг эътиқодий қарашларида айнан бу масалалар инкор этилади ва бунинг асоси бўлган ҳадислар ҳам рад этилади.

Учунчи тоифа ҳадис ва суннатни рад этувчилардан рофизийлар[7] бўлади. Булар ҳам бу борада энг ҳаддан ошган тоифа бўлиб, Пайғамбар (с.а.в.)нинг асҳобларини ҳақоратлаш, уларнинг ҳаққига номақбул сўзларни айтиш, уларни адолатсизликда ҳатто улардан баъзиларини динсизликда айблашлари уларнинг суннатда кўрсатилган ҳукмларга амал қилмасликларидир. Улар ўзлари қайси саҳобийни айблашган бўлса улар томонидан ривоят қилинган ҳадисларни ҳам рад этишган. Ҳатто, улардан Кулайни Абу Жаъфарга исноди билан қуйидагини ривоят қилган: “Пайғамбар (с.а.в.) вафотидан сўнг Миқдом, Салмон ва Абу Заррдан бошқа барча инсонлар муртад бўлди”, деди[8]. Бу ривоят ҳам тамоман саҳобийларни ҳақорат қилишдан бошқа нарса эмас.

Тўртинчи тоифа зиндиқийлар[9] бўлиб, уларҳам ўз қарашларини ҳимоя қилиш мақсадида ислом дини манбаларини рад этиб келган тоифалардан ҳисобланади. Уларнинг асосий мақсади исломни заифлаштириш, ҳадис ва суннатни ҳайбатини кетгизиш ва ислом динида мусулмонларни чалғитишдан иборат бўлган[10].

Бу тоифалар илк ислом тарихида пайдо бўлиб, ўзларининг ботил ғоя ва ақидалари билан танилган эътиқодий ва амалий масалалрда адашган ботил оқимлардир. Бу каби тоифа ва оқимларни бугунги кунимизда ҳам пайдо бўлганлиги ўзларининг ботил ғоялари, аниқ мақсадга қаратилган мафкуралари билан суннат ва ҳадисга нисбатан нохолислик ва илмсизлик билан ёндашаётганлиги, айнан юқорида зикр этилган ботил оқимларнинг замонавий кўринишлари ҳисобланади.[11]

Улардан, қуръонийлар[12]улар фақат Қуръонгагина ишонамиз, зеро, Аллоҳ таоло фақат Қуръоннигина сақлашга ваъда қилган деган ўта маккорона даъволарини илгари суриб, қанча-қанча илмсиз кишиларни адаштирмоқда.Бу тоифа аслида ўзларига хаворижларни йўлини лозим тутиб, Набий (с.а.в.)нинг суннатларини тўлиқ инкор қилишади. Уларнинг фикрича шариатда ҳукм чиқаришда ҳадисга муҳтожлик йўқ. Барча ҳукм Қуръони каримдан олиниши керак деб уйлайди ва шу фикрни олдинга сўради. Қуръонийларнинг фикрича: “Ҳадислар Пайғамбар (с.а.в.)нинг вафотларидан 100-200 йил ўтиб таснифланган. Ҳадислар ровийлар томонидан тўқилган ёки узоқ муддат ўтганлиги сабаб улар унитиб юборилган ёки хато ривоят қилинган”, деб ҳадис ва суннатга нисбатан ёлғон даъво қилишади[13].Уларнинг даъвоси Қуръони карим турганда ёлғон, хато, шубҳалардан ҳоли бўлмаган ҳадислар олинмайди[14].

Бу фикрнинг умуман шариат аҳкомларига тўғри келмаслиги, ҳадис ва суннатга хиёнатдан бошқа нарса деб бўлмайди.

Кейинги замонавий фирқалардан яна бири ақлонийлар[15] бўлиб, улар муътазилийлар фикридан илҳомланган. Улар ақлни бирламчи деб, уни асосдан олдинга қўяди. Ақлонийларнинг ақл юритиши Қуръон ва суннатдан ҳам олдин туради. Ақлонийлар ўз фикри билан суннат ва ҳадисни инкор этадилар, шунингдек, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарида келган ҳадислар уларнинг ақллари тарозисига мухолиф келса у ҳадис олинмайди. Ақллари етмайдиган нарсада, ақллилик қилишларининг ўзи уларнинг ахмоқликларидан бошқа нарса эмаслиги маълум. Уларнинг ўзлари ҳам адашган ва уларга эргашганларни ҳам адаштирувчи хатарли тоифа ҳисобланади.

Учунчи тоиф замонавий рофизийлардир. Бу тоифа ҳам олдинги рофизийлар каби, суннати мутаҳҳарога мункар балки улардан ҳам ашаддийроқ ҳаддан ошган суннат ва ҳадисни танқид қилишлик борасида. Олдинги рофизийлар машҳур саҳобийлардан Абу Бакр Сиддиқ (р.а.), Умар ибн Хаттоб (р.а.) ва Ойша (р.а.) ва бошқаларни лаънатлаган бўлса, янги рофизийлар ўз танқидларини аввало, икки муҳаддис Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳларига қаратади.  Бу тоифа вакиллари томонидан Имом Бухорий асарини танқидий ўрганиб, унга нисбатан таъна ва туҳматлар жуда кўп қилинган. Ҳатто, Имом Бухорийни ислом оламида обрўсини кетгазиш, саҳиҳ асарининг ҳайбатини йўқотиш бўйича доимий тарғиботлар олиб бориб, бу тўғрисида махсус китоблар ҳам тасниф этишган[16].

Тўртинчи тоифа ҳаддосийлар[17] бўиб, улар замонавий фикрлар асосида таҳлил қиладиган, ғарб исломшунослиги йўналишларида фаолият олиб борадиган, бошқа динларнинг асос ва манбаларига қиёслаб ислом дини манбаларига ҳам танқидий назар билан қарайдиганлар тоифасидан иборат. Уларнинг фикрича ҳар бир нарса янгиланиб турилиши лозим, шунингдек, шариат аҳкомлари ва унинг манбалари ҳам замонга қараб ўзгариб бориши керак деб билади. Бу тоифа ислом манбалари тарихга айланиб бўлди, уларнинг вақти ўтди деб гумон қилади. Шу сабаб улар ҳадис ва суннатларга нисбатан ҳурматсизлик қилади ва хусусан Имом Бухорийнинг асарларини ҳам ўзларига хос йўналишда инкор этишади[18].

Бешинчи суннат ва ҳадисга танқидий назар билан қарайдиганлардан бири мусташриқлар (исломни шарқшунослик жиҳатидан ўрганувчилар) бўлиб, улар ҳам юқоридаги тоифалар каби ҳадис ва суннатга нисбатан нохолислик билан ёндашади. Бу каби фикрларни ғарблик шақшунос И.Гольдциернинг (1850-1920)[19] киторбларида кўриш мумкин. У ҳадис ва суннатга нисбатан ўзини танқидий қарашлари асосида китоблар ёзган. Унинг фикрича:“Ҳадислар исломнинг иккинчи ва учунчи ҳижрий йилларида ёзилган бўлиб, у вақтда Муҳаммад (с.а.в.)нинг вафотидан кейин кўп вақт ўтган. Ҳадис ровийлари томонидан ҳадислар уйлаб чиқилган ёки тўқима ҳадислар тўпланган. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари бевосита аббосий халифалари таъсири остида таълиф этилган бўлиб, ҳадислар давр тақозосидан келиб чиқиб тўқиб ёзилган”, деди[20]. Бу фикрлар олимнинг шахсий фикри бўлиб, ислом тарихи ва манбаларига мутлоқ номувофиқ ҳисобланади. Зеро, ислом тарихи ва шариат манбасини ҳадисларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Мусулмон оламини йўлдан чалғитишга, ҳадис ва суннатдан узоқлаштиришга қаратилган ғояларга қарши маърифий курашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганлигини бугунги давр ҳам кўрсатиб турибди.

Аллоҳ таоло бу каби фитналардан Ўзи асрасин, тўғри ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Барча умматларга бирдамликда шариатга амал қилишни, суннатни мустаҳкам ушлаб Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг шафоатларини насиб этсин!!!.

Давоми бор...

Шукурилло Умаров,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот

маркази директори,

Ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича

  фалсафа доктори.

___________________

Адабиётлар:

[1]Қуръони карим. Ҳашр сураси, 7-оят.

[2] Зуҳайлий. Ал-Фиқҳу ва-л-Ислом.. Байрут, 2011. – Б. 1/208.

[3]Хорижийлар - ажралиб чиққан, исёнчилар бўлиб, 7-асрда исломдаги илк оқим тарафдорлари.

[4] Хатиб Бағдодий. Кифоя фий илми ривоя. Миср. Дор Усмония, 2010. Б. 48

[5] Таҳким - Халифа Али ибн Абу Толиб билан Муовия ибн Суфён ўртасидаги битим.

[6]Муътазилийлар - ажралиб чиққанлар, узоқлашганлар, исломдаги илоҳиёт оқимларидан бири. 8- аср ўртасида Араб халифалигида вужудга келган. Асосчилари Восил ибн Ато ва Амр ибн Убайд.

[7]Рофизийлар - тарк этиш, рад этиш, баъзан маслагидан қайтиш маъноларида, ўрта асрларда сунний ислом илоҳиётида изчил ислом йўлидан четга чиққан оқимлар, хусусан шиалар (Абу Бакр (ра) ва Умар (ра)нинг халифалик ҳуқуқини рад этганлар. 

[8] Кайлоний. Равзату-л-Кофий. – Б. 202.

[9]Зиндиқ - динга ишонмайдиган, худосиз, атеист, ўрта асрларда ислом таълимотини рад этган, бошқача фикрловчи оқимлар, дуалистлар, монийлик, маздақийлик ва хуррамийлар таълимоти вакилларига берилган умумий ном.

[10] Аҳмад Ҳанбал. Аҳкому аҳли милал ва ридда. –Б. 459.

[11]Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад. Аҳкому аҳли милал ва ридда.. –Б. 409.

[12] Қуръонийлар – ислом шариатини ҳадис ва суннатсиз олиб бориш тарафдорлари.

[13] Абдураҳмон ибн Абдулазиз. Аброзу Таъуний-л-муосара фий жомии-л-саҳиҳи Бухорий. Миср, Дор ибн Салам. 2010. Б.10.

[14] Усмон ибн Муаллим. Шубуҳотий қуръонийя. Б. 22-27.

[15] Ақлонийлар – муътазилийларга ўхшаб ақлни нақлдан устун қуядиган тоифа.

[16] Лутфий ибн Муҳаммад Зағир. Интиқодий шияти муосирийн лил саҳиҳайни. Б. 8-12. Урдун. 2010. 

[17] Ҳаддосийлар – ислом шариатини доимий янгилаб бориш тарафдорлари.

[18] Анас Сулоймон мисрий. Мунталоқу фикрийя ва ақдийя инда ҳаддосийна лил таъни фий саҳиҳайни. Урдун, 2010. – Б. 4-27.

[19]Goldziher I. Muhammedaische Studien. Halle, B.I (1889). B.II (1890).

[20] Абдураҳмон ибн Абдулазиз. Аброзу Таъуний-л-муосара фий жомии-л-саҳиҳи Бухорий. Миср, Дор ибн Салам. 2010. Б.10.

Read 1434 times

Мақолалар

Top