МАҚОЛА

Тарбиясиз боланинг жиноятчидан фарқи кам...

Динимиз таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати ва омонатидир. Бу неъмат шукрини адо қилиш зиммамиздаги энг муҳим бурчлардан ҳисобланади. Бунинг учун уни асраб-авайлаш, чиройли тарбиялаб, камолга етказиш лозим. Фарзандларимизни ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан эҳтиёт қилмоғимиз шарт.

Чунки бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг амалларини бузади”, деган муборак ҳадис ворид бўлган.

Фарзандларимизни турли иллат ва ахлоқсизликлардан асрашнинг бош омили чиройли таълим-тарбия бериб, Аллоҳни танитиш, имон-эътиқодли инсон қилиб вояга етказишдир. Зотан, фарзанд учун таълим-тарбия, одоб-ахлоқ сув ва ҳаводек зарур. Ҳадисда: “Ота-она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дейилади (Имом Термизий ривояти). Чунки эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота-она хизматини қиладиган, эл-юртига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади.

Фарзандларимизнинг солиҳ, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўринларини топишида илмнинг ўрни беқиёс. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади. Инсоннинг ўсиб, камолга етишида илмнинг зарурлигини қисқа сатрларда баён қилиш қийин, албатта. Доно халқимиз: “Бола – азиз, одоби – ундан азиз”, дейди. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас. Чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади.

Бола тарбияни дастлаб оиласида олади. Катталарнинг хатти-ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити бузуқ оилалардан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний. Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча-кўйда юриш-туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганларига ҳам алоҳида аҳамият беришимиз керак.

Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир” (Имом Бухорий ривояти). Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахту саодати йўлида ёшларимизнинг илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари учун давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрлик билан бирга ота-оналарнинг бу борадаги доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.

Фарзандларини ёшлигиданоқ кучи, қобилиятига мос тушадиган илм-фан, меҳнат ва касб-ҳунарларга йўналтиришлари ва “оммавий маданият” ва турли ғоявий ҳужумлардан эҳтиёт қилишлари жуда зарур.

Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсиний” асарида фарзанд тарбиясида муҳим бўлган жиҳатларга тўхталиб: “Фарзанд Ҳақ таолонинг омонатидир. Ота-онадан маҳшар вақтида бу омонат ҳақи талаб қилинади. Бу омонат гўёки ойна – бутун борлиқ кўзгуси, аввалидир. Ҳақиқат жавоҳири уни нимага хоҳласа, ўшанга мойил қилиш мумкин. Демак, зарурат бўйича фарзандни тўғри тарбия қилиш керак, токи ёқимли сифатларга эга бўлсин. Аввало унга чиройли ном бериш керак. Агар фарзанднинг номи муносиб бўлмаса, маълум муддат яшагандан сўнг унда ўз исмига нисбатан нафрат пайдо бўлади. Яна мўътадил табиатли, хушмуомала ва покиза кўринишли бўлсин”, дейди.

Ҳадиси шарифда: “Фарзандинг ё жаннатинг, ё дўзахингдир”, дейилган. Агар ота-она фарзандини яхши хулқли, одобли ва имон-эътиқодли қилиб тарбияласа, бундай фарзанд қиёмат куни ота-онасини жаннатга етаклайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги лозим.

Муҳаммаджон ҚОРАЕВ,
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби

"Ҳидоят" журналининг 7-21 бетлари

Read 1059 times

Мақолалар

Top