МАҚОЛА

Салафи солиҳлар ҳаёти ва эътиқоди: Муфассирлар имоми Абу Жаъфар Табарий раҳимаҳуллоҳ

Улуғ имом ва мужтаҳид олим, кўплаб машҳур асарлар муаллифи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Язид ибн Касир ибн Ғолиб ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ 224 ҳижрий санада Табаристон вилоятининг Омул шаҳрида туғилганлар. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ муфассирларнинг имоми деб танилганлар.

Замондошларининг гувоҳлик беришича, Ибн Жарир ёшлигидаёқ зукко табиатли, теран фикрли, илмга иштиёқмандлиги билан ўз тенгқурларидан ажралиб тураркан. Отасининг эътибори ва даъвати билан у Қуръон хатмига берилади ва етти ёшидаёқ уни тўлиқ ёд олишга муваффақ бўлади. Бундан қувонган отаси уни илмли инсонлар қўлига топшириб, ўғли учун барча шарт-шароитларни яратиб беради.

Абу Жаъфар раҳимаҳуллоҳ ўша кунларни хотирлаб, кейинчалик шундай ёзган эканлар: ”Етти ёшимда Қуръони Каримни ёд олдим. Саккиз ёшга тўлганимда, таровеҳ намозларида имомликка ўтиб берадиган бўлдим. Тўққиз ёшимдан эса ҳадислар ёза бошладим”.

Абу Жаъфар Ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ машҳур муҳаддис ва фақиҳ Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855)дан сабоқ олиш мақсадида Бағдодга боради, лекин бу пайтда машҳур олим вафот этган бўлади. Шундан сўнг Абу Жафъар (р.а) илм излаб Басра, Кўфа шаҳарларига сафар қилади. Кўфада Абу Қутайба ал-Ҳамадоний (вафоти 241/855)дан ҳадис илмидан сабоқ олади. Кейин Бағдодга қайтиб, бу ерда бир неча йил яшайди ва Шом орқали 253/867 йилда Мисрга келади. Умрининг охирги йилларини ат-Табарий Бағдодда ўтказди. Шу ерда у ўзининг фиқҳий мазҳаби – жаририйага асос солди. Ат-Табарий отаси номига қўйилган мазкур мазҳабини тузмасидан аввал шофиъийлик мазҳабида бўлгани манбаларда қайд қилинган. Унинг фиқҳий мактаби узоқ вақт фаолият юритмаган.

Имом Абу Бакр Хатиб ўзининг “Тарихи Бағдод” китобида Абу Жаъфар Табарий ҳақида шундай ёзади: “Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий… шундай олим эдики, сўзлари ҳукм ўрнида қабул қилинарди, унинг раъйига мурожаат қилишарди. У ўз асрида ҳеч ким муваффақ бўлмаган даражада илм олди ва уларни ёзди. У Қуръони каримни тўла ёд олган, қироат турларининг барчасини чуқур ўзлаштирган, уларнинг маъноларини теран ўрганган олим эди. У ҳадис илмида ҳам беназир бўлиб, саҳобалар, тобеинларнинг ҳаётлари ҳақида ҳам ҳаммадан яхшироқ билар эди”.

Имом Табарий юксак эътирофларга сабаб бўлган “Тафсир”ини етти йил давомида шогирдларига айтиб туриб ёздирган дейишади. Бу ҳақда Хатиб Бағдодийдан шундай ривоят келади: “Абу Жаъфар Табарий бир куни ўз шогирдларига айтди: “Тафсир ўқишни хоҳлайсизларми, ёзиб берайми?” деди. Улар:  “Қанча варақ бўлади?” деб сўрашди. У киши: “Ўттиз минг саҳифа бўлса керак…” деб, жавоб берди. Шунда шогирдлари: “Китобни охирига етмасдан умримиз тугаб қолади-ку!” деб, жавоб бердилар. Сўнг Абу Жаъфар Табарий китобни уч минг саҳифага қисқартириб, таълиф қилди. Яна бир кун шогирдларидан: “Одам алайҳиссаломдан бизнинг вақтимизгача бўлган олам тарихини ёзиб берайми” деб сўради. Шогирдлар бу сафар ҳам: “Неча саҳифа бўлади?” дейишди. Абу Жаъфар тафсир китобининг ададича миқдорни айтган эди, шогирдлари худди аввалги сафаргидай жавоб қайтаришди. Шунда Абу Жаъфар: “Инна лиллаҳи! Одамларда ҳиммат камайиб кетибди”, дея тафсирни қисқартирган миқдорда олам тарихини ҳам қисқартириб ёзди”.

Имом Абу Ҳамид Аҳмад ибн Муҳаммад Имом Табарийнинг ёзган тафсирлари ҳақида қуйидаги гапларни айтади: “Агар кимдир Ибн Жарирнинг тафсиридан илм олиш учун Хитойга борса, бу унинг учун кўп меҳнат эмас”.

Имом Абу Бакр ибн Ҳузайма эса: “Ибн Жарирнинг тафсирини бошидан то охиригача ўқиб чиқдим. Билдимки, Ер юзида ундан олимроқ одам йўқ”, деб айтади.

Ал-Хатиб ал-Бағдодий шундай дейди: “Али ибн Убайдуллоҳ ас-Симсимийдан эшитдимки, ибн Жарир Табарий қирқ йил давомида ҳар куни қирқ варақдан китоб ёзган”.

У зотнинг “Тариху Табарий” номи билан машҳур бўлган “Пайғамбар ва подшоҳлар тарихи” номли асарлари ҳам ўз йўналишидаги асос китоблар сирасига киради. Бу асар дунёнинг яратилишидан бошлаб, то ўзлари яшаган давр – 302 ҳижрий йилгача бўлган воқеаларни ўз ичига олган.

У киши бор куч-ғайратини илмга сарфлаб, ҳатто оила қуришга ҳам имкон топмадилар, уйланмай ўтдилар. Ва бу борада ўзлари: “Ҳалолга ҳам ҳаромга ҳам кўнглимни бермадим”, деган эканлар.

Имом Табарийга Аллоҳ таоло ўзгача истеъдод берганди. У зотнинг бир қанча ўзларига хос фазилатлари бор эди. Жумладан: 

  • Ақл-заковатлари. Аллоҳ таоло у кишига нодир заковат, ўткир зеҳн, кучли хотира берган эди. Етти ёшларида Қуръонни ёд олганлари, саккиз ёшда одамларга имомликка ўтиб, тўққиз ёшда эса ҳадис тўплай бошлаганлари бунга яққол далил ҳисобланади. Имом Табарий бир неча илмларни ўзларида мукаммал жамлаган эдилар. Буни бизгача етиб келган асарларидан ҳам билиш мумкин.
  • Парҳез ва тақволари. Имом Табарий парҳез ва тақвода ҳавас қилгудек шахс эдилар. Ҳаром-у шубҳалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Умрларининг охиригача оталаридан қолган кичик боғдан келадиган даромадга қаноат қилиб яшаганлар.
  • Ор-номус ва иффатлари. У киши тилларига ниҳоятда эҳтиёт бўлар, оғизларидан ёмон сўз чиқмаслиги учун астойдил ҳаракат қилар эдилар. Зеро, қилич жароҳати битажак, аммо тил жароҳати битмайди. Имом Табарий таъмагирликдан йироқ эдилар. Энг қийинчилик вақтларида ҳам одамлардан ёрдам сўраган эмаслар.
  • Тавозеъ ва кечиримлиликлари. Имом Табарий шерикларига, у кишининг зиёратига келган кишиларга, ҳатто шогирдларига ҳам такаббурлик қилмас эдилар. Одамларнинг чақирувига доимо лаббай деб, савол сўрасалар тўла жавоб берар эдилар.

Имом Табарий ўзларидан жуда кўп шогирдлар қолдирганлар. Улардан Аҳмад ибн Комилул Қозий, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ аш-Шофеъий, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайний, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Бакр аз-Зарир кабилар машҳурдир. 

Имом Табарий ҳижрий 310 шаввол ойиинг 26 кунида вафот этганлар.

Эътиқодлари:

Ҳозирда янги пайдо бўлган сохта салафий(ваҳҳобий)лар тоифаси Имом Табарийни ўзларининг олимлари деб санашади ва ақидага оид далилларини ушбу имомнинг асарларидан келтиришади. Ҳақиқатдан ҳам шундайми, буни биз қуйида Имом Табарийнинг асарларидан иқтибослар келтириб билиб оламиз. “Тафсир-ут Табарий” номли китобларида Бақара сурасининг 29-оятининг тафсирида:


 وأوْلى المعاني بقول الله جل ثناؤه: » ثم استوى إلى السماء فسوَّاهن «، علا عليهن وارتفع، فدبرهنّ بقدرته، وخلقهنّ سبع سموات

“Энг муносиб бериладиган маъно бу уларга олий ва юқори бўлди ва Ўз қудрати билан тадбир қилди ва уларни етти қат  осмон қилди”, дейдилар.Сўнг сўзларида давом этиб, ушбу маънога “Агар юқори бўлди дейилса, демак, Аллоҳ таоло илгари пастда бўлганлиги келиб чиқади,” деб эътироз билдирган кишининг баҳсини келтирадилар ва ўша баҳснинг охирида:

فقُلْ: علا عليها علوّ مُلْك وسُلْطان، لا علوّ انتقال وزَوال

 “Мулк ва эгалик олийлиги билан олий бўлди, бир жойдан кўчиш ва (завол) узоқлашиш олийлиги эмас, деб айт”, дейдилар”

Аммо замонамиз салафийлар олимларидан бири Абдураҳмон Ибн Наср Ал-Баррок “Фатҳул Борий”га берган изоҳида: “Аҳли сунна Китоб ва суннатда келган нарслар билан (Аллоҳ таолога) ҳаракат, келиш, тушиш, яқинлашиш, кўтарилиш жинсидан иборат нарсаларни исбот қилишга иттифоқ қилишган,” деб изоҳ келтирган. Бу изоҳ албатта Аллоҳ таолога махлуқотларини сифатини исбот қилишдан бошқа нарса эмас ҳамда аҳли сунна валжамоанинг танзиҳ эътиқодига очиқчасига хилоф ҳисобланади.

Салафийларнинг яна бир олими Абдуллоҳ Ал-Ғунайман эса Табарийнинг ушбу муносиб таъвилига “Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳида (1/360 бет): “Бу гапни гапириш лозим бўлмайди, чунки бу аҳли бидъатларнинг каломининг жинсидан (сирасидан)дир ҳамда бу гап шаръий нассларга хилоф бўлиб, балки бу ботил таъвилдандир”, деб изоҳ ёзган.

Имом Табарий Фатҳ сурасининг: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, сизга байъат-қасамёд қиладиган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳга байъат қилурлар. Аллоҳнинг “қўли” уларнинг қўллари устида бўлур. Энди ким (ўз қасамёдини) бузса, бас, у фақат ўз зиёнига бузур. Ва ким Аллоҳ билан аҳд-паймон қилган нарсасига вафо қилса, у ҳолда (Аллоҳ) унга улуғ ажр-мукофот ато этур”, деган10-оятини қуйидагича таъвил қилганлар: “Аллоҳнинг “қўли” уларнинг қўллари устида бўлур” оятида икки хил таъвил бор, биринчиси: “Аллоҳнинг қўли байъат қилиш вақтида уларнинг қўлларини устида, чунки саҳобалар розияллоҳу анҳум Аллоҳга ўз Пайғамбарларига қилган байъатлари орқали байъат қилдилар. Иккинчи таъвил эса: “Аллоҳнинг қуввати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам беришликда уларнинг қуввати устида, чунки саҳобалар розияллоҳу анҳум Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душман устидан ғалаба қилиш учун ёрдам беришга у зотга байъат қилдилар.”

Имом Табарийнинг “Ат-табсира фи маъалимид-дийн” номли китобларида олим муташобиҳ оятларга тўхталиб, Аллоҳ таоло эшитувчидир, аммо махлуқотларга ўхшаб қулоқ воситаси билан эмас, Аллоҳ таолонинг бани Одамга ўхшаш аъзолари йўқ, деб айтадилар. Хусусан олим мазкур китобининг 142 бетида:  “Аллоҳ учун يدان “икки қўл”, يمين “ўнг қўл” ва اصابع “бармоқлари” бор, лекин аъзо эмас”, деб айтиб ўтганлар. Ушбу гапларидан Имом Табарийнинг қандай эътиқодда бўлганликларини билиб  олса бўлади.

Мазкур китобнинг аввалидан охиригача олим Аллоҳ таолога аъзо, жисм ва махлуқотларга тегишли бўлган барча нуқсонли сифатлардан поклаётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Аммо шу китобга шарҳ ёзган Ибн Боз (машҳур салафийларнинг олими) айнан китобнинг шу жойида қуйидаги гапларини келтиради: “Муаллиф Аллоҳ таолодан аъзоларни инкор қилиш ҳақида айтиб ўтган гапга бизнинг ҳожатимиз йўқ, чунки шаръий нассларда бу ҳақда бирон нарса ворид бўлмаган ва бу ҳақда сукут сақланилган”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, салафи солиҳлар даврида ижод қилиб яшаган машҳур муфассир Имом Табарий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг тафсирларида ҳамда бошқа машҳур асарларида келтирган гапларига сохта салафийлар (ваҳҳобийлар) олимларининг жавоб-изоҳларидан, улар салафи солиҳларнинг Аллоҳ таолони махлуқотларнинг сифатидан поклаш эътиқодига зид экани маълум бўлади.          

Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби Р.Ахунджанов

 
Read 949 times

Мақолалар

Top